Зиммамга икки карра масъулият юкланган
Ўзбек Миллий академик драма театри ва кино актёри – Толиб Мўминов билан суҳбат.
- Биринчи навбатда Сизни “Шуҳрат” медали ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист унвонига сазовор бўлганингиз билан табриклаймиз! Қўшалоқ мукофотлар муборак бўлсин! Карантин даврида театрдаги фаолиятингизда барча театр аҳли каби танаффус бўлган бўлса-да, турли кўрсатувлар ва фильмларда суратларга тушишда давом этибсиз. Бугунги ижодий ишларингиз қай йўсинда кечмоқда?
- Ижодкор меҳнат қилганидан кейин, хоҳлайдими, йўқми, давлат томонидан муносиб кўрилса, хизматлари инобатга олиниб, рағбатлантирилади. Шундай кезларда ижодкор ҳам қилаётган меҳнатлари зое кетмаётганлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилади ва бундан руҳланади, ижодий изланишларга янада ғайрат билан киришади. Бу албатта, қувонарли ҳолат. Кўпчилик мухлислар, танишлар, қадрдонлар қўнғироқ қилиб табриклашяпди. Бундан хурсанд бўласиз. Одамнинг ўзи йиллар давомида даврий ўзгаришлар, руҳий ва маънавий камолот сари интилиш орқали шакланади. Қаерга борсак ҳам халқнинг меҳри ҳамиша бизга ҳамроҳ бўлади. Буни кўриб, ҳис қилишнинг ўзи юксак қувончлар бағишлайди! Отамнинг бир гапи бор: “Халқнинг кўнглидан жой олиш жуда қийин, эътиборидан қолиш жуда осон”.
Халқимиз ва ҳукуматимизнинг ана шу меҳри менга қанот бағишлайди. Халқимиз кўнглидан заррача бўлса-да жой олиш, мен учун чинакам саодатдир. Ният қиламизки, халқ меҳри ва муҳаббати, ихлоси бардавом бўлсин! Келгусида тарихий шахс образида намоён бўлиб, ўзбекнинг буюк шахсларини элимизга, дунёга танитишда бизнинг ҳам бироз бўлса-да ҳиссамиз тегса, бундан бениҳоя хурсанд бўламиз.
Яқинда бир қатор тарихий сиймоларимизни ҳаётини акс эттирувчи ҳужжатли ва бадиий филиьмлар олинди. “Ёшлар”, “Миллий” телеканалларида Ибн Синонинг ролини ўйнадик. Театримизда эса, Навоий бобомизнинг машаққатли ва ибратли ҳаёт йўлларини кўрсатиб берамиз. Биз қайси замонда бўлмайлик, доимо улуғ аждодларимизга мурожаат қиламиз ҳамда улар билан фахрланамиз. Ўйлайманки, буёғига киноларимизда ҳам ўзбекнинг машҳур шахслари намоён бўлиб, уларнинг ҳаёти ҳаққоний ва ҳаётий акс эттирилади. Баъзи фильмлар борки, жаҳон фестивалларида, кўплаб танловларда қатнашади. Ўзбек адабиётида Ватани ва халқи учун жон куйдирган, улар дардига бефарқ бўлмаган, керак бўлса, бу йўлда жонини фидо қилган машҳур шахсларни ҳам театр ва кино саҳнасига олиб чиқишимиз керак. Токи, бизнинг шундай улуғ ва қудратли аждодларимиз борлигини, шу қадар қадимий ва маърифатпарвар миллат эканимизни дунё аҳли билсин, бизни танисин, керак бўлса, тан олсин! Кинони миллионлаб инсонлар кўради. Шу сабабдан фильмда аждодларимиз образини яратишни истайман. Бу ҳам аслида, кўп жиҳатдан фильмни қайси режиссёр ишлашига, қандай актёр ўйнашига ва қай тарзда талқин қилинишига ҳам боғлиқ. Бундай фильмларимиз дунёни забт етсин, деб ният қиламиз. Ижодкор агар ўйнасам, пулимни олсам ва тезроқ кетсам деган ўй билан ишласа, у чинакам ижодкор ё санъаткор эмас. Ижодкор бу – фильмдаги муаммолардан, фожиалардан чинакамига куюнадиган, ютуқларидан суюнадиган, шу соҳанинг профессионали, кинонинг ривожини ўйлайдиган, дунёни забт этишни ўз олдига эзгу мақсад қилиб қўйган бўлиши керак. Бизда актёрлар жуда кўп, лекин образни қандай маҳорат билан ижро этишга бориб тақалганда, талайгина муаммолар юзага келади. Агар режиссёр актёр ва актрисаларни тўғри танлай олса, улар ҳам ўзларига юклатилган ролларни кўнгилдагидек ўйнаб, берилган топшириқларни тўғри бажара олишади. Шундай талабга жавоб берадиган, профессионал даражада, юксак савияда олинадиган фильмларимиз кўпайсин. Яхши-яхши спектаклларимиз ҳам кўп бўлсин. Спектаклларимиз билан чет элларга ҳам чиқиб, хорижликларга, у ердаги ватандошларимизу ўзга миллат вакилларига асарларимизни кўрсатамиз. Демакки, томошаларимиз миллатимизнинг ҳаётини, маданиятини, турмуш тарзини акс эттиради. Эътироф этишимиз жоизки, хорижнинг бир қанча давлатларига гастроль сафари билан борганимизда, улар спектаклларимизни яхши қабул қилишди, гулдурос қарсаклар чалишди. Энг асосийси, ҳамма актёрлар самимий ўйнаётганини эътироф этишди. Татаристонда “Иймон” спектаклимизни ҳам жуда илиқ қабул қилишди. У ерда Ёдгор ака отани ўйнаса, мен ўғилни ўйнадим. Бу спектакль бир вақтлар қўйилганда, устоз санъаткор Олим Хўжаев профессор Комиловнинг ролини ўйнаган. Бизнинг театримизда яхши спектаклларимиз ниҳоятда кўп. “Ўзбекча рақс”, спектаклимизни томошабинлар ҳукмига ҳавола этганимизда, Ўзбекистон халқ артисти - Турғун Азизов кўнгилдагидек астойдил ўйнаганимизни эътироф этганди. Бу эса биз актёрлар учун юксак баҳо! Асар қаҳрамони худди Толибга атаб ёзилгандек бўлибди, дегандилар. У ерда асосий қаҳрамон – она образи. Раҳматли, Ўзбекистон халқ артисти, бетакрор актрисамиз - Дилбар Икромова ўйнаганди. Энди бу рольни ким Дилбар опачалик куюнчак онадек ўйнай олар экан?!.
- Дўсту биродарлар, мухлислар Сизни қутлашгани табиий. Отангиз – таниқли ва севимли актёримиз - Теша Мўминовнинг мукофот олишингизга муносабати қандай бўлди? Отангиз ўта жиддий, ичидагини сиртига чиқармайдиган киши. Сиздан ғурурланганини ошкора айтмаса ҳам, юз-кўзидан сезгандирсиз. Санъатга бўлган қизиқишингизда, ютуқларингизда Отангизнинг ҳиссаси қай даражада ва ишхонада қандай устозу, уйда қандай ота?
- Эл қаторида мени ҳам мукофотга лойиқ топилиб, эътироф этишганига яна бир бор ташаккур билираман ва албатта, шу соҳага киришимга эътироз билдирмасдан, рухсат берган, ижодий камолотимга оталарча, устозларча ўз ҳиссасини қўшиб келаётган Отамга минг раҳмат дейман! Чунки, Отам “Бу соҳада эмас бошқа соҳада ўқигин, санъаткорлик касбини танламайсан”, деганларида, биз шак-шубҳасиз, Отамиз раъйига қарши бориб, йўқ дея олмасдик. Мактабдаги адабиёт ўқитувчиларимиз ҳам “Сизда санъатга иштиёқ, истеъдод бор, отангизни йўлидан боринг” деб кўп маротаба айтишган. Отамизнинг дуоларни олиб, озгина ўқиб, кийин 26 йилдан бери аввалги Ҳамза номидаги, ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрида ишлаб келяпман.
Боя таъкидлаб ўтганимдек, менга санъат йўлини давом эттиришимга рухсат берганлари учун Отамга раҳмат! Изн бердиларки, биз шу соҳани эгалладик.
Ота билан бир саҳнага чиқиш ва биргаликда роль ўйнашнинг ўзи юксак бахт! Аммо шу билан бирга, бундай шараф катта масъулиятни ҳам ўз ичига олади. Отамнинг юбилейларида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти - Ёдгор Саъдиев Отамга жумладан шундай деганди: - “Тешавой, сен бахтли актёрсан! Сабаби: сенинг давомчинг – ўғлинг бор. Ўғлинг билан битта театрда ишлайсан”.
Шу соҳага кирганимдан бўйнимда катта маъсулиятим борлигини ҳис қилдим. Боиси, эртага “Барака топсин, отасини касбини эгаллабди. Ҳақиқатдан ҳам зўр актёр, яхши шаклланибди”, - деган гапларни эшитишни хоҳлаганим сир эмас. Зиммамга икки карра масъулият юкланган. Ҳам ўзимни, ҳам отамнинг касбини давом эттириш баробарида, Отамни уялтириб қўймаслигим, обрўсига путур етказмаслигим ҳам шарт эди. Отамнинг даражасига чиқиш ва шундай отага муносиб фарзанд бўлиш ўғил учун ҳам катта масъулият, ҳам мажбуриятдир. Шу билан бирга ҳадеб Отанинг соясида юравермасдан, ўзининг номига ҳам эга бўладиган, ўз қирраларини намоён эта оладиган актёр мақомига эришишим лозим эди. Бунинг учун яхши асар танланиши ва у сизга ёқиши керак. Яширишнинг ҳожати йўқ, одамлар сизнинг исмингизни ҳурмат билан тилга олишса, жуда ёқимли туюларкан. Бу сизни ролингиз экан, бошқа биров бу рольни сизчалик ўйнолмайди, деб чин кўнгилдан эътироф этишса (шунчаки мулозамат ё кўнгил учун ё хушомад тарзида эмас), ўзингизнинг шахс сифатида шаклланганлигингизни сезасиз. Мен ҳаммасига ўзимнинг меҳнатим билан эришганман. Отам кимларгадир “ўғлимга уни бер, буни бер”, - деб, ортимдан югуриб юрмаган. Отам танқид қилмайди. Мабодо шундай қилишига тўғри келиб қолса ҳам, юмшатиб, “ундай эмас, мана бундай қилиб кўрмайсанми?” деб йўл-йўриқ кўрсатган ҳолда камчилигимни тушунтиради. Баъзиларга ўхшаб уришмайди. Ҳадеб уришаверишса ҳар қандай актёр ҳам синади, кўнгли чўкади. Илло, санъаткорларнинг кўнгли ўта нозик ва улар кайфиятга тобе кишилардир. Театрда ҳам устозларимиз маслаҳатлар бериб туришади. Ўзбекистон халқ артистлари - Турғун Азизов, Рихси Иброҳимова холис, яхши тавсиялар беришади. Мен танқидни ҳам тўғри қабул қиламан. Шу учун каттами-кичикми, актёрнинг шаклланишида ҳамманинг ўз ўрни бор. Ҳаммани тинглаб, хатолардан хулоса чиқариб, тўғри қарор қабул қиламан.
- Агар бу соҳани танлаш имконингиз бўлмаганда, қайси соҳани танлаган бўлардингиз?
- Башарти, тақдир тақозоси билан шундай бўлганида, ҳуқуқшунос бўлардим. Негаки, Онам раҳматли ҳуқуқшунос бўлишимни истар эди. Онам 1987-йил 16 ёшимда вафот этган. Ўқитувчимнинг насиҳатлари ва отамнинг ҳам касбига ҳавасим туфайли санъат соҳасини танлаганман. Отам дастлаб: “Ўғлим, актёрлик машаққатли касб, яхшилаб ўйлаб кўр, касблар жуда кўп, балки бошқа касб танларсан, актёр бўлиш бирдан машҳур бўлиш дегани эмас, тинимсиз изланишлар, машаққатлар демакдир”, - деганлари ёдимда. Очиғини тан олишимиз керак, ҳамма ҳам машҳур бўлишни истайди, лекин унинг машаққати игна билан қудуқ қазишдек гап! Уйда отамлар кези келганда қаттиққўл, ўта талабчан, аммо жуда меҳрибон ва илмга интилишимиз ва ташна бўлишимиз, ўқиб ўрганишдан ҳеч қачон тўхтамаслигимиз кераклигини доимо уқтириб келади.
- Оилада нечта фарзандсизлар? Оилангиз ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсангиз.
- Биз оилада беш фарзандмиз: 2 та укам, 2 та синглим ва мен.
Аёлим - Маҳфуза Мўминова Тошкент архитектура қурилиш институтини битирган. Ҳозирги вақтда мактабгача таълим вазирлигида ишлайди. Фарзандларим 3 та ўғил: Ҳожиакбар, Иброҳим, Муҳаммадзиё. Катта ўғлим 2-курс, ўртанча ўғлим 11-синфга ўтди, кенжам бу йил 1-синфга чиқди. Уларга “Фақат ўқинглар, ҳозир отангга ёки бобонгга ишонадиган давр эмас. Фақатгина билим - ўзингнинг кучинг ва ҳаётдаги ўрнингни топиб беради”, - деб уқтираман ва ҳаётда мустақил бўлишларига замин яратаман.
- Ҳаётда қайси ҳолатлар Сизни кўпроқ ранжитади?
- Ранжитган ҳолатлар албатта кўп бўлган. Баъзида ноҳақ айблашса, инсонни ранжитади. Ҳаётнинг ўзи мактаб. Мен, асосан, етти ўлчаб, бир кесишга ҳаракат қиламан. Баъзида билмасдан ҳам одамнинг қалбига озор бериб қўйиш мумкин. Ҳазрат Алишер Навоий бобомизнинг таъбири билан айтганда, иложи бўлса барчанинг кўнглини шод қилгин, Каъбани обод қилгандек бўласан. Бир кўнгли синиқ кишининг кўнглини кўтариш, шод этиш шу қадар улуғ ишки, бу вайрон бўлган Каъбани обод қилиш билан баробар. Одамнинг кўнгли Каъбага, кўнгил синиқлиги эса Каъба вайронлигига ўхшашдир.
“Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай”.
Бировнинг дилини иложи борича шод айла, кўнглини кўтаргин. Бировга қўлингдан келгунча яхшилик қил. Эртага яхши амалларинг ўзингга икки ҳисса, ўн баробар бўлиб қайтади. Тўғри, яхши инсонга ҳам баъзида тўсиқлар кўп учрайди. Лекин барибир тўғри йўл бизни камолотга, тўғриликка, эзгуликка элтади. Қўлдан келганча Аллоҳдан сўрайманки, имконият бер: оладиганлардан эмас, берадиганлардан қилгин, дейман. Яхши амалларни қиладигандан қилсин. Ҳар бир инсон имкон қадар яхшилик қилиш, яхши ном қолдиришга ҳаракат қилиши зарур. Негаки, вақт тез ўтиб кетади. Эзгулик борасида қанча вақтли ўйласангиз, шунча яхши. Яхшилик қилишга шошилиш керак. Эртага болаларимга нисбатан: “Отангга раҳмат, яхши тарбия берибди, Онангга раҳмат, чиройли билим берибди”, деган гапларни айтишларини истайман.
- Фарзандларингизга нисбатан қандай отасиз? Қаттиққўл ёки меҳрибон?
- Униси ҳам, буниси ҳам. Кези келганда қаттиққўллик қилиб, ортиқча вақтни бекорга сарфламаслигини талаб қиламан. Иложи бўлса, вақтини керакли, фойдали билим олишга йўналтириб, репетиторларга юборамиз. Албатта, биздан ташқари иккита додаси, иккита бувиси бор. Улар ҳам фойдали ва жўяли маслаҳат, ўгитларни беришади.
- Тез тутақиб кетасизми ё оғир-вазминмисиз? Қай даражада кечиримлисиз?
- Мени жаҳлим тез чиқади-ю, лекин тезда ўзимга келиб оламан. Тез тергайман баъзида. Жаҳлимни ўзимда озгина ушлаб туриб, кейин жаҳлдан тушаман. Жаҳл келса – ақл кетади, деган иборани унутмаган ҳолда, ҳар қандай ҳолатда ҳам жаҳлга эрк бермасликка, ақлнинг устун бўлишига интиламан. Ота бўлганингиздан кейингина отанинг нега куюниши, койиши, жаҳли чиқишининг сабабларини тушуниб етаркансиз. Оталар узоқни кўра олишини, фарзандларининг келажагини ўйлаб, қайғуришларини энди англаяпман. Кечиримлиман. Кўнгилчанлигим ҳам бор.
- Ҳар бир актёр-актрисанинг орзу қилган роли бўлади. Агар режиссёрликка қўл урсангиз, қайси асарга мурожаат қилиб, қайси рольни ижро этган бўлардингиз?
- Менга театрда ҳам ҳамкасбларим ва устозларим шу ҳақда жуда кўп айтишди. “Сенда режиссёрликка қобилият бор, режиссёрлик соҳасида ҳам ўзингни синаб кўр”, дейишди. Бироқ, режиссёрликнинг ўзига яраша масъулият, машаққати, жавобгарлиги ҳам бор. Ҳаттоки, Ўзбекистон санъат ва маданият институтида дарс бериш борасида ҳам менга жуда кўп таклифлар бўлган. Лекин мен рози бўлмаганман. Сабаби: педагоглик ҳам қийин. Ундан кейин фильмга бораманми, театргами ёки дубляжгами? Бунга вақт ҳам йўқ. Ҳозир имтиҳонлар қабул комиссиясига ҳам чақиришяпди. У ерда ҳам театримиздан 3-4 киши бор, дейишяпди. Ҳаммаси вақт масаласининг тиғизлигига, барига улгура олишнинг имкони йўқлигига бориб тақалади. Икки қуённинг кетидан бирваракайига қувган овчи иккисидан ҳам қуруқ қолади, дейишади-ку. Бир ишни қилгандан кейин чала-чулпа ё шошиб эмас, кўнгилдагидек қилиб бажариш керак.
- Қайси адибнинг китобларини севиб мутолаа қиласиз?
- Мен, асосан, драматургия билан боғлиқ бўлганим учун, Шекспирни кучли деб биламан. Унда нафақат драматургия, балки давр, замон руҳияти ҳам уфуриб туриш баробарида, замонлар ошса-да муҳаббат, инсонийлик сингари мавзуларининг долзарблиги ўз кучини йўқотмайди. Мерcель Брионнинг “Сохибқирон” номли асарини қайта-қайта ўқийман. Охирги пайтда эса тарихий шахслар, Шайхларимизнинг ибратли йўллари, ҳикматларига оид китобларни кўпроқ мутолаа қиляпман. Шеъриятдан эса, Садриддин Салим Бухорийни ўқийман. Биз, асосан, Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповни мутолаа қилиб, катта бўлганмиз. Ҳозирги замон адабиёт намоёндаларидан Бобур Бобомурод, Сирожиддин Саййид, Иқбол Мирзони ўқиб турамиз. Шунингдек, Жалолиддин Румий, Саъдий Шерозий, Ҳофиз Шерозий, Жамол Камол асарларини варақлаяпман. Жамол Камол ҳам жуда чуқур, фалсафий шеърлар битгувчи файласуф шоир ва ажойиб шахс эканлигига яна бир бор амин бўлаяпман. Шекспирнинг асарларини ҳам қойилмақом тарзда таржима қилган. Унча-мунча инсон Шекспирнинг тил ва услубини ўзбек китобхонларига етказиб бера оладиган даражада моҳирона тарзда таржима қила олмайди. Умуман олганда, ҳамма яхши асарларни мазза қилиб ўқиймиз.
- Мазмунли ва мароқли суҳбатингиз, қимматли вақтингизни ажратганингиз учун ташаккур билдирган ҳолда, Сизни қўшалоқ мукоофотлар билан яна бир бор муборакбод этамиз!
Суҳбатдош – Музаффар МУҲАММАДНАЗАР.
Манба: "БЕКАЖОН" газетаси. 2020 йил.
Актёр ҳақида маълумот: Толиб Мўминов Тешаевич 1971 йилда таваллуд топган. 1994 йили Москвадаги Бутунроссия кинематография институти (ВГИК)нинг драма ва кино актёрлиги бўлимини битириб, ушбу йили Ўзбек миллий академик драма театрига актёр сифатида ишга қабул қилинди.
Т. Мўминов ўз ижодий фаолияти давомида 50 га яқин спектаклларда турфа образлар яратди. Кичик роллардан бошлаб, бош ролларгача маҳорат билан ижро эта оладиган етук санъаткор сифатида шаклланди. Меҳнатсеварлиги, талабчанлиги ва тинмай ижодий изланиши туфайли эл севган актёрлардан бирига айланди. Т. Мўминов театрда саҳналаштирилган "Кулойим” спектаклида Капрал, "Муҳаббат султони”да Қайс-Мажнун, "Уф”да Низомжон, "Қатағон”да Офицер, "Жиноят устида ушлансин”да катта лейтенант Ботир Шукуров, "Соҳибқирон”да Мироншоҳ, "Чимилдиқ”да куёвнинг укаси, "Машраб”да Мулла Соқий, "Кундузсиз кечалар”да Дўст, "Қирол Лир”да Эдгар, "Усмон Носир”да Насрулло Даврон, "Ҳамлет”да Розенкранс, "Макр ва Муҳаббат”да Вурм, "Адибнинг умри”да Ботир, "Ҳасрат боғи”да Ашрафий, "Чегара устидаги уй”да 1-дипломат, "Нексия”да Бозорбой, "Алишер Навоий”да Соҳибдоро, "Талваса”да Турсуний, "Тортадурман жабрини”да Тоживой Исроилов, "Ўзбекча рақс”да Турсунбой, "Оилавий сир”да Ўғил каби ролларни меъёрга етказиб ижро этиб, томошабинлар олқишига ва мутахассислар эътирофига сазовор бўлди.
У кино, видеофильм ва миллий сериалларда ҳам 40 га яқин роллар ижро этиб ўз мухлисларига эга бўлди. Жумладан, "Ал-Бухорий”да Бухорийнинг дўсти, "Шарпа”да Ҳакимжон, "Номус”да Адвокат, "Азизим”да корхона раҳбари, "Қуёши ботмайдиган юрт”да Мухтор, "Роҳила”да Соқов, "Домла”да Офицер, "Кўнгил кўчалари”да Безори бола, "Олис осмон”да спортчи, "Аёл зоти”да офицер, "Музаффар”да Бахтиёр, "Ўч”да Жахонгир, "Ўзганинг онаси”да Рамазон, "Академия”да Лейтенант, "Ҳақиқий эркаклар ови”да Учувчи, “Менинг акам бўйдоқ”, “Алданган аёл”, “Инсон қадри”, “Паризод”, “Муқаддас бурч”, “Энди дадам бўйдоқ”, “Ўзга сайёралик эр”, “Хазина операцияси”, “Ҳасан ибн Ҳусан”, “Балли, Камолиддин!”, “Орзудаги аёл”, “Орзулар қанотида” каби кўплаб фильмларда турли ролларни ижро этган.
Т. Мўминов дубляж санъатида ҳам фаол ижод қилиб, кўплаб кинофильм, мултьфилм ва сериалларга овоз бериб келмоқда.