КЕКСАЛИКДА ЁШЛАРНИ, ЁШЛИКДА КЕКСАЛАРНИ ТУШУНМАЙСАН!
МАЛИКА ИБРОҲИМОВА: “КЕКСАЛИКДА ЁШЛАРНИ, ЁШЛИКДА КЕКСАЛАРНИ ТУШУНМАЙСАН!”
“ҚОДИРИЙ МЕНИ ҲАЁТГА ҚАЙТАРДИ!”
“БОЛАТОЙЛАР КАПАЛАКЛАР ОРТИДАН ҚУВСИН!”
“МЕН ДИЛБАР ИКРОМОВАНИ ТАКРОРЛАЙ ОЛМАЙМАН!”
Ўзбекистон халқ артисти Малика Иброҳимова саҳнадаги фаолияти мобайнида юзлаб ролларни ижро этган. Бу бош роль бўладими, иккинчи даражали роль бўладими, томошабинлар уни доим эслаб қолишади. У аслзода маликалар ролидан тортиб, эртакдаги Ялмоғиз кампир ролларигача маромига етказиб ижро этади. Шубҳасиз бу актриса катта иқтидор, катта қалб эгасидир. Шу боис уни кўпинча мураккаб, зиддиятли қаҳрамонлар ролини ижро этишга таклиф қилишади.
“Ким деяй сени?” бадиий фильмида санъатсевар, кўпни кўрган кекса аёл ролини ижро этган актриса, “Тугун” детектив сериалида бу образга бутунлай қарама-қарши бўлган, жиноятчи аёл - отиш бўйича спорт устаси ролини ижро этганлиги сўзимиз исботидир.
Бугун биз Малика Иброҳимова билан театр ва ҳаёт ҳақида суҳбатлашдик.
“СЕН БУЁҚҚА ЎТ!” ДЕГАН БИЛАН ИШ БИТМАЙДИ!”
– Бугунги кундаги режиссёрларга муносабатингиз қандай?
– Авваламбор режиссёр спектакль саҳналаштираётганида, у “Қирол Лир”бўладими, у “Ҳамлет” бўладими, қандай асар бўлишидан қатъий назар – унда бугунги кундаги муаммо бўлмаса, томошабин ўз ҳаёти, муаммоларига алоқадор нарсаларни кўрмаса, унинг томошабинга қизиғи бўлмайди. Бу мумтоз асарни режиссёр бугун нима учун қўйяпти, деган саволга жавоб бўлиши керак. Мисол тариқасида Медеянинг бир сўзини эслашимиз мумкин: “Дунёда аёлдай бахтиқаро йўқ. Эр учун берамиз, бор будимизни!” дейди у. Қаранг, бугунги кунда ҳам ҳуқуқлари камситилаётган аёллар бор, демак, неча аср аввал ёзилган асарни бугун саҳналаштираётган режиссёр, унинг қайси томонига урғу бериш мумкинлигини аниқлаб олиши керак. Бугунги кунда қайси муаммо томошабин учун долзарб ва шу муаммо у қўймоқчи бўлган пьесада борми?
Биринчи навбатда мен ўзи шахс бўлган, бирон спектаклни яратишдан олдин ғояни, мақсадини белгилаб оладиган режиссёрларни яхши кўраман. Бунинг учун режиссёр бутун дунёда нима бўлаётганидан хабардор бўлиши керак. У шунчаки ошхонадан ёки ухлаб, қорнини тўйдириб келиб, актёрга “сен у ёққа, сен эса бу ёққа ўт!”, дейиши билан иш битмайди. Муаллиф ёзган сўзларни ёдлаб олиб, у ёқдан, бу ёққа ўтганимиз билан бу ҳали спектакль дегани эмас. Актёр ижро этаётган ролининг бугунги кунга нима алоқаси борлигини тушуниши жуда муҳим. У ерда артист – шахс бўлиши керак! Спектаклда ансамбль бўлиши керак. Бу ерда одамлар битта уйни қуради. Уларнинг биронтаси эшикни кичкина қилиб қўйса ёки бошқаси ошхонасини қуриб бера олмаса, у энди уй эмас-да. Спектакль ҳам шундай жамоавий иш. Унда ҳамма актёрларнинг бирдай меҳнати синади, режиссёр эса уларга дирижёрлик қилиб туради. Спектакль шундай яралади.
Бугунги замона жуда шиддаткор. Кейин бугунги кунда пулнинг роли жуда катта бўлиб кетди. “Одамзодга пулнинг аҳамияти йўқ, пулсиз қолса ҳам, фидоий бўлиб, пул олмай ишласин!”, дейишга ҳаққим йўқ. Чунки лоақал болаларининг қорни тўқ, усти буд, тепасида бошпанаси бўлиши керак. Дабдабали ҳаётга пули етмаса ҳам, камхарж бўлса ҳам, эҳтиёжларини қондира оладиган пули бўлиши керак. Бугунги кунда ҳамма нарса маблағга бориб тақаляпти. Касал бўлсангиз – пул, бирон жойга бораман десангиз ҳам пул, болангиз мактабга чиқса ҳам, институтга кирса ҳам пул, электр қуввати, газ, сув учун пул, кийим-кечак, ҳамма нарсага пул керак. Чингиз Айтматовнинг “Охирзамон нишоналари” асарида шу фикр бор: “21 асрда одамларнинг худоси - доллар бўлади!”деб ёзган эди. “Ер юзи ўқ-бомбаларга тўлиб кетди, бир куни шулар отилади!” деган. Бу албатта, фантастик асар. Лекин бугун унинг шу сатрларини кўп эслайман.
“ҲАЗИЛ-МУТОЙИБАНИ ЯХШИ КЎРАМАН!”
– Интервьюларингизда саҳнада сизга ёрдам берган партнёрларингиз ҳақида кўп гапиргансиз? Лекин Сомерсет Моэм “Театр” асарида шеригини тўсишга, уни юзага чиқармасликка уринадиган актёрлар ҳам бўлиши ҳақида ёзган. Сизда ҳам шундай ҳолатлар бўлганми?
– Бўлган. Партнёрим нигоҳида одамни ерга урадиган, масхараомуз нимадир борлигини, у ана шундай кўз қарашлари билан мени ҳолатдан чиқариб юборишга ҳаракат қилганига биринчи бор дуч келганимда ҳайратга тушганман. Актёрларда кўпинча, “мен биринчиман” деган тушунча устувор. Менимча, бу борада бир латифа ҳам тўқишган. Бир ҳарбий одам саф тортган актёрларга қараб, “Ким биринчи?” деб сўраганида, ҳамма артистлар бараварига “мен биринчиман” деб олдинга силжиганлар. Санъат соҳасидаги ҳамма биринчи бўлишни хоҳласа керак. Лекин ақлли актёр, саҳнада партнёрисиз бир ўзи ҳеч нарса қилолмаслигини тушунади.
Санъатда аксинча партнёрига ёрдам қўлини чўзадиган истеъдодли актёрлар ҳам кўп. “Ёзсиз йил”фильмида Саидкомил Умаров билан бир саҳнани ижро қилаётгандик, бу фильмда мен она ролида чиққанман. Бир жойида Саидкомил Умаров мен ҳолатни топишга қийналаётганимни кўриб, иккита сўз билан мени уйғотиб юборган. “Ҳа, онани яратмасин-а!” деганида шу вазиятдаги фожиани ҳис қилганман.
Орамизда Саидкомил Умаровдай зиёли, адолатли актёрлар борлигидан қувонаман. Асарнинг мукаммал чиқишида уларнинг ҳиссаси катта.
– Нега режиссёрлар сизга мискин, тақдири оғир, ёлғиз аёллар ролини беришади? Нега айнан сиз? Ва шу асарларда фожиали воқеалар ёрқин саҳна билан тугаш ўрнига аксинча, баттар фожиа билан тугайди. Мен ана шу нарсани қабул қилолмайман...ўзи ҳаёт шундоқ ҳам одамларни эзади...
– Гап асарнинг фожиа билан тугашида эмас. Чунки ўша фожиа ҳам бир ёруғликка хизмат қилади. Эҳтимол, айрим муаллифларимиз фожиа ортидан келадиган ёруғликни кўрсатиб беролмаётгандирлар.
Мен табиатан ҳазил-мутойибага мойил одамман. Комик роллар ижро қилишни, ҳаётдаги муаммоларни ҳазил-мутойиба орқали кўрсатиб беришни яхши кўраман. Аслида жуда кўп комик ролларни ижро қилганман. Аммо улар тасмага ёзиб олинмаган ва сақланиб қолмаган. Шу боис мухлислар мени кўпроқ ёлғиз, мискин аёл ролларимни эслаб қолишган. Шу ўринда ҳажвчи сўз устаси Аваз Охуннинг чиқишларини яхши кўриб томоша қилишимни айтиб ўтмоқчиман.
“МЕН ДИЛБАР ИКРОМОВАНИ ТАКРОРЛАЙ ОЛМАЙМАН!”
– “Ўзбекча рақс”даги ролингиз ҳам жуда чиройли чиққан. Актёр роли орқали ўз дунёқарашини намоён қилади, дебсиз. Масалан, Қумри образини Дилбар Икромова бошқача, сиз бутунлай бошқача ижро қилгансиз...
– Дилбар Икромова моҳир комик актриса эди. Аслида ундан кейин мен бу ролни қандай ижро қиламан, деб ўйлагандим. Дилбар Икромованинг ўзига ярашадиган, фақат ўзигагина хос бўлган кулгили қилиқлари, ажойиб топилмалари бор эди. Унинг вафотидан кейин “Ўзбекча рақс” спектаклини қайта тиклашни ният қилдик.
Кунларнинг бирида Турғун Азизов ҳам “шу ролни сиз ўйнанг” дедилар.
Томошабин Дилбар Икромова яратган кулгили образга кўниккан. Иккинчи бўлиб ўйнаш жуда қийин-да. Шунинг учун рози бўлмаган эдим. Шунда Рихси Иброҳимова ҳам ўртага тушдилар. “Рихси опа, агар режиссёр менга ўз фикрини ўтказмаса, ролни ўзим истагандай қилиб ижро этсам, розиман. Мен Дилбар Икромовани такрорлай олмайман!” дедим. Чунки мен пьесани ўқиб, унда ўша йиллардаги ўзбек аёллари тақдири ва маълум ижтимоий муаммолар кўтарилганига эътибор қилгандим. Қаҳрамоним эри иши учун жонини ФИДО ҚИЛИБ, МЕҲНАТДА ЎЛИБ КЕТГАНИНИ ЭСЛАЙДИ. “Шу пайтгача ҳеч ким уни эслагани ҳам, йўқлагани ҳам йўқ!” деб куйиниб гапиради. “Раҳбарлар зиёфатга бўкиб юрди, мени эрим бўлса, қон қусиб кетаверди” дейдиган жойлари бор. “Сенга бир нарсани айтардиму барибир тушунмайсан-да! Анави заҳарли дорисини сепганда қурт-қумурсқалар қирилиб кетар экан, одамнинг ҳам шу қуртга ўхшаган биттагина жони борда” дейди. Пьесада пахта мавзуси ҳам бор, қатағон мавзуси ва бошқа ижтимоий муаммолар ҳам бор. Ҳамма спектакллар бир йилгача репетиция қилинса, бу спектакль жуда кам муҳлатда саҳнада қўйилди. Шу сабаб ҳам ижромдан кўнглим тўлмади, яна изланишим керак, деб ўйлайман.
“Омон бўлгин, азизим”да ҳам Сайёра Юнусовага дублёр бўлдим. Бу ерда ҳам ўзим истаган нарсани олиб чиққим келди. Ҳаёт жуда бешафқат, шу қадар бешафқатки, ёш пайтингда кексани тушунмайсан, кексайгач, ёшларни тушунмайсан! Бу асарни ҳинд киноижодкорлари ҳам “Боғбон” номи билан фильм қилишди. Улар ўз фильмларида фарзандлар худбинлигини кўрсатишга ҳаракат қилишган. Мен эса ундаги бошқа жиҳатни илғадим. Пьесадаги она уйсиз қолгач, ўғлининг уйига келиб, ўзини жуда ўнғайсиз ҳис қилади. Бу ерда ўзи ҳам қийналади, фарзандлари ҳам қийналаётганини сезади.
Айтмоқчиманки, айрим кексаларимиз ёшларга халақит бераётганини тушунмайди. Бирга яшайди, инжиқ, иззатталаб бўлиб қолади. Ёшларни ишдан қолдиради, уларга ўз ҳукмини ўтказишни хоҳлайди. Мен аксинча, болаларига халақит беришни истамайдиган она образини яратишга ҳаракат қилдим. Қаҳрамоним ёшларни, унинг даври поёнига етганини тушунади. У ёғини томошабин ўзи ҳал қилиб олаверсин. Аммо яна бир нарса бор, дунё шафқатсиз. Ҳеч ким... онам эмас, болам, дейди. Бу табиат қонуни!
“ЙЎҚ, АЗИЗАМ, МЕН ТИРИКМАН!”
– Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”ини айнан бошингизга мусибат тушганида, турмуш ўртоғингиз вафот этганидан кейин аудио китобини ўқиган ва “Шу китоб мени ҳаётга қайтарди!” деган экансиз. Шу воқеаларни эсласак бўладими?
– Биласизми, ТУРМУШ ЎРТОҒИМ ВАФОТ ЭТИШЛАРИДАН ИККИ ЙИЛ олдин бир туш кўргандим. Тушларим кўпинча ўнг келади. Бу яхшими, ёмонми, билмайман.
Турмуш ўртоғим Алишер Ҳамдамов Москвага фильм олиш учун кетган эдилар. Мен болалар Оромгоҳида ишлаётган эдим. Туш кўрибман. Тушимда қўлларида олмосмиш, уни маҳкам қисганча олдимга югуриб келяптилар. “Азизам, сизга олмос сотиб олдим!” деяптилар. Шундай хурсандларки... Шу жойда кутилмаганда нимагадир қоқилиб, бутун гавдалари билан гурс этиб юзтубан йиқилдилар. Жон ҳолатда келиб, уларни ўнглаб, оғизларидан нафас беришга уриндим. Аммо барибир фойдаси бўлмади. Шу жойда бандаликни бажо келтирдилар. Уйғонсам, ишонасизми, ёстиғим кўз ёшимдан ҳўл бўлиб кетган экан. Биров билмасин, деб эрта тонгда холироқ жойга бориб, йиғлаб-йиғлаб қайтиб келганман. Кейин ҳар куни телефон қилиб, улардан ҳол-аҳвол сўрайдиган бўлдим. Орадан икки йил ўтди. Кўрган тушим унутилиб ҳам кетди.
Москвага фильм оламан, деб кетдилар. Қўлларида флешка билан хурсанд қайтдилар. Бу флешкага олган фильмлари ёзилган экан. Бу ҳали тугалланмаган кинонинг хомаки нусхаси эди. Кейин билсам, тушимда кўрганим - қўлларида ушлаб турган олмос шу флешка экан. Ўзлари хурсандлар, хомаки бўлса ҳам, ҳаммага кўрсатиб юрдилар.
Бир куни кечқурун қон босимлари кўтарилди. Шифокор чақирдик, укол қилиб чиқиб кетди. Эртасига эрталаб даҳлизда бир нарса гурс этиб тушди. Алишер ака ваннадан чиқаётиб, эшик кесакисига қоқилиб тушганлар ва бутун гавдалари билан юзтубан йиқилганлар. Капалигим учиб ичкаридан югуриб чиқдим ва уларни ўнглаб олиб, оғизларидан нафас бердим, аммо барибир ёрдам қила олмадим, вафот этдилар. Худди ўша тушимда кўрган ҳолатлар ўнгимда бирма-бир такрорланди! Фақат қўлларида олмос ўрнида флешка эди. Ўлганларидан кейин қайта-қайта туш кўравердим. Тушимда доим тирик бўладилар. “Ўлмаганмидингиз?” деб сўрасам, доим “Йўқ, азизам, мен тирикман!” дейдилар. Бу тушми ёки ўнгимда бўляптими, билолмайман. Ярим туш десам бўлади. Бундай кўзимни очсам, уйда бўламан, уйғоқ бўламан, хаёлимда улар шу уйнинг орқасида тургандай туюладилар. Шу туфайли мен бизга ёндош бўлган олам борлигини ҳис қилдим. Фақат биз уни кўролмаймиз.
Биласизми, тушларни тушунтириб беролмайсан. Манаман деган олимлар ҳам тушларнинг сирини очиб бера олмадилар. Масалан, ҳозир техника ривожланиб кетди. Бирон танишингиз дунёнинг қайсидир чеккасида бўлса, шундоқ телефон қилсангиз, улаб беришади. Демак, одамнинг ўзида ҳам шундай қобилият бор экан-да, узоқ масофадаги ёки келажакдаги воқеаларни илиб оладиган. Миянинг қандай имкониятлари борлигини биз ҳали тўлиқлигича билмаймиз. Турмуш ўртоғим вафотларидан кейин мен шу ҳақда кўп ўйлайдиган бўлиб қолдим. Масалан, кўриш, сезиш, фикрлаш қобилиятимиз борлигини биламиз, лекин шундай нарса борки, у онгдан ҳам юксак туради...
Мен уйғониб, дунёнинг ишларидан ҳайратланар эдим. Тушларимда Алишер ака “ҳеч нарса қилишга улгурмадим” деб хафа бўлиб гапирар эдилар. Афсуски, суратга олинган фильм ҳали чиқмади.
“СЕВГИ – ГЎЗАЛ БИР КАСАЛЛИКДИР!”
– Худди шу кезлари Қодирийнинг аудиокитобини тайёрлашга чақиришганми?
– Ҳа, шундай бўлган. Яқин кишимни йўқотиб, қийналган кезларим эди. Илгари ҳеч қачон аудиокитоб ёзмаганман. Бу биринчи ишим эди. Жуда камчилигим кўп. Аудиокитобда биз асардаги ўша муҳитни, ҳолат ва ҳаяжонларнинг ҳаммасини фақат сўз ва сўз оҳанги орқали етказиб беришга тўғри келади. Анча қийналганман. Бу асарни аслида эркак киши ўқиши керак, деб ўйладим. Аёлларнинг ролларига қийналмадим, лекин эркакларнинг ролини ижро қилиш қийин бўлди.
Айни турмуш ўртоғим вафот этиб, ярам янги бўлган кезлари мадорсиз, юрсам бошим айланадиган бўлиб қолганди. Шунинг учун овоз ёзишга машинада олиб кетишларига тўғри келган. Бир амаллаб ёзишни бошладик. Ўша куни ишни тугатиб, кўчага чиққанимда ўзим юраётганимни, энди бошим айланмаётганини ҳис қилдим. Эртаси куни ўзимни янада бардамроқ сездим. Келиним “ойижон, сездингизми, сизни бу иш даволади, анча яхшисиз” деди. Шу асар устида ўн кунча ишлаган бўлсак, соғлиғим деярли тикланди. Шу баҳона оёққа туриб кетдим.
Шунинг учун доим Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлари”да бир илоҳий куч бордай туюлади. Ҳар ўқиганингда томоғингга аччиқ кўз ёши тиқилиб, йиғлаб юборасан! Кутилмаган жойидан чиқиб келади.
Ҳасанали Отабекка “Муҳаббат бу камдан-кам одамга бериладиган дил гавҳари. Буюк қалбларга берилади. Баъзан унинг зиёни ҳам тегиши мумкин. Шунинг учун унутганингиз маъқул!” дейди. Шунда Отабек кўзи билан айтади: “Унута олмасам нима қилай?” дейди. Муҳаббатнинг даҳшатлигини қаранг! Ҳам даҳшат, ҳам гўзал, ҳам фожиа, ҳам илоҳий қудрат! Маяковский севиб қолганида онасига “Онажон, мен гўзал бир касалликка учрадим” деган экан. Бу ҳам ҳаммага насиб этмайди.
“ҲАММА УЙНИНГ ЭШИГИ, ДЕВОРЛАРИ БЎЛАДИ!”
– Боя кексалик ҳақида гапиргандай бўлдингиз. “Уларнинг даври ўтди...” дедингиз. Кексалик одамнинг айни ҳикматга тўлган даври эмасми?
– Энди кексайгач, ҳеч кимнинг ақлига ақл қўшилмайди, менимча. Чунки, кекса одамнинг хотираси кетади, довдир-совдир бўлиб қолади. Ёшлигида математиканинг қийин мисолларини ечган бўлса, уларни еча олмайди. Лекин кекса одамда тажриба бор, ўтмишдан олган сабоқлари ва бундан чиқарган хулосалари бор. Масалан, бола қайнаб турган човгумни ушласа, қўли куйишини билмайди, қари одам буни билади. Ўзи қилган хатолари натижаси нима бўлганини кўрган. Шу боис фарзандларига, невараларига шу хатони қилмасликлари учун насиҳат қилади. Уларни ўша хатолардан ҳимоя қилгиси келади, уларнинг ҳаётида ўша негативлар бўлмаслигини хоҳлайди.
Лекин кекса дегани, ёшлигида ақли бўлмай, кексайгач, ақли кириб қолди, дегани эмас. Ёшлар орзу-ҳавасга тўлиб, олдинга, келажакка интилиб яшашади. Қариганда эса уни хотиралар қийнайди.
Кексаликнинг менга ёқадиган томони, ҳеч еринг оғримаган пайтда ўз оламингга кириб кетишга имкон бор. Чунки сенга ҳеч нарса халақит қилмайди. Ўз оламингда бемалол яшай оласан. Лекин энди қаранг, кекса одам ўтмишни, хатоларини кўп эслайди. Ўзига “Бу дунёга келиб нимага эришдим?” деган саволни беради. Умри жуда тез ўтиб кетганини англайди. Оқар сувдай ўтади, умр. Шунинг учун баъзида маънисиз яшаганга ўхшайди. Афсус-надомат кўп бўлади, ўкинчлари, армонлари бисёр бўлади.
Энг ёқимли қарилик – яхши кўрган ишинг билан банд бўлиб кексайиш! Очиғини айтсам, бугунги давр меники эмас! Инстаграмм, Фейсбуклар...Кийган кийими-ю, еган овқатини жамоатга олиб чиқиш менга эриш туюлади. Билмадим, мен ёшроқ бўлганимда балки, мен ҳам қизиққан бўлардим. Лекин бу менга унчалик маъқул эмас. Ҳамма уйнинг эшиги, деворлари бўлади. Бировнинг уйига ҳамма эшикни тақиллатиб киради, тўсатдан бостириб келмайди. Ҳозирги ёшларнинг қилаётган иши худди уйининг эшиги ҳам, девори ҳам йўққа ўхшайди. Ҳамманинг ўз дарди, ҳаёти бор. Бу дунёнинг асли ташвиши кўп. Ҳамманинг бошида ўлим бор, ҳамманинг бошида касаллик бор. Қиш бўлади, ёз келади, ҳамманинг қўлига тикан киради. Буни кўраётган биргина сен эмассан, дегим келади. Лекин шуларнинг ҳаммасини жамоатга олиб чиқиш шартми, дейман. Яна интернет орқали бир-бировининг камчилигини очиб ташлашади. Бундан кўра, мард бўлиб, камчилигини юзига айтгани яхши эмасми?! Шу ўринда Шавкат Раҳмоннинг бир тўртлиги ёдимга тушди:
“Бахтиёрман, деган биргина сўзни
Айтиш учун керак қанча куч-қудрат!
Гарчи бу сўзларнинг энг чиройлиси
Турса ҳамки тилнинг учида
Оғир ботмасмикин бу сўз кимгадир
Тегиб кетмасмикин оҳ-воҳларига?
Қандоқ бордош бериб яшайман кейин
Бахтсиз кимсаларнинг нигоҳларига!”
Интернет орқали қанчалар бахтли яшаётганини кўз-кўз қилаётганлар, бу иши билан қайси бир бахтиқарони ранжитаётганини билармикан?!
Бугунги куннинг кўп нарсаларини тушунмайман. Техника жуда ривожланиб кетган. Маълумотлар жуда ҳам кўп. Ҳаттоки, бозорга борсам, нарсаларнинг кўплигидан бошим айланиб кетади. Керакли нарсадан, керакмас нарса кўпга ўхшайди. Шууунча нарса одамга керакми, деб ўйлаб қоламан. Уйларнинг ичи ҳам шу каби кераксиз матоҳларга тўлиб кетган.
Ҳозир моддий неъматларга ружу қўйиш кучайиб кетган, деб ўйлайман. Авваллари ҳеч ким бировнинг уйига “уйи қанақа экан? қанақа яшар экан?” деган мақсадда бормас эди. Мен у даврларни яхши демоқчи эмасман. Ҳар бир даврнинг ўз яхши ва ёмон томонлари бўлади. Албатта, одам чиройли яшаши керак. Менимча, кўпчилик биров учун, ўзини кўз-кўз қилиш учун чиройли яшаётганга ўхшайди. Эккан гулингдан, қилган ремонтингдан ўзинг завқланиб яша, ўзинг баҳра ол! Уни ҳаммага кўз-кўз қилиб нима қиласан!
Биласизми, бу қусурларнинг энг катта сабаби нима – экологияга аҳамият берилмаётгани, деб ўйлайман. Одам кичкина уйда яшаши мумкин, лекин у дарахтларсиз, тоза ҳаво ва сувсиз яшай олмайди. Ўз ҳаётимизни осонлаштиришни ўйлаб, табиатга зиён келтирмаяпмизмикин?!
Сувни авайламасак, тупроқни, ерни авайламасак, еримиз, сувимиз заҳарланса, нима бўлади? Заҳарланган сувни ичган, заҳарланган ерда унган маҳсулотларни еган ФАРЗАНДЛАРИМИЗ қандай қилиб МУКАММАЛ ИНСОН БЎЛИБ ЕТИШИШИ МУМКИН!
Акира Куросаванинг охирги “Қишлоқ” деган фильмини кўрдим. Дарахтлар...Кўм-кўк сув. Табиат гўзал... Бир 80-90 ёшлар атрофидаги чол бардам-бақувват бемалол ишлаб ўтирибди. “Бу ерда одам ўлса, биз йиғламаймиз. Мусиқа жўрлигида кўмамиз! Чунки улар бахтли яшаб ўтишади”, дейди у. Шаҳардаги каби баланд уйлар, техника йўқ, сокин, яшилликка бурканган сўлим бир қишлоқ. Киноижодкорлар ушбу фильм орқали инсоннинг бахтли яшаши учун энг муҳим омил тоза ҳаво билан тоза сув эканини таъкидлайдилар. Бугун мени энг ташвишлантираётган нарса ҳам экология муаммоси. Болаларимиз табиат бағрига қайтиши керак
Бола тупроқда ялангоёқ юриши, капалаклар кетидан қувиши керак! Биз катталар эса уларга ана шу имконни яратиб беришимиз зарур!
– Малика опа, қизиқарли суҳбатингиз учун раҳмат. Кўпсонли мухлисларимиз номидан сизга сиҳат-саломатлик, ижодий бардавомлик тилаб қоламиз.
Мавлуда ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.
Манба: "Бекажон" газетаси. 2024 йил.