Темирни занг, инсонни ҳасад емиради


МУЗАФФАР МУҲАММАДНАЗАР: «ТЕМИРНИ ЗАНГ, ИНСОННИ ҲАСАД ЕМИРАДИ»

     Музаффар Муҳаммадназар «Сирли олам» таҳририятига келганида талаба йигит эди. Тез орада самимийлиги, иқтидори билан жамоадошлар ҳурматини қозонди. Ота-онаси суйиб катта қилган бу йигитнинг юмшоқ феъли кўпчиликка манзур бўлган. Муҳими, унинг интилишлари, ёш бўла туриб, ажойиб ҳикоялар қоралагани бизга манзур бўлганди.

     Шу кунгача у турли нашрларда ишлади, китоблар чиқарди. Айни дамда Muzaffar.uz веб-сайтининг муҳаррири сифатида фаолият юритиб келмоқда.

     У бошқаларнинг дардига бефарқ қарамайдиган, қўлидан келган ёрдамини аямайдиган инсон. Шу билан бирга, у ҳақиқатпарвар. Ўз фикрини далил айта оладиган инсон.

     Биз у билан ижоди, ҳаётдаги қийинчиликлар ва оиласи ҳақида суҳбат қилдик.

БЛИЦ-МАЪЛУМОТ:

* Музаффар Муҳаммадназар  1973 йил 6 февралда Тошкентда зиёлилар оиласида туғилган.

* Иш фаолиятини 1990 йилда «Сирли олам» журналида бўлим муҳаррири вазифасидан бошлаган. Мақола, суҳбат, ҳикоя ва таржималари республика нашрларида чоп этилган.

* «Янги аср авлоди» нашриётида 2021 йили «Ёнаётган тирик ҳайкаллар», 2022 йил «Сўнгги манзил» номли китоблари нашрдан чиққан.

* Айни вақтда «Саодат» журналида фотомухбир ва веб-сайти муҳаррири, Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туманидаги 186-умумий ўрта таълим мактабида ижодий ва маданий масалалар бўйича тарғиботчи ҳамда Muzaffar.uz веб-сайтининг бош муҳаррири вазифаларида фаолият юритиб келмоқда.

* Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси ва Ўзбекистон Республикаси Театр арбоблар  уюшмаси аъзоси.

* Халқаро «Олтин мерос» хайрия жамоат фонди томонидан «Ижтимоий тармоқларда санъат ва маданият тарғиботига қўшган муносиб ҳиссаси учун» «Олтин мерос» медали билан тақдирланган.

«ЁЗГАНЛАРИМНИНГ БАРЧАСИ ҲАЁТДАН ОЛИНГАН!»

- Ижод оламига қандай кириб келгансиз? Ким ёки қандай асар турки бўлган? Бирон таъсирли воқеани эсласангиз.

- Ижодга қизиқишим болалигимда-ёқ пайдо бўлган. Раҳматли Ойижоним – Малоҳат Мирзомуҳаммад ҳам журналист бўлганлар ва газета ва журналларда мақолалари, интервьюлари чиқиб турарди. Ота-Онам болалар нашрлари “Ғунча”, “Гулхан” журналлари ва “Тонг юлдузи” газетасига обуна қилишганди. Газета-журналлардаги бир-биридан қизиқарли мақола, ҳикоя ва шеърларни ўқиб, ижод қилишга интилиш иштиёқи туғилган. Ўшанда ёзганларимни почта орқали (у даврларда интернет, телеграм афсуски йўқ эди) таҳририят манзилларига юборардим. Биринчи маротаба “Тонг юлдузи” газетасида “Заҳарли ҳаёт” номли ҳажвиям чиққанида роса қувонганман! Мактаб ўқувчиси учун бундан ортиқ қувонч бўлмаса керак, наздимда. Негаки, синфдошларим ва ўқитувчиларим табриклашганда, жуда қувонганман. Ота-Онамнинг қувонишганини айтмайсизми? 3-синфдалигимда Ўзбекистон халқ ёзувчиси – Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб” романини ўқиб, адабиётга бўлган муҳаббатим янада кучайган ва катта бўлсам, албатта ёзувчи бўламан, деб орзу қилганим эсимда. Ижод оламига мени етаклаган Ойижоним ва Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб” асари.

   Ойижоним жуда кўнгилчан аёл эдилар. Бирор асар ўқисалар, таъсирланиб йиғлардилар. Отам раҳматлининг касблари боис вилоятда яшаганимизда, Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” асарини ўқиб, Онаизорим Онасини қўмсаб бўлса керак, йиғлаганларини кўрганман. Ўшанда мен ҳам ўша асарни мутолаа қилганимда, Онани йўқотиш қанчалар оғирлигини ҳис қилиб, таъсирланганимдан кўзларимдан ёш оққани ёдимда...

     Отам соҳаси бўйича ҳуқуқшунос бўлиб, мутолаага жуда қизиқардилар. Уйимизда китоблар жудаям кўп эди. Отам ишдан бироз бўшасалар, албатта китоб ўқирдилар. Авваллари ўзбек ва рус адабиётини ўқиган бўлсам, Отам жаҳон адабиёти намоёндаларининг ҳам китобларини олиб келиб, менга ўқишни тайинлаганлар. Илк бор, Жонатан Свифтнинг “Гулливернинг саёҳатлари” ва Рудольф Эрих Распенинг “Мюнҳаузеннинг саргузаштлари” асарлари билан Отам туфайли танишганман.

     Онам ҳам жуда кўп китоб ўқирдилар. Китобга муҳаббат Ота-Онамдан ўтган. “Қуш уясида кўрганини қилади”, - деган гап бор-ку.

- Ҳаётингизда ота-онангизнинг роли қандай бўлган? Сиз танлаган соҳани қўллаб-қувватлашганми ёки бирон даромадли касб эгаси бўлишингизни исташганми? Танбеҳ беришганми? 

- Ота-Онамнинг ҳаётимдаги ўрни юксак! Ҳар иккиси мен учун ибрат олишга арзийдиган ва ҳаётимдаги илк Устозларим эди... Жойлари Жаннатда бўлсин, илоҳим. 

     Боя айтганимдек, Адам ҳуқуқшунос бўлиб, адлия соҳасида ишласалар-да адабиёт ва санъатни севардилар. Хонадонимиздаги бирор қувончли кун санъаткорлар иштирокисиз ўтмасди. Туғилган кунларимиз, байрамларда, албатта уйимизга санъат аҳли ташриф буюришарди. Ойижонимнинг дўстлари шоир ва ёзувчилар эди. Болалигим адабиёт ва санъат соҳаси вакиллари даврасида ўтгани боис бўлса керак, бу икки соҳа ижодкорларига ҳурматим чексиз. Камолиддин Раҳимов, Фахриддин Умаров, Ҳожиакбар Ҳамидов, Шерқўзи Ғозиев ва бошқа кўплаб санъат аҳли оиламизнинг дўстлари эди...

      3-синфдалигимда Мусиқа ва санъат мактабида таҳсил олишимга имконият яратиб беришган. Беш йил “Қашқар рубоб” мутахассислиги бўйича ўқиганман. Болалигимдан қўшиқлар айтиш, шеърларни ифодали ўқиш – севимли машғулотим эди. 5-синфдалигимда менга тор совға қилишган. Рубоб ўрнини тор эгаллаб, торни чалганча қўшиқлар хиргойи қилардим. Севимли ҳофизларимиз – Шерали Жўраев, Фахриддин Умаров, Ҳожиакбар Ҳамидовнинг қўшиқларини айтардим. 

   Аслида Адам менинг ҳуқуқшунос бўлишимни истардилар. Аммо адабиётга бўлган қизиқишимни ва ижодим маҳсулини кўриб, қўллаб-қувватлаганлар.  

    Фарзандига танбеҳ бермайдиган Ота-Она бўлмаса керак, назаримда. Албатта, бирор хато иш қилиб қўйсам, танбеҳ эшитган пайтларим, койишган чоғлари бўлган. Ота-Она фарзандига танбеҳ берар экан, фарзанди тегишли хулоса чиқариб олишини истайди. Қачонки, Ота-Она боласига танбеҳ бермас экан, демак уларнинг фарзанд тарбияси билан иши йўқ ё ҳафсаласи пир бўлиб, “бунга гапирдим нима-ю деворга гапирдим нима”, - қабилида танбеҳдан фойда йўқ деб билишади. 

- Ҳозир ёзган нарсасини таҳрир қиладиган, қайта ишлайдиган ижодкорлар кам. Биттада “қотириб” ёзиб ташлашади. Сиз бунга қандай қарайсиз? Ўзингизга нисбатан талабчанмисиз? Талабчан бўлиш керакми ўзи? 

Бу борада мутлақо ҳақсиз. Ёзганларини қайта-қайта таҳрир қиладиганлар кам. Биттада Сиз айтгандек “қотириб” ёзиб ташлаш учун юксак истеъдод эгаси бўлиш керак. Ёзганларини қайта ўқиб чиқиб, таҳрир қилишлари тарафдориман. Бу борада ўзимга нисбатан жуда талабчанман. Ёзганларимнинг сони эмас, мен учун сифати жудаям муҳим! Шу сабабли, қораламаларимни қайта-қайта ўқиб чиқаман, таҳрир қиламан, шунда ҳам Устозим, адиб - Абдуқаюм Йўлдошевга кўрсатиб, фикрларини сўрайман. Устозим камчиликларим бўлса тушунтириб, таҳрирга муҳтож томонларини айтадилар. Агар маъқул келса, мақтайдилар. Шунинг баробарида: “Тағин мақтади, деб талтайиб кетма, ўз устингда тинимсиз ишла”,  - деб насиҳат ҳам қиладилар. 

  Ижод маҳсули – фарзандингиздек гап. Уни яхши кўрасиз, негаки унга кўз нурингизни сарфлаб, фикрларингиз, туйғуларингиз, кечинмаларингиз, баъзида хотираларингизни қоғозга тўкасиз. Аммо ўқувчи учун қизиқарлими? Ўқиб, ўзига бирор тегишли хулоса чиқарадими? Сал бўлса ҳам юраги “жиз” этадими? Унинг ҳис-туйғуларига заррача бўлса ҳам таъсир кўрсата оладими? Ана шу фикрлар асаримни қайта ўқиётганимда мени ўйлантиради ва яна ёзганларимни қайта таҳрир қилишга киришаман.  

     Ижодкор ўз асарига ва ўзига нисбатан ўта талабчан бўлиши шарт!

«ЎҚУВЧИНИ ИШОНТИРИШ УЧУН...»

- Сиз ёзадиган ҳикояларингизни ҳаётдан оласизми? Айримлар тушида кўради, айримларга бирон воқеа таъсир қилиб, ёзишга ўтиради. Айниқса, “Котибанинг кирдикорлари” жуда мароқли ўқилади. Уни ҳаётдан олганмисиз?

Ёзганларимнинг барчаси ҳаётдан олинган. Кўрган-кечирганларим асосида ёки шахсан ўзим гувоҳи бўлган воқеаларни қаламга оламан. Нега? Чунки кимдандир эшитганингизни ёзсангиз, балки у кимнидир асарини ўқиб, ўз ҳаётидек қилиб айтаётгандир ва сиз уни ёзсангиз, кўчирмачидек бўлиб қолишингиз ҳам ҳеч гапмас. Кўрган фильми ё ўқиганини худди ўзини ҳаётидек қилиб гапирадиган ёлғончилар ҳам, таассуфки, орамизда учрайди. 

    Тушдаги воқеаларга келсак, билмадим, кимлардир ғаройиб туш кўрар ва уни ёзса бўлар, лекин мен кам ухлашим туфайлими, билмадим, ҳарҳолда ёзишга арзийдиган туш кўрганимни эслолмайман. Балки тушим эсимдан чиқиб кетар. Ҳарҳолда тушларим асосида ёзмаганман ҳеч қачон. 

    “Котибанинг кирдикорлари”га келсак, аввало, эътирофингиз учун ташаккур! Айтишади-ку, ҳар бир асарда муайян маънода муаллифнинг таржимаи ҳоли акс этган бўлади, деб. Ўзим ҳам ўттиз ёшда уйланганман. Бу ҳикоя қаҳрамони ҳам ўзимман десам бўлади қайсидир маънода. Табиийки, тўла-тўкис ҳолатда эмас, бадиий тўқима ҳам бор. 

   Сизга бир сирни айтай: “Оила ва жамият” газетасида танишув саҳифаси бўларди. Бир дўстим мени газетадаги эълон бўйича таништирмоқчи бўлган. Мени ғашим келарди, очиғи бу хилдаги хизматлар фаолиятига. Аслида турли шунақа “совчилик” билан шуғулланадиган хизматлар ҳам ўша кезларда авж олганди. Мен ҳам аввалига кўнмасдан, кейин рози бўлганимда, ўша ҳолатга дуч келганман ва минг бора пушаймон бўлиб, қайта бунақа хизматлардан фойдаланмасликка онт ичганман. Бугунги кунда ойнаи жаҳонда машҳур бўлган, таниқли журналист - Муҳаббат Ҳамроеванинг “Ёр-ёр” кўрсатувини кўриб, ўша воқеа эсимга тушиб кетганди... 

     Ёзувчи ўзи кўрган, ҳис қилган ва ўзи ишонган воқеани ёзсагина ўқувчи ҳам ишонади. Зўрма-зўраки ўйлаб топилган, тўқима, ҳақиқатдан мутлақо йироқ асарларга (фантастика ва мистикани истисно қилганда) ўқувчи ҳам ишонмайди. Ўқувчини ишонтириш учун, аввало, ўзингиз ёзганларингиз ҳаққонийлигига ишонишингиз керак!

- Ёзаётганда тафаккурга таянасизми, қалбгами?

Ҳар иккисига таянаман. Фақатгина тафаккур ва ақлга таяниб илмий мақола ё репортаж ёзишингиз мумкин. Аммо асарда қалбингиздаги кечинмалар акс этмас экан, ўқувчининг қалбига етиб бориши, таъсирчанлиги камайиши муқаррар.   

- Доим санъаткорлар даврасидасиз. Улардан нималарни ўргандингиз?

Санъаткорлар – ўта маданиятли кишилар. Ёзувчи ва шоирлар ҳам хушмуомала бўлишади-ю ҳақиқатпарвар бўлишгани учун шарт-шурт гапириб ҳам ташлашади. Санъаткорлар эса кези келса “артистлик” ҳам қилишади. Айтайлик, Сизнинг қайсидир гапингиз ёқмаса ё хуш кўрмайдиган одами қаршисига келса ҳам, буни сездирмасликка, жилмайиб туришга уста бўлишади. 

     Улардан кийиниш маданияти, жамоат ичида ўзимни қандай тутишни, муомала маданиятини ўргандим. 

    Аммо иккита нарсани ўргана олмадим. Улар ҳориб-чарчаб туришган бўлишса ҳам, мухлисларини кўнглини ранжитмаслик учун суратга бирга тушишга мажбур бўлишади. Мен эса, биринчи галда, ҳар ким билан (айниқса, ўзим хуш кўрмайдиган кишилар билан) ва кўпчилик билан, чарчаган ё мазам бўлмаган пайтлар суратга тушишни истамайман! 

   Иккинчиси, хушламайдиган кишиларимга ёлғондан жилмайиб турганча “артистлик” қилиш қўлимдан келмайди! 

«МИЛИСА БИЛАН ДЎХТИРГА ИШИНГ ТУШМАСИН!»

- Озми-кўпми, ҳаётни пасти-баландини кўрдингиз. Улардан қандай ҳулоса чиқардингиз? Кимлардир бошига иш тушганда ичкиликка ружу қўяди? Кимдир одамови бўлиб қолади. Йиқилиб, ўрнидан тура олганлар кам. Қийинчиликларни қандай енгиш керак, деб ўйлайсиз? Бундай кунларда ким ёнингизда турди? Нима далда бўлди?

- Оғриқли савол... Битаёзган ярамни тирнадингиз десам ҳам бўлади. Аслида, ҳаётдаги қийинчиликлар ҳақида кўп сўрашган. Аммо ҳаётдаги машаққатлар, оғир дамларимни эслашни ва бу борада гапиришни истамаганман. Бироқ Сиз талабалик давримдан бери мени биласиз ва бошимга тушган мусибатлардан тўла-тўкис хабардорсиз. Шу боис, Сизга айтмасам бўлмас... Хулосам шуки, энг аввало инсон бошқалардан ёрдам кутмасдан ва умид қилмай, ўзи учун ўзи курашиши керак! 

    Ичкилик – бу чора эмас. Бошига савдо тушганда аламини ичкиликдан оладиган ё ичкиликка муккасидан кетадиганларни иродаси ожиз кишилар деб биламан. Энг асосийси, Сиз ҳам “Сирли олам” журналида ишлаб юрган кезларимизда кечиримли бўлиш ҳақида бот-бот гапирганингиздек, кечиримли инсон бўлиш керак. Бу дегани қалбингизга озор берган кишилар билан яна апоқ чапоқ бўлиб, барини унутинг дегани эмас, албатта. Қалб - шиша мисоли мўрт ва нозик. Синса - дарз қолгани каби, оғриқли хотиралар ҳам ботиний онгимизда сақланиб қолади. Юрагингизда чандиқ каби изи ўчмайди. Гина ва адоват сақлаб, кимлардандир ўч олишга интилмаслик керак, холос. Темирни занг емиргани каби, инсонни ҳасад, адоват, аламзадалик, мухтасар қилиб айтганда, салбий иллатлар емиради. Шу сабабли имкон қадар ҳаётдан завқ олиб яшай билиш керак. 

   Қийинчиликларни енгиш учун аввало, ўзингизда ирода ва куч топишингиз керак! Яхши кунларингизни хотирланг. Ҳаётингиз фақат ёмон кунлардан иборат бўлмаган-ку. Айтишади-ку: “Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ”, деб. Қолаверса, адиб ва драматург Шароф Бошбековнинг машҳур “Масхарабоз” фильмида “Бундан ҳам баттар бўлиши мумкин эди-ку”, деган юпанч калимаси бор. Балки бу қайсидир хато ё гуноҳимиз учун жазодир ё синовдир. Балки Оллоҳ қайсидир мусибат ё ҳалокатдан асраб, Сизни шу фалокатга йўлиқтиргандир. Шу каби фикрлар билан ўзимизга тасалли бера олсак, марра бизники!

    Оғир кунларимда кимлар ёнимда турди? Энг аввало, раҳматли Ота-Онам, ука ва сингилларим, Устозим Абдуқаюм ака ва СИЗ ҳамда яқинларим. Аслида, инсон бошига оғир кунлар тушганда синалади кимнинг муносабати Сизга нисбатан қандай эканлиги. 

    Мен ҳаётдан нолишни ёқтирмайман ва нолийдиганларни ҳам жиним суймайди, очиғи. Умр қисқа, бас шундай экан, сизнинг ташвишларингиз ҳеч кимни қизиқтирмайди. Ҳар кимни ташвиши ўзига етарли. Халқимизда “Милиса билан дўхтирга ишинг тушмасин”, деган гап бор. Мен ҳам азиз мухлисларимизнинг уларга иши тушмаслигини тилайман!

- Интернетда ўз сайтингиз бор. Интернет ҳақидаги фикрингиз. Кўп ёшлар интернет чиққандан бери китоб ўқимай қўйишди. Интернет қайсидир маънода босма нашрларга рақобатчи бўла оладими? Ёки аллақачон рақобатчига айланиб бўлдими? Икки матбуот турларининг ўзига хос томонлари ҳақида гапирсангиз?

- Интернетсиз бугунги илғор давримизни тасаввур қилиб бўлмайди. Унинг афзал жиҳатлари ҳам, салбий томонлари ҳам бор, албатта. Мисол учун, айрим ёшларимиз тугул, катта ёшдагиларнинг ҳам интернетдаги ижтимоий тармоқларга муккасидан кетиб қолиши, интернетга қарамлилиги – фожиамиз. Бу албатта ўтиш даври. Аста-секин яна ўз изига тушиб кетишига ишонаман. Интернет босма нашрларга рақобатчи бўла олади. Аммо ўзим газета ва журналларда узоқ йиллар мобайнида ишлаганим боис, босма нашрлар фаолияти тўхтамаслиги тарафдориман. Тўғри, босма нашрлар фаолиятида кўп муаммолар бор: газета ё журналларнинг обунаси, ҳаммаси ҳам сотилмаслиги, йилдан йилга қоғоз ва босмахона харажатлари ошиши сабабли улар ҳам нашрлар нархини оширишга мажбур бўлишлари в.ҳ. Интернет нашрда, бирор хато кетса тузатишингиз ҳам мумкин, обуна бўлинг деб вилоятма вилоят сарсон бўлиб юрмайсиз, қолаверса тезкор хабарни ўша заҳоти-ёқ эълон қила оласиз. Асосийси, цензурадан холи.

   Тўғри вилоятларда интернет даражаси яхши эмас. Айниқса тоғли ва дала жойларда. Сурхондарё, Қашқадарё ва Бухоро каби вилоятларни мисол қилиб келтириб ўтиш мумкин.

     Истагим, босма нашрларимизнинг адади ва мухлислари яна кўпайсин! Чунки интернетдаги материаллар ўчиб кетиши мумкин, аммо босма нашрлар тарихда қолиши билан ҳам аҳамиятлидир!

- Келгусидаги лойиҳаларингиз?

Лойиҳаларим кўп! Инсон ҳамиша орзу ва режалар билан яшайди. Аммо улар амалга ошмасдан туриб, улар ҳақида гапиришни истамайман. Бу ирим туфайли эмас, шунчаки, мабодо амалга ошмай қолса, уялиб қолмаслигим учун! Омон бўлсак, лойиҳаларим рўёбга ошса, бундан барча хабар топади, деган умиддаман.

- Инсон ҳаётида пул, моддий бойлик қанчалик муҳим деб ўйлайсиз? Пули бўлмаган одам бахтли бўла оладими? Баъзан, маънавий бойлик ҳақида катта гапирамиз. Аммо қорни оч одамда қанақа маънавият бўлиши мумкин? Бўш қоп тик турмайди, дейишган!

Ҳаётнинг аччиқ ҳақиқати шуки, жудаям муҳим! Гоҳида маънавий бой бўлсак бўлди, моддий бойлик иккиламчи деб ўзимизни овутамиз. Аммо ўша маънавий озуқа берувчи маскан – театрлар, концертларга чипта ё китоб сотиб олиш учун ҳам пул керак! Касал бўлиб қолсангиз дори-дармонга пулнинг зарурати сезилади. Жарроҳлик амалиёти ҳақида гапирмасам ҳам бўлади. Раҳматли Отам инфарктдан, Ойижоним инсульт ва саратондан азият чекишганда, шахсан ўзим бунинг шоҳиди бўлдим. Яхши ҳамки укам ва синглим АҚШда ва улар моддий томонлама қўллаб туришди, акс ҳолда бизнинг арзимас маошларимиз бемор кишиларни даволашга етмайди! Ҳа тўғри айтдингиз, қорни оч одам маънавий бойлик ҳақида эмас, егулик топиш ҳақида ўйлайди, айниқса болалари нон сўраб мўлтираб турса ё касал бўлса, даволатиш учун қайғуради. Бизда камбағаллигидан фахрланадиганлар кўп. Аммо илғор мамлакатларда шундай ибора бор: “Камбағал бўлиб туғилиш айб эмас, аммо камбағал бўлиб вафот этиш – уят!”. Тараққий этган давлатларда камбағалларни дангаса деб ҳисоблашади. Инчунун, меҳнат қилган одам пулни топади. Берсанг ейман, урсанг ўламан ё олма пиш – оғзимга туш, деб ўтириш ярамайди. Айниқса, бугунги даврда! Боқимандачилик кайфиятидан қутулсаккина ва ҳаракат қилсаккина, машина ва уй ололмасак ҳам, дастурхонимиз тўкин бўлади, ҳарқалай. 

ОИЛАДА ОТАНИНГ ЎРНИ ҚАНДАЙ?

- Аёлингизга муносабатингиз қандай? Унинг қайси фазилатларини қадрлайсиз?

- Аёлга муносабат оиладаги тарбияга боғлиқ ва айнан оилада шаклланади, деб ўйлайман. Адам ва Ойим бир-бирларини жуда ҳурмат қилишарди. Аёлларга ҳурмат руҳида тарбияланганим боис, аёлимга муносабатим ижобий. Ахир, у ҳам  кимнидир фарзанди, не-не умидлар билан турмушга чиққан. Кўнглини ўкситмасликка уринаман. Фазилатларига келсак, Нозимахон оқила, меҳрибон, одобли, ҳурматимни жойига қўяди. Шу фазилатларини қадрлайман. Камчиликлари ҳам бор, албатта. Аммо қайси биримизда камчилик йўқ? Ўзим ҳам фаришта эмасман.  

- Фарзанд тарбиясида отанинг ўрни қандай? Сиз фарзандларга эркинлик бериш тарафдоримисиз ёки қаттиққўлмисиз?

- Фарзанд тарбиясида отанинг аҳамияти жуда муҳим. Ота тарбиясини олган фарзанд тартиб-интизом ва масъулиятни янада чуқур ҳис қилади. Фарзандларимга эркинлик бериш баробарида қаттиққўл ҳамман. Эркинлик деганда кўча-кўйда сандироқлаб юришига рухсат бериш, назоратни сусайтириш керак дегани эмас. Аммо уларнинг фикрини ҳурмат қиламан ва тўғри бўлса, қўллаб-қувватлайман, лекин болани уриб тарбиялашга қаршиман! Бундай оилада тарбия  кўрган болалар қўрқоқ ва итоаткор ҳамда тажовузкор бўлиб улғайишади. Умуман олганда, аёлларга, болаларга, ногирон ва кексаларга қўл кўтарадиган кимсаларни эркак деб ҳисобламайман! Эркак киши ўзининг кучини эркак кишига, жисмоний жиҳатдан ўзи билан тенг одамга кўрсатиши керак! Ўзидан ожиз кишиларга эмас!

- Фарзандларингиз танловини ҳурмат қиласизми?

Албатта. Агар уларнинг танлови тўғри бўлса ўзим ҳам ёрдамлашаман. Хато бўлса, ҳукмимни ўтказиб эмас, ётиғи билан, қайси томонлама нотўғри эканлигини тушунтираман. Токи қўрққанидан эмас, панду насиҳатим ёки маслаҳатим тўғри эканлигига амин бўлганидан рози бўлсин.

    Эртами-кечми бу дунёдан кўз юмамиз. Бизни тобутимизни кўтарадиган ҳам, чироғимизни ёқадиган ҳам шу фарзандларимиз. Уларни қандай парваришласак, шунинг мевасини оламиз. Фарзандларига нисбатан раҳмсиз, улардан кўра ишни афзал билиб, тарбияси билан шуғулланмаган ота-оналар кексайганда фарзандларидан ҳам худди шундай муносабатни кутаверишсин. Қайтар дунё.

- Фарзандлар ўз йўлини топишида қандай ёрдам қилиш керак? Ёрдам бериш чегараси борми? Агар уларга доим ёрдам бераверсак, улар мустақил бўлолмайдилар. Қайсидир нуқтада биз уларни қўйиб юборишимизга тўғри келади. Бургут полапонини учишга ўргатиш учун осмони фалакдан ташлаб юборар экан. Полапон ерга тушиб, чилпарчин бўлишдан қўрқиб, қанот қоқиб уча бошлар экан. Энди айрим ота-оналар сўлоқмондай фарзандларини ҳам рамзий қилиб айтганда елкасида кўтариб юради. Сиз бунга қандай қарайсиз?

Фарзандлар йўлини топишида ота-она ёрдам бериши керак, аммо талтайтириб ҳам юбориши керакмас. Албатта чегараси бор. Ёрдам бериш керак деганда, айтганини муҳайё қилиш керак дегани эмас. Шароит яратиш керак, қолганига ўзи интилиб, ўзи ҳаракат қилиши керак. Ота-Она бола балоғатга ёшига етгунича кўмаклашсин, қолганига ўзи ҳам ҳаётда нимагадир эришишга, ўқишга ва ишлашга интилиши лозим. Ота-Онаси кексайганда ҳам уларга юк бўлиши керакмас! 

- Бекажон мухлисларига тилакларингиз. 

- “Бекажон” газетаси менинг севимли газетам! Отам вафот этганда руҳий тушкунликка тушиб, ижоддан бирмунча муддат тўхтаб қолган пайтларим, Ойижоним раҳматли “Бекажон”да “Синов” номли ҳикоям чиққанини айтиб қувонганларида ҳайрон бўлганман. Негаки, мен газетага ҳикоя бермагандим. Кейин билсам, бебаҳо инсон, садоқатли дўстимиз, газета муҳаррири – Наргис Розиқова мени яна ижодга қайтариш учун берган экан. У билан суҳбатлашиб, яна ижодга шўнғишим шартлигини тушунганман ва яна ижодга қайтганман. Бунинг учун дўстимдан умрбод миннатдорман!

     “Бекажон” газетасининг қадрли таҳририят ходимлари ва азиз мухлисларига аввало мустаҳкам соғлик, узоқ умр ва дунёдаги жамики энг юксак истакларимни тилаб қоламан! Газета адади ва муштарийлари янада кўпайишини тилайман!


Мавлуда ИБРОҲИМОВА (Нигина НИЁЗ) суҳбатлашди. 

Манба: "Бекажон" газетасининг 27.10.2022 йил, № 43 сони.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот