Далолатнома ёзувларини ўзгартириш, тузатиш, тўлдириш
Далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар киритиш етарли асослар мавжуд бўлганда ва манфаатдор шахслар ўртасида низо бўлмаганда, ушбу ёзувлар сақланаётган жойдаги, агар улар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тузилган бўлса, ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади. Ўн олти ёшга тўлган шахсларнинг туғилганлик, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар киритиш уларнинг аризасига кўра амалга оширилади.
Ўн олти ёшга тўлмаган шахсларнинг туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувига ўзгартиришлар киритиш улар ота-онасининг ёки қонуний вакилларининг аризасига кўра амалга оширилади.
Далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар консул ёки нотариус томонидан тасдиқланган ишончнома ва ариза асосида амалга оширилиши мумкин.
Ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувига тузатишлар киритиш яқин қариндош(лар) ёки меросхўр(лар)нинг аризасига кўра ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади.
Вафот этган шахсларнинг туғилганлик, никоҳ тузиш, никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувларига тузатиш ва қўшимчалар суд қарорига асосан ФҲДЁ органи томонидан киритилади.
ФҲДЁ органининг далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар киритишни рад этиши юзасидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.
Далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар киритиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
– Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни 15-моддаси асосида тарихий ва миллий анъаналарга риоя қилиш мақсадида фамилияси, исми, отасининг исмини ёздириш истаги бўлганда;
– оталик белгиланганда;
– фарзандликка олинганда;
– ота-онанинг ўзаро келишувига кўра (шунингдек ота-она никоҳдан ажратилганда) ёки ҳоким қарорига кўра вояга етмаган боланинг фамилияси ўзгартирилганда;
– миллати ўзгартирилганда;
– никоҳда турмаган она томонидан боланинг отаси ҳақидаги маълумотларни ўзгартириш ҳақида ариза берилганда (бола 16 ёшга етгунга қадар);
– суд қарори билан оталикни белгилаш ҳақиқий эмас деб топилганда, ота ҳақидаги маълумотлар бекор қилинганда ёки фарзандликка олиш бекор қилинганда;
– ота-онасининг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгартирилиши муносабати билан вояга етмаган боланинг фамилияси ва отасининг исми ўзгартирилганда;
– далолатнома ёзувларида имловий хато ва ноаниқликлар бўлганда, шунингдек туғилган вақти, жойи ва отасининг исми ҳақидаги ёзув мавжуд бўлмаганда;
– 16 ёшга тўлмаган боланинг исми ва фамилияси ўзгартирилганда, агар исми ва фамилияси ота-онасининг хоҳиши ҳисобга олинмаган ҳолда берилган бўлса;
– агар далолатнома ёзувида исми қисқартириб ёки эркалатиш шаклида ёзилган бўлса;
– жинси ўзгартирилганда.
Далолатнома ёзувига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги ариза ФҲДЁ органи томонидан, ариза тушган кундан бошлаб 10 кун мобайнида кўриб чиқилиши керак.
Ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги аризага ариза берувчининг илтимоси асосли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари: унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси (ксеронусхаси) ва бошқа зарур ҳужжатлар нусхалари илова қилинади.
Шахснинг унинг туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувида жинсини ўзгартириш жинс ўзгартирилганлик ҳақида тиббиёт муассасасининг хулосаси бўйича амалга оширилади.
Жинси ўзгартирилган шахс унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни бир ой ичида алмаштириш зарурлиги тўғрисида огоҳлантирилади.
Мохидил Бахриддинова,
Андижон вилоят, Булоқбоши туман
ФҲДЁ бўлими мудираси