"Шўрданак"даги чолнинг прототипи ким?


   Суҳбатдошимиз – Ўзбекистон Давлат Сатира театри актёри ва "Шўрданак" ҳажвий кўрсатувининг қизиқчиси – Эркин Жўллиев.
– “Шўрданак" ҳажвий кўрсатувингизда қария образини кўп  ижро қиласиз. Чол образи ўзингиз хаёлан ўйлаб топган тўқима образми ёки ҳаётда прототипи борми?  
–Аввало, бу образнинг яратилишига ҳаётий кузатувларим сабабчи бўлган. Яна бир жиҳатдан олиб қараганда, ўзимни тоғамнинг образини ўхшатиб беришга ҳаракат қилганман, десам ҳам бўлади. Чунки, мана шу чол образида кўпроқ тоғамнинг қиёфасини кўрсатганман-да.  Гавдаси кичик, соқоллари узун, ҳазилкаш отахон. Тоға деб, одатда онанинг ака ё укаси тушунилади. Бироқ, аслида, у киши онамнинг тоғаси. Биз ҳам тоға деб чақириб, шундай аташга одатланиб қолганмиз.
–  Сиз гавдалантираётган отахон, ўша қиёфа-ю феъл-атвор онангизнинг тоғаси ҳаётидан олинган экан-да?
– Ҳа, онамнинг тоғасига ўхшатма қилганман. Шунинг учун, ўзимизнинг Сурхондарёдаги қариндошлар, тоғамизни таниган-билганлар "Тоғасининг қиёфасига ўхшатибди", –  дейишади.
– Баъзида жиззаки, гоҳида ҳазилкаш отахон тимсолида Сурхондарёнинг тўпори, жайдари, самимий, аскияга мойил инсони – тоғангизни акс эттирибсиз, у кишининг исмларини айта оласизми?
– Абдужаббор.
– Сурхондарёнинг қаеридансиз?
-–Узун туманидан.
– “Шўрданак" ҳажвий кўрсатувини кўп йиллардан бери қизиқиб томоша қиламиз. Асосан, ўзингиз, Ҳувайдо ва шеригингиз – Дониёр Хасанов. Кўрсатувни ташкил қилиш фикри кимдан чиққан ва асосий ташкилотчи қайси бирингиз?
–"Шўрданак" кўрсатуви пайдо бўлмасидан аввал, 2005 йилларда шеригим иккаламиз "Ёшлар" телеканалида "Марди майдон" деб номланган кўрсатувда чиқиш қилар эдик. Ҳарбийлар ҳаёти акс эттирилган мазкур томошада мен оддий аскар Жўллиев, шеригим – сержант Хасанов бўлиб чиқардик. Кўрсатувнинг "Аскар ҳазиллари" саҳифасида айрим ҳазилларни кўрсатардик. 
    Аскарларга ҳажвий чиқишларимиз жуда ҳам маъқул келган. Ўшанда ўзимиз ҳам муаллифлик кўрсатувимизни очишимиз керак, деган қарорга келдик. Жуда кўп номлар қоғозга туширдик. Биз танлаган номлар ичида "Ўзбекистон" телеканали раҳбариятига “Шўрданак” деган ном маъқул келган. Майли, "Шўрданак" деб номлаймиз, десак, раҳбарият "Сизларга эртага журналистлар ёки мухлислар келиб, нега бундай ном қўйдинглар, дейишса, қандай жавоб берасизлар?", – деб бизга савол беришган. "Шўрданак шўр бўлса ҳам, тузи меъёрида, қолаверса, мағзи ширин бўлади. Кулгининг ҳам ширини бўлади. Жуда ўхшаш жиҳатлари талай. Шўрданак баҳорда ҳам, қишда ҳам ачимасдан тураверади, биз ҳам ачимай тураверамиз", – деб ҳазил аралаш жавоб қайтарганмиз. Ҳар якшанба кунлари соат 19-00 да "Маҳалла" телеканали орқали "Шўрданак" ҳажвий кўрсатувимизнинг янги сонлари намойиш қилинмоқда.
– Ҳар биримиз ёшимиз улғайган сари, болалик дамларимизни қўмсаймиз. Болалигингизда ҳам шўх ва қувноқмидингиз ёки жиддий бўлганмисиз? 
– Болалигимда жиддий бўлганман. Унақа кўп ҳазил қилмасдиму, аммо мактабларда интермедиялар қўйишга тўғри келиб қолган пайтларда, ўзим ташкиллаштирардим ва саҳнадагина ҳазиллар қилардим. Ҳазилларим ҳаммага маъқул келарди. Шу сабабли, синфимиз бошқа синфлардан ажралиб туриб, тадбирлар ва кўрик-танловларда доим 1- ўринни эгаллардик. 
   Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. 5- синфда ўқиб юрган пайтларим бир ошнам иккаламиз бир образни яратганмиз. Мана шу образ орқали мен туман олимпиадасида 1- ўринни олганман. Сурхондарё вилоятининг Узун туманида ғолибликни қўлга киритгач, вилоят миқёсига чиққанмиз. Қиш кунлари эди. Боришимиз шарт бўлган. Биз тарафлар ёзда ўта иссиқ бўлиши баробарида, қишда у жуда совуқ бўлади. Вилоят босқичида ҳам 1- ўринни эгаллаганман. Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг "Тошкентга саёҳат" асари бўйича спектакльни саҳналаштириб, мактабимизда ҳам ижро этиб берганман. 
   Маҳалла-кўй, устозларим, "Сен албатта Тошкентга бориб, театр олийгоҳига ўқишга киришинг керак", –дейишарди. Ният холис экан, Тошкентга ўқишга келиб, театрга ишга кириб, ҳозиргача саҳнадаман.
– Гапларингиздан мактабдаги севган фанингиз адабиёт бўлган. Яна қайси фанларни ёқтиргансиз?
– Тарих фанини ҳам ёқтирардим. Тарихга жуда қизиқаман. Айниқса, Ўзбекистон тарихининг келиб чиқишига қизиққанман. Адабиёт фанига эса, чиндан ҳам меҳрим бўлакча эди! Болалигимда мумтоз адабиётимиз асарлари, жумладан, Абдулла Қодирийнинг асарларини севиб ўқирдим
– Мактабда ўзингиз қизиққан фанлар ҳақида гапириб ўтдингиз. Алгебра, Кимё, Физика каби табиий фанларни қандай ўзлаштиргансиз?
– Сиз санаб ўтган фанлар бўйича ҳам яхши ўқиганман. Мактабда ҳеч қайси фандан орқада қолмаганман. Синфдошларимдан икки қиз ва ўғил болалардан мен – учаламиз мактабда энг аъло баҳоларга ўқийдиган ўқувчилар сафида эдик. 
   Ҳали мактабга бормаган кезларимда онам менга эртак, ҳикоялар айтиб берарди. Ҳар кечаси янги эртак айтарди. Момом раҳматли жуда кўп эртакларни биларди ва ҳар гал янги эртак эшитишни талаб қилганимиз учун, билишимча, ўзидан ҳам тўқиб чиқарарди. Адабиёт, тарих фанлари ва театр соҳасига қизиқишимга онам жуда катта ҳисса қўшган! Онамга эса момомдан юққан. Момом ҳам эртак айтишга жуда уста эди.
   Момомнинг эртаклари бизнинг тасавурларимизни бойитган. 1- , 2- синфларда-ёқ ўқиш китобидаги эртакларни саҳналаштириш учун ўқитувчимизга кўрсатардим. Ўқитувчимиз турли топшириқлар берарди. Ўша кезларда интермедияларгаам қизиқишим бошланган. Синфдошларимни бошини бириктириб, "Сен бу рольни, сен эса уни ўйнайсан", –дердим. Ташаббускор ва илғор эдим. Отахонлардан саллаларини олиб туриб, ўша кезларда ҳам чолларнинг ролини ўйнардим.
– Валижон Шамшиев ҳам чол образига тақлид қилади. Болалигида Андижондаги болаларни ҳам, отахонларни ҳам чол қиёфасида кўриниб, ҳазиллар қилган ва уларни ишонтира олган. Шу сингари, Сиз ҳам қишлоқларда чол қиёфасида юриб, одамларни ишонтира олган пайтларингиз  бўлганми?
– Ҳа, шўхлигим тутганда, момомни алдаганман. Момом уйимизга келадиган куни соқол ёпиштириб олиб, салла ўраб, момомнинг олдига чол кўринишида пешвоз чиққанман. "Келинг опажон, меҳмон бўлинг, уйдагилар мени қолдириб кетишганди, меҳмонман, танишсак бўладими, чолингиз тирикми ё ўтиб кетганми? – деб овозимни ҳам ўзгартириб ҳазил қилганман. Момом бу қанақа суюқ чол экан деб хўмрайиб, гаплашгиси келмаган. Мен эса бидирлайвериб, миясини ачитганимда, "Ё сиз кетинг ё мен кетай", – дегач, ноилож соқолимни олиб, саллани ечганман.  Момом шундан сўнггина мени таниб қолиб, таъзиримни бериш учун ортимдан қувлаган.
–  Ўз момонгиз танимаган бўлса, чиндан ҳам ўша кезларда-ёқ маҳоратингиз баланд бўлган экан!
– Бундан ташқари, тақлидчилик санъатига ҳам қизиқардим. Болалигимда ўнга яқин санъаткорларнинг овозига тақлид қилардим.  Пўлат Саидқосимов, Теша Мўминов, Наби Раҳимов, Ҳамза Умаровнинг фильмларидаги роллари, Эргаш Каримов ва Роза Каримованинг интермедиясидаги гапларни уларни овозидек қилиб гапирардим. Валижон Шамшиевнинг овозига ҳам тақлид қилганман. 
– Тақлид қилган инсонларингизнинг ўзлари овозингизни эшитишганми? Уларнинг муносабатлари қандай бўлган? 
– Вали акага айтишган экан. Бир даврада кўришиб қолганимизда, Вали ака менга: "Илтимос, ука, менга муқаллид санъатингзни видеога тушириб берсангиз, мен бир кўрсам", – деганида, ўзига кўрсатдим. Вали ака "Дуруст, анча ўхшатибсиз", – деган. Тадбирларда Вали ака каби бошимга шляпа кийиб, юришларини, қадам босишларини бирма-бир ўхшатардим. Тақлид санъатининг умри жуда қисқа бўлгани сабабли, уни тарк этишимга тўғри келди. Бировни ўхшатиб, унинг сояси бўлишни эмас, халқимиз ўзимни билишларини истадим. Ёш улғайган сари инсон санъатга ўзгача нигоҳ билан разм соларкан. Ўзлигини англай бошларкан. Ўз йўналиши ва услубига эга бўлиш истаги пайдо бўларкан. 
–  Ўзбекистон Давлат Сатира театрида ҳам фаолият юритасиз. Театр томошабинлари сизни театрда кўришса-да, театрга бормайдиганлар сизни кўпроқ ойнаи жаҳон орқали намойиш қилинадиган "Шўрданак" ҳажвий кўрсатувингиз орқали танийди. Театрдаги ролларингиз ҳақида ҳам мухлисларингизга сўзлаб берсангиз?
– Ўзбекистон Давлат Сатира театрида илк ролимни 2001- йилларда ўйнаганман. Орада кўплаб спектаклларда турли-туман ролларни ўйнадим. Охирги ролларимни "Олтин жўжа, "Сеҳрли курси" ва Гогольнинг "Уйланиш" спектаклларида намойиш этдим.
– "Сеҳрли курси" спектаклига ўхшаш фильмлардан "Тилим қурсин – 1, 2" фильмларини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Инсоният ҳақиқатни гапирса, жамият ижобий томонга ўзгарадими ёки салбий тарафгами?
– Буни айтсам, ҳаётим ҳам, дунё ҳам остин-устун бўлиб кетиши мумкин. Спектакльда ҳам ўзингиз кўрганингиздек, ихтирочининг ихтироси, ҳақиқати ўз бошига етади. Охир-оқибат ихтирочини отиб ташлашиб, курсини ўтин қилиб ёқиб юборишади. Ҳақиқатни ҳамма билишни истайди, фақат ўзи ҳақидаги ҳақиқатларни эмас, дейишади-ку! Кўпчиликка ўзи ҳақидаги аччиқ ҳақиқат ёқмайди! Қолаверса, ҳар кимнинг ўз ҳақиқати бор ва ҳақиқат ҳақидаги тушунчалари бўлак! 
– Сиз комик актёрсиз. Сизни хоҳ саҳнада, хоҳ ойнаи жаҳон ё кўчада кўриб қолсак, беихтиёр юзимизга табассум югуради. Сизга фожиали роллар беришса, томошабинни йиғлата олармидингиз? Ё сизни кўрган томошабин йиғлайдиган гапларингизга ҳам кулиб юборишадими сизнингча?
– Менимча, ҳар бир актёрнинг ўз йўналиши бор. Халқимиз мени қизиқчи ва комик актёр, деб билишади. Мендан ҳеч ким жиддий роль сўрамайди ва бундай таклиф ҳам бўлмаган. Қолаверса, ҳеч кимни йиғлата олмайман ҳам.  Барибир, мени таниб қолишиб, кулиб юборишади, деб ўйлайман.
– "1 Апрель – Ҳазил ва мутойиба куни"да ўқитувчиларингиз, болаларни ё дўстларингизни алдаганмисиз?
– Мен алдашни ёмон кўрардим. Лекин болаларга ҳазиллашган пайтларим бўлган.
– Мухлисларни кўпинча, санъаткорларнинг оиласи ҳақидаги маълумотлар қизиқтиради. Сир бўлмаса, оилангиз ҳақида гапириб берсангиз.
– Оиламда аёлим – уй бекаси. Тўрт нафар фарзандим бор. Катта ўғлим – Қутлуғбек. Иккинчиси, қизим – Осиёхон. Учинчи қизимнинг исми – Райҳонахон. Тўртинчи ўғлим – Муҳаммад. Қутлуғбек 4- синф. Осиёхон  2- синф. 
–  Фарзандларингизнинг исмларини ким қўйган?
– Бобоси, яъни менинг дадам.
– Фарзандларингизда ҳам санъатга лаёқат борми?
– Қизим қўшиқ айтишга жуда ҳам қизиқади-ю аммо санъат йўли жуда ҳам оғир. Қизларимнинг санъаткор бўлиши тарафдори эмасман. Бошқа касб эгаси бўлишларини ҳоҳлайман. Негаки, санъаткорлар кўпинча гастроллар ё фильм суратга тушиш учун вилоятларга, бошқа давлатларга кетиб қолиши аниқ ва табиийки, ҳар доим ҳам уйида, оиласи бағрида бўлолмайди. Ўзимнинг ҳам бир гап ҳеч эсимдан чиқмайди. Эндигина Тошкентга келган пайтларим, санъаткор бўламан, деган кезларимда Ўзбекистон халқ артисти – Теша Мўминов шундай деган эди: "Санъатнинг нонини ейиш учун тиш пўлатдан бўлиши керак". 
– Чиндан ҳам хизмат юзасидан кўп ҳолларда гастролларга кетишингизга тўғри келиб қолади. Сафарда юрган пайтларингизда рафиқангиз сизни рашк қиладими ё сизга буткул ишонадими?
– Аёл киши эрини рашк қилиши шарт! Оила – рашк билан мустаҳкам. Рашксиз оилани тасаввур қила олмайман. Аёлим мени рашк қилгани билан тўғри тушунади. Бошқаларга ўхшаб телефонимни беркитиб ёки парол қўйиб юрмайман.
– Оилангиз ҳар доим ҳозиргидек мустаҳкам ва тотув бўлсин! Ижодингизга муваффаққият ва улкан ривожлар тилаймиз! Халқимизнинг юзига кулгу-табассум улашиб юринг ва аъло, кўтаринки кайфият сизга, оилангизга доимий ҳамроҳ бўлсин! 

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР суҳбатлашди.
2020 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот