ҚАЛБИМДАГИ КЕЧИНМАЛАР


    Бугун  ўғлимни  ўқишга  жўнатдим. Ўзиям нақд бир йилини ўғирладим.  Виждоним қийналяпди.   
   Бир ярим йил аввалги воқеаларни эсладим.

– Ойи, нима учун  айнан шу лойиҳани бошладингиз?

– Беҳруз, 3-7 ёш орасида инсон иммунитети ҳали яхши  шаклланмаган бўлади. Айни шу даврда носоғлом ва  нотўғри овқатлантириляпди болалар. Натижада   касалликлар кўпайиб, миллат саломатлигига жиддий таъсир  қиляпди. Бир  йил ўқимай тур ўғлим. Шу  ишни йўлга қўяйлик. Мен  шифокор сифатида лойиҳанинг  соғломлаштириш қисмига жавоб  бераман. Туркиялик мутахассислар марказлаштирилган овқатлантириш корхонасини ташкил қилишга бош бўлишади. Муродил  тоғанг таъминотда ёрдам бермоқчи. Сен эса ҳаммамиздан иш ўрганасан....

    Беҳруз Анқарада Остим техник Университетининг Халқаро алоқалар бўлимида ўқиса ҳам,  Халқаро гастрономия мактабини тугатган, дипломи бор тайёр мутахассис  эди.  Шунинг учун уни ўқишини тўхтатиб, шу ишга  жалб қилган эдим.  
    Ўғлим рози бўлди. Бир йиллик академик таътил олиб, сафимизга қўшилди. 
   Бир қарасам, чизмалар устида турк ва ўзбек мутахассислари орасида таржимонлик қилаётган, бирда   укамга қўшилиб сувчилар, ёнғин хавфсизлигидан келган мутахассислар билан қурилиш майдонида бўларди. Яна бир қарасам, ҳуқуқшунос, иқтисодчи, ҳисобчи, дизайнерлар даврасида ўз фикрларини айтаётган бўларди.  

– Аяжон, сиз билан фахрланаман. Ҳамма бу зўр лойиҳа деяпди. Энг муҳими – "Турон болалари" номли соғломлаштирувчи менюлари ишлаб чиқилган.   Чарчаманг! Илоҳим, 100 ёшингизда ҳам шунақа шижоатли, ғайратли бўлинг!  

     Ишлари орасида ҳар соатда ҳол-аҳвол сўраб туришни ҳам унутмасди: 

– Бош оғриғингиз ўтиб кетдими?
   Чой  ичасизми?..  

***

– Чарчабсиз. Қаҳва дамлаб берайми? 

***

– Озгина дам олволинг!    

– Биз Муродил акам билан офисда бўламиз. Шу ишингизни охиригача  етказамиз. Бувимникига бориб, ухлаб  олинг. Кўзларингиз киртайиб  қолибди. Рангингиз яхши эмас.  Йиқилиб тушасиз.

***

– Қон босимингиз тушдими?  Тушунишмаса, бўғилманг.    Янгилик-да бизникилар учун. Тўғри айтингиз. Диетолог, нутрициолог, озиқ-овқат технологи, педиатр штати бўлиши  шарт болалар учун мўлжалланган марказлашган умумий  овқатлантириш корхонасида. Музлаткичлар ҳақидаги қарорингиз ҳам тўғри.

***

– Демак, лойиҳада МТМ, ССВнинг ҳудудий  бўлимлари ва оила учбурчаги бор. Ҳар бир болага алоҳида, шахсан ёндашгансиз, тўғрими?  У ёки бу касали бор болаларга мос  парҳез таомлар бўлади. Физиологик параметрлар ҳам инобатга олинади. Шундайми?  

***

– Мияни озиқлантирувчи таомлар деяпсизми? Зўр-ку! Қора ишчи, мардикорлар эмас, ақлли мутахассислар кўпаяр экан-да.  

***

– Ростдан ҳам саратон касалликлари камаядими?   "Саратонга қарши ликобча" деган тавсияларингиз билан боғчадан ташқарида ҳам фақат соғломлаштирадиган таом ейишар экан-да, болалар...

***

    У ҳар  бир ишимни кузатиб, менюларни ўқиб, боладай қувонганча қарсак чалар ва ўз тавсияларини ҳам берарди:

– Ижтимоий тармоқ катта куч. Телеграмм, Инстаграм  титмайдиган онанинг ўзи йўқ. Медиа мутахассислар топиб  бераман. Студия ташкил қиласиз. Кўрсатувлар қиламиз.   Кимёвий заҳарлар қўшилган егуликларни чеклаш  ҳақидаги тавсияларингиз ҳам зўр...  

***

     Афсус. Лойиҳа 99 фоиз битганида, у қўлимиздан кетди.  Ўша  вақтдаги изтиробларимизни сўз билан таърифлаб бера олмайман. 
    Лойиҳани тортиб олгунча "Муаззамхон опа"лаб мулойим мушук бўлиб юрган ҳокимнинг кўзи олма кесак териб, қўрс ва совуқ муомала қила бошлаганини кўриб, ичи менинг қалбимга қўшилиб ёнди боламни.   
   Тўкилиб йиғлаётганимда, кўз ёшларимни артиб, юпатди-ю, ўзининг ҳам кўзлари қизариб юрганини кўрдим  боламни.  
    Бу ишни тушунмай, лойиҳани ўзлаштираётганларга тушунтиришга ҳаракат қилганлари, "Бу лойиҳада энг аввало, миллат соғлиғи ҳақида гап кетяпди. Ўзингизнинг нафсингизни тийинг! Шахсий манфаатларингизни устун қўйманг! Аллоҳдан қўрқинг!", – деб  ялингани,   куюнганларини кўрдим боламни.   
   Жаҳл устида йиртаётган лойиҳа, чизма ва менюларимни яшириб, тинчлантирувчи дори берганча, елкамдан қучоқлаб,  далда  берди у. Тафтини, меҳрини яна минг карра ҳис қилдим боламни.  
    Туркиялик ҳамкорларимиз: "Сенга ишониб келган эдик.   Ҳокимлар мафия эканини айтмагансан. Сармояни сенга ишониб тикканмиз. Пулимиз, вақтимиз кетганига сен ҳам айбдорсан! – деб, менга жаҳл қилганларида, ёнимда тик туриб, зарбаларни қабул қилди.
    Оғзимни очирмай, улардан кечирим сўраганларини кўрдим боламни. 
  Лекин бир оғиз: "Она, нега мени бир йил ўқишдан  қолдирдингиз? Менинг ҳам вақтимни ўғриладингиз-ку!" – деганини эшитмадим.   
   Қайтага, тушкунликка тушиб, қаттиқ касал бўлиб қолганимда далда бериб, янги куч ва ғайрат билан қайта қалқишимга сабабчи  бўлди: 

– Ая, шу ишни бошқа вилоятда, янгидан бошласак-чи. Фақат ҳокимиятни аралаштирмайсиз. Ҳеч кимга ишонмайсиз!  

– Бўлмайди. Ҳаммасини ёқиб, компьютердагиларни ўчириб юборганман.  

– Мен сақлаб қолганман. Йиртилганларни елимлаганман. Ахлатга отганларингизни битта-битта териб, бутлаганман, аяжон.  Фақат сиз  ўзингизга келиб олинг. Шалпайиб қолиш сизга ярашмаяпди. Сиз доим кучли бўлгансиз! Сизни кучли томонларингизни кўриб, сиздан куч олиб улғайганмиз. Қаердаги ўғри, муттаҳам, фирибгар иродангизни синдириб қўяверадими?  Худога солинг, етади. Миллат ҳаққи тешиб чиқади ҳали...  

***

    Кеча у билан сафар олдидан узоқ гаплашдик.   

– Қувасойдаги бир нечта боғча мудиралари билан гаплашдим. Ҳокимнинг гумашталари томатга бўккан турк таомларини олиб келишаётган экан. Болалар емай қўйгач, мудиралар "бир кун ўзбек, бир кун миллий таомлар  бўлсин", – деб талаб қўйишибди. Нонуштага чокотелла, яна бир нарсалар қўшиб беришяпди экан. Ахир бу соғлом меню эмас-ку!

– Ая, ҳалиям Қувасой ҳақида ўйлаяпсизми? Эсингиздан чиқаринг!

– Хоким яна кўп найранглар қиляпди. 

– Қилаверсин! Сизга нима?! Демак, халқ шундай ҳокимга муносиб!  

– У аввал ҳам бошқа лойиҳаларни ўғирлаган экан. Қанча тадбиркорларни чув туширган. Ёнига бир гала ўзига ўхшаган  ҳаромхўрларни тўплаб олган. Вазирлик, прокуратура, ҳатто Президентни ҳам алдаяпди...
    Яна анча ўйинлар бошлаган. Ҳаммани алдаяпди.  

– Алдайверсин! Шунча шикоятингизга бирор идора ижобий жавоб қайтардими? Сизга кимнидир жони ачидими? Вақтини, пулини йўқотган хорижий ҳамкорларингизга сармоядор, мутахассисларингизга бировнинг раҳми келдими? 

– Шу  ишни деб қарзга ҳам кириб қолдим, болам.

– Ўғилларингиз тирик-ку, она!..

*** 

– Ҳокимнинг ҳам сенга ўхшаган ўғли бордир? Ҳаром барибир тешиб чиқишидан, бировнинг ҳаққи буюрмаслигидан,  қўрқмайдими?

    Беҳруз жим қолиб, чуқур хўрсинди. 

– Қўрқмайди-да. Бўлмаса, ҳаромхўр бўлармиди?  

– Ая, сиз анави китобингизни тезроқ охирига етказинг. Буни ҳам лойиҳангизнинг бир қисми, деб тасаввур қилинг. Сиз болаларнинг миясини тўйинтиряпсиз. Асарингиздаги салбий қаҳрамонлар: "Ўзимтўйсамбанк" эгаси – Банкир султон, шайтон, Онкотирранчамиди?  

– Ҳа, – дедим юзимга табассум югуриб.

– Ана, ўзингизга келяпсиз. Сиз ёзаверинг, аяжон. "Соғлом ғоя – соғлом миллат" лойиҳаси бўлади бу!

– Вақтингни ўғрилаганим учун, кечир!

     У кулумсираб, жавоб  қайтарди:

– Менга катта мактаб бўлди бу!      

– Илоҳим, сафарларинг бехатар бўлсин! 
     Ҳамиша Аллоҳнинг паноҳида бўлгин! Дўстга хор, душманга зор, номардга муҳтож қилмасин!

– Омин. Омин. Омин!  
    Фақат, ҳеч кимга кўз ёшингизни кўрсатманг! Айниқса, пасткаш ва номардларга.

– Майли, янаям кучли бўламан. 

***

    Бугун у ўқишини давом эттириш учун Туркияга учиб кетди. Насиб қилса, яна икки йилдан сўнг, кучли мутахассис бўлади. Ўзи айтганидек "Катта мактаб кўрди"...  Бироқ, энди уни Ватанга қайтиб, ҳокимга ўхшаган нафси ўпқонларнинг шахсий томорқасига айланган тупроқларда иш бошлашини асло хоҳламайман.  
   Ундан кўра Робин Гуд каби халқпарвар қароқчи бўлгани дурустроқмикан? Ана ўшанда бизнинг қўрқинчли ўрмонда ҳам адолат бўлармиди? Миллат хоинлари, мансабпараст, очкўзлар сал тўғрироқ яшашармиди? Яна билмадим...

Муаззам ИБРОҲИМОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот