Гулчеҳра САЪДУЛЛАЕВА: “Ҳақиқий Ўзбек ойимга келин бўлганман…”


    Ўзбекистон хизмат кўрсатган артист Гулчеҳра САЪДУЛЛАЕВАни халқимиз кино ва театрдаги бетакрор роллари ҳамда дубляждаги ўзига хос маҳорати туфайли яхши билишади. 
   Айниқса, унинг «Ўтган кунлар» фильмидаги Зайнаб образи томошабинлар ёдида муҳрланиб қолган. Қуйида актриса билан яратган образлари, оила ва санъат мавзусида бўлган суҳбат муштарийларимизни бефарқ қолдирмайди деган умиддамиз. 

- ХХ –аср ўзбек аёли қандай бўлиши ҳақида учрашувларга борганимизда сўрашади. Бу асрнинг аёллари ўзининг самимийлигини, вафодорлигини, бир сўз билан айтганда аёл эканлигини унутмаслиги керак. У ХХI аср бўладими ёки ХVI аср, аёл киши барибир замонлар ўтса ҳам аёллигича қолади. Оила қургандан кейин ҳам нафислиги ва назокатини унутмаган бўлиши лозим. Турмушга чиқмасимдан анча аввалроқ, тахминан 12-14 ёшлар чамасида эдим. Раҳматли бувижоним "Турмушга чиқиш осон, этик ечиш қийин” деган мақолни менга айтиб, турмушда учрайдиган ҳар хил қийинчиликларни гапириб ўтирардилар. Бу сўзларни қулоғимга кўп қўйганликлари учун оилада учрайдиган қийинчиликларга тайёр бўлиб, турмушаг чиққанман. Оилада учрайдиган паст-баландликларни одатий ҳол деб қабул қилганим, ҳаётда менга кўп ёрдам берган.  Аёл бўлиш, унинг вазифаси қийин. Лекин энг бахтли аёл деб оиласидан ўз бахтини топиб, фарзандларидан тиниб-тинчиган аёл деб биламан. Қийинчиликлар олдида гандираклаб қолмасдан фақат сабр-бардош билан бу кунлар ўтиб кетишига ишонган аёлнигина ҳақиқий  ўзбек бекаси, бегойими деб баралла айта оламан. Қиз бола қандай ният қилса, ниятига яраша Яратган Эгам унга берар экан. Бувим ҳар доим энг беғубор пайтингда қанча орзуларинг бўлса, ният қил деб айтар эдилар. "Бир куни шаҳзоданг оппоқ отда қаршингда пайдо бўлганида, уни рад этма. Уни бахтим деб билганингдан кейин эса ҳурматини ҳар доим жойига қўй. Эркак - ярим пир” деб кўп таъкидлардилар. Ўшандаёқ шаҳзодам келишига қаттиқ ишонганман ва  ўн саккиз ёшимда чиндан ҳам ўзлари билан бахт шаҳри томон олиб кетганлар.  Каттагина оилага келин бўлиб тушганман. Мендан ташқари бу оилада ўн тўрт жон бор эди, шундай бўлишига қарамасдан меҳр-оқибат кучли эди. Келинлигимда ўша вақтларда суратга олинаётган фильмларнинг бош қаҳрамонларини ижро этардим. Бу ёшда катта-катта ролларни ўйнашим осон эмас эди, аммо шундай бўлишига қарамасдан съёмкалардан келишим билан фартукни тақиб, қайнонамнинг хизматларини қилардим. Уларга хизмат қилиш завқ бағишларди. Илк бор келин бўлиб тушган хонадонимда шўрва пиширганман. Очиғини айтаман, ўша вақтларда мазали овқатлар қилишга уста эмасдим, аммо шўрвамни кўкларга кўтариб, мақтаб-мақтаб ичишган. Агар ўша шўрвани ҳозир кимдир менга тайёрлаб берса оғзимга ҳам олмаслигим аниқ, аммо улар меҳнатдан кўнглим қолмаслиги учун роса мақташган. Бу мақтовлардан кейин уйдагиларнинг кўнглини олишга янада кўпроқ интилардим. Қайнсингилларим-синглим, қайнукаларим - дўстимдек эди. Ҳовлида улар волейбол ўйнашса, келин бўлиб мен ҳам уларга қўшилиб ўйнардим. Гупиллаб турган қорда ўйнашни, сайр қилишни ёқтирардим.
     Бир сафар шундай қор ёғиб турган вақтда қайнукаларим ва қайнсингилларим билан кўчага чана учгани чиққанмиз. Ўша куни Лутфулла акам иш билан кўчага чиқиб кетгандилар. Маҳалладагилар мени таниб қолишмаслиги учун қайнимнинг палто ва шапкасини бостириб кийиб олганман. Аммо мазза қилиб чана учаётган вақтимизда Лутфулла акам келиб қолиб, бизни уришиб берганлар. Қайним акасидан қўрққанидан қочиб қолган. Менга “Гулчеҳрахон биламан ҳали ҳам ёшлигингиз  кетмаган, аммо маҳалланинг келини эканлигингизни унутманг. Сизга ёмон гап келишини хоҳламайман” деганлар. Ташқарида ўйнаётганимизни кўрган қайнотам қайнонамга “Маликахон қаранг, келинимизнинг болалиги ҳамон кетмаган экан. Қорда завқланиб, ўйнашини қаранг” деган эканлар кулиб. Шундай ажойиб оилага келин бўлиб тушганимдан,  Ўзбегойимдек характерга эга бўлган қайнонага келин бўлиб тушганимдан қувонаман. 

“Ўтган кунлар “ фильмидан бир умр миннатдорман

   Ушбу фильмга тасдиқланишим ҳам қизиқ кечган. Ундан олдин “Узукжамол” видеофильмида суратга тушганман. Ўша вақтда ҳам 18 ёшда эдим. Табиий гўзаллиги ва санъатидан бошқа ҳеч нарсаси йўқ бўлган қиз эдим.  Сочимни ҳар доим майда ўриб, “лайло” деб номланган дўппимни кийиб юрардим. “Узукжамол” тўғридан-тўғри  тўрт кун давомида суратга олинган. Суратга олиш кунларининг тўртинчи кунида Узукжамол образи баланд қоядан ўзини сувга отиши керак бўлган. Декорацияда мен йиқиладиган жойга кўплаб кўрпачалар тўшашган бўлишса ҳам образ таъсирида қаттиқ сакраганимдан оёғимга мих кириб, қонатиб юборган. Шунда ҳам қонаганини сезмасдан ролимни ўйнайверганман. Оёғимдаги қонга ҳам, оғриққа ҳам эътибор бермай ўйнаётганимни кўрган “Ўтган кунлар”нинг режиссёри фильмимда албатта суратга оламан деб қўйган эканлар. Киносинов бўлаётган вақтда Фарғонадан уч юзга яқин қиз келиб, Зайнаб образи учун синов топширишган.  Аммо шунча чиройли қизлар туриб, мендек қорача қизни ҳеч қанақа сурат ва синовсиз қабул қилганлар.  Зайнаб образини ўйнагунга қадар  ҳеч кимни севмаган эдим. Ундан олдин “Узукжамол” фильмида севишганлар образида чиққан бўлишига қарамасдан Берди ҳатто қўлимдан ҳам ушламаган эди.  Аммо, “Ўтган кунлар”да  Зайнаб образида Отабекни ўпадиган жойимда барча ижодий гуруҳ қийналиб кетишган. Режиссёр “Сен Гулчеҳра бўлиб ўпмаяпсан, Зайнаб бўлиб ўп” деганлар. Ўша пайтда қуёндек қалтираганман, чунки бунга тарбиям йўл қўймасди. Ноқулай аҳволда қолганимдан ҳушимдан кетай деганман. Режиссёр ҳам нима қиларини билмай қолганлар.  Шунда устоз санъаткор Марям Ёқубова “Ҳозир ролга тайёрлайман” дея қулоғимга пичирлаганлар. У кишининг гапларидан кейингина ролга киришганман. Суратга олиш ишлари тугагандан кейин ижодий гуруҳ “Марям опа нима дедилар?” деб сўраган. Аммо устознинг гапини ҳеч кимга айтмаганман. Ижодий гуруҳнинг менга катта ёрдами кетган. Буюк актёрларимиз билан бир фильмда суратга тушганимдан фахрланаман. Ўзимни бахтли актриса сифатида биламан. Кундузи съёмка ишлари тугагандан кейин кечаси билан Қодирийнинг китобларини ўқиб чиқардим. Ҳар бир сатридан янги маъно топардим.  Суратга олиш майдонларида ҳар доим ортимдан режиссёрнинг ёрдамчиси пойлоқчилик қилиб юрарди. Сабаби, умуман юзимга бўёқ суртишимни исташмасди.  Аксинча режиссёр халқнинг Зайнаб образига меҳри кучайиб кетмаслиги учун юзимни қорароқ бўяшни айтардилар.  Қовоғимни ҳар доим солиб юришимни истардилар.  Табиийки бу менга сира ҳам ёқмасди, чунки ҳар бир қиз чиройлироқ экранга чиқишни истайди. Гулчеҳра опани киприкларининг ҳар бир толасигача бўянтириб, юзларини оппоқина қилиб бўяшларига ҳавас қилиб ўтирардим. Ҳаттоки “Майли чиройли қилишмаса ҳам ҳеч бўлмаса янада қорайтириб бўяшмасин” дердим. Бу фильмдан бир умрга ёдимда қолган воқеалардан яна биттаси от билан суратга олинаётган пайтда бўлган. Шаҳарда ўсган қиз бўлганлигим учун ит ва мушукдан бошқа уй ҳайвони кўрмагандим. Суратга олиш майдончасида илк бора отни кўриб қолиб, ҳайратда қолганман. Оппоқ отнинг қоп-қора беғубор кўзларига узоқ вақт тикилиб қолганман. Бир соат танаффус эълон қилинганидан кейин овқатимни ҳам емасдан “оқ отга мен ҳам чиқиб бироз айланай” деганман. Ўлмас ака отга чиқазиб қўйганларидан кейин отни қаеридан ушлашни билмасдан сочидан маҳкам чангаллаб ушлаб олганман. У мендан қўрқиб кетиб, бирдан хунук овоз чиқариб югуриб кетган. У югургани сари сочидан янада қаттиқроқ ушлаб олганман. Яхшиям оёғимни юганига қўйган эканман. Бўлмаса, у ўзидан отиб юборар экан. Бутун ижодий гуруҳ орқамиздан қувлаган, отга етиб олишнинг имкони бўлмаган. Қишлоқ аҳолиси ҳам мендан роса хавотир олган. Юввошгина отни сочидан тортиб шунчалар қўрқитиб юборган эканман, зўрға ундан тушириб олишган. Қўрқувларим унут бўлгандан кейин, яхшиям ўшанда оқ отга минган эканман дейман. Бувимлардан қиз бола оқ отга чиқса бахтли бўлади деган гапни эшитганман. Бу бежизга эмас экан, бахтимдан ҳар доим мамнунман.

Оилам - бойлигим 

   “Ўтган кунлар” фильми катта экранга чиққанидан кейин бошқа давлатлардан ҳам кўплаб таклифлар туша бошлаган. Аммо бу пайтда мен оилали эдим. Оилам ва фарзандларимни каръерамдан устун қўйганлигим учун  барча таклифларни рад этдим. Бахт мен учун оиламнинг бус-бутунлиги ва ҳаловати деб ўйлайман.     
 
Феруза Бону ёзиб олди.
2016 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот