«ҚАНДАЙ БАХТЛИМАН!» ДЕЙСИЗ-ДА, КЕТАВЕРАСИЗ»
Гулчеҳра ИБРОҲИМБЕКОВА: «ҚАНДАЙ БАХТЛИМАН!» ДЕЙСИЗ-ДА, КЕТАВЕРАСИЗ»
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулчеҳра Иброҳимбековани томошабинлар яхши кўришади. У комик ролларни ҳам, драматик ролларни ҳам маҳорат билан ижро этади.
Айниқса, уни «Бегона баҳор» фильмидаги ролидан кейин мухлислар яхши эслаб қолишди. Шундан кейин унинг ўзига ҳам оила борасида саволлар берадиган бўлишди.
Қуйида сиз актрисанинг ижод йўли ва оилавий ҳаёти билан танишасиз.
«Қирқ кунлик чақалоғимни ташлаб, ишга тушиб кетганман!»
Мен 7-8-синфда ўқиб юрган кезларим, аввалги «Ҳамза» театри жамоаси Тожикистонга гастролга келишган. Ўзбекистон халқ артисти Икрома Болтаеванинг бизга қариндошчилик томонлари бор эди. У киши тоғамнинг хотини бўлиб, мен уларни «хола» дер эдим. Аслида у киши онамга ҳам, менга ҳам оналик қилганлар.
Илгариги «Ҳамза» театри жамоаси Душанбега келганида уларнинг ҳамма спектаклларини кўрганмиз. Кейин жамоадагилар бизниикига меҳмонга келишган.
Бунгача мен рақс тўгарагига қатнашиб, жуда кўп шаҳарларда, танловларда иштирок этганман. Ўзимни рақссиз тасаввур қилолмасдим. Мактабда драма тўгарагини ўзим юритар, пьесаларни ҳам ўзим ёзардим. Келган меҳмонлар мени кўргач. «Бу жуда иқтидорли қиз экан-ку, бундан яхши актриса чиқади»,-дейишди. Ўшандаёқ бу гапни қулоғимга қуйиб олгандим.
Аммо узил-кесил санъат йўлини танлашимга «Алишер Навоий» спектаклидаги Олим Хўжаев ижроси сабаб бўлди. Навоий образи юрак-юрагимни тўлқинлантириб юбордики, шундан кейин санъаткор бўлишга қатъий қарор қилганман. Тошкентдаги Маданият олийгоҳига ўқишга кирдим. Икрома Болтаеванинг уйларида туриб, ўқишга қатнар эдим. Театрга ишга таклиф қилишганида тўнғич фарзандимга ҳомиладор эди. 13 октябрда тўнғич фарзандим туғилган бўлса, январь ойида қирқ кунлик чақалоқни ташлаб, ишга чиқиб кетганман.
«Келинлар қўзғолони»га рухсат беришмаган!»
Олим Хўжаев, Наби Раҳимов, Зайнаб Садриева, Замира Ҳидоятова, Қудрат ака-ю, Шукур Бурхоновлар-шундай санъат дарғалари ҳаммалари «Ҳамза»да ишлар эдилар. Уларнинг ҳар бири кўзимга буюк инсон, буюк санъаткор бўлиб кўринар , улар олдида ўзимни чумолидай ожиз сезганман. Лекин уларнинг бирортаси мени турткиламаган. Ҳаммалари бағирларини очиб кутиб олишган. Билмадим, балки бу «Икрома Болтаеванинг жияни», деб шундай қилишгандир ёки хулқ-атворим маъқул бўлганми, бирин-кетин Баҳодир Йўлдошевнинг қўлларида жуда кўп бош ролларни ижро этганман. Биринчи марта Ўлмас Умарбековнинг «Комиссия» спектаклида Наби Раҳимов билан битта саҳнада роль ижро этганман. Шундан кейин «Олтин девор»да Зуҳрани, «Парвона»да аввал Юлдузни, кейинчалик Назокат ролини ижро этганман.
Режиссёр Баҳодир Йўлдошев «Келинлар қўзғолони»ни саҳналаштирган пайтни яхши эслайман. Бу спектаклни биз йигирма марта қайта топширганмиз. Топширамиз, рухсат ололмаймиз. Айтилган камчиликларни тузатиб, топширамиз, улар яна рад жавобини беришади. Ҳаммамиз фикримизни айтамиз. Ҳозир Баҳодир Йўлдошев республикамиздаги энг кучли режиссёр ҳисобланади. Бадиий кенгаш аъзолари «Келинлар қўзғолони» академик театр қўядиган асар эмас», дейишган. Йўқса, биласиз, бу спектакль қандай ибратли. Шуни ҳам бизга раво кўришмаган. Зайнаб опамни Зайнаб Садриева қилган шу спектакль бўлади.
Кейинги йилларда театримизда анча юксалиш бўлди, деб айта оламан. Мана «Ревизор»ни саҳналаштирдик, «Тартюф»ни қўйдик. Классик асарда иштирок этган актёр ўзгаради, ўсади. Масалан, ўзбекча бичимли кўйлакни олайлик: сиз уни қандай кийишни биласиз, уни кийганда қандай ўтириб-туришни, ўзингизни қандай тутишингиз кераклигини биласиз. Жаҳон классикасида мутлақо бошқача либослар кийилади. Уни кийгач, мимика, ҳатти-ҳаракатлар ҳам ўзгаради. Асарни ўзини ўқиш кифоя қилмайди. Актёр ундаги ролни ижро қилиш учун тарих китобини олиб, ўша даврни ўрганиши керак. Ўша даврда одамлар қандай яшаган, ўзаро муносабатлар қанақа бўлган? Буларни билмай туриб, қандай образ яратасиз? Шунинг учун режиссёр рассом билан бирга ишлайди. Баҳодир Йўлдошевнинг ютуғи у Юрий Брим деган даҳо рассом билан ишлаган, бу режиссёрга кўп нарса берган.
Зайнаб Садриева «Келинлар қўзғолони»даги Фармонбиби ролларигача қанча ролларни ижро этганлар. Лекин кунларнинг бирида актёрга унга муваффақият олиб келадиган ана шундай роль келиб қолади. Агар шундай роль насиб этмаса, бу актёрнинг бахтсизлиги бўлади.
«Ролни рад этганим учун менга «огоҳлантириш» беришган!»
Режиссёр Рустам Ҳамидов Салоҳиддин Сирожиддиновнинг «Тўмарис» асарини саҳналаштирди. Ундан аввал мен Наби Раҳимов билан «Курорт» спектаклида бир ролни ижро қилган эдим. Тўмарисда яна шунга ўхшаш роль беришди. «Мен иккита фарзандли бўлдим, ҳалигача менга қизчаларнинг ролини берасизлар, «ўйнамайман» дедим. Аслида актёрларнинг бу ролни ўйнамайман, дейишга ҳаққи йўқ. «Энди бундай қизлар ролини ёшларга беринглар. Массовкага чиқаман, аммо бу ролни ижро қилмайман!»-дедим. Ўша сафар биринчи марта «виговор» олган эдим.
Шу сабаб ишга келмадим. «Тўмарис»да 20 дақиқа ижро қилинадиган она образи бор эди. Шу она ролини ижро қилиб кўр-чи, дейишди. Бир марта машқ қилганимдаёқ, роль яхши чиққан. Биласиз, воқеалар икки қабила ўртасида зиддиятлар кучайиши, уруш олови ёқилиши билан бошланди. Бу урушни тўхтатиш учун жонивор ёки одам қурбонлик қилиниши керак. Қурбон берилгачгина, уруш тўхтайди, дейилади. Овда ҳандақ қазиб қўйилгани каби жангда ўра кавлаб, шох-шабба ташлаб қўйилади. Айнан менинг болам шу ўрага тушиб қолади. Улар ўғлимни қурбонликка олиб кетишаяпти, ана энди тасаввур қилинг онанинг аҳволини! Бола ҳам жоду қилиб қўйилгандай карахт, уларга эргашиб кетаверади. «Қор маликаси»да Герда Кейни уйғотиш учун «Кей, эслайсанми, гулимиз бор, мушукчамиз бор» деб унинг кўнглини юмшатишга ҳаракат қилади. Шу каби она ҳам боласини қайтариш учун бари иқтидорини ишга солади. Уни қўлига олгач, боласи «бу менинг онам» деб уни она сифатида тан олгунига қадар кечадиган жараён бор. Ана шу ролимдан кейин мен оналар ролини ижро этадиган бўлдим. Шунда Салоҳиддин Сирожиддинов «Опа, асарни ёзиб, унинг кульминацияси айнан шу жойи эканини билмаган эканман»-деган эди. Шу ролимга ҳафта мобайнидаги тайёрланиб юрардим. Ролни ижро қилиб бўлгач, анчагача ўзимга келолмасдим. Уйимга боргунимча шу ҳолатда қолардим. Ҳозир ҳам шу каби образларни ижро қилгим келади.
«Лукаш ботир» спектаклида украин қизи Маргарита ролини ижро қилганман. Асар аслида самарқандлик уруш қатнашчиси Луқмон Ўроқов ҳаётидан олинган эди. У уруш йиллари алоқачи қиз Маргаритани севиб қолади. Қиз кўприкни портлатиб, ўз жони эвазига бошқаларнинг ҳаётини сақлаб қолади. Шу спектаклни Самарқандда қўйганмиз. У пайтда Луқмон Ўроқов ҳаёт эдилар. Улар билан бирга учрашувларга борганмиз. Шунда «Сен ўша қизга жуда ўхшайсан»,-деб йиғлайверар эдилар. Ана шундай ролларим бўлган.
Ёшингиз катта бўлгач, муносиб роллар кела қолмайди. 12 йил маданият коллежида ҳам дарс бердим. Миллий театрда ҳам шогирдларим билан дарс ўтган пайтларим бўлди. Ижодим давом этган. Ҳозирги ёшимда спектаклларим кўп. Шу кунларда «Чимилдиқ» қайтадан саҳналаштириляпти. Унда куёвнинг онасини ўйнаяпман. Яна иккита спектаклда бандман. Лекин айнан шу ёшимда Фармонбиби каби роль келишини жуда истардим.
«Турмуш ўртоғим билан бир гуруҳда ўқиганмиз»
Мен турмуш ўртоғим Турғунбек Иброҳимбеков билан бир гуруҳда ўқиганман. Уч ўғилга бош келин бўлиб тушганман. Санъаткор бўла туриб, оддий деҳқон оиласига келин бўлганман. Ўшанда «артистни келин қиламизми-йўқми»,-деган гаплар ҳам бўлган. Мен ҳам ўқишни битираману уйга кетаман, деб ўйлаган эдим. Лекин тақдир бўлса, ҳеч нима тўсиқ бўлолмас экан. Уйим-жойим, қайнона-қайнотам, қайинбўйинларимга бор меҳримни қўйганман. Уч ўғилдан ташқари, қайнотамнинг иккита қизлари ҳам бор эди. Аммо қайнотам мен келишим биланоқ, «Гулининг айтгани айтган, дегани деган бўлсин. Ҳаммангиз шундан маслаҳат сўраб, унинг айтганини қиласизлар»,-деганлар. Мен ҳам, бу хонадондагилар ҳам бир-биримизга шундай меҳр қўйганмиз.
Мени қийнаган нарса, ота-онамдан узоқда бўлганман. 17 ёшимда Тошкентга келган бўлсам, ҳар ойда онам мени кўргани келар эдилар, бир ой ўтиб, мен уларни кўргани Тожикистонга борардим. Эрталаб қайтиб келардим. Мен хоҳлаган пайтимда, жигарларимни соғиниб, кўргим келганида уларни дарров бориб кўра олмасдим. Мана шу нарса менга бир умрга армон бўлиб қолди. Тожикистонда 1991 йилда тўполонлар бошлангач, онамни Тошкентга кўчириб олиб келганман. Аммо кўп эмас, тўрт йилгина хизматларини қилдим. Энди онамни ўзим парвариш қиламан, деганимда, онам боқий дунёга рихлат қилдилар. Ёлғиз акам 58 ёшларида инфаркт туфайли вафот этган эдилар. Онам фарзанд доғини кўтара олмадилар, орадан бир йил ўтиб, ўзлари ҳам боқий дунёга кетдилар.
Энди келиним онасининг олдига борадиган бўлса, бориб, «бир кун ётиб келинг, меҳрингиз қонсин» дейман. Ҳар доим шанба тушдан кейин кетиб, якшанба кечқурун келишади.
Катта қизимнинг қизи — неварам шу йўлни танлаган эди. Аслида у ҳуқуқшуносликни битирган. Онаси ҳам менинг соҳамга жуда қизиқар эди. Уч йилгача съёмкаларга ҳам борди, хизматларга ҳам чиқди. Унинг тўртта фарзанди бор. «Қуёшни сен уйғотасан»да неварани ўйнаган. «Фариданинг дил дафтари»да Мунисани ижро этди. Ҳаёт оғир, қизимнинг тақдири қандай бўлишини билмасдим. Шунинг учун унинг актриса бўлишини, мен каби қийинчиликлардан ўтишини имстамадим. Кўпчилик мухлисларимиз «сизларга маза-да, ўйнаб-кулиб юрасизлар, қаримайсизлар» дейишади. Аммо бизнинг заҳматимизни шу ерларни тозалайдиган фаррошлар билишади. Қийналасиз, аммо мухлисларнинг олқишларини эшитиб, гулларини олгач, барча чеккан азобларимиз чиқиб кетади. «Қандай бахтлиман!» дейсизда, кетаверасиз. Шу бир даста гул, мухлислармеҳри дунёларни ёриштириб юборади!
Мавлуда Иброҳимова суҳбатлашди.
Манба: "Бекажон" газетаси. №83 18.10.2018 йил.