Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мадина ТЎХТАЕВА
«ТОМОШАБИННИ РАНЖИТИШГА ҲАҚҚИМИЗ ЙЎҚ!»
Бу галги меҳмони салкам ярим асрдан буён Ўзбекистон давлат драма театрида фаолият юритаётган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, истеъдодли актриса - Мадина ТЎХТАЕВА бўлди.
Мадина опа ўзига хос истеъдодга эга актрисадир. У ўз ижодий фаолияти давомида ёрқин бўёқларга бой, чуқур мазмунли, томошабинларни ҳаяжонга солган ҳолда катта муваффақиятларга эришиб келаётган, кўпгина етук образларни яратиб, томошабинлар эътирофига сазовор бўлган актрисалардандир.
ИНТИЗОМ БЎЛСА, ИШДА УНУМ БЎЛАДИ
— Ҳар бир ташкилотнинг ўзига яраша ички қонун-қоидалари бор. Театрдаги ички қонун-қоидалар ижодкорлар учун қанчалик мос келади, деб ўйлайсиз?
— Мана шу театрда ишлаётганимга 48 йил бўлди. Театрда ишловчиларнинг иши бир-бирига худди занжирдек боғлиқ. Томошабин бизни интиқлик билан кутади. Бирор-бир артист касал бўлиб қолса, эрталаб раҳбариятимизга хабар қилади. Шунда режиссёримиз дарҳол дублёримизни чақиради. Чунки спектаклни кечга қолдириб бўлмайди. Ички қонун-қоидага ҳамма амал қилиши шарт.
Мен доим театрга бир ярим соат олдин келаман. Ҳамма нарса вақтни қадрлашдан бошланади. Вақтнинг қадрига етмаса, иш унумсиз бўлади. Театрда ишлайдиган инсон театр, саҳна деган улуғ сўзларни юрак-юрагидан ҳис қила олиши керак. Саҳнани эъзозлаш лозим. Биз шунга риоя қиламиз. Ёшларимиз ҳам интизомга риоя қилади. Интизомсиз театр театр эмас. Театрга кечикиб келиш бу ҳурматсизликдир. Чунки томошабинни ҳеч қачон куттириб қўйишга ва ранжитишга ҳаққимиз йўқ.
— Сизга режиссёр рол бераётганида ролни танлаш ҳуқуқингиз борми?
— Режиссёр асарни ўқиётганда кўз олдига шу қаҳрамонга мос бўлган актёрларни келтиради. Гоҳида ҳамкасбимга берилган рол менга ёқиб қолади. Шундай характерли рол ўйнагим келади. Режиссёрга “Шу ролни ўйнасам майлими?” деб сўрайман. Режиссёримиз ҳеч қачон йўқ демайди.
Ишга эндигина келган пайтим “Хазон бўлган баҳор” спектаклидаги Муқаддам роли менга жуда ҳам ёқиб қолди. Режиссёримиз “Ким бу ролни ўйнайди?” деб сўради. Мен ийманиб айтолмадим. Жуда кўпчилик актрисалар репитиция жараёнида бу ролни ўйнашди. Кейин менга ҳам бу ролни ўйнаб кўришимни айтишди. Муқаддамнинг кечинмаларини ич-ичимдан ҳис қилиб ўйнаганим учун бу ролни менга беришди. Кейинчалик режиссёр рол тақсимлаётганида бошқа ролни ўйнагим келиб қолса, дарҳол айтадиган бўлдим.
— Киноларда ёки сериалларда рол ўйнамоқчи бўлсангиз шартнома тузасизми?
— “Ҳисобли дўст айрилмас” деганларидек, албатта, шартномалар тузамиз. Бугунги кунда шартномасиз иш битмайди. Киноларда бош қаҳрамонларни ўйнолмадим. Аммо “Қалдирғочлар яна қайтади” сериалида Гулсум холани мазза қилиб ўйнадим. Бу сериалда тандирга нон ёпадиган саҳнаси бор. Мен шаҳарда улғайганим учун фақат печда нон тайёрлаганман. Тандирда ҳеч қачон нон ёпиб кўрмаган эдим. Ўша куни майдаланган гўшт, жизза, шивит, кашничларни хамирга солдим. Патир нон қилишим лозим эди. Тандирга нонни ёпишга бўйим етмади. Режиссёр дарҳол атрофдагиларга “Ғишт тахланглар, опанинг бўйи етсин”, деди. Кейин баркашдек рапида билан нон ёпдим. Ўша ердагилар “Ура!” деб юборишди. Аммо бироздан сўнг патирим тандир ичидаги чўғга оқиб тушди. Бир четда бизларни кузатиб турган қишлоқ аёли эса югуриб келиб, чўғга тушган хамирни човлига солиб, ўша чўғда пиширди. Бояги нон қорайиб кетди. Ҳаммамиз бошқа нонлар қолиб ўшани ейишга ошиқдик. Бирам ширин... (кулади)
Қишлоқ аёлларидан ноннинг ҳар бир ушоғини увол қилмасликни, буғдойнинг қадрига етишни ўргандим. Уйга келгач, болаларимга ва келинимга ҳам бу воқеани гапириб бердим.
Саранжом-саришта, тежамкор аёлларни қишлоқда кўрдим. Шундай оилада қут-барака бўларкан. Бу воқеа катта бир сабоқ бўлди. Уволдан қўрқишни ўргандим. Уйимизда барча ахлатлар битта челакка солинарди. Шундан сўнг ҳар бир ахлатни алоҳида пакетларга соладиган бўлдим.
«ГОНОРАР УЧУН РОЛ ЎЙНАМАЙМАН»
— Кинодаги ёки сериалдаги ролингиз учун гонорар бермай қўйишса нима қиласиз? Умуман бундай ҳолатлар учраб турадими?
— Мен ҳаётимни театрсиз тасаввур эта олмайман. Шунинг учун киноларга ёки сериалларга таклиф қилишганида бажонидил уларнинг таклифига рози бўлиб бораман. Гонорар ҳақида гаплашмайман ҳам. Беришмаса ҳам майли. Чунки мен актрисаман. Халқ учун хизмат қилишим лозим деб ўйлайман. Сериалларда кўп рол ўйнаганман. Томошабин мени учратганида “Сабура ая ёки Гулсум хола” дейишади. Бу сўз мени ёш боладек қувонтиради.
Энг муҳими мухлис сизни ўзининг қадрдонидек самимийлик ила қучса, сиз билан беғубор гаплашса, энг катта бахтни топгандек бўларкансиз. Қишлоқдагилар “жудаям бошқачасиз, бошқаларга ўхшамайсиз”, дейишларини ёқтираман. Чунки шаҳарда такаббурлик бор.
Томошабиннинг “Нимага кўринмаяпсиз?” дейишларидан қўрқаман. Шундай пайтда гонорар ҳам кўзимга кўринмайди. “Дарёдан томчи“ туркумидан бериб бориладиган фильмларда доимо образлар яратаман. Томошабиннинг “Яхши ўйнабсиз ёки яхши қайноналарни ҳам ўйнанг” дея эътироз билдиришади. Чунки “Мафтуна” ва “Туташ тақдирлар” сериалида қаттиққўл қайнонани ўйнаганман. Қайноналарга ҳам қийинлигини қайнона бўлганимда ҳис қилдим. Шундай қайноналар ҳам борки, келинларнинг қилиғидан букилиб қолишган. Шундай қайноналар бор, олти келини билан битта ҳовлида иноқ яшашади.
НОҲАҚЛИК БЎЛСА,
боламни ҳам аяб ўтирмайман!
— Ҳаётингизда ноҳақликка дуч келганмисиз? Бу вазиятдан қандай чиқиб кетасиз?
— Ҳожиотам Маккага зиёрат учун кетаётганларида онамга “Қиз туғсанг, Мадина қўйгин” деб кетган экан. Кўп вақт ўтмай мен дунёга келибман. Исмимни Мадина қўйишибди. Оилада тўрт қизмиз. Қизлар орасида ноҳақликка чидай олмайдигани менман. Онамдан кейин онамдек бўлиб қолган Малика опам бор. Малика опамнинг вазминлигига, сабр-қаноатига тан берардим.
Мен бирор ноҳақликка учрасам, ичимда бир ғалаён бўлади. Дадам доим “Ўғлим, менинг ўғлим бу!” дея кўп айтарди. Мен бу гаплардан кейин дадамга ўхшашга тиришардим. Мана, ёшим улғайганидагина вазмин бўлдим. Аммо ноҳақликка учрасам, шартта-шартта гапираман. Кўпинча транспортларда ноҳақликларга дуч келаман. Ҳаётда ҳамма ҳам ноҳақликка дуч келади. Аммо бу вазиятдан чиқиб кетишнинг ўзи бўлмайди. Ноҳақликка дуч келсам, андиша қилиб ўтирмайман.
Ноҳақлик бўлса, фарзандларимни ҳам аяб ўтирмайман. Бир куни ўғлимга “Нимага онанг тенги аёлни туртиб ўтдинг? Унга йўл бериб ўтсанг бўлмайдими?” дея танбеҳ бердим. Ўғлим бўлса: “Ойи, кўпчиликнинг олдида уялтиришингиз шартмиди?” дея мендан ранжийди. Аммо иккинчи бу хатони қилмайдиган бўлади.
— Адолат тушунчаси сизнинг назарингизда қандай?
— “Чорсу” бозорига бозор-ўчар қилгани тушиб тураман. Бир куни гўшт олиб, назорат тарозисида тортиб кўрсам, 1 килограмм деб берган гўшти 700 грамм чиқиб турибди. Дарҳол сотувчининг ёнига бориб: “Уялмайсанми, болам. Тарози — Худо рози, дейишади. Тарозидан уриб қолиб топган пулингни баракаси бўладими? Бундай йўл билан пул топиш ҳаром эмасми?” дея уни изза қилдим. Бу гапимни эшитиб турган харидор олаётган гўштини ҳам ташлаб қайтиб кетди. Сотувчи йигит мулзам бўлиб қолди. Унга ҳақиқатни айтиб, танбеҳ берганимнинг ўзи адолат назаримда.
Яна бир воқеани айтиб бермасам, кўнглим жойига тушмайди. Театрдан уйга қайтаётганимда уч-тўрт нафар йигит бир қизнинг йўлини тўсганини кўриб қолдим. Қиз бечора қўрққанидан титраб турибди. Дарҳол йигитларнинг ёнига бориб: “Ўргилай болам. Сизларнинг синглингиз ёки опангиз йўқми? Ахир бу ҳам бир оиланинг севимли фарзанди. Унинг йўлини тўсманглар. Қаранглар, қўрққанидан ранги ҳам оқариб кетибди. Жон болам, бу ишларинг яхши эмас. Худониям қаҳри келади”, дея уларни алдаб-авраб, яхши гаплар билан қизгинани йўлига кузатиб қўяман. Руҳимда бир енгиллик уйғонади. Кимгадир бирор бир нафим текканидан хурсанд бўламан. Айримлар: “Нима ишингиз бор. Йўлингиздан қолманг!” ҳам дейишади. Аммо мен ҳеч қачон бефарқ инсон бўлолмайман. Аслида лоқайд инсонлардан қўрқиш керак. Ҳар бир жойда адолат ўрнатиш, кимгадир ёрдам беришнинг ўзи адолат.
ЎЗБЕК ОНАЛАРИ МЕҲРСИЗМИ?
— Ўзбекистонда тадқиқот ўтказаётган бир ҳиндистонлик йигит билан гаплашиб қолдим. Меҳмоннинг айтишича, у Ўзбекистонга келиш олдидан одамларимизни ўрганиш мақсадида ўзбек фильмларини томоша қилибди. Киноларимизда тасвирланган жоҳил, меҳрсиз, бағритош она образларини кўриб, юртимизга ҳадик билан келган экан. Ўзбекистонга келгач эса кинолардаги ҳолатнинг бутунлай аксини кўриб, ҳайрон бўлибди. Нима деб ўйлайсиз, бунақа тасаввур уйғотмаслик учун шунақа образларни бир ўйлаб кўриш керакдир?
— Албатта, вақти келди. Буни режиссёрларимиз яхшилаб ўйлаб кўришса бўларди. Ёлғиз аёлни жоҳил, меҳрсиз қилиб қўйган аслида атрофидагилар эмасми? Мана шу нарсани ҳам киноларда очиб бериш вақти келди. Чунки ҳеч ким ўз-ўзидан жоҳил, бағритош, меҳрсиз бўлиб қолмайди. Масалан, ўша жоҳилликнинг асл сабабини очиб беролмайди. Ёлғиз аёл атрофидагиларни доим ноҳақ деб ўйлайди. Режиссёр жоҳил аёлни ҳам меҳрга зор эканлигини кўрсатиши керак.
Жуда кўп мухлисларим “Нега қаттиққўл, ёмон қайнона ролини ўйнайсиз? Ахир яхши қайноналар ҳам бор-ку!” дейишади. Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек уларнинг орасида ёмонлари ҳам бор. Биз уларга ролларимиз орқали қўлларига кўзгу тутқазамиз. Ўзини кўриб олсин ва тўғри хулоса чиқарсин, деб.
Аслида ўзбек оналаридек ҳокисор, муштипар, мунис, жонсарак, фидойи аёл бўлмаса керак. Оддийгина “Сен етим эмассан” фильмини олиб қаранг. Ўзбек оиласи шундай оғир дамларда ҳам 15 нафар болани ўз қарамоғига олади. Асраб олган боласини хурсанд қилай, деб она тикув машинасини сотиб, қизалоққа совға олади. Қаерга борсангиз ўзбек аёлининг меҳрибончилигига, самимийлигига дуч келасиз.
— Китобхонлик борасидаги фикрларингиз.
— “Ўтган кунлар” романидаги Кумушнинг хатини қизларингизга бир ўқитинг. Ўқигандаги тасаввур бошқача бўлади. Ўзи мулоҳаза қилсагина унинг фикри ўзгаради. Ёки йигитларимиз Отабекнинг хатини бир бора ўқиб кўришсин. Ўзларига чиройли хулоса ясаб олишади. Муомала маданиятини китоблардан ўрганиш лозим. Қанийди Нодирабегим, Зебинисо, Тўмарис, Бибихоним ҳақида яхши фильмлар бўлса. Шундай фильмларда мазза қилиб рол ўйнардик.
Хонбиби ҲИММАТ қизи суҳбатлашди.
Суҳбатдош ҳақида:
Мадина ТЎХТАЕВА 1948 йили Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида дунёга келган.
1969 йилда Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини драма театр ва кино актёри факультетини тугатиб, Ўзбекистон давлат драма театрида иш фаолиятини бошлаган.
“Садоқат”да Аёл, “Баҳс”да ҳамшира, “Биринчи бўса”да Феруза, “Отасининг қизи”да Ҳакима, “Можаро”да негр аёл, “Ёшлик бебошлик”да Азиза, “Келинлар қўзғолони”да Муҳайё, “Аёллар салтанати”да қўшни, “Алвонгул”да Жодугар, ”Аяжонларим”да Шакарбуви, “Паранжи сирлари”да Тожхон, “Ўрик гуллаганда”да Тўхта хола, “Беш кунлик куёв”да Кишвархон, “Чеча”да Ҳакима ролларини маҳорат билан ўйнаган.
2000 йил театр соҳасидаги фаолияти учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланган.