АКТЁР БЎЛИШ УЧУН КЎП НАРСА КЕРАК ЭМАС...


     Андижон вилоят Мусиқали драма театрининг устоз санъаткори, "Санъат ва маданият фидойиси" кўкрак нишони сохибаси - Ойистахон Маҳмудовани таваллуд топган куни билан табриклаймиз.

Ойистахон Маҳмудова: 
“АКТЁР БЎЛИШ УЧУН КЎП НАРСА КЕРАК ЭМАС...”
    “Баъзан ўша даврдаги ўнлаб ўйнаган ролларимни эслаган кун, театрда ролини тушуниб-тушунмай ўйнаб, образ устида изланмаётган, саҳнага шунчаки чиқаётган бугунги кунда айрим актёрларни кўриб, театрда мен нима қилиб юрибман, дея ачиниш хисси билан азбаройи театрдан кетгим ҳам келган. Минг афсуски, айрим театларимизга айрим  фидойилик етишмаяпти...” дейди жонкуярлик билан бутун умрини театр санъатига баҳшида қилган Андижон вилояти мусиқали драма театрининг етакчи саҳна устаси, “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони соҳибаси, истеъдодли ва маҳоратли актриса Ойистахон Маҳмудова.
-Театрдаги ижодий фаолиятингизга қарийб ярим аср бўлибди. Театр санъатининг уч давр тарихи, қайноқ ижод тафти, руҳи, шукуҳи билан яшадингиз, эндиликда эса бир вақтлар республикада “онахон” театри мақомини олган ушбу даргоҳнинг забардаст устозлари қўлида тарбия топган давомчилардансиз...
-Тўғри айтдингиз, Андижон вилояти мусиқали драма театри ташкил топганига мана, салкам бир асрдан ошибди. Буни айтишга осон, лекин ўзбек театр санъатини маълум бир юксаклик чўққиларига етишишида бу театрнинг алоҳида ўрни бор. Ўзбек театрининг забардаст дарғалари Лутфихоним Саримсоқова, Тамарахоним, Гавҳархоним, Ҳалима Носирова, Ҳамза, Комил Яшин, Собир Абдулла, Тўҳтасин Жалилов, Сойиб Ҳўжаев сингари кўплаб санъаткорлар бу ерда ижод қилишди. Уларнинг катта ижод мактаби кейин ҳам давом этди. Мен театрга 1969 йили келганимда, бор-йўғи, ўн беш ёшда эдим. Ўзбекистон ҳалқ артисти театрнинг бош балетмейстри Малоҳат Исоқова мени театрга олиб келиб, театрнинг бош режиссёри Ўзбекистон ҳалқ артисти Аббос Бакировга: “Шу қизни ишга олсак, рақсга қизиқар экан” деб таништирди. Мени синов муддати билан ишга олишди. Очиғини айтсам, мендан бахтли инсон йўқ эди ўшанда. Театрдаги жамоа жуда катта эди, яъни, 120 кишидан зиёд ижодий труппа мавжуд эди. Рақс труппасид эса 15 раққосачи бўлиб, унинг сирларини устозим Малоҳат опадан ўргана бошладим. Театр репертуаридаги “Тоҳир ва Зуҳра”, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Рустам”, “Қирол Лир”, “Ричард  lll”, “Нурхон”, “Холисхон”, “Нодирабегим”, “Жон қизлар”, “Зебунисо”, “Тошболта ошиқ”, “Ватан ишқи”, “Қонли сароб”, “Келинлар қўзғолони” каби классика асарлардан ташқари, замонавий спектаклларда умумий рақслар, якка рақсларни ижро этдим.
  Бир куни Аббос ака ёнларига мени чақиртирибдилар. Кирдим. Ўзбекистон ҳалқ артистлари Аббос Бакиров, Қамарахоним Бурнашева, Ўринбой Нуралиев, Айсар Ибрагимов, Маткарим Болтабоев, Нуриддин Ҳамроқулов, Ҳошимжон Олимжонов, Жалил Раҳимов, Маърифатхоним Убайдуллаева, Ҳадича Аминова, Азиза Аминовалар ўтиришибди. Табиийки, уларнинг салобати тутиб, ўзимни ҳаяжондан бирпасда йўқотиб қўйдим. Аббос ака менга газета бериб, “шуни ўқиб кўрчи, қизим” дедилар. Ўқиб бўлганимдан кейин, Азиза Аминовага: “шу қизни “Рустам”даги Рустамнинг синглиси Қиммат ролига тайёрланг” деб тайнладилар. Илк дебют ролимни яхши ижро қилдим шекилли, устозлардан мақтовлар эшита бошладим. Билвосита, у даврдаги узтозларни ижодий синовлари, қаътиятли талабларидан ўтиш амримаҳол  эди. Шундан кейин, театрдаги шоҳ асарларда “Тоҳир ва Зуҳра”да  Юлдуз, “Холисхон”да  Маҳмуда, “Зебунисо”да Зебунисо каби қатор ролларни ўйнаш менга ҳам насиб қила бошлади. 
  1972 йили “Андижон театри Тошкентда” марказ пойтахтда Аббос Бакиров бошчлигида бутун жамоамиз билан сафарда бўлдик. Икки ҳафта мобайнида репертуаримиздаги сара асарларни бутун ҳалққа намойиш этдик. Ўшанда ҳалқнинг театрни шифти ларзага келгудай тўҳтамай олқишлаб кузатганлари сира ёдимдан чиқмайди. Томошабинлар орасида Шукур Бурҳонов, Наби Раҳимов, Ҳамза Умаров, Ҳалима Носирова, Бернора Қориева, қўйинки, ҳамма забардаст санъакорлар ташриф буюришганини кўрганман. Маданият тизими раҳбари Ҳабиб Раҳмонов сўнгги муҳокама чоғидаги сўзида Аббос Бакировга: “Вилоятда бундай катта ижодий куч қобилятига эга, бундай истеъдодлар ансамбилини қаердан излаб топдингиз? Ҳамза театри “отахон” театр, Андижон театри “онахон театрдир!” дея юксак ҳурмат билан эътироф этгандилар. Шу тадбирдан кейин республикамизнинг 27 та газеталарида мақола, суратларим босилиб чиқди. Айтмоқчиманки, биргина мана шу инсоннинг жамоага маъмнунлик билан билдирган ишончи мени кейинчалик театрда муқим ижод қилиб қолишимга туртки берди. Бундай моҳир санъаткорлар билан санъат сирларини чуқур ўрганишим, умрим бўйи ёнма-ён ишлаганимдан фаҳрланаман. Бу бахтни касбимга муҳаббатимдан деб, билсам керак.
- Ҳозирги кунда ҳам театрларимизда замонавий асарлардан ташқари, тарихий мавзулардаги спектаклларни ҳам томошабинлар ҳукмига ҳавола қилиниб бориляпти. Бу яхши. Лекин бугунги ёш актёрларимиз мана шундай йирик ҳажмли асарлардаги тарихий  образларни маромига етказиб ижро эта олаяпти, дейиш мумкинми? 
-Ўйнай олмаяпти, дейиш нотўғри. Лекин тарихий ролларнинг ўзига хос услуби, залворли юки, маҳорат механикаси бор, бунинг меҳнатини, мазмун-мақсадини чуқур ўрганмай туриб, саҳнада ўйнаб бўлмайди, албатта. “Рустам” спектаклида Қиммат ролини ўйнаш учун олти ой тайёргарлик кўрганман. Бу ролни драматизми оғир, саҳнадан саҳнага ўтиш давомидаги бадиий драматик ҳолатни, шиддатни бир маромда ушлаб туриш, ички ҳиссиётларни кўрсатувчи қийинроқ  роль. Саҳнадан чиқиб, икки соат хонамда ўтириб, узоқ  тин олар эдим. Билмадим, бу ролга шу даражада киришиб кетармидим, юрагим сирқираб оғрирди, касал ҳам бўлиб қолганман. Тарихий образларни руҳини, шакли-шамойилини топиш учун аввал, ўша даврга дахлдор асарлардан ўқиб мукаммал билиш керак, тажрибаси катта устозлардан ижро услубини актёрлар ўзлаштириши керак. Қисқа қилиб айтганда, профессионал бадиий ижро маҳорати ролда кўриниши муҳим. Биргина мисол, “Нодирабегим”, “Зебунисо” спектаклида ғазал, рубоийлар жуда кўп ўқилади, ғазални қандай ўқиш илми, унинг тактикаси, урғуни қаерга қўйишни биз устозлардан тинимсиз сўраб ўрганганмиз. Ғазал ўқишни билмаган актёр, тархий образни қандай ўйнаши мумкин?! Кейинги вақтларда бизни театримизда ҳам “Навоий”, “Бобур” спектакллари қўйилди. Ёшларимизга тарихий роллар устида кўп ишлаш лозимлигини айтдик. Ўргатиш, йўл-йўриқ кўрсатишдан эса сира толмаймиз.
- Ойнаи жаҳон орқали кўп бора эфирга узатиладиган сизнинг ижроингиздаги Ойдин момони кўриб турамиз. Мухлисларингиз шу ролингизни яхши кўришади.
-Мустақиллик йилларидан буён театримизда салмоқли асарлар  саҳналаштирилиб келинмоқда. Булар орасида таниқли драматург Қўчқор Норқобилнинг “Қуёшни сен уйғотасан” асаридаги Ойдин момо менинг ижодимдаги ёрқин образларимдан бири бўлиб қолди. Ойдин момо образини ҳаётий қилиб гавдалантиришим, у қадар қийин кечмаган. Чунки, асарни ўзи мукаммал битилган, драматургияси бор. Театримизга таниқли ва тажрибали режиссёр Валижон Умаров таклиф қилинганда хурсанд бўлганман. У одамнинг қўйган асарлари доим республикамиз театрлари саҳнасида муваффақият қозонган. Ойдин момо ролини жудаям яхши кўриб ўйнадим. Ҳақиқий ўзбекнинг содда, меҳрибон аёли, фидоий она тимсолидаги қаҳрамон. Фарзандлари эрта ўтган она фарзанд доғида изтироб чеккан, ғам-андуҳини ичга юта, дардни матонат, сабр билан енган волида. Бахтга қарши, унинг биттаю-битта ўғли ҳам тирикчилик илинжида узоқ сафарга кетгач, баттар эзилади. Эшик “тиқ” этгудек бўлса, йўлига интизор боқади. Кута-кута охир-оқибат кўзлари кўр бўлиб қолади. Келинининг ташаббускорлиги, ишбилгичлиги унинг зулмат эгаллаган қалбини чироқ бўлиб ёритади. Ҳали-хануз телеканалларда кўриб борадиган мухлисларимиз кўча-куйда шу ролим орқали мени танишиб тилга олишганида, бундан бошим кўкка етади.
-Чинакам актёр бўлиш учун нималар қилиши лозим?
-Актёр бўлиш учун кўп нарса керак эмас. Одиийгина касбига фидойилик керак холос. Айрим театрларимизда фидойилик етишмаётгандек, наздимда. Балки, актёрларнинг ўз устида ишлашини назарда тутаётгандирман. Тўғри, ютуқларимиз ҳам кам эмас, буни четлаб ўтмоқчимасман. Аммо актёр актёр бўлиб шаклланишида кўпроқ изланиши керак. Юқорида айтганимдек, ҳар бир даврни, соҳани мукаммал ўрагниш керак. “Ақлдан озиш ҳеч гап эмас” спектаклини моҳир режиссёр Баҳодир Назаров саҳналаштирган. Бу асар томошабинларимизга жуда ёқади. Унда мен Лўли ролини ўйнаганман. Лўлининг ҳарактери, гапириш манерасини топиш учун жаҳон бозори бўладими, деҳқон бозорими, лўлиларни кўп кузатганман. Эҳтимол, шу ролим ҳар доим ишонарли чиққаниданми, томошабинлар то саҳнадан чиқиб кетгунимча кулишдан тўҳтамайди. Шунинг учун хоҳ у драматик роль бўлсин, хоҳ комик, актёр томошбинни ўзи билан етаклаши, таъсир кучи билан қобилятини намоён эта олиши лозим. Ҳақиқий актёр шунда билинади.
-Дилингиздаги орзу-тилакларингиз...
-Андижон вилояти мусиқали драма театрида фаолиятимни давом эттириб келяпман.Театр директори Алижон Асқаров бошчилигида бугун театримиз анчагина ривож топиб бораяпти. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистларимиз Ҳабибуллоҳ Юнусов, Мавлудахоним Бойматова, Зарифахон Ҳайдарова, моҳир режиссёрларимиз Исоқжон Эргашев, Жавлон Жўраев, Муҳаммадамин Жабборовлар сингари тиниб-тинчимас ижодкоралримиз хизмати беқиёс. “Бурч”, “Муножот”, “Сомнамбула”, “Аршин мол олан”, “Ўжарлар”, “Қирқилган кокиллар” (Нодира) сингари асарларимиз муваффақиятли равишда саҳна юзини кўрди. Республикамизнинг бир қатор нуфузли фестивалларида қатнашиб, ютуқлар қўлга киритилди. Мен бундай  заҳматкаш театр фидойилари билан ҳамнафас бўлиб ишлаётганимдан бахтиёрман. 
  Ўзбекистон ҳалқ артисти Гавҳар опа Раҳимова 83 ёшларида “Мирзо Улуғбек” спектаклида Гавҳаршодабегим ролини ўйнаганлар. Гавҳар опани аввалига бу ёшда роль ўйнашига режиссёр унчалик ҳам рўйҳушлик бермаган экан. Аммо, орзуга айб йўқ, деганларидек, Гавҳар опа буни уддасидан чиққан. Менинг ҳам бир орзуим бор, театримизда Амир Темур асари қўйилса, Бибихоним образини яратмоқчиман. Насиб қилса, ана шу кунларга ҳам етарман.

Шерзод Деҳқонов суҳбатлашди. 
Манба: “Театр журнали”, 2020/3-сон.

  Маълумот: Ойистахон Маҳмудова 18 Январь куни Андижон шаҳрида таваллуд топган. 1972 йилда Андижон вилоят мусиқали драма театри студиясида таҳсил олган. 1970 йилдан ҳозирги кунга қадар Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон вилоят мусиқали драма театри балет артисти, драма артисти, саҳна устаси сифатида фаолият юритиб келмоқда.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот