Ҳуқуқшунос маслаҳати


     Савол: Малака ошириш даврида ходимга хизмат сафари харажатлари тўлаб бериладими? 

    Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Мехнат кодекси 280-моддасига эътибор беринг! Унга кўра иш берувчи, ходим хизмат сафарида бўлган давр ва ходим ишдан ажралган ҳолда ўзи ва иш берувчи учун мажбурий бўлган қайта тайёрлашдан ёки мажбурий малака оширишдан ўтган давр ҳамда бошқа ҳолатларда кафолатли тўловларни амалга ошириши шарт.
    Бундан ташқари, Мехнат кодекси 286-моддасига кўра, иш берувчи қуйидаги ҳолларда ходимга унинг ўз меҳнат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ харажатларни компенсатсия қилиши шарт:  хизмат сафарларида бўлганда,  иш берувчининг йўлланмаси билан касбий тайёргарликдан, қайта тайёрлаш, малака ошириш ва стажировкадан ўтганда.
    Эътибор берган бўлсангиз, Мехнат кодекси 280, 286 ва бошқа моддаларда малака ошириш ва хизмат сафари алоҳида-алоҳида кўрсатиляпти.  Хизмат сафари ва малака ошириш даврида ходимнинг ўртача иш ҳақи сақлаб қолинади.
   Мехнат кодекси 370-моддасига кўра, агар қайта тайёрлаш ёки малака ошириш ихтиёрий равишда амалга оширилса, иш берувчи қайта тайёрлаш ёки малака ошириш вақтида ходимнинг иш жойини (лавозимини) сақлаб туриши шарт. Ходимнинг ўртача иш ҳақини сақлаб қолиш масаласи жамоа шартномасида, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда қабул қилинадиган ички ҳужжатда ёхуд меҳнат шартномаси тарафларининг келишувига кўра ҳал қилинади.
     Аслида хизмат сафари ва малака ошириш бошқа-бошқа тушунчалардир.
   Мехнат кодекси 287-моддасига кўра, хизмат сафари ходимнинг иш берувчи фармойишига биноан доимий иш жойидан ташқарида хизмат топшириғини бажариш учун бошқа жойга маълум муддатга қиладиган сафаридир. Доимий иши кўчиб юриш ёки сайёр хусусиятга эга бўлган ходимларнинг хизмат сафарларига чиқиши хизмат сафарлари ҳисобланмайди. Иш берувчи ходимга Мехнат кодекси 287-моддасида назарда тутилган хизмат сафарлари чоғидаги компенсатсия тўловларини қоплаб бериши бериши шарт.
   Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2022-йил 2-августдаги 424-сон қарорига ИЛОВА “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хизмат сафарлари тўғрисида”ги Низомга кўра, хизмат сафари — ташкилот раҳбарининг буйруғига (қарори, фармойишига) асосан ходимнинг ўзининг доимий иш жойидан бошқа жойга хизмат топшириғини бажариш учун маълум бир муддатга юборилиши
    Мехнат кодекси 367-моддаси 3-қисмига кўра, малака ошириш деганда эса ходимнинг ундаги мавжуд касб ва мутахассислик бўйича ишларни бажаришга тайёрлигини тавсифловчи, ходимнинг касбий билимлари, малакалари ва кўникмалари даражасини такомиллаштириш тушунилади.

     Савол: Малака ошириш даврида ходимга бошқа харажатлар учун ҳам тўлов амалга ошириладими? 

    Жавоб: Мехнат кодекси 290-моддасига кўра, агар иш берувчининг йўлланмаси бўйича ходимнинг касбий тайёргарлик, қайта тайёрлаш, малака ошириш ва стажировкадан ўтиши бошқа жойга кўчишни талаб қилса, ходимга ўқиш жойига бориш ва қайтиб келиш, шунингдек уй-жойни ижарага олиш харажатларининг ўрни қопланади.
    Жамоа шартномасида ёки иш берувчи томонидан касаба уюшма қўмитаси билан келишилган ҳолда тасдиқланган ички ҳужжатда касбий тайёргарлик, қайта тайёрлаш, малака ошириш ва стажировкага юборилган ходимларга яшаш жойидан ташқарида яшаганлик учун компенсатсия (суткалик) тўлови белгиланиши мумкин.
    Бундан ташқари, Мехнат кодекси 370-моддасида иш берувчининг ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга доир ҳуқуқ ва мажбуриятлари, 371-моддада эса касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш чоғида ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилган.
    Демак, Мехнат кодекси 290-моддасига ко'ра, малака ошириш бошқа жойга кўчишни талаб қилса, ходимга ўқиш жойига бориш ва қайтиб келиш, шунингдек уй-жойни ижарага олиш харажатларининг ўрни қопланади.

Б. И. Адхамов –
Андижон вилоят, Бўстон туман 
Адлия бўлими юридик хизмат 
кўрсатиш маркази бошлиғи.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот