МЕНИНГ ҲАЁТИЙ ҚАҲРАМОНИМ
Санъаткор портретига чизгилар
Инсон қадри баланд, ризқи улуғ. Ҳар бир оқил инсон ҳаётдаги ўрнини билиб, танлаган касбидан бошқаларга ҳам наф келтириб яшаса, бу албатта катта аҳамиятга эгадир. Мен ўтаётган ҳаётим давомида кўп турли тоифадаги инсонларга дуч келдим. Ҳар қандай шароитга кўникадиган, бардошли, мулоҳазали, дунёқараши кенг инсонларни жуда қадрлайман. Маънавий дунёси бой инсон турмуш тарзини шакллантиришида тўсиқлардан қоқилмайди, хуллас, одамгарчилиги бор ва одамохун инсонлар бисёр ....
Санъат халқникидир, санъаткор эса халқ ичидан чиқиб, халққа хизмат қилади. Санъатнинг турлари кўп. Аммо, театр сеҳрлилиги билан ўзгача бир олам. Халқни ҳар тарафлама тоблаб, унинг қалби, дилига эзгулик уруғини қадаш ғоятда муҳимдир. Саҳнада ҳаётни ҳар тарафлама кўрсатиб бера оладиганлар, Аллоҳ юқтирган маҳоратли санъат аҳлидир. Айниқса, спектаклни, астойдил жонли ижрони шу қадар мириқиб кўраман деб келган инсон барча ғам-аламларини, ўзига яраша қийинчилик ва ҳаётий ташвишларини шу икки соатлик жараёнда йўқ бўлиб кетганини ҳис қилади. Ҳақиқатан, барча ҳаёт ташвишлари ортда қолгандек туюлади.
Муқимий номидаги Ўзбекистон Давлат мусиқали театри менинг энг севимли масканларимдан бири. Бу маскан қайсидир маънода мени “даволаган маскан” дея оламан.
Ҳаётда инсон турли жумбоқларга, кутилмаган воқеаларга, хаяжонли аламларга, оғир дардга ҳам учраши мумкин. Менинг ҳаётим ҳам булардан холи эмас, албатта. Шундай пайтларда театрга шошиламан, қаҳрамонларимни ижроларидан мириқиб, завқланиб тин оламан ва яна ҳаёт оқимига қараб шўнғийман. Ё, Аллоҳим бу театр санъати қандай санъатки, инсонни қалбини даволар экан, у буткул бошқа оламларга етаклайди. Тан бериш керак, ҳа, қойил қолиш керак. Курашиш, интилиш, андоза олиш, ўз-ўзига таскин бериш, қўйинг-чи, бари мужассам. Бу намойиш - спектаклдир!
Кўп вақт қалбимни эзиб, тушкун аҳволда жисмимдаги касалликдан халос бўла олмаслигимни билардим. Профессорларнинг айтишича, танамдаги касаллик энг оғир турдаги хасталиклардан бири бўлиб, инсон ҳаёти учун анча хавфли экан. Кўпинча китоб мутоала қилганимда, қаҳрамонларимни хаёлан театр саҳнасида кўрардим. Бир куни Муқимий театрига борсам, афишада “Осмондаги Хулкарим” спектакли намойиш этилиши ёзилганди. Айтишларича “оғир” спектакль эмиш. Ичимдаги меним, «сени ҳозирги аҳволингдан кўра яхшидур», - деди. Майли, кира қолдим. Воқеалар, қаҳрамонлар…Менга жуда, жуда оғир бўлди. Спектаклдаги бош қаҳрамон Хулкар ҳаётининг поёнига етиши, менга ҳаётни хар кунини қадрлашни ўргатди. Бош қахрамонимиз Хулкар ҳамма эшитса бир қалқиб кетадиган энг қўрқинчли саратон касаллигига чалинган. Тасодифни қарангки, менда ҳам айнан шу касаллик. Шу сабабли, саҳнадаги воқеалар мени бошқача таъсирлантирди. Спектакль тугаб, театр биносидан чиққач, оёқларим ўзимга буйсунмай, юра олмай қолдим. Зўрға бориб ўриндиққа ўтирдим. Спектаклнинг ўта ҳаётий ўйналгани учунми ёки бу ҳодиса ўзимнинг бошимга тушиб тургани учунми, йиғлаб юбордим. Кошки эди, кўз ёшларимни тия олсам. Театрдан шундоқ ҳам таъсирланиб чиқаётган томошабинларнинг хайрон нигоҳларига парво қилмай, ич-ичимдан тўкилдим. Назаримда, дард кўз ёшларимга қўшилиб, танамни тарк этаётгандек туюлди. Вужудимни сезилар сезилмас зириллатиб турган оғриқлар бирдан қаёққадир йўқолди. Қанча ўтирдим, билмайман. Бир маҳал, елкамга кимдир қўлини қўйди. Бошимни кўтардим. Қаршимда ҳозиргина бош қаҳрамон ролидаги актриса қизимиз Зулфия Умерова бир қучоқ гул билан кулиб турарди. У албатта, менинг кўз ёшларимни спектаклдан таъсирланишга йўйди. Саломлашдик.
- Вой опажоним- а, роса таъсирланибсиз-ку, мана мен тирикман, ахир бу спектакль, ҳаётий-ми, драматург тўқималари-ми, бизга берилган вазифани уддаладик-ми, йўқ-ми, энг олий ҳакам - томошабин! Сизни бу ҳолда кўриб, тўғриси, мен ҳам хаяжондаман. Демак, ролим кучли таъсир қилибди. Бўлди, тез ўзингизга келволинг, - деб мени юпата кетди. Шу дамда қаршимдаги гўзал актриса қиз ҳаётий қаҳрамонимга айланганди. Ҳаяжон ва ноқулайлик. Зулфиянинг майин табассуми, ёқимли чеҳраси, менга эски танишлардек бўлган муносабати кайфиятимдаги қора булутларни зумда тарқатиб юборди.. Кутилмаган ажойиб учрашув .. Анча суҳбатлашдик. Театр хақида, ҳаёт хақида, яна алланималар хақида. Бу муҳим эмас. Муҳими, актрисанинг оддий бир томошабинга кўрсатаётган эътибори ва меҳри. У индамай ўтиб кетиши ҳам мумкин эди-ку…
Зулфияни бир кўрган одам дарров яхши кўриб қолади. Чунки унинг одоби санъатидан гўзал. Ҳа, санъатда одоб, ибо, ҳаё катта аҳамиятга эга. Унинг муомала маданияти, камтаринлиги, камсуқумлиги, олижаноб, яхши фазилатлари ўзига ярашиқли. Унинг сўзлари қалбимни даволади, гўё ўша бедаво дардга шифо топилгандек.
Уйга қандай етиб келганимни билмай қолдим. Яхшиям театрга борибман, лекин Ҳулкарнинг ҳаёти, унинг бошига тушган қийинчиликлар, унга нисбатан қилинган туҳматлар, бу аламларга бардош бера олмай касалликка дучор бўлиши анча пайтгача мени ўйлантириб юрди. Ўйлаб сиқилган сарим, қулоғимда Зулфиянинг “Опажон, тез ўзингизга келиб олинг”, - деган сўзлари жаранглайверарди. Ниҳоят, ўзим ихлос қилган қизнинг чақириғига амал қилишни бошлардим. Спектакльда бош қаҳрамон Хулкар ўлди, аммо Зулфияни кашф қилдим, қандай яхши! Яхши сўз - жон озиғи, деб бежиз айтишмаган экан. Зулфиянинг дадил, самимий сўзларидан буткул бошқа одамга айландим. Руҳиятим тетиклашди. Хулкар каби касаллик қурбони бўлмаслигим кераклигини, бари ўз қўлимдалигини, докторнинг сизни даволашда биринчи ёрдамчи ўзингизсиз, тушкунликка тушманг, деганларини яна бир бор англадим.
21 кун орасида олинажак кимётерапия муолажалари эндиликда мени ваҳимага солмай қўйди. Энди мен ўзимга ишона бошладим. Ҳатто, таҳлил жавобларида ҳам яхши томонга ўзгаришлар кўрина бошлади. Инсон руҳиятининг покланиши, дарддан халос бўлишида яхши асар, яхши спектакль, айниқса, Зулфия каби қалби уммон санъаткорлар ҳам таъсир эта олишига ишонч ҳосил қилдим. Мусиқали театр аҳамиятини ҳис қилдим. Йиғлаб туриб куйлашлар, дардли оҳанглар... эҳ, буларнинг бари қалбларга шифо бўлиб кирар экан. Саҳнадаги кучли роли орқали топганим, Худойим шундай истеъдодни юқтирган санъаткорим - Зулфия Умировадир. Уни кучли ижро этган оғир дардли қўшиқлари, образи менга Аллоҳимни берган умридан завқланиб яшаш кераклигини, тушкунликка тушиб қолмасликни ўргатди.
Истеъдодли санъаткор, Зулфия Умерова “Осмондаги Хулкарим” спектаклидаги Хулкар образи билан мени ҳаётга қайтарди. Маънавий даволади, деб айта оламан. Инсон маънавий тўйинса, маънавий етукликка интилсагина, хар қандай дарддан халос бўла олар экан.
Мирза Азизов, Ўзбекистон Республикаси Халқ артисти, Муқимий номидаги Ўзбекистон Давлат мусиқали театри директори.
ИНТИЛУВЧАН МОҲИР ИЖРОЧИ
Дарҳақиқат, ҳар соҳанинг энг кучлилари бўлгани каби, ҳозирги кунда театримизда ҳам ёшларимиз орасида “Маҳорат мактаби”ни ўтаганлар бор, албатта. Улар орасида театримизнинг ёрқин юлдузларидан бири - Зулфия Умировадир!
Зулфия бизни театрга келган пайтидан бош ролларни ишонч билан топширилгани ҳануз эсимда. У тиришқоқлиги, ҳозиржавоблиги, ҳар томонлама бош қаҳрамон ролига муносиб чеҳраси билан режиссёрларни иккилантирмас эди, фақат ўша пайтда маҳорат ва тажриба етишмасди. Шунда янги асар устида иш бошлангунча ёш актрисамиз нималарга қодирлигини кўп йиллик тажрибага эга устоз санъаткорларимиз унинг ижроларини синчиклаб кузатишарди. Тўғриси, Зулфиядаги истеъдодни, кучли овозда юқори пардалардаги ижроларини кўриб, ҳамма лол қолганча тан берарди. Шу боис, бош ролларни ишониб, унга топширишарди. Тақдимот пайтларида бошқа соҳа вакиллари Зулфиядаги хушфеълликни, одоб-андишани, маънавиятини, иқобилиятини кўриб, турли тадбирларга таклиф этишарди. У эса театрда банд эканини таъкидлаб қўярди. Ҳа, у ҳақиқатдан театримиздаги деярли барча кучли асарларга саҳналаштирилган спектаклларда банд. Бош роллар ижрочиси. Режиссёр саҳналаштираётган пьессасида маромига етказиб ижро этадиган санъаткорни бош ролда кўради ва жалб этади. Бизни Зулфия ҳеч спектакллардан бўшамайдиган актрисаларимиздан. Кино, телесериал яна бир қатор кўрсатувларга тез-тез таклиф тушади. Аммо, Зулфия театр актрисасилигини, масъулиятини, керакли шахслигини билиб, доим тайёр туради. Йиллар Зулфияни янада чархлади. Устозларига муносиб шогирд бўлиб шаклланяпти, саҳна улуғ даргоҳлигини, масъулиятни ҳис этиб, театрда ярқираган юлдуз даражасига чиқди. У санъат дарғаларини назарига тушиб улгурган, мусиқали театрнинг энг маҳоратли солист- вокалистларининг энг пешқадами, ўз ўрнини эгаллаган чинакам қобилият эгасидир.
Зулфия етуклик даражасига интилаётган санъаткор. Ҳар бир ялт этган иқтидор учун, у хоҳ ёш, хоҳ катта бўлсин, ўз ширин сўзини аямайди. Керак бўлса ёрдам қўлини чўзади. Бир сўз билан айтганда, келажаги порлоқ, ўзидан яхши ном, тарихий, халқчил намунали ижод қолдирадиган санъаткордир.
Ахад Фармонов, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маъданият ходими, Муқимий номидаги Давлат мусиқали театрининг етакчи режиссёри.
ҲОЗИРГИ ЗАМОН ЗУҲРАСИ
Мен кўп йиллик тажрибамдан келиб чиқиб, Зулфия Умировадаги истеъдодни қадрлайман ва албатта тан бераман. Уни жуда эҳтиётлаб, эъзозлаб, қўллаб-қувватлаб, тез-тез алқаб туриш керак, деб ўйлайман. Чунки, Зулфиядаги истеъдод, ижро, овоз унча мунча ёшларда йўқ, аксарият ёшларда бири бўлса, бир кам. Зулфияда бари бекаму кўст бўлиб, мусиқали театр актрисасига хос барча хусусиятлар мужассамдир. Ташқи кўринишими, актёрлик маҳоратими, овоз имкониятларими, ҳамма-ҳаммаси бу актрисамизда бор. Шунинг учун ҳамма режиссиёрлар яратажак асарида Зулфияни кўради, унинг имкониятларига ишонади.
Мен катта асарга қўл урганимда тўлақонли бош қахрамоним тимсолида Зулфияни кўрдим. Ҳа, Зулфия ТОҲИР ВА ЗУҲРА дурдона ўзбек халқ достонидаги Зухра образини кучли талқин қила олишига ишонгандим. Шундай ҳам бўлди. Спектакльни кўрган томошабин Зуҳрани севади, уни янгича талқинда ўз дунёсида кашф этади, қойил қилиб ўйнаган ижросидан қониқади.
Зулфия Умерова Зуҳра образини кучли талқин қилган актриса сифатида “Йилнинг энг яхши театр актрисаси” деган эътирофга ҳам ўз кучи, ўз истеъдоди, томошабин меҳри билан эришди. Маданият вазирлигида йил актрисаси ўтган йилда ҳам Муқимий театрига берилганди, республикамизда театрлар кўп бўлса, деган музокара кетганда барибир энг, энг зўрига берилиши кераклиги таъкидланиб, мутахассислар ҳам Зулфия лойиқ номзодлигини тасдиқлашганди. Ҳозирги давргача ўлмас асарларимизни эъзозлаб, мумтоз жанрдаги ролларни халққа сингдиришда жон-жаҳди билан ижрони мукаммал бажарадиган актрисамиз томошабинлар орасида “Ҳозирги замон Зуҳраси” деган номга сазовор бўлаяпти.
Бизнинг Зулфия ишлаб чарчамайдиган, куйлаб қалбларга кириб борадиган, саҳнадаги роллари билан томошабинни забт эта оладиган актриса. У ўзи ўйнаётган қаҳрамонларини образига кира олади. Гоҳ Кумуш, гоҳ Ҳулкар, гоҳ Зуҳра бўлиб, саҳнада ўт бўлиб ёнади, гул бўлиб очилади. У том маънода театримизни чинакам юлдузидир! У эришаётган ютуқлар негизида тинимсиз меҳнат, шижоат, масъулият ва бардош ётади. Зулфия ҳаётда ҳам оддий ва самимий. Унинг юриш-туриши, кийиниши, сўзлашиши, хатти- ҳаракатлари ҳам образларидаги қаҳрамонларига ўхшайди. Шунинг учун ҳам у ҳеч ўзгармайди. Ўзини у ёққа бу ёққа урмайди, ҳар жафога солмайди, бир меъёрда ижод қилади. Зулфияни кино фильмларда суратга тушишга таклиф этишади. У доим театрда банд бўлганлиги сабабли бўшамайди. Менимча, бутун ўзбек халқининг таниқли кино актрисаси, суюкли санъаткори бўлиб танилишдан кўра театрнинг етук актрисаси бўлишга интилади. Ҳа, Зулфия ўз ўрнини, қадрини биладиган санъаткор. Театр актрисаси керак бўлса, саҳнадаги роллари билан ҳам элга танилаверади. Гарчан, ҳамма театрга тушмаса-да, санъатни астойдил қадрлаган қадрини, ўз нуфузини, мавқеини билган санъаткорни топади. Зулфия келажакда буюк санъаткорлар каби халқимиз тилида, дилида қоладиган театр санъати дарғаларидан бўлиб, у ўйнаган, талқин этган роллари халқимиз орасида шов-шув бўлиб қолишига ишончим комил! Унинг яратган, яратажак роллари ўзбек театрчилик санъатида мангуликка дахлдор бўлиб қолишига ишонаман.
Наима Пўлатова, Ўзбекистон Республикаси Халқ артисти, Муқимий номидаги Давлат мусиқали театрининг устоз санъаткори.
КУЧЛИ ИСТЕЪДОД ЭГАСИ
Театр чин маънода улуғ даргоҳ! Бу саҳна не бир буюк дарғаларни кўрмади. Икки эшик орасида кимлар кириб, кимлар ўтмади. Ҳа, театрга асдойдил меҳр қўйган санъаткор икки дунё саодатини кўришига шубҳам йўқ. Тўғри ҳар ҳил инсонлар каби хар хил санъат аҳли бор. Мана шу биз ижод қилаётган даргоҳда ҳам турли дунёқарашдаги санъаткорлар бор. Спектакл олдидан рўйхат чиқади. Навбатига қараб ролини ижро этиб, ё бўлмасам хизматим бор эди, деб дублёрига илтимос қилиб , шошиб хеч бирига улгурмай бекорга вақтини ўтказаётганлар ҳам бор. Аммо, Зулфия ҳамма томонлама кучли ва фаросатли, ўзини ўрнини биладиган, ўзига берилган вазифани қойиллатадиган кучли истеъдод эгасидир. Зулфиядаги қобилият ноёб. Буни кўра билган режиссёр унга топшириқ, рол берар экан, имкониятларини, ижросини англайди, ролни олий даражада тортиб кетишига ишонади. Тўғриси, Зулфияга оддий, иккинчи даражали ёки комик роллар ярашмайди. Театрга келганидан буён асосий ролларни ижро этиб келаётгани учун шундай бўлса керак. Рахматли устоз санъаткормиз Фароғат ая Рахматова, Зулфия дастлаб театрга келган вақтларида роса севиниб, “Кучли овози бор экан, бу қиз ҳали шундай юлдуз бўлиб етиладики, унча бунчаси олдидан ўта олмайди, театримизга яхши топилма бўлди, ” деб севингандилар. Ҳозирда шундай бўлди ҳам. Зулфия Умерова олий билим юртини тамомлагач, аълочи талаба бўлгани учун Миллий академик театрига ишга йўналтирилган. Ўша пайтда бизни театримизда Ўтган кунлар асари саҳналаштирилаётганди. Рустам Маъдиев( рахматли) театримизнинг бош режиссёри Зулфиядаги имкониятларни кўриб, бу қиз бизнинг театримиз учун туғилган экан. Бу кучли овози, бетакрор нафаси билан мусиқали театр актрисаси бўлади, деб бош ролга таклиф қилгандилар. Театримизда биринчи қадамини Кумуш образи билан бошлаганди. Орадан кўп йиллар ўтса-да Зулфиямиз хали ўша- ўша. Гарчи ёши улғайиб бораётган бўлса- да, ёш, навниҳол қизларни ролини меъёрига етказиб ўйнайди. Мисол учун Ахад Фармонов режиссёрлигида саҳналаштирилган ОЛИФТА спектаклида эндигини мактабни томомлаган, консерваторияга имтиёзли қабул қилинган Рухсора ролини маромига етказиб ўйнайди, ўзига жуда ярашиқли образдир.
Ёшларимиз орасида ҳам ўзига яраша маҳорат мактаби яратаётган истеъдод эгаси ҳам Зулфия Умеровадир! Унинг ижросидаги ҳар бир роллари томошабинни ўзига тортади, ўзига сингдиради ва албатта томошабин яхши кўриб қолади. Мана шундай Зулфия каби ноёб истеъдодли актрисаларимиз борлиги биздек ёши улуғ санъаткорларни руҳлантиради, Устоз деб этагимиздан тутса, уларга имкон борича ёрдам беришдан чарчамаймиз. Улар билан фахрланамиз.
Умида Абдуазимова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маъданият ходими, таниқли шоира.
ОНАМНИ ТЕАТРГА ОЛИБ БОРГАНИМДА
Ҳамкасбим қўнғироқ қилиб, Муқимий театрида Тохир ва Зухра спектакли қўйилётганини айтиб қолди. Онам ўз даврида Махмуджон Ғафуров ва Эътибор Жалиловалар роса Тохир ва Зуҳрада зўр ўйнаб, халқни орасида шухрат қозонганини жуда кўп айтардилар. Онамни ҳам театрга бошладим. Бордик. Спектакл бошланди. Жуда катта намоиш бўлиб, юзлаб санъаткорлар жалб қилиниб, ажойиб чиқибди. Саҳна декоратциялари, қаҳрамонлар либослари бари чиройли. Спектаклдаги хар бир сюжетни жонли кўрганда жуда катта меҳнат талаб қилганини, аввалгисидан кўра ҳозир имкониятлар кўплигини, техника асридан унумли фойдаланган ҳолда саҳна кўринишларидан тортиб барча жараёнларда кучли харакат, катта меҳнат ётганини кўрсатарди. Бош рол ижрочиси Зулфия Умирова томоша залига тўлиб ўтирган барча томошабинларни маҳорати, кучли ариялари ва албатта актёрлик ижро маҳорати билан диққатини жалб эттира олган кучли санъаткорлигига қоил қолдик. Айниқса, онам, роса севиндилар. Олдинги Зухрахон саҳнага қайтибди, деб ўтирдилар. Кейин «Зухра» ни яна бир бор кашф этганларини қайта- қайта айтдилар. Сахнада Хазрат Алишер Навоийдан ўқилаётган ғазаллар эса яна санъаткорни нечоғлик имкониятлар эгаси эканлигидан далолат бериб турарди. Томоша тугагач, ҳамма яйраб кўрганини томошабинлар юзидан, тинимсиз қарсаклар оҳангидан англаш қийин эмасди. Дарҳақиқат, театр саҳнасида рол ижро этаётган актёрларни иссиқ нафасини ҳис қилиб ўтирган томошабинларига меҳр билан тикилиб турган ижодкорларга илоҳий жозиба бахш этиб туриши театр санъатини янада сеҳрли, мароқли эканини исботлайди. Театрга келган кунимиз, спектакл, айниқса, танланган бош рол ижрочилари жуда чиройли жуфтлик эди. Зулфия Умерова ёшларимиз орасидаги энг истеъдодли актрисалигига ишонч ҳосил қилдим. Театр саҳнасидаги жонли ижрони маромига етказиб талқин қилиши хар қандай маънавий етук инсонни қалбини тетиклаштиради, руҳий мадад беради, халқ қахрамонларини саҳнада томошабинга моҳирона етказиб берган Зулфия каби ёшларимиз борлигидан фахрландим. Театрга таклиф, спектакл, ҳаммаси бизга , онажонимга роса ёқди. Албатта, бош қаҳрамон Зулфия Умерова ўйнаган яна бир ролни кўришга келамиз, деб ният қилдик.
Рамзиддин Қодиров, Тошкент Давлат Маданият ва Санъат институти катта ўқитувчи, театршунос.
ЯНА БИР БОШ ҚАҲРАМОН ЯРАТДИ
Жорий йилда Жаҳон адабиётида муносиб ўрин эгаллаган таниқли ёзувчи Чингиз Айтматовнинг 90 йиллиги кенг нишонланиб, юртимиз бўйлаб, катта тадбирлар учрашув ва бадиий кечалар уюштирилмоқда. Театрларимизда эса адибнинг асарларига ишланган спектакллар саҳна юзини кўрмоқда. Отахон театрларимиздан, Миллий академик театрда “ Оқ кема” асари, Муқимий номидаги Давлат мусиқали театрида эса “Сарвиқомат Дилбарим” асари саҳналаштирилди. Мен ҳам мазкур театрда , театр жамоаси билан бирга ишладим. Актёрлар ансанбли жуда керагидан ортиқ ишлашди. Айниқса, Зулфия Умерова ўзининг шижоати, меҳнатдан қочмаслиги, масъулиятини ҳис қилиши, интилиб, бор маҳоратини ишга солиб, керак бўлса, портнёрини ҳам ўзи каби рол ижросига жалб қилишлари эсда қоларли бўлди. Мен яхши асарни мукаммал талқин этадиган, саҳнани бари, барисини жойлашишидан то барча иштирокчиларга жавобгарлик режиссёр зиммасидагилигини яхши билардим. Аммо, атрофидагилар айниқса, санъаткорлар , бош рол ижрочиларидан тортиб, ҳамма , ҳамма сидқидилдан ишласа, меҳнат қилса, яхши натижага эришиш мумкинлигини яна бир карра билди. Қариб, уч, тўрт ой асар устида Мирза Азизов режиссёрлигида ишладик. Ҳамма вақт айтилган топшириқни, бажарадиган ролини, ижрони Зулфия Умирова биринчи уддасидан чиқади ва режиссёрни ғашига тегмайдиган ижрони беради ва тез илғаб олади. Зулфия жуда китоб ўқишни севади. Унга рол топширмасимиздан олдин асарни тўлиқ ўқиб чиқишини айтди. Шундай ҳам қилди. Китобдаги бош қаҳрамон Асални ўз дунёсида, ўз қарашларида яратди. Кейин асардаги бош рол Асал образини шу қадар ўйнадики, Гўё Асалга айланди, уни дард аламлари билан бир неча ой яшади. Қаҳрамони беғубор қиз, алданган аёл. Ундаги жараёнларни, қийинчиликларни, тасодифий учрашув, ҳаётда учрайдиган турли сўқмоқларни барини чиқариб берди. Ҳар саҳнада турлича кўриниш, ария ва армонли қўшиқлар, айниқса, тушкинликка тушган онанинг боласига айтган дарди, нолали алласи бари жуда чиройли чиқди. Ҳа, Зулфия Умирова талқини бетакрор. Унга дублёр бўлиб бир нечта актирисалар ҳам ролга кирди. Зулфия яратаётган Асал образи эса асл Чингиз Айтматов чизгиларидек эди. Маҳоратли, жуда истеъдодли актриса Зулфия Умирова яна бир кучли бош қаҳрамон ролини саҳнага олиб чиқяпти. Келажаги порлоқ актрисамизни келгусидаги ижодларида улкан зафарлар тилайман!
Истеъдодли актриса Зулфия Умирова 1983 йил 14 декабрда Тошкент вилоятини Ангрен шахрида туғилган. Отаси (раҳматли) Эргаш Умеров жуда санъатга ошифта инсон бўлиб, уйларида нима йиғин бўлса, тор чертиб, қўшиқ куйлаб, меҳмонларни хушнуд қилардилар . Онаси Ойша Умерова эса, жуда китоб ўқишни севарди. Бир паст бекор қолди дегунча қўлига китоб олиб, фарзандларига эртаклар ўқиб берарди. Шеърий китобларни мутоала қилиш билан бирга фарзандларига ҳам шеър ёд олдирарди. Она уйда яхши тарбиячи, биринчи муаллим. Ҳамма фарзандлари саводхонликни дастлаб онасидан ўрганган. Санъат- адабиётга меҳр қўйган инсонлар оиласида 6 нафар фарзанд вояга етди.. Ҳозирда хамма фарзандлари жамиятимизнинг турли жабҳаларида эл- юрт корига ярайдиган фарзандлар бўлиб камол топишган. Зулфия оилада бошқача хусусиятлари билан ажралиб турарди. Шунда отаси, онасига хали бу қизингдан бир ажойиб инсон чиқади- да, жуда бошқача- я, деб қўярди. Отаси Зулфиядаги истеъдодни аввалдан кўра билган экан. Зулфия болалигидан ҳамма нарсага қизиқувчан, теран бўлиб, синфдошларини турли тадбирларга жалб қилиб , мактаб саҳнасида қўйиладиган пессаларни ижодкори бўлиб, асосий ролларни ижро этарди. Ҳар байрам тадбирлари Зулфиясиз ўтмасди. Хатто, шаҳар, вилоятда ўтадиган анъанавий санъат байрамларида иштирок этиб, ҳаммани лол қолдирарди. Қўшиқни шу қадар чиройли куйларди, овозидаги имкониятларни кўрган устозлари “Зулфия келажакда етук санъаткор бўлади” деб башорат қилишарди. Ўқувчилар орасида ўтказиладиган бир нечта кўрик танловлар ғолиби бўлиб, турли номинацияларни қўлга киритар эди. Ўрта мактабни тамомлаган З.Умерова дастлаб хужжатларини , Тошкент Давлат Консерваториясига топшираман деб келганида, мусиқий билим, мусиқа мактабида ўқимаганлигини айтишиб, хужжатларини Санъат институтининг мусиқали театр актёрлиги бўлимига топширишни тавсия қилишади. 17 ёшга тўлган қизалоқ хужжатларини тўғри бориб, Маннон Уйғур номидаги Тошкент Давлат Санъат институтининг мусиқали театр актёрлиги факультетига топширади. Ижодий имтиҳондан энг юқори баллни қўлга киритган Зулфия ДТМ синов имтиҳонларидан ҳам ўтиб, ўқишга кириб кетади.
Зулфия Умерова ҳаётида янги бурилиш бошланди. Энди у талаба. Тиришқоқ, меҳнатсевар, хозиржавоб, фаол талаба тез устозлари назарига тушади. Институтда ўтказиладиган барча тадбирлар иштирокчиси бўлиб, ҳатто, талабалар ўртасида халқаро қўшиқчилик фестевалларида нуфузли ўринни эгаллаб, “Энг яхши ижрочи” номинациясини олишга эришганди. Олий билим юртини имтиёзли тугатган .
2005 йилдан мазкур театрда меҳнат фаолиятини бошлаган Зулфия ҳали ҳануз изланишда. Ўтган вақтлар ичида 30 дан зиёд бош ролларни маромига етказиб ижро этди. Кўплаб халқаро театр фестеваллар иштирокчиси. 2012 йили “Осмондаги Хулкарим” спектаклидаги Хулкар образи учун “Йилнинг энг яхши аёл санъаткори”, “Эътироф - 2017”да “Тоҳир ва Зуҳра” спектаклидаги Зуҳра образи учун “Йилнинг энг яхши театр актрисаси” совриндори бўлган.
- Мен танлаган касбимдан ғурурланаман, спектаклдаги менга берилган қаҳрамонлар кечинмалари, дарду, хасратлари билан яшайман, - дейди лавҳамиз қаҳрамони.
- Ҳар бир қаҳрамонимни маромига етказиб ўйнашимда устозларим Маъруф Отажонов, Наима Пўлатова, Мирза Азизов, Аҳад Фармонов яна олийгоҳдаги устозларимни берган ўгитлари бор, албатта. Топширилган вазифага шу даражада киришаман, текстларми, ария, қўшиқ бўладими, мукаммал ўзлаштиришга харакат қиламан. Устозларимиз мени бош ролга таклиф қилишганида театрда тенгдошларим, талантли истеъдодлар борлигини айтсам, аввал сенда кўришсин, деб қолишади. Бу албатта, санъаткор учун бахт ва яхши имконият. Мен муқаддас даргоҳга келиб, театр санъатининг буюк дарғалари ижод қилган саҳнада рол ижро этётганимдан фахр ҳиссини ич- ичимдан туяман. Устозларим, Наима Пўлатова, Марям Ихтиёрова, Малика Қаюмова, Одина Ғозиева каби элимиз суйган устоз санъаткорлар билан бир жамоа бўлиб ижод қилаётганимда уларни йўлини беришини Аллоҳдан сўрайман. Доим устозларим маслаҳатларига, таклиф ва мулоҳазаларига эътиборлиман. Шу билан бирга театримизга ишга келаётган ёшларга ҳам бефарқ эмасман. Керак бўлса, мен талқин қилаётган ролларни ўргатишга, қандай қилса, нималарга эътибор берса, тез илғаб олишини англата биламан.
Зулфия Умерова нафақат ижодда, ҳаётда ҳам жуда фаол ва шижоатли. Қизи Робияхон ҳам онаси каби роса ҳамма нарсага қизиқувчан. Мактабда аъло баҳоларга ўқийди. Болалик чоғларидан театрга кўп боради. Театр жамоаси Зулфияни қизи доим олдида , театрда катта бўлган, дейишади.
Ўзбек театр санъати кўҳна ва буюкдир. У бир қутлуғ даргоҳ-мўъжизалар қасридир. Бу даргоҳда кимлар яшамади. Кимлар келиб кетмади. Мусиқали театр саҳнасида ҳар бир навқирон овоз соҳиби, шу қаср боғларига ўз дарахтларини экиб кетдилар. Бу боғларнинг мевалари элимизга татигулик,битмас, туганмас бойлик, дурдона асарларда бетакрор образлар яратган. Катта авлод вакиллари ҳали ҳануз, театрда ижод қилиб, чинаккамига эл- юрт назарига тушган буюк санъат дарғаларини эслашади. Соғинишади, хотирлашади. Ҳозир- чи, ҳозирги кунда ёшларимизни театр санъатига қизиқиши қандай?! Театр томоша залида кўпроқ ёшларни қидираман, нега, енгил, тез эсдан чиқадиган четдан кириб келадиган оммавий маданиятдан кўра , ўзбекнинг хақиқий театр санъати асарларини кўришга шошилишмайди. Ёшлар орасида Зулфия Умеровадек ўз касбининг фидойилари борлигини кўришса, жилла қурса, халқ қаҳрамонларини саҳна орқали танишса ,- дейман.
Театрга келинглар, спектакль кўринглар, саҳнадаги қаҳрамонлар ҳаётий қаҳрамонларингизга айланади!
Холида ҚОБУЛОВА.