ҚАРОРИМ АДОЛАТ, ҚОНУНИМ ВИЖДОН
Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг аъзоси, истеъдодли журналист, публицист, шоира, болалар ижодкори - Нилуфар Жабборова билан суҳбат.
- Нилуфар, Онангиз Сайёра Зоирова истеъдодли журналист бўлган. Ўзингиз, қизингиз Шаҳризода ҳам журналистсизлар. Уч авлод вакили ижодкор. "Уч авлод" деб номланган телеграм каналингизда Онангиз, ўзингиз ва қизингизнинг ижоди мунтазам равишда ёритиб борилади. Истеъдод аввало, Оллоҳдан. Аммо бу кўп ҳолларда ирсиятга боғлиқми ё оиладаги тарбия ва ижодий муҳитгами? Бу борада СИЗ қандай фикрдасиз?
– Ижод бу масъулият! Бу масъулиятни англаш эса оиладаги тарбия ва муҳитга кўпроқ боғлиқ.
Ҳар бир инсон ўз келиб чиқиши ва ирсиятини имкон даражасида чуқурроқ ўрганиши керак. Фақат тўғри тарбиягина ирсиятда мавжуд бўлган яхши фазилатни ёки иқтидорни юзага чиқара олади.
Менимча ҳар қандай истеъдоднинг юзага чиқаришда унинг олган тарбияси катта аҳамият касб этади. Сабаби бу дунёда яшаётган ҳар бир одамга Яратган томонидан ўзига хос иқтидор, фазилат берилган деб ўйлайман. Ўша иқтидорни англаш, уни юзага чиқариш учун эса оиланинг, яқинларининг ўрни беқиёс бўлади.
Раҳматли онам доимо мен учун инсон сифати ҳам, ижодкор сифатида ҳам идеал инсоним сифатида намуна бўлганлар. Онамнинг умр йўлларига қараб ҳаётда қандай яшаш керак эканлигини ўргандим. Ёзган ижодларини ўқиб, таҳлил қилиб, аслида ижодкор қандай бўлиши кераклигини англадим...
Фикримча дунёдаги барча оналар ўз фарзандини бахтли бўлишини истайди. Лекин ҳамма оналар ҳам фарзандига бахтга олиб борадиган тўғри йўлни кўрсата олмайди. Мен фахр билан билан шуни айта оламанки, раҳматли онам биз фарзандларига ҳақиқий ҳаётнинг моҳиятини, инсоннинг яшашдан асл мақсадини, яхшилик нурлигини, ёмонлик зулматлигини, меҳр-оқибат кучи нималарга қодир эканлигини англатиб, тушунтириб бера олганлар.
Мен оилада ёлғиз қиз фарзанд бўлганим учун онамга кўп эргашиб юрардим, Қарши шаҳридаги Матбуот уйига бирга етаклашиб борардим. Газетанинг саҳифалаш жараёнлари бинонинг юқори қаватида тайёрланарди. Бинонинг энг пастки қаватида босмахона бўларди. Онам билан бирга юриб газета ва журналларнинг тайёрланиш жараёнларини кузатардим.
Одатда онам ишхонада тугатолмай қолган ишларини уйга олиб келардилар. Ҳалигача ёдимда, онам раҳматли кечаси билан ухламай, тонгга қадар мақола ёзардилар. Ёзардилар, устидан чизардилар, яна бир нималарни ўйлаб ўтириб яна ёзардилар... Охири ўша варақни йиртиб, бошқа варақ олиб ёзардилар. Мен шу ҳолатни такрор-такрор кузатиб, ухлаб қолардим.
Эрталаб уйғонганимда бир мақола тайёр бўлиши учун бир қанча варақ йиртилганини, варақ бўлакларидан уларда анчагина фикрлар ёзилганини кўрардим...
Ўша дамлардан бошлаб мен ижод бу шунчаки ниманидир қоралаш эмас, аслида катта масъулият эканлигини англай бошлаганман. Мен ҳам ижод қилаётганимда ўша онамдаги масъулиятни ҳис қилган ҳолда ёзаман ва буни қизимга ҳам тушунтиришга ҳаракат қиламан. Шунинг учун ҳам ижодда истеъдоддан кўра тарбия ва масъулиятнинг ўрни кўпроқ, деб ўйлайман.
- Акангизнинг бевақт оламдан ўтганини кўп хотирлайсиз. Акангизга аталган бир қанча шеърингиз бор. Акангиз ҳам адабиёт вакили бўлган. Биргаликда ёдга олсак...
- Раҳматли катта акам Нодир Жабборов иқтисодиёт йўналишида ўқиган. Лекин уйдаги муҳит сабаб бўлса керак, жуда кўп бадиий китоб ўқир, ўзи ҳам шеърлар, қатралар қоралаб юрарди. Лекин ёзганларини ҳеч бир нашрда эълон қилдирмас эди. Акам умрининг охиригача Қашқадарё вилоятида чоп этиладиган “Шифо ва зиё” газетасида бош муҳаррир бўлиб ишлади.
Мени пойтахтга келиб ўқишимга, билим олиб ўсишимга онам билан бирга катта акамнинг ҳиссаси ва меҳнати катта. Исмимни ҳам шу акам қўйган. Қўйилган исм эгасининг табиатида ҳам ўзини намоён этади, дейишгани рост экан. Раҳматли катта акам исмимни Дилафрўз қўйишмоқчи бўлишганида: "Синглимни исмини Нилуфар қўямиз. Нилуфар гули ҳар қандай шароитда – гоҳ тоза, гоҳ лойқа сувда, гоҳида ботқоқда ҳам қаддини тик тутиб, ўзига гард қўндирмай, доимо тик ўсар экан. Айниқса, бу гулнинг илдизи шунчалик бақувват эканки, уни унча-мунчага юлиб олиб бўлмас экан", деган экан.
Нилуфар деб исмни қўйган акамга раҳмат. Ҳақиқатдан ҳам шу пайтга қадар ҳар хил одамларни, ҳар хил жамоани, турли хилдаги муҳитни кўрдим. Лекин бирор марта мансаб учун, манфаат учун ноҳақликлар қаршисида қаддимни, бошимни эгмадим. Оримни, ғуруримни букмадим. Табиатимга муносиб бўлмаган жойлардан, одамлардан шунчаки кетдим, узоқлашдим ва воз кечдим. Чунки менинг энг мустаҳкам илдизим – Худойимнинг меҳрига бўлган ишончим бор. Энг асосийси шу вақтга ва шу ёшимга қадар кўнглимни ҳам, ақлимни ҳам ўкситиб қўймадим. Бутунлай ақлга бўйсуниб кўнглимни синдирганим ёки фақат кўнгил амри билан яшаб ақлимни камситганим йўқ. Иккаласи ҳам бир тарозининг теппа-тенг палласида турди. Шунинг учун ҳам ҳар доим ёлғиз ўзим қолганимда кўнглимни ҳам, ақлимни ҳам эгасидан рози эканлигини ҳис қиламан ва уларни қувонч овозларини эшитаман. Шунинг учун бўлса керак аксарият ўзимга яқин аёллардан: "Энг бахтли аёл деганда сиз биринчи кўз олдимга келасиз", деган самимий сўзларини эшитаман...
Раҳматли акам университетга ўқишга киришим учун тайёрланиб юрган пайтларим менга керак бўлган барча китобларни, ўша пайтда ойма ой чиқадиган ахборотномаларни ўз вақтида етказиб олиб келиб берарди. Гуруҳимиздаги абитуриентлар: “Айрим китобларни биз ҳалигача топа олганимиз йўқ. Лекин биз учун зарур бўлган китобларнинг ҳаммаси сизда бор. Буларни қандай қилиб ҳаммадан олдин сотиб оласиз-ааа”, деб ҳайрон қолишарди...
Шундай кунларнинг бирида бир дугонам: "Катта акангиз ҳар куни ишга яёв бориб, яёв қайтаркан-ааа?!" деб ажабланиб сўраб қолди. Кейин билсам, акам ростан ҳам бир неча километрли ишхонасига яёв бориб, яёв қайтар экан. Акамнинг уйдан жуда вақтли чиқиб кетишини сабабини ана ўшанда билганман. У йўлдан тежаган пулларига менга керакли китобларни ўз вақтида, ортиғи билан олиб келиб берар экан...
Мен ЎзМУнинг журналистика факультетига ўқишга кирганимда акам: “Шуни унутма, сен ижодкор бўлишинг керак. Бўлганда ҳам кучли, қалами ўткир ижодкор бўлишинг зарур. Мен сенга ишонаман”, деган эди. Мен ҳозирги кунгача раҳматли онам ва катта акам ҳамда қолган ака-укаларимнинг ишончидан куч олиб яшадим ва ижод қилдим.
Таассуфки, ҳозирги кун матбуотининг аҳволини, ижодга, ижодкорларга бўлган муносабатларни кўриб ҳафсалам пир бўлади. Шу кайфиятда гоҳида бирор сўз ҳам ёзгим келмайди. Аммо шу сени деб аёв юрган оёқлар ҳаққи ёзишинг керак, дейман ўз-ўзимга. Сўнг қўлимдан келганича бир нималарни қоралайман. Тўғрисини айтсам, сени келажагинг учун қилинган фидоийликка, кўрсатилган меҳр-оқибатга муносиб бўла олмаслик ҳам одамни эзиб қўяркан. Мен ўша ишончга муносиб бўла олмаганим учун кўп куйинаман...
- Болалар ёзувчиси бўлиш осон эмас. Болалар адабиёти эртаклардан тортиб замонавий саргузаштларгача бўлган турли турларни ўз ичига қамраб олади. Эртак болаларни эзгуликка чорлаши баробарида, ёлғонлигини ҳам биламиз. Саргузаштлар эса хаёлот оламига чорлайди. Сизнинг асарларингиз эса ибрат, сабоқ чиқаришга ундайди. Бу болалар ҳаёт ҳақиқатларига кўникма ҳосил қилишлари учунми ёки уларни алдаб бўлмаслигини англаганингиз туфайлими?
– Ҳозирги кун болаларини ҳайратлантириш, ишонтириш мушкул иш. Сабаби бизнинг даврдаги болалик бутунлай бошқача бўлган. Бугун қўлида телефон, ижтимоий тармоқлардан бемалол фойдалана оладиган, маълумотлардан тезкор хабар топа оладиган авлод шаклланяпти. Бундай болаларни осонгина ишонтириш ёки ёлғон сўзлар билан алдаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам болаларга аталган ҳикояларимнинг барчаси ҳаётдан олинган. Мен ҳар бир ҳикояни ёзишимдан олдин фарзандларим билан, мактаб ўқувчилари билан гаплашаман. Уларни қувонтираётган ҳолатларни ёки аксинча қийнаётган, ўйлантираётган муаммоларини ўрганиб чиқаман ва шуларга асосланиб ҳикоя ёзаман. Менимча болаларга, айниқса, ўсмирларга тўқима ва бўрттирма ҳикоялардан кўра, реал воқеа асосида ёзилган, ҳаётий ижод намуналари кўпроқ керак. Ана шундагина биз бугунги кун болаларини адабиётга қизиқтира оламиз, шунинг билан биргаликда адабиёт олами орқали уларни тўғри тарбия қилишимиз мумкин.
- Болалар адабиёти болалардаги тасаввур, мантиқий мушоҳадани шакллантириши билан бир қаторда уларга раҳмдил бўлиш, инсоний туйғуларни шакллантиришларига ҳам хизмат қилади. Асарларингизда айнан шу томонларни кўрамиз. Аммо ачинарли томони, бугунги кунда аксар болаларимиз болалар ёзувчиларини кўпчилигини билишмайди. Худойберди Тўхтабоев ва бармоқ билан санарли адибни санаб беришлари мумкин, холос. Бунинг сабаби нимада деб биласиз?
– Тан олиб айтиш керакки, ҳозирги кунда болалар адабиётига, нашрларига бўлган эътибор кўнгилдагидек эмас. Шуни унутмаслигимиз керакки, келажак авлодни тарбиялашда адабиётнинг ўрни беқиёс. Адабиёт қадрланган юртда маданият ҳам, маънавият ҳам ривожланади. Мен бир неча йиллар аввалги ва ҳозирги кун болалар нашрларининг ададини солиштириб кўриб, кўнглим оғринади. Нега биз нашрларимизга бу қадар эътиборсиз бўлиб қолдик?!
Юртимизда болалар руҳиятига мос, ҳам қизиқарли, ҳам тарбиявий аҳамияти юқори бўлган асарлар талайгина. Ҳам насрда, ҳам назмда меъёр даражасига етказиб ижод қилаётган ижодкорларимиз ҳам етарлича. Уларнинг асарларини келажак авлодга етказиш учун ўша ижодкорларнинг асарларини кўпроқ чоп этиш ва юртимиздаги мактабларга тарқатиш керак. Бундан ташқари ота-оналар ҳамда мактабларда таълим бераётган адабиёт фани устозлари ҳам бу борада болаларга кўпроқ ёрдам беришлари зарур. Шундай устозларимиз борки, таҳририятга қўнғироқ қилиб, журналнинг саҳифаларидаги ҳикоя ва шеърларни ўқувчилар билан бирга ўқиб, таҳлил қилишларини, қайси муаллифнинг қайси ҳикояси болаларга маъқул келганини мамнуният билан айтиб беришади. Мен шундай пайтларда ҳақиқий фидойи ўқитувчиларимиз борлигидан фахрланаман ва қувонаман. Ана шундай устозларимизнинг болалар маънавиятини юксалтиришда фақат мактаб дарсликлари билан чегараланмай, нашрлардаги ижод намуналари билан ҳам таништириб боришлари уларни адабиётга меҳр қўйишларида катта замин ярата олади. Бундай устозлар қўлида таълим олган болалар кўпроқ ижодкорларимизни таниб, улғайишади.
Аввало, ҳозирги кун болаларига ижтимоий тармоқлардан тўғри фойдаланиш кўникмасини тарбиялаш керак. Улар ҳеч бўлмаганда бадиий асарларнинг аудио вариантларини эшитиб, фикрлаш доирасини кенгайтиришлари керак.
Мени қувонтираётгани Ёшлар ишлари агентлиги томонидан "Мутолаа" лойиҳаси йўлга қўйилди. Эътиборли томони шундаки, бу лойиҳа қисқа вақт ичида кенг аудиторияни қамраб олди. Сабаби ёшларни мутолаа чорловига ўзгача услубда, замонавий шаклда ёндашилган. Замонавий бўлганда ҳам ортиқча жимжимадорликдан, бачканаликда ҳоли услуб танланган. Қувончли томони Ёшлар ишлари агентлиги ходимлари келажак авлодимиз учун, яъни болалар адабиётига доир жудаям эзгу ва хайрли ишни бошлаб юборди. Мутолаа лойиҳаси асосида улуғ аждодларимизнинг болаликдаги сиймолари акс этган китобларни ҳамда замонавий, миллий қаҳрамонларни яратиш мақсадида бир қатор болалар ижодкорлари билан ижодий ҳамкорлик бошланди. Шу сараланган ижодкорлар ичида ўзимни ҳам кўриб рости хурсанд бўлдим. Мазкур лойиҳада биз улуғ боболаримиз болалигини акс эттирувчи, бугунги кун болаларини қизиқтира оладиган ибратли ҳикоялар, қаҳрамонлар яратиш учун ўзаро фикрлашиб, ижод қиляпмиз...
Мамнуният билан айта оламанки, миллатим, халқим учун, етишиб келаётган келажак авлодларимиз учун озгина бўлса-да ҳиссамни қўша олиш – мен учун катта бахт!
- Болаларга атаб ёзишингизга Сиз ишлаган "Гулхан" журналининг ҳам ўзига хос ўрни бўлса керак. Бироқ катталарни ҳам жиддий ўйлантириб қўядиган, адолатсизликларга кескин муросасиз мақолаларингиз ҳам бор. Буларни ёзишга туртки бўлган ҳолатларни бошингиздан кечирганингизда кўнглингиздан нималар ўтган?
– “Гулхан” журнали мени болалар учун ижод қилишимга туртки бўлган, бу борада катта сабоқ берган даргоҳдир. Бу даргоҳда яхши инсонларни, ижодкорларни учратдим. Болаларнинг руҳий оламидан келиб чиққан ҳолда ижод қилишни чуқурроқ ўргандим. Шукурки, болаларга атаб ёзганларим фақат нашрлар билан чекланиб қолмай, мактаб дарсликларига ҳам киритила бошланди.
Публицистик мақолаларимнинг аксарияти ижтимоий мавзуларда бўлиб, ҳаммаси реал воқеалар асосида ёзилган. Айрим мақолаларимни йиғлаб ёзган пайтларим ҳам бўлган. Агар кимки мақоламни ўқиётганида юрагида оғриқни, кўнглида изтиробни ҳис эта олса, билингки мен ўша оғриқни 100 карра ортиқроғини ҳис этиб ёзганман. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ижодкорни, қаламни безовта қила олмаган оғриқ, уни ўқиётган кишини ҳам таъсирлантира олмайди.
- Ноҳақлик, адолатсизликлар ҳаётимизда учраб туришини инкор қилолмаймиз. Меҳнатингиз қадрланмаслигидан тортиб, ижтимоий тенгсизликларгача бўлган сабабларни келтириш мумкин. Сизнингча, ҳаётда энг катта адолатсизлик нима?
– Ҳаётнинг энг катта адолатсизлиги мансаб ва маблағни инсон қадридан баланд қўйилиши, тажрибага имкон берилмаслигида. Тажриба бонг уриши керак бўлган жойда билимсизлик ҳайқириб туришида...
Ҳаётда адолатсизликнинг икки хил тури бор. Бири ўзгалар томонидан қилинган адолатсизлик бўлса, иккинчиси инсоннинг ўз-ўзига нисбатан қилаётган адолатсизлигидир. Ўзгаларнинг адолатсизлигига кўниб, эгилиб, таслим бўлиб яшаш инсоннинг ўз-ўзига қилган адолатсизлиги деб биламан. Инсон ҳаётга бир марта келади. Шу ҳаётда бошини баланд кўтариб яшаши керак. Баланд бўлиб яшаш учун эса майда-майдаликлардан баланд бўлиши зарур. Ана ўшандагина ўзига ҳам, бошқаларга ҳам адолатсизлик қилмайди...
- Чинакам ижод аҳли (маддоҳлар ва шон-шуҳрат учун ҳар нарсага шай ёзғувчиларни истисно қилганда) кўнгил одамларидир. Улар турмушда адолатсизликларга дуч келишса, кўп ҳолларда ҳафсаласи пир бўлиб, кўнгли ижоддан ҳам совийди. Сиз ҳам ўта кўнгилчан қизсиз. Аммо қонунлар ёрдамида курашиш ҳам мумкин. Кўпчилик эса ё кечиримли бўлишни афзал билишади ёки қонунларимиз амалда ҳаққоний ишлашига шубҳа билан қарашади. Сиз бундай кезларда қандай йўл тутасиз?
– Шукрки, шу пайтга қадар ўзимга нисбатан қонун доирасида курашиш даражасидаги адолатсизликка дуч келмадим. Мен учун ички қарорларим адолат, қонуним виждондир. Ҳаётим давомида бир ҳақиқатни англадим. Инсон қаердаки ўз қадрини сезмаса ёки ўз ўрнида эмас эканлигини тушунса, ўша жойдан ва у ердаги одамлардан узоқлашиши – кетиши, воз кечиши керак. Бу мен учун энг тўғри йўл ва энг тўғри тўхтамдир. Сабаби ҳаётимиз жудаям қисқа! Айрим одамлар ҳам, муаммолар ҳам куйинишимизга, юрагимизни эзилишига умуман арзимайди! Кимни ким эканлигини, сизнинг ўрнингиз қаерда эканлигини вақт кўрсатиб беради...
Шундай пайтлар бўлган! Кўнглим қаттиқ оғриган, дилим ранжиган. Ўша пайтларда чуқур ўйлаш, таҳлил ва мулоҳаза қилиш орқали бир қарорга келганман. Аксарият ҳолларда тортишиш ва курашишдан кўра Худога ҳавола қилишни афзал деб билганман. Мен учун Яратган Эгамнинг хулосаси, қилинган яхшилик ёки ёмонликка бераётган жавоби энг катта адолат ва ҳақиқий қонундир. Мен ана шу қонун ва адолатга ишониб яшадим ва яшаяпман
Суҳбатдош - Музаффар МУҲАММАДНАЗАР
Маълумот: Нилуфар Жабборова 1982 йил 27 августда Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида таҳсил олган ( 1999 – 2003). Меҳнат фаолиятини “Қашқадарё” газетасида бошлаган. Ундан сўнг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида, Ўзбекистон телерадиокомпаниясида, “Янги аср авлоди” нашриёти ва “Ғунча” журналларида, “Гулхан” журналининг Бош муҳаррир ўринбосари, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Матбуот котиби, Ахборот сиёсати масалалари бўйича ректор маслаҳатчиси лавозимларида фаолият юритган.
“Ватан, мен бағрингда бир гул бўлойин” номли шеърлар, “Оқибат деворлари нурамасин” номли публицистик мақолалар, “Осмондан ёғилган ёнғоқлар” номли болалар учун тарбиявий эртак ва ҳикоялар тўплами муаллифи.
“Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 25 йиллигига” кўкрак нишони совриндори.
Нилуфар Жабборованинг мулоҳазага чорловчи бир қатор публицистик мақола, шеър ва ҳикоялари республикамизнинг турли нашрларида чоп этилган.