ТЕАТРНИ ИСЛОҲ ҚИЛИШ, РОМЛАРНИ АЛМАШТИРИШ ДЕГАНИ ЭМАС!


ТОҲИР САИДОВ: “ТЕАТРНИ ИСЛОҲ ҚИЛИШ, РОМЛАРНИ АЛМАШТИРИШ ДЕГАНИ ЭМАС!”

   Бугунги суҳбатдошимиз Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбек Миллий академик драма театри ва кино актёри, устоз санъаткор Тоҳир Саидовдир. 
   Унинг эсда қоларли, томошабин олқишлар билан қабул қилган роллари кўп. У ўз қаҳрамони вужудига кириб, айнан ўша одам бўлиб яшай оладиган маҳоратли актёрларимиздан биридир. 
   У театр саҳнасида 60дан зиёд спектаклларда роллар ижро этди. Шунингдек, “Кўнгил кўчалари”, “Сардор”, “Шайтанат”, “Меҳмонхона”, “Номус”, “Мендирман Жалолиддин” номли телесериалларда, “18 квадрат”, “Жасур”, “Сотқин”, “Суғдиёна”, “Чавандоз”, “Илҳақ” номли бадиий фильмларда ёрқин образлар яратди.
   Биз актёр билан бугунги кундаги театр ва кинодаги ўзгаришлар, бу соҳада унинг кўнгли тўлмаётган ҳамда аксинча, уни хурсанд қилаётган жараёнлар ҳақида суҳбатлашдик.   

“ТОМОШАБИН СПЕКТАКЛНИ КЎРИБ, ЎЗИНИ ЎЗГАРТИРСИН!”

- Театрда шу кеча-кундузда қўйилаётган спектакллардан кўнглингиз тўладими?

- Бу ҳақда бир якдил фикр айтолмайман. Лекин кўпроқ яхши, янги-янги асарлар бўлса, мақсадга мувофиқ бўларди. Масалан, Уйғун, Иззат Султонларнинг “Навоий” асарини замонга мослаб туриб, қанча марта қўйсангиз ҳам у ўша асар бўлиб қолаверади. Улуғбекни замонга мослаб қўйсангиз ҳам шундай бўлади. Шу томондан озгина эътирозим борки, Алишер Навоийнинг: 

“Оразин ёпғоч кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш” 
Бўйлаким пайдо бўлур юлдуз ниҳон бўлғоч Қуёш!”

тўртлигини битган болалиги қани? Нега театримизда ўша ҳамма биладиган, бир хил сюжетли “Қаёққа кетяпсан?” деса, “Халқимга, ижодимга!” дея жавоб қилиб, ўлимга кетадиган кексалик даврини кўрсатишимиз керак? 
   Қалби шеърият билан лиммо-лим тўлган, чап ва ўнг елкаларига илҳом парилари қўнган Алишернинг ўсмирлик ва йигитлик даври ҳақида нега спектакль қўймаймиз? Ҳадеб умрининг охири, ўлимга кетаётганини кўрсатаверамиз.
   Масалан, Мирзо Улуғбекнинг подшоҳлиги ҳақида эмас, олим сифатида қилган ишлари ҳақида, юлдузларга ошуфта қалбли йигитлик чоғларини кўрсатсак бўлмайдими? Нега драматургларимиз бироз китоб варақлаб, Алишер Навоийнинг, Мирзо Улуғбекнинг ёшлиги, Ибн Синонинг болалиги ҳақида асарлар олиб келишмайди? Агар шундай асарлар келса борми, бу театримизда энди ижодини бошлаётган актёрларимиз учун яхшигина таянч, муваффақият пиллапоясидан кўтарилишлари учун бир туртки бўларди. 
   Шу жойида менинг кўнглим тўлмайди. Давлат раҳбарларимиз “Театрни ислоҳ қилиш керак!” дейишяпти. Бу театрнинг ойна-эшикларини алмаштириш, оқ деворни кўкка бўяш билан чекланиш керак, дегани эмас. Бундай ижодий режамизни кўриб чиқиб, ислоҳ қилишимиз керак. 
   Замон руҳини берадиган, бугунги кунимиздаги Ватанимиз, халқимиз кўнглида тугилиб ётган муаммоларни  саҳнага чиқаришимиз керак. Шекспир: “Одамлар театрда ўтириб, ўйиннинг мазмуни орқасидан шу қадар талвасага тушадиларки, дарҳол қилган гуноҳларини эслаб, тавба қиладилар” деган эди. Демак, театр одамни тарбияловчи даргоҳ. Залда ўтирган одам, саҳнада салбий қаҳрамоннинг қусурларини кўраётиб, ўзидаги камчиликларни топади. Ижобий қаҳрамонни кўриб, ўзида етишмаётган хислатларни бойитишга ҳаракат қилади. Театрнинг вазифаси асли шу. Биз шу нарсани ўрни-жойига қўйишимиз зарур.

“ҲОЗИРГИ ФИРИБГАРЛАР СКАПЕНГА ДАРС БЕРАДИ-КУ!”

- Усмон Носир ҳақидаги спектаклни кўриб, биз қатағон қилинган шоир ҳақида одамлар кўпроқ ҳақиқатни билишига амин бўлдик. Нима учун ўша ҳақиқатларни саҳнага олиб чиқишмаган? Ёки қандайдир тўсиқлар борми?

- Ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Масалан, жадидларнинг ҳам бир тузукроқ суратлари йўқ. Уларнинг қамоқда тушган бир афтодаҳол суратларини кўрсатишади. Улар қамоққа боргунча ҳам яшаган-ку! Биз учун муҳими, уларнинг қамалгани эмас, қандай инсон бўлгани, қандай ижодкор бўлгани эмасми? Биз эса нуқул уларнинг қамоқдаги ҳолатини кўрсатаверамиз. Домламиз “Сен натижани ўйлама, натижага олиб келадиган жараённи ўйлагин!” дерди. Биз эса аксинча, жараён қолиб, натижани кўрсатиб қўя қоламиз. Масалан, театримизда бу йил Мольернинг “Скапеннинг найранглари” асари қўйилди. Мольер уни неча аср илгари ёзган? Ҳозирги замонда Скапеннинг найранги бизнинг бугунги кунимиз учун арзимаган бир нарса! Истаган ИИБга киринг, ўша ерда 168-модданинг А, Б, В бандлари билан қамалганларни кўринг, Скапенга ўхшаганидан миллионтасига дарс беради, у фирибгарлар. Хўп, бизга бунақа асар нимага керак? Биз бугунги замон фирибгарлари ҳақида спектакль қўяйлик! Масалан, “Мавлуданинг, Тоҳирнинг найранглари”ни қўяйлик. Бизнинг халқимиз учун шу қизиқарли. “Замонавий талқинда уни қўяйликмикан, буни қўяйликмикан?” деймиз. У алмисоқдан қолган нарсага қандай қилиб замон руҳини берасиз. Бир пайтлар совет замонида Газ-24 маркали машина бўларди. Ўша даврда у энг зўр машина ҳисобланарди. Хўп, шунга қанча сайқал берсак ҳам, У Волгалигича қолади, Мерседесга айланиб қолмайди-ку! 

 “КИНОДА КЎЗЛАР ГАПИРИШИ КЕРАК!”

- Турклар билан  “Мендирман Жалолиддин” номли сериалда суратга тушдингиз. Уларнинг ишлаш услуби бизникидан нимаси билан фарқ қилади?

- Дунёнинг кўп мамлакатларида съёмка жараёнларида қатнашаман. Қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Россия Федерацияси, Озарбайжон, Гуржистон билан ҳам ҳамкор бўлганмиз. Бу борада ўзимизникиларни танқид қилолмайман. Туркларнинг ҳам ўзига яраша камчиликлари бор. Биздан ўтадиган томонлари ҳам бор. 
  Маҳорат нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, бизнинг актёрларимизнинг устунлик томонлари бор. Актёрларимиз “кечинма санъати” эгалари. Дунёнинг кўп жойларида “кечинма санъат” деган тушунчанинг ўзи йўқ. Улар “кўргазма санъат” билан шуғулланишади. Актёр ролни ўзидан, юрагидан ўтказиб ижро қилиши - бу кечинма санъати ҳисобланади. Кўпчилик актёрларимиз собиқ Иттифоқ пайтида Станиславский, Немирович Данченко фикрига таяниб, кечинма санъати услубида таҳсил олишган. Ҳозир ҳам Санъат олийгоҳларида актёрларимизни шу усул асосида ўқитамиз. Яъни, бу театр саҳнасида бўладими, кинодаги эпизод роль бўладими, актёр бу ҳолатга ўзини қўйиб кўради. Ва шу асосда роль ўйнайди. Бўлаётган ҳолатда “мен” деган нарса бор. Чет эл актёрларининг аксарияти моделлар! Бўй-басти келишган, қадди-қомати чиройли, кўрсангиз, маҳлиё бўласиз. 
    Кино кўзлар жанги, кинода кўзлар гапириши керак. Уларнинг кўзларида ўша ифода йўқ. Негаки одамнинг ички дунёси кўзларида намоён бўлади. Уларнинг ижросида шу нарса етишмайди. Бу касбий тафовутлар, деб ўйлайман. Қолган томонлари – актёрлар учун яратилган қулайликлар, шарт-шароит ҳавас қиларли даражада. 

- “Илҳақ”даги ролингизни кўриб, мен худди ўша замонга тушиб қолгандай бўлдим! Ана шу ҳис-ҳаяжонни, фанатизмни қандай чиқариб бердингиз?

- Ўша даврнинг адабиётлари, ўша давр ҳақидаги тарихий китоб ва расмларни кўрдим. Керак бўлса, ўша даврдаги йиғилишлардан ёзиб олинган овозли тасмаларни қўйиб эшитдим. Роль берилгач, актёр албатта, изланади. Материал қидиради, ўрганади. Бусиз бўлмайди. Эрталаб съёмкага борсангиз, қўлингизга берилган матнни ёдлаганингиз билан у роль бўлиб қолмайди. 
   Аёлим билан касбдошмиз. Олийгоҳда бирга ўқиганмиз. Лекин роль хусусида унақа кўп гаплашмаймиз. У 25 йил Машъал каналида сухандон бўлиб ишлади. Ундан кейин телевидениеда фаолиятини давом эттирди. Нафақага чиққанидан кейин у ҳам сериалларда ёшига муносиб ролларни ижро этяпти.
   Менинг оиламда қизларим, ўғлим, аёлим – ҳаммалари биринчи танқидчиларим.

“АКТЁРМАН” ДЕБ, ҲАММА ҚИЛИҚНИ ҚИЛАВЕРИШ НОТЎҒРИ!”

- Берган интервьюларингизда “айрим ролларимни бекор ўйнаган эканман”, деб афсусланган пайтларингиз бўлган экан?

- Ҳа, бўлган шундай ҳолатлар. Бироз ҳаёсизроқ саҳналарни “ахир мен артистман-ку” деб ўйнаган пайтларим бўлган. Ўшанда яқинларим мендан ранжиган. Аммо кейинчалик ”актёрман” деб ҳамма қилиқни қилавериш нотўғри эканини тушунганман. Воқеа-ҳодиса шунга келишини олдиндан билиб ўйнаш керак. Менда бир марта шундай бўлган. “Кўнгил кўчалари” сериалида Машраб Бобоев сценарийни бугун ёзиб келса, эртасидан суратга олаверганмиз. Ҳозир агар сериал 30 қисмли бўлса, тўлиқ сценарийни ўқишга беришади. У пайтда бундай эмасди. Менга шундай саҳна тўғри келиб қолишини олдиндан билмаганман. Ахир бу санъат-ку, озгина ишора қилинса, шундоқ ҳам тушунарли бўлади. Масалан, Абдулла Қодирий асарида аёл киши эркаклар ўтирган уйга чой олиб кирмайди, чойнакнинг қопқоғини шақ-шақ қилиб, ишора беради. Шунда эшикка яқин ўтирган эркак ўрнидан туриб, чойнакни олади. Биз шу каби чиройли одатларимизни оммага ёйишимиз керак. Вақт ўтгани сайин миллий қиёфамизни ифода этадиган шу каби чиройли одатларимиз йўқолиб кетяпти. 
   Оддий битта мисол, маҳаллангизда бир одам тўй қиладиган бўлса, 200 чоғли одам билан тўй қилади. Тўйга ҳаммани таклиф қилишнинг иложи йўқ. Лекин жанозага маҳалладан кимдир чиқмай қолса, нега хафа бўлади? Майитни кўтаришга, қайғу-ғамга ботган кунингда маҳалланг ҳам, қариндошларинг ҳам керак экан-ку? Нега тўй қилаётганингда дастурхонингдан унга бир пиёла чой беролмайсан?! Мана масала қаерда? Нега шу каби одатларимизни бугун худди билмагандай иш қиляпмиз. 
   Бу ўринда ўзбекларга хос одатларни сақлаб қолиш ҳақида гап кетяпти. Бугун масалан, 36 миллионли халқнинг бир ёки икки миллиони шу одатларга риоя қилса, бу ўша удумларимиз сақланиб қолганини билдирмайди-да. Биз оммавий равишда урф-одатларимизни ёш авлодга сингдириб боришимиз керак. 

“МЕНДАН ҲАМ КЎП СУРАТГА ТУШГАН ОТЛАР!”

- Тарихий фильмларни суратга олиш ҳақида яхши фикр билдирган экансиз.  Шунда каскадёрларимиз от минишни ўрганиши керак, дебсиз. “Чавандоз”да ўзингиз от минганмисиз?

- Албатта, бизнинг тарихий фильмларимизни жангу жадалларсиз, отсиз, қиличбозликларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Каскадёрларни четдан олиб келмасдан, ўзимизнинг отнинг устида туғилган болаларимиздан фойдаланишимиз керак. Вилоятларимизда қанақанги кўпкари чопадиган чапдаст йигитларимиз бор. 
   “Чавандоз” фильмида отни ўзимиз минганмиз. Боир Ҳолмирзаев ҳам, мен ҳам қишлоқда от миниб, эшак миниб катта бўлганмиз. 
   Масалан, Туркияда “Меҳмет-Боздағ” кинокомпаниясининг бир 60тача отлари бор. Бу отлар актёр сифатида мендан ҳам кўпроқ съёмкаларда қатнашган. Улар: “Уч, экки, биир, ўйюн!” деб, съёмка бошлашга буйруқ беришади. Бу “бир, икки, уч, бошладик” дегани-да. Шу командаларни от ҳам эслаб қолган. Сиз отнинг устида ўтирсангиз бўлди, отнинг ўзи камерага қараб сизни олиб кетади. Уни ниқташ шарт эмас! Режиссёрнинг буйруғини сиздан яхши тушунади.
   Меҳмет Боздағнинг шахсий кинокомпанияси бор. Ҳали элликка ҳам чиқмаган йигит. Тарихни жуда теран билади. 80-100 гектарли ерда декорациялар қурилган, буёғи Қора денгиз, ўрмон. Бу ерга ўтовлар ҳам, Европа маданиятига ҳос уй декорациялари ҳам қурилган. 
   “Мендирман Жалолиддин” тарихий сериалини суратга олаётган  пайтимизда Самарқанд, Бухорони эслатувчи декорациялар ҳам қурилди. Ҳозир улар ҳам турибди. Яна бирорта тарихий фильм ишлайдиган бўлсак, фойдаланаверилади. 
   Мисрда 200 гектакрли кинопавильон майдони бор. Масалан, бу ердаги декорациялардан бутун дунёдаги кинокомпаниялар бемалол фойдаланади. Голливуд ҳам, Болливуд ҳам келади, европаликлар фильм ишлашади. Биз ҳам борамиз. Бизда ҳам “Ибрат” фильмининг айрим лавҳалари Мисрда суратга олинган. Ҳозир бизнинг юртимизда ҳам ана шундай катта ер майдонини эгаллаган кинопавильонлар қуриляпти. 
   Хивада, Самарқанд ва Қўқондаги тарихий меъморий обидалар манзараси ёрдамида тарихий фильмлар суратга олиш бу вақтинчалик ҳолат. Лекин келгусида аста-секинлик билан бу жойларда суратга олиш тақиқланади. Чунки Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратиляпти. 
    Масалан, Регистонни томоша қилиш учун Европадан уч кунга 50та турист келди, дейлик. Биз бу ерни 15 кунга банд қилиб, кино олаётган бўлсак, туристлар Регистонни қандай қилиб томоша қилишади? Кўролмаганидан кейин иккинчи марта келадими? Демак, ҳар битта тарихий обидаларимизнинг иккинчи варианти, декорациялари қурилиши лозим. Биз юртимизга меҳмон бўлиб келган туристларнинг оёғини узиб, кино олишимиз тўғри бўлмайди. Чунки туризмни ривожлантириш бошқармаси “Сенга тўрт кунга Регистонни берсам, туристларимни нима қиламан!” дейди. Улар белгиланган муддатга келган. Туристга кино олинишининг қизиғи йўқ. Масалан, бутун дунёда шов-шув бўлган “Муҳташам юз йил” тарихий сериалини ҳам декорацияларда олишган.
    Бугун дунё миқёсида ҳамма кинокомпаниялар декорацияга ўтиб кетган. 

“ТЎҚИМА ОБРАЗСИЗ КИНО БЎЛМАЙДИ!”

- “Муҳташам юз йил” сериалини кўрган тарихчилар ундаги кўп воқеалар бузиб кўрсатилган, дейишибди. Тўқима образларсиз кино ишлаб бўладими?

- Масалан, бизнинг бирон-бир алломамиз ҳақида фильм қилинадиган бўлса, у бадиий фильм бўладими, ҳужжатли фильм бўладими? Бу икки жанр бир-биридан тубдан фарқ қилади. Бадиий фильм бўлганидан кейин унда бадиийлик, тўқима образлар бўлиши керак. Ҳужжатли фильм бўладиган бўлса, бор ҳақиқатни тарих сифатида имкон қадар аниқ қилиб  кўрсатиш талаб қилинади. Бу ўринда тарихчилар киночиларни, улар эса аксинча, киноижодкорларни тушунишмайди. Киноижодкорлар учун фильмнинг томошабоп бўлиши муҳим, тарихчилар учун фақатгина йиллар-саналар муҳим. Шунинг учун уларнинг ўртасида доимий тортишув, доимий баҳслар бўлади. 
   Амир Темур ҳақида қанча тарихий асарлар ёзилган. Масалан, кўпчилик Ибн Арабшоҳ асарини тарихий ҳақиқатга яқин деб билади. Лекин 7-8та олимларимиз Амир Темур ҳақида китоб ёзишган. Нега бир китоб иккинчи китобга ўхшамайди? Режиссёр шу саккизта асарни ўқимайди. Биттасини ўқийди-да, шуни кино қиламан, дейди. Нариги китобни ўқиган одам унинг киносини инкор қилади. “Амир Темур образини очолмабди!” дейди.
   Ҳамманинг ўз ёндашуви бор. Китоб билан пьеса-спектаклларнинг ҳам фарқи бор.  
   Асар битта хонада ўтириб ёзилади. У суратга олиш майдончасига тушгач, бутунлай бошқа дунё бўлади. Битта одамнинг миясидан чиққан нарсани, кинога айлантириш учун қанча одам меҳнат қилади.

“ЎЧОҚҚА ЁҚАДИГАН КИТОБЛАР ЖУДА КЎП!”

- Вайнчилар мазмунан саёз нарсаларни суратга олишяпти. Улар ёшларнинг дидини бузяпти, деб ўйлайман. Бунинг ўрнига китоб ўқигани яхши эмасми?

- Тўғри, лекин биз бунга ўз давримиз нуқтаи назаридан қараймиз. Бизнинг пайтимизда энди биринчи телевизорлар чиққан эди. Ота-оналаримиз, бизга “кўзингни нурини олади” деб телевизор кўришни чеклашар эди. Ҳозир ҳамма уй ва ҳатто ҳамма хоналарда телевизор бор, лекин бизга қўйилган чекловлар йўқ. Ҳар бир нарса янги чиққанида шундай шубҳа билан қаралади. Ҳар битта нарсада эволюцион давр бўлиши керак. Бугун ерга эккан қовоқ уруғи, у қовоқ бўлиб пишгунга қадар бир фасл ўтади. Бугунги телефонларга ҳеч ким тақиқ қўёлмайди. Унинг ўрнига янги нарса чиққанидагина у унутилади. 
   Ўша тутуриқсиз вайнларнинг ўрнига ибратли нарсаларни тайёрлаб бериш керак. 
   Тўғри, сиз вайн кўриш ўрнига “китоб ўқисин” деганингиз билан уларнинг калласи олма теради. 
   Аммо китоб дўконига кирсангиз, у ерда интернетдагидан баттарроқ нарсалар босилган бўлиши мумкин. У ерда қандай китоб сотилаётганини биз билмаймиз. Ўчоққа ёқадиган китоблар жуда кўп! Сиз аввалги ўқиган багажингиз билан яшаб келяпсиз. Нима учун агар телевидение ёки радиода суҳбат бўладиган бўлса, ҳамма “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён”ни мисол келтиради. Сиз “Ўтган кунлар” асарини бизда юз фоиз ҳамма ўқиган деб ўйлайсизми? Афсуски, ўттиз фоиз юртдошларимиз бу асарни ўқиган бўлса, 70 фоизи киносини кўрган. 
    Ёшларга китоб ўқитиш масаласи долзарб бўлиб қоляпти. Китоб ўқимагач, ҳеч бўлмаса ёшларимиз кино кўрсин, миллатимиз фидоийларини билсин, деб жадид боболаримиз ҳақида тарихий фильмлар яратиш режалаштирилди. Балки бирон аллома ёки адиб ҳақида кино кўрсалар, шу ижодкорларнинг асарини топиб ўқишга ёшларимизда рағбат пайдо бўлар деган ниятда шундай қилиняпти. Бу ёшларимиз учун бир “шпаргалка”да! 

- “Жиноят жазосиз қолмайди” сериалида жиноятчи болта билан чопиб ташлайдиган қаҳрамон ролини ўйнаган экансиз. Сиз учун ижроси қийин бўлган ролларингиз борми?

- Мен у ёки бу ролни ўйнаш қийин, қийналдим, десам, мен бу касбни қилмай қўя қолганим яхши. Менинг ишим шу – роль ўйнаш! Мен шундан роҳат топаман. Сизга қийин туюлган ўша лавҳа менга завқ бағишлаган. Бошқа касб эгасига бу машаққат туғдириши мумкин.
   Ишимиз шунақа, бир кун лойга йиқиламиз, бошқа куни ўзимиз партнёримизни лойга йиқитамиз.
   Энди агар маълум бир роль соғлиққа зарар етказадиган бўлса, ундан воз кечиш керак. 
   Ҳамза театри тарихида бир воқеа бўлган. Қайси бир актёримиз қизи дунёдан ўтган куни келиб, спектаклда роль ўйнаган. Таъзимга чиққанларидан кейин, парда орқасига ўтиб, ҳамкасбларига “Эртага меникига жанозага боринглар!” деган. Мен масалан, шу ишни қилмайман. Худо кўрсатмасин, шундай мусибат бўлса, мен театрга бормайман. Манови ерда беш юзта томошабин кириб ўтирган бўлса, саҳнага театр ходими чиқиб, “бош ролда чиқадиган актёримизнинг ҳаётида кутилмаганда мусибат бўлди. Бу спектаклни орадан бир муддат ўтганидан кейин қўямиз. Истасангиз чипталарни олиб кетинглар, истаганлар кассага топширсин!” деб эълон қилса, томошабинларнинг бирортаси ўрнидан туриб, дағдаға қилмайди. “Қизи ўлса, мени айбим нима?!” демайди. Томошабинлар жимгина ўрнидан туриб чиқиб кетади. Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Шунинг учун одам ўз жонига жабр  қилиши керакмас!

- Ҳозирги кино ёки театрда бўлаётган қайси ўзгаришлар сизни хурсанд қилади? Театрда қандай янги спектакллар қўйиляти?

- Театримизда йиллик режа бўйича планларимиз бажариляпти. Йил давомида бешта спектакль қўйиладиган бўлса, бунга эришдик. Кино соҳасида давлат даражасида кинога эътибор кучайди. Кино соҳасида ишловчи ҳар бир ходим учун жуда катта ҳажмда иш бор. Иш борлигининг ўзи бир гўзал нарса. Нафақат актёрларга, у ердаги чироқчига ҳам, шофёрга ҳам оиласини боқиши учун бир маблағ келади, дегани бу. Актёр-режиссёр нон есину, анави шофёр емайдими?! Уларга ҳам иш бор-да! Гримчи, либослар устаси, рассомлар – ҳаммаларига иш бор! Бу жуда қувонарли ҳол. 2028-2030 йилларга қадар шу фильмларни олиш режаси қилиняпти. Ўйлаб қарасангиз, бир беш йиллик иш бор. Кўнглингизни тўқ қилиб, ишлайверасиз. 
   Театрда ҳам янги-янги асарлар қўйиляпти, янги роллар бор, ёш актёрлар театримизга ишга келишяпти. 

- Нега сизни клипларда, сериал ва новеллаларда кўрмаймиз?

- Тунов куни бир режиссёр мени чақириб олиб, кондитер маҳсулотлари, ширин булочкалар рекламасига таклиф қилди. Мен унга “укажон, сен юзимга бир қара, агар мен булочкани реклама қилсам, биров уни олиб ейдими?!” дедим. “Менга қурилиш материалларини айт, ромларни, қум-шағални реклама қилишни айт. Аммо ширинликлар рекламасига ўзи булочкадай бўлиб турган актёрларни чақирмайсанми?!” дедим. Мен “пулини берар экан-ку” деб розилик беришим мумкин эди. Ҳамма мендай фикрламайди. Арзимаган фурсатда яхшигина пул топадиган иш. Лекин мен буни ўзимга эп кўрмадим. 
   Умримда бир марта хонанда Шаҳзоданинг клипида суратга тушганман. Улар ялиниб, илтимос қилганлари учун рози бўлганман. Шаҳзоданинг раҳматли дадаси менга жуда ўхшар экан. Охири шу одамнинг суратини кўрсатишди. Чиндан ҳам у менга икки томчи сувдай ўхшар экан. Фақат шугина сабаб рози бўлганман.  
   Сериалларга ҳам вақт топиш мумкин. Лекин ҳозирча бунга ўзимда хоҳиш сезмаяпман. 

- Тоҳиржон, мароқли суҳбатингиз учун раҳмат. “Бекажон” мухлислари номидан сизга сиҳат-саломатлик, оилангизга хотиржамлик, ишларингизга муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Мавлуда Иброҳимова суҳбатлашди.
Манба: "Бекажон" газетаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот