БУ МАСКАНДА ОДАМИЙЛИКНИ ЎРГАНДИМ!
ОДИНА ҒОЗИЕВА: “БУ МАСКАНДА ОДАМИЙЛИКНИ ЎРГАНДИМ!”
“ЛУТФИХОН АЯ МЕНИ ДУО ҚИЛГАНЛАР!”
Бугунги суҳбатдошимиз Муқимий номидаги мусиқали драма театрининг етакчи, устазода актрисаларидан бири, Ўзбекистон халқ артисти Одина Ғозиева бўладилар. Уларнинг театр саҳнасида, телеэкранларда ижро этган ролларини мириқиб томоша қиламиз.
Халқимизнинг севимли актрисаси 1998 йили “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” унвони билан тақдирланган. 2013 йили “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвони билан мукофотланган.
1980 йили Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини битирган. 1975 йилдан буён Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали драма театрида ишлайди. Одина Ғозиева ўз ижодий фаолияти давомида театрда саҳналаштирилган кўплаб спектаклларда бош қаҳрамонлар роллари ва характерли образларни юксак маҳорат билан ижро этиб, репертуарни бойитиб келмоқда. Жумладан, “Лайли ва Мажнун”да Лайли, “Фарҳод ва Ширин”да Ширин, “Гул ва Наврўз”да Гул, “Жон қизлар” спектаклида Ойсулув, “Тоҳир ва Зуҳра”да Зуҳра, “Паранжи сирлари”да Холисхон, “Рожа”да малика Шударман, “Тошкентнинг нозанин маликаси” да Мунаввар, “Муҳаббат навоси”да Омонисо, “Ой онам-қайнонам”да Марям, Қумри, “Жайдари келин”да қайнона каби образлари мутахассислар томонидан юқори баҳоланган.
Одина Ғозиева кўплаб фильм ва телесериалларда суратга тушган. У “Оталар сўзи - ақлнинг кўзи”, “Турмуш чорраҳаларида” телетуркумида ҳам кўплаб характерли роллар ижро этиб, мухлисларини хушнуд этиб келмоқда.
Биз устоз актриса билан санъаткор ота-оналари, ҳаёт йўлидаги қийинчиликлар, саҳнага қўйилган илк қадамлари, устоз ва шогирдлари ҳақида суҳбатлашдик.
“5 ЁШИМДАН ҚЎШИҚ АЙТИШНИ БОШЛАГАНМАН!”
- Мен санъаткорлар оиласида туғилганман. Қаерга учрашувга борсам, мен водийнинг, Андижоннинг қизиман дейман. Дадам Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муҳаммадхон Юсупов моҳир созанда бўлганлар.
1939 йилларда Фарғона канали қурилиши пайтида онам Ширмонхон Ғозиевага ҳам Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонини беришган.
У кезлари онам 17-18 яшар қиз бўлиб, дадам онамга устоз бўлганлар.
Андижоннинг Асака шаҳрида халқ театри бўлиб, онам “Нурхон”, “Гулсара”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Ҳалима” спектаклларида бош ролларни ижро қилганлар. Ўзбекистон халқ артистлари Машрабжон Юнусов, Лутфихон ая Саримсоқова, Тўхтасин Жалилов, Мукаррама Турғунбоева, Аббос Бакиров каби санъатимиз дарғалари ижодий фаолиятларини шу Асакадаги театр саҳнасидан бошлаган эканлар. Онам ҳам улар билан бир саҳнада роллар ижро қилганлар.
У замонларда қизларнинг санъатга кириши осон бўлмаган. Онамнинг ўзлари аввалига ота-оналаридан яширинча спектаклларда роллар ижро қилганлар. Онамнинг жуда чиройли овозлари бор эди. Шу билан бирга жуда чиройли рақс тушар эдилар. Ота-онам бирга ишлаганлар ва турмуш қуришган. Шундан кейингина онам санъатдаги фаолиятларини бемалол давом эттирганлар. Ўзлари қийинчиликлардан ўтганлари учун ёш иқтидорларга ёрдам қилишни жуда хоҳлар эдилар. Шу ниятда 1961 йили Шаҳрихонда ёшлардан ташкил топган ашула ва рақс ансамблини тузганлар. Шу ансамблнинг энг кичкина иштирокчиси мен эдим. Ўша йиллари ансамблимиз Бутуниттифоқ бўйлаб фестивалларда, турли танловларда қатнашар ва кўпинча ғолиб бўлар эди. Онамнинг хизматларини давлатимиз муносиб тақдирлаган. 1968 йили онам Ширмонхон Ғозиевага Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвонини беришган.
Дадам мени эркалатиб, Пошшахон деб чақирар эдилар. Иккита акаларим ичида мен ёлғиз қиз фарзанд эдим-да. 5 ёшимдан менга қўшиқ ўргатишни бошлаганлар. 7 ёшимда Ҳусайни дугоҳ қўшиғини жуда чиройли ижро қилган эканман.
Биз ансамблимизда чиройли қўшиқлар билан бирга рақслар ҳам тайёрлар эдик. Рақсларимизни Мукаррама Турғунбоева ҳам кўрар эдилар.
Бизнинг уйимизда устоз санъаткорлар кўп меҳмон бўлишарди. Қундуз Миркаримова, Мукаррама Турғунбоевалар рақсларни саҳналаштириб, кетар эдилар. Бизга бухорча, хоразмча, корейсча, ҳиндча миллий рақсларни ўргатишган. Акам билан бирга ҳиндча қўшиқларни ҳам айтганмиз. Акам Москвада бўлиб ўтган фестивалда доира чалиш бўйича лауреат бўлганлар.
Мен кичкина қизалоқман, дадам оғизларида куй чалиб, “Пошшахон, келинг, қўшиғимизни бир такрорлаб оламиз” десалар, мен ҳам хиргойи қилишни бошлаб юборардим.
8-синфда ўқиётган пайтимда Германияда ўтказилган Х Халқаро фестивалда рақс бўйича биринчи ўрин, Гран-прига сазовор бўлганман.
Ўша кезлари юртимизда ҳам “Куйланг, ёш хонандалар”, “Марҳабо талантлар”, “Доира рақсга чорлайди” каби турли телетанловлар бўлар эди.
Мукаррама Турғунбоева, Қундуз Миркаримовалар менга ўзларининг рақсларини ўргатишган. Шу каби фестиваль ва танловларда кўпинча рақс ёки қўшиқ куйлаш бўйича биринчи ўринларни олардим.
Шароф Рашидов юртимизга бош бўлган пайтда Андижонда катта маданият саройи қуриб битказилган ва унинг очилишига Шароф Рашидовнинг ўзлари келганлар. Ўшанда онам ташкил қилган ашула ва рақс ансамбли концерт берган. Шароф Рашидов “бу ансамблнинг раҳбари ким?” деб сўраганлар. Шунда онам жуда уятчан, хокисор аёл эдилар, ийманибгина ўринларидан турганлар.
Шароф ака “Опанинг қилган меҳнатлари тарихда қолсин. Улар ҳақида бир чиройли фильм яратинглар. Опа, ансамблингиз иккинчи “Баҳор ансамбли бўлибди-ку!” деганлар. Чини билан онам тунни тонгга улаб, ёшлар билан ишлар эдилар. Ёшлигимдан юртларни кездим, турли фестивалларда қатнашиб, бош ўринларни олдим. Шундай қилиб, онам ҳақида “Санъатга қўйдим қадам” номли ҳужжатли телефильм яратилган. Бу фильм ҳозир ҳам архивда сақланади.
Ёш эканман, ғайратим жўшиб, кундузи институтга ўқишга борар, телевидениеда бўладиган концертларда қатнашар, тунда соат бирдан тўртгача пластинка ёзишга борар эдим. Бизнинг пайтларимизда фонограмма деган нарсалар бўлмаган. Телевидениеда ҳам микрофон ёқиқ турар, қўшиқларни жонли ижро қилардик.
“ИНСТИТУТГА КИРИШИМ ҲАМ АЖОЙИБ БЎЛГАН!”
Институтга кирадиган йили ёзда Латвиянинг Рига шаҳрида Халқаро фестиваль ўтказиладиган бўлди. Онамнинг ансамбллари ҳам шу фестивалда қатнашиши керак. Бу ансамблнинг асосий ижрочиларидан бири мен эдим. Онам “кириш имтиҳонлари августда бўлади-ку, унгача фестивалда бемалол қатнашиб келамиз” деганлар.
Қарангки, имтиҳонларни сўрамай ҳам кетаверибмиз. Латвиядан қайтгач, тўғри Театр ва рассомлик институтга келганмиз. Кирсак, институт жимжит, ҳеч ким йўқ. Иккимиз ҳам ҳайронмиз. “Имтиҳон олди бу ерда одам қайнаши керак-ку!”, деб ўйладим мен. Шу ердаги бир одамдан сўрасак, у имтиҳонлар аллақачон тугаганини, мандат ҳам ўтиб кетганини айтди. “Энди, кейинги йили келасизлар, аяжон!” деди. Бу даргоҳда имтиҳонлар 6 июлда бошланар экан-да. Онам қаттиқ ташвишга тушиб қолдилар. “Оббо, Одинахон энди бир йил йиғлайди. Энди уни қандай овутаман!” деб қаттиқ қайғурганлар. Онам менга кечикканимизни айтишлари билан “Фестивалга мен бормасам бўларкан, бормаганимда ҳозир ўқишга кириб кетган бўлардим” деб ўтириб роса йиғлаганман. Кутилмаганда бир домла келиб, нега йиғлаётганимни сўради. У одам Ўзбекистон халқ артисти Асад Азимов эди. Онам унга ҳаммасини тушунтирдилар. Асад ака бирров ректорга учрашишимизни айтди.
Онам иккимиз ректорнинг қабулига кирганмиз. Ўша пайтда Театр ва рассомлик институтига Камолиддин Сирожиддинов ректор эдилар. “Мен ҳозир институтда бор домлаларни чақираман ва қизингиздан шу ернинг ўзида имтиҳон оламиз!” деди. Шундай қилиб, кутилмаганда имтиҳон топширадиган бўлиб қолдим. Омон Абдураззоқов, Бахтиёр Ихтиёров, Раззоқ Ҳамроевлар шу ерда экан. Онамга бағишлаб ишланган фильмда бир қўшиғим бор эди. Онам менга шу қўшиқни айтишимни тайинладилар. Авж пардалари юқори, чиройли қўшиқ эди. Шу жойда кўз ёшларимни артиб, ўзимни тартибга келтирдим-да, домлаларнинг қаршисига чиқиб қўшиқ айтиб бердим. Мусиқа йўқ, партани чалиб айтдим. Яна оғзимда куй чалиб, рақсга тушиб бердим. Домлалар ҳаммалари “офарин” деб қарсак чалиб юборишди. Ректор ҳам домлаларга юзланиб “нима дейсизлар, қизимизни ўқишга олиб қоламизми ёки кейинги йил келсинми?” деб сўради. Шунда Асад Азимов “Бунинг тирноғигача талант экан-ку, бу ерда шундай қизлар ўқимаса, ким ўқийди?!” дедилар. Драма факультетининг декани Тоҳир Исломов “Бу қизимга мен қойил қолдим. Уни газетага чиқарамиз, ёшларга ибрат бўлсин!” дедилар. Чиндан ҳам “Ёш ленинчи” газетасида мен ҳақимда мақола босилган. Унга фавқулодда равишда ўқишга қабул қилинганимни ҳам эълон қилганлар. Шу баҳона “энди талаба бўлдим” деб хурсанд бўлиб кетганман.
Бошим осмонда, онам мендан ҳам хурсанд бўлганлар. “Худога шукр, энди мана йиғламайсиз, ўқийсиз” деганлар.
Институтда ўқиш бошланганига энди 2-3 ой бўлган пайт. Бахтиёр Ихтиёров, Раззоқ Ҳамроевлар Муқимий театрига ёш қизлар кераклигини айтиб қолишди.
“Институтда ҳам ўқийсиз, ҳам театрда ишлаб амалиёт ўтайсиз, ўрганасиз” дедилар. Ёшман ўша кезлари. Театрга ишга келсам, ҳаммалари салобатли, бунгача мен телевизорда кўриб юрган катта-катта санъаткорлар. Наима Пўлатова, Фароғат Раҳматова, Эътиборхоним Жалилова, Шуҳрат Расулов, Машрабжон Юнусов, Ҳамза Умаровлар мени кутиб олишган.
Лутфихон аядан олтита тановарни ўргандим. Ўшанда ая: “Қизим, қўлингизни очинг. Сиз мени ўрнимга театрга ишга келибсиз. Сиз давомчим экансиз. Бундан албатта, хурсандман. Мен бу дунёдан бир кун ўтаман, лекин ишларимни сиз давом эттирасиз” деб дуо қилганлар.
Ҳамма спектаклларда бош ролларни ижро эта бошладим. Робиндранат Тагорнинг “Рожа”сини қўйганмиз. Унда мен малика Шударман ролини ўйнаганман. Дадам ролини Ўзбекистон халқ артисти Ҳамза Умаров, Фазлиддин Фаёзовалар ижро этар эдилар. Энди бу асарлар, бу саҳналар.. ҳаммаси бошқача эди!
Машрабжон Юнусов, Сойиб Хўжаевлар билан “Тошболта ошиқ”да бирга ўйнаш менга ҳам насиб қилган. Кароматни ўйнаганман. Сойиб Хўжаев жуда ҳазилкаш, қувноқ одам эдилар. Уларнинг ўнта фарзандлари бўлган бўлса, мен ҳозиргача, салкам 30 йилдан бери уларнинг оиласи билан борди-келди қиламан. Сойиб Хўжаев “Энг кичкина фарзандим Одинахон”, дер эдилар. “Битта қизман деб сиқилманг, мана акаларингиз, мана опаларингиз” деб ҳаммамизни қовуштириб кетишган.
“САҲНАГА ЧИҚИШГА ЧЎЧИР ЭДИМ!”
- Биринчи марта саҳнада “Тўйдан олдин томоша” мусиқали комедиясида Малика исмли қиз ролини ўйнаганман. “Тошкентнинг нозанин маликаси”да Мунаввар қиз ролида чиққанман.
Шуҳрат Расуловлар ўша пайт донғи кетган катта артистлар эди. Мен энди мактабни тугатиб келган қизман. Шуҳрат Расуловга “Устоз саҳнага чиққани қўрқяпман!” деганман. Мени синглим дер эдилар. “Э, нимадан қўрқасиз! Қани, бир, икки, уч!” деб мени саҳнага итариб юборар эдилар.
Албатта, катта-катта Халқаро фестиваль иштирокчиси бўлганим билан залнинг, томошабинларнинг салобати босарди. Наима Пўлатовани айтмайсизми, овозлари деворларни ёриб юборар эди.
Ҳар куни келиб, устозларим ижро этган ролларни кўрар, ўрганар эдим. Ўша кезлари Наима Пўлатова, Дилоромхон Сафоева шу асарларнинг ҳаммасида бош ролларни ўйнар эдилар.
Марьям Ихтиёрова театрдаги мен ҳурмат қилган устозларимдан бири. Улар ҳам менга бор қалб-қўрлари билан санъат сирларини ўргатганлар.
Турсуной Жаъфарова саҳнада онам ролида чиқар эдилар. “Тошболта ошиқ”да Рисолат пари ролини ўйнаганлар. Омина Фаёзовани айтинг. Улардан ҳам кўп нарсани ўрганганман. Уларнинг ҳаммаларининг дуоларини олганман. Дуода гап кўп экан. Бекорга дуо биринчи ибодатдир, демаган эканлар-да. Аллоҳ рози бўлсин, ҳаммаларидан!
Шу масканга келиб, саҳна сирларини ўргандим. Энг муҳими, одамийликни, одамга бўлган меҳрни ўргандим. Одамни қадрлашни ўргандим. Оилада турмуш ўртоғига қандай муомала қилиш керак, фарзандларга қандай тарбия бериш керак, ота-онамдан олган ўгитларимнинг қолганини устозларимдан олганман. Яна менинг бир бахтим, Аллоҳ менга бир яхши инсонни жуфт қилиб берди.
КУТИЛМАГАН ДИЛ ИЗҲОРИ!
Турмуш ўртоғим Саъдулла Назруллаев Ўзбекистон телерадиокомпаниясида 38 йил Адабий-драматик кўрсатувларнинг режиссёри, катта режиссёр лавозимида ишладилар. “Ассалом Ўзбекистон”, “Салом Тошкент” кўрсатувларининг режиссёри бўлганлар.
Улар ижодларини “Оталар сўзи, ақлнинг кўзи” кўрсатувидан бошлаган бўлсалар, 38 йил иккаламиз, каналнинг ота-онаси бўлдик.
Улар менинг санъатимни жуда қадрлар эдилар. “Сизнинг биринчи мухлисингиз мен бўламан. Мен сизга ёрдам бераман. Менга турмушга чиқинг!”, деганларида ҳайронликдан оғзим очилиб қолган. Чунки улар билан муносабатларимиз дўстона эди-да. Улар билан оила қуриш фикри етти ухлаб тушимга кирмаган эди.
Телевидениеда чиқишлар, фестивал ва танловлар, ишларим кўп бўларди. Ана шундай тадбирлар имтиҳон пайтига тўғри келиб қолса, гуруҳ сардори бўлганлари учун зачёткамни уларга бериб кетардим. “Майли, майли, Одинахон, сиз Ўзбекистонимизнинг байроғини баланд кўтараверинг!” дер эдилар. Лекин кўнгилдаги ниятларини курсдошларимизга айтиб юрар эканлар. “Мен Одинахонни жуда ҳурмат қиламан. Келажакда бизга турмушга чиқишга рози бўлмайди-ю, лекин шу қизга ўхшаган жуфти ҳалолим бўлсайди!” дер эканлар. Курсдош дугоналарим баъзида “сизга куёв топиб қўйдик!” деб ҳазиллашишар эдилар. Мен кулганча “Қанақа куёв? Мени ҳали қиладиган ишларим кўп!” дер эдим. Улар ҳам менга бўш келмай, “сизнинг ишларингиз ҳеч тугамади-да!” дер эдилар.
Талабалик йиллари курсдошимиз, бўлажак турмуш ўртоғим Саъдулла Назруллаев баланд бўйли, сочлари жингалак, ўктам йигит эдилар. Менга қизларимиз “сизни бир яхши йигитимиз ёқтирадилар” дейишса, бу йигит Саъдулла ака экани хаёлимга ҳам келмаган.
Ўша кезлари онам Тошкентга малака оширишга кўп келар эдилар.
Кунларнинг бирида дугоналарим онамни чақириб, “ая, сизга куёв кўрсатамиз” дебдилар. Аслида Андижонда уйимизга ҳам совчилар келаётган бўлган, онам совчилардан гап очсалар, “э, онажон ҳали қиладиган ишларим кўп” дердим. Ўша пайтларда менга айтмай, бўлғуси турмуш ўртоғимни онамга кўрсатишган. Куёв бўлмиш ҳам онамнинг олдиларида ҳижолат бўлиб, индамай, қизариб-бўзариб ўтирганмишлар-да!.
Онам Саъдулла аканинг оналари кичиклик пайтида вафот этганларини эшитиб, кўнгиллари ийиб кетибди. Чунки онамнинг ўзлари ҳам 9 ёшларида онадан етим қолганлар-да. Шунга мулойимлик билан “Мен ёлғиз қизни катта қилганман, иккита акаси бор. Лекин менга ҳеч нарса демади. Совчиларга ҳам рад жавобини беряпти. “Ҳали-вери турмушга чиқмайман”, деяпти. Аммо вақти келди, эгасига топширсам, мен ҳам хотиржам бўлар эдим” дебдилар. “Ўзингиз кўнглига бир қўл солиб кўринг, ўзи нима дейди? Унинг ҳам кўнглини билишимиз керак. Ўзи розилик берса, мен нима ҳам дердим. Сизларга қўлимдан келганча ёрдам бераман. У Тошкентда қолишни ният қиляпти. Сиз унга ёрдам берсангиз, ижодини қўллаб-қувватласангиз, бир-бирингларни жону жаҳонинглар билан ҳурмат қилсанглар, унда гўзал оила бўлади, ўғлим” деганлар.
Қашқадарёлик Чамангул исмли дугонам бўларди. Шу дугонам “мен Саъдулла акага ишонаман. Шунча йил бирга ўқиб синадик, бирорта қизга қараганини ёки биронта ножўя иш қилганини кўрмадик. Менимча, яхши умр йўлдоши бўлади, сизга! Оғир вазмин, оилапарвар инсон. Сиздан берухсат аямга кўрсатдик, Саъдулла акани гаплаштирдик” деса-да. Шунда ҳам “Э, қўйсанг-чи, ўртоқ, Саъдулла акага турмушга чиқиш хаёлимга ҳам келмаган” дедим.
Охири онамнинг ўзлари фикримни сўрадилар. “Болам, курсингизда бир яхши йигит бор экан. Менга маъқул бўлди. Қийинчилик кўрган, оғир-вазмин бола экан. Қийинчилик кўрган одам оилани ҳам тортиб кетади. Бегона эмас экан, бирга ўқиган экансизлар. “Майли десангиз, бу йигитга рози эканимни айтардим”дедилар. Бир оғиз гапирганман, “сизга ёққан бўлса бўлди” деганман. Буни эшитиб, Саъдулла ака ҳам хурсанд бўлиб, кўнгилларини очдилар. “Аям билан гаплашган эдик. Одинахон, сиз нима дейсиз?” дедилар. Иккаламиз ҳам уялганимиздан қизариб кетганмиз. Ёшликдаги бундай онлар ажойиб бўлар экан, қайтиб келмайдиган ҳис-туйғулар, одамга бундай туйғу бир марта берилар экан-да.
Тўртинчи курсга ўтганимизда ота-онамнинг, акаларимнинг, уларнинг оталари, ака-укалари розилиги билан фотиҳа тўйимиз бўлган. Институтда ҳам фотиҳа тўйимизни нишонлаганмиз. “Худо хоҳласа, бир йилдан кейин дипломга қўшиб, тўйларини ҳам ўтказиб юборамиз” дейишган.
“ТЎЙИМ БЎЛАДИГАН ЙИЛИ ОНАМ ВАФОТ ЭТГАНЛАР!”
1980 йили 6 сентябрда тўйимиз бўлиши керак эди. Онам Москвага конкурсга кетадиган бўлиб қолдилар. Унгача бориб келамиз дедилар. Москвада Олимпиада ўтказиладиган йил эди. Афсуски, у ердан бетоб бўлиб келдилар. Фотиҳамиз бўлган йили онамнинг мазалари қочди.
Текширтирсалар, зудлик билан касалхонага ётишлари кераклигини айтишибди. Мен бу ердан Қашқадарёга гастролга кетдим. Уйга аямнинг аҳволини сўраб телефон қилсам, “тез етиб кел, онанг оғирлашиб қолди” дейишди. Келсам, онам бир ўрин бўлиб ётибдилар. “Нима бўлди, онажон? Мана мен келдим, энди туриб юриб кетасиз!”дедим.У пайтда ёшман. Институтни битирадиган йилим, тўйимиз бўлиши керак. Онам оғирлашиб қолганлар. Бир ой ётиб қарадим. Жигарлари хаста бўлиб, шу баҳона оламдан ўтдилар.
Ўшанда қаттиқ тушкунликка тушиб қолганман. “Менга энди тўй ҳам керакмас, Тошкент ҳам, санъат ҳам керакмас!” дердим йиғлаб. “Мен отамни олдиларида қоламан, ҳеч қаёққа бормайман!” дедим. Бир йил отамнинг олдиларида қолдим. Тошкентга ҳам қайтмадим.
Онамнинг қирқларини ўтганидан кейин, кичкинагина қилиб, ҳеч қандай куй-қўшиқсиз тўйимизни ўтказганмиз.
Қиз бола учун онанинг ўлими оғир бўларкан. Бош яланг, оёқяланг, қабристонга қараб югураверардим. Ҳар куни қабр бошига бориб, “она, чиқинг, сизсиз қандай яшайман, чиқинг!” деб йиғлайверардим. Онам тўсатдан йўқ бўлиб қолади, деб ҳеч ўйламаганман.
“Арзанда қизим” деб, мени пуф-пуфлаб катта қилган, шу даражага етказган онам эдилар. “Энди роҳатини ҳам кўрмайдиларми?” деб эзилардим-да. Ҳамма нарсадан кўнглим совиб кетганди. Кунларнинг бирида дадам раҳматли йиғлаб, “майли Пошшахон қизим, тақдир экан, болам. Бу ерда турсангиз, ҳар куни қабр бошига югуриб кетаверсангиз, нима бўлади? Энди ёлғиз қизимдан ҳам ажралиб қолмай? Тўй қилиб бера қолай. Куёв билан Тошкентда у-бу ишларга чалғиб, сал дардингизни унутасиз, болам. Бўлмаса, касал бўлиб қоласиз!” деб онамнинг қирқи ўтганидан кейин кичкина қилиб, мусиқа-куйсиз, тўй қилганмиз. ФҲДЁдан ўтказишлари учун паспортимни бериб юборганман. Ҳеч қаёққа бормаганман. Шунақа тушкун кайфиятда тўйимиз бўлган.
Шундай кунлари давлат раҳбарлари аралашиб, мени Тошкентга чақиртириб олишган. Улар онамни қаттиқ ҳурмат қилар эдилар. Давлат раҳбарлари ишлари кўп, лекин ёш талантларга бефарқ эмасдилар. Менга куюнганларидан “Қизим, онангизнинг руҳини шод қилиш ўрнига Андижонда нима қиляпсиз?” деб мени койиганлар. Шу тахлит мен санъатга қайтганман ва улар сабаб бугунги даражамга эришдим.
Тошкентдан бизга уй бериб, жойлаштиришган. Муқимий театрида қайтадан иш бошлаганман.
ЭШИКЛАРНИ СИНДИРИБ ЮБОРГАН ТОМОШАБИНЛАР!
Театр репертуаридаги ҳамма спектаклларда мен бош қаҳрамон ролини ўйнар эдим. Спектаклга чипталар топилмасди, Томошабинлар эшикларни синдириб юборардилар. Сойиб Хўжаев, Ҳамза Умаров, Фароғат Раҳматова чиқадиган спектаклларга томошабин оқиб келарди. Одамлар ҳеч қаёққа сиғмай кетарди. Эшиклар синганига неча бор гувоҳ бўлганман. Ўшанда “Мен ҳам улардай бўлармикинман...”, деб орзу қилардим. Кўпинча устазода артистларимизнинг қизлари ролида чиқардим-да.
Холисхон, Нурхон спектаклларида томошабинлар йиғласам йиғлар, кулсам, кулар эдилар. Мухлислар спектакль тугашини кутиб туришарди. Кайвони онахонлар бағирларига босиб, дуолар қилишарди. “Умрингиздан барака топинг, маза қилдик-ей” дер эдилар. Устозларимиз Ҳамза Умаров, Фазлиддин Фаёзовлар “Қани қўлингизни очинг, парда очиляпти, қизим!” деб дуо қилиб, кейин саҳнага бошқа одам бўлиб чиқиб кетардик. Ўша ролларим бир умрга ёдимда қолган. Ҳозир менга ярим тунда келиб, “туринг, опа, Холисхондаги ариянгизни айтиб беринг” десалар, айтиб бераман.
Бу йил ижодни бошлаганимизга 47 йилга қараб кетди. Ўзимиз ҳам устоз бўлдик, шогирдларимиз бор. Ҳозирги томошабинларимиз ҳам зийрак. Аввалги ролларимизни кўрган томошабинларимиз ҳалигача келишади ва “ёшликдаги ролларингизни маза қилиб кўрардик. Мана энди оналар, қайноналар ролини саҳнада ҳам, экранда ҳам боплаб ижро қиляпсиз. Биз сизни яхши кўрамиз”, дейишади.
Мен ҳам мухлисларимни жуда яхши кўраман. Мана тадбирларда вилоятларда бўламиз, уларнинг санъаткорга бўлган меҳри бўлакча. Баъзида уларни кўриб, қайтгим келмайди. “Мени олиб қолинглар” дейман.
ҲАЁТДА ҚАНДАЙ ҚАЙНОНА?
- Мени битта келиним, беш нафар куёвим бор. Бешта қиз, битта ўғил, менга турмуш ўртоғим, Саъдулла акамдан ёдгорлик бўлиб қолган. Ҳаммаларида дадасининг қирралари бор. Феъл-атворлари ҳам дадаларига ўхшайди. Улар бош куёвларини кўриб, энг катта неварани кўрдилар. Худо хоҳласа, невараларим ўнтадан ошди. Яна кўпайишади.
Ёлғиз ўғлим бор. Халқ хўжалиги ва юридик олийгоҳларида ўқиди. Келиним билан бахтли яшаяптилар. Уларнинг уч нафар шириндан шакар фарзандлари бор. Одам кексайганида невараларини кўриб, завқланар, ҳаётга интилиб яшар экан-да.
Унвонлар олганимда онам тушимга кирадилар. Онам шоира Зулфияхонимга жуда ўхшар эдилар. Зулфия Исроилова онам билан кўришганлар. Ие, Фотима-Зуҳраларга ўхшар эканмиз-ку, Зуҳра Андижонда улғайган экан-да!” деган эдилар.
Фарзандларим орасида санъат йўлини танлаганлар йўқ. Лекин невараларим мусиқа мактабига боришади. Балки улар орасидан бувиси ва боболари йўлини давом эттирадиган давомчилар чиқиб қолар, деб ўйлайман. Илоҳим ҳаммалари орқамда қолишсин! Ўтган устозларим, ота-онамнинг охиратлари обод бўлсин!
Мавлуда ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.
Манба: «Бекажон» газетаси.