ОИЛАВИЙ ЗЎРАВОНЛИКДАН ЖАБР КЎРГАН АЁЛ


  Орзулари осмонча бўлган Солиҳани (исми ўзгартирилган) мактабни тугатиши биланоқ узатишди. У 2007 йилда Бектош билан турмуш қурди. Бугунги кунда уч нафар фарзанди бор. Аммо оила жар ёқасига келиб қолган...
  Солиҳа турмуш қурганига эндигина уч ой бўлганида, эри Россияга ишлагани жўнаворди. Икки йилдан сўнг Росссиядан қайтганида ҳам қилдан қийиқ ахтариб, Солиҳани уриб калтаклади. Нотинчлик бошланди. Камига Бектошнинг акаси Шерзод, укаси Бегзод ва онаси Қуролойлар ҳам Солиҳани инсон ўрнида кўрмай уни уриб, хўрлашди. Оқибатда келин соғлигидан айрилди. У бу зўравонларнинг устидан қаерга мурожаат қилишни билмади.
  Қайнонаси Қуролой ҳам келинига ва набираларига  тинимсиз тазйиқ ўтказа бошлади. Бу орада қайнона зўравонлик қилиб, Солиҳанинг қўлидан эмизикли боласини тортиб олиб, ўзини уйдан қувди.
  Аёл ноилож Муслима опасиникига паноҳ излаб борди. Уч кундан сўнг Муслима Қуролой билан жанжаллашиб, зўрға болани синглисига олиб берди.
  Ҳовлининг бир томонига Бектош алоҳида икки қаватли, 7 хонали уй қурилишини бошлашни онасига тайинлади. Солиҳа тиним билмасдан усталарга ош-овқатини қилиб берди. Қурилиш 6 йил давом этди.
  Бу орада қайнона келинни уялмасдан усталарга “ўйнаш” қилиб, ўғлига қўнғироқ қилиб, туҳмат қилди. Эр Солиҳага қўнғироқ қилиб “Уйни бўшатиб қўй! Чиқиб кет!” дея куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлади. Шундан сўнг у болаларини олиб, кўзида ёш билан ота-онасининг уйига кетди.
  Солиҳани отаси Ойжон МФЙга чиқиб, вазиятни тушунтиргач, маҳалла оқсоқоли билан биргаликда уларни уйига олиб бориб қўйишди.
  2012 йилда Бектош яна Россия Федерациясига ишлагани кетиб, 2015 йилда қайтди. Сўнгра яна кетди. Уйдаги нотинчликлар давом этарди.
  Солиҳа нима қилишини билмасдан опаларидан маслаҳат сўради. Улар эрининг ёнига борсагина хотиржам яшашни маслаҳат беришди.
  У 2018 йилда бир ёшдан ошган қизини олиб, эрининг ёнига Россияга кетди. Аввалига у Солиҳани яхши кутиб олди. Кейин у телефонда онаси билан гаплашди. Шундан сўнг у яна хотинини уриб сўкиб, хўрлашни бошлади. Бир йил шунақанги нотинчликда яшади. Солиҳа қаерга мурожаат қилишни ҳам билмади. Эри унга дўқ-пўписа қилиб “Миқ этсанг ўлдирвораман, ҳеч ким билмайди. Мафияларга топширвораман, изингни ҳам топишолмайди”, дея калтакларди. 
  Солиҳа бегона шаҳарда қаерга бориб нажот сўрашни билмасди. Ҳар бир куни азобда ўтарди. У ижарахонада унинг овқатини қилиб, кийимларини ювиб, боласига қараб ўтирарди.
  Бектош бўлса кундан-кунга ваҳшийлашиб борарди. Уйга келгач пиво, ароқ ичиб, уни хўрлаб, камситиб урарди. Аёл: “Мен кетаман, уйга жўнатворинг!”, - дея унга ялинарди.
  Бир йил эрининг зуғуми ва калтаклари остида яшади. Россияда ҳам уларни Бектошнинг акаси Шерзод тинч қўймади. Битта хонадонда яшашгани учун ярим кечаси уларнинг ётоғига кирди. Солиҳанинг бўйнига пичоқ тираб, қизи иккаласини ташқарига чиқариб юборди. Эр лом-мим демади.
  Солиҳа қизалоғини бағрига босганча ўша атрофдаги “дом”нинг олдидаги ўриндиқда йиғлаб тонгни орттирди. Тонгда бир рус кишисига йиғлаб ярми русча, ярми ўзбекча қилиб милиция чақириб беришини сўради. Милиция ходимлари келиб, воқеани билгач, эрининг ижарахонасидан паспорт ва кийимларини олиб беришди. Уларга эри ва акаси зуғум ўтказганини айтмади. Тезроқ бу ғурбат уйдан кетишни хоҳлади. Уларга “Такси чақириб беринг,  вокзалга олиб бориб қўйсин”, деди йиғлаб Солиҳа.
 Таксида вокзалга бориб, яхши одамлар кўмагида Новосибирсккача чипта олди. Владивосток шаҳридан Новосибирскка етиб борди. Пули камлиги учун автобусга чиқишга мажбур бўлди. Автобусда 11 кун юриб, Қозоғистонга етиб келди. Қозоғистонни чегарасида эрига кўзи тушиб ажабланди. Бектош уйларига етиб келгунча “ғамхўр ва меҳрибон эркак” ролини қойилмақом қилиб ўйнади.
  Содда ва яхши гапни гадоси бўлган аёл унинг сўзларига чиппа-чин ишонди. Уйларига етиб келишди. Ўша куннинг ўзидаёқ Бектошнинг асл башараси очилди. У ўғлига пул бериб дўкондан ароқ олиб келтирди ва ичди. Кейин йўқ жойдан жанжал чиқариб Солиҳани ўласи қилиб урди.
  Оқибатда соғлиги ёмонлашди. Амаллаб ўрнидан туриб, Кадан посёлкасидаги туғруқхона бош шифокори Д. Норматовага учрашди. Улар Солиҳани текширувдан ўтказишди. Афсуски аёлнинг ҳомиласи золим эрнинг дастидан нобуд бўлганди.
  Солиҳа йиғлаб уйга қайтди. Бектош бўлса уй атрофига бензин сепди. Учта боласини йиғлатиб уй ичига қамади. Ўзи ҳам ичкаридан эшикни қулфлаб олди. Солиҳани ҳовлига чиқариб юборди. У  Солиҳага “Болаларим билан ўзимни ёқвораман! Сен айбдор бўлиб қамаласан!”, - дея таҳдид қилди. 
  Аёл нима қилишини билмай нажот истаб кўчага чиқиб кетди. Хотинини қўрқитиш учун қилинган режа иш бермагач, Бектош хотинини қўлидан судраб уйга қайтариб олиб кириб яна урди. Уни овозини тўрт девор эшитди холос.
  Солиҳани 2019 йилда Бектошнинг укаси Бегзод урганлиги учун уни судга берганди. Маъмурий суд Бегзодни жаримага тортди. Яна бир зўравон Шерзод эса Россияга қочиб кетди.
  Солиҳага эри ва оила аъзолари доим “Ўзингни ос! Ўлдир! Машинани тагига ташла! Сен ҳеч кимга керакмассан!”, - дея тазйиқ ўтказишди.
  Бектош Солиҳани қўрқитиш мақсадида уч маротаба жанжал қилиб ўзини осди. Биринчи осишида усталар қутқариб қолишди. Иккинчисида ўғли кўриб қолиб онасига ва бувисига айтган. Шунда онаси ўғлига “Хотинқулисан! Оссанг осавер ўзингни!”, - дея бақирди. Шундан сўнг у бўйнидаги арқонни ечди.
  Учинчи маротаба эр қўлида хотинини айбдор қилиш учун ёзган хатини кўрсатди. Солиҳа қўрқиб кетганидан қўшниларни чақирди. Битта қўшни югуриб маҳалла оқсоқолини ва дўхтирни чақиртириб келди. Маҳалла раиси Шокир акага келин “Мени айбдор қилиб эрим ўзини осмоқчи. Нима қилай?”, - дея сўради. Оқсоқол “Қўрқманг! Ҳар ким ўлса ўз ажали билан ўлади”, - деди. Шундан сўнг йиғилганлар таркалишди. Эр бўйнидаги арқонни ечди.
  Бектош аёлига “Мен одам ўлдирганман! Қонсираяпман! Сениям ўлдираман! Қонингни ичаман! Бу ерга қамалгани келганман!”, - дея бақириб, бошини деворга уриб, ўзига ўзи шикаст етказадиган одат чиқарди.
 У яна ”Россияга ишлагани кетаман. Алиментга берсанг, сени ўлдираман!”, - дея хотинини уриб, ётоғига, уйи атрофига ва ўзининг устига бензин қўйиб, болалари ва Солиҳани уйга қамади. “Уйга ўт қўяман!” дея қўрқитди. Болаларига отаси “Ўзимни осаман! Хат қолдираман. Аянгни қаматамиз!”, - дейдиган бўлди. Эр болаларни ҳам шафқатсизларча калтаклади. 
  Эри хотинини ертўласига олиб кириб, газ шланкаси билан урди, тепди, сўнг устидан қулфлаб қўйди. Калтаклардан безиган аёл бу ҳақда маҳалла посбони Достонга, участка инспектори Илҳомга бир неча маротаба шикоят қилди. Аммо фойдаси бўлмади. 
  Қайнона Қуролой бошчилигида уч ака-ука Солиҳани 15 йилдан буён зўравонлик қилишиб, калтаклаб, хўрлашди. Қайнона ўз айбини бекитиш учун ҳаттоки келинини “Тилла буюмларимни ўғирлади” дея уни ўғирликда айблаб, доим туҳмат қилди. Солиҳа учта боласи билан Тошкент кўчасида сарсон-саргардон бўлди.
  Солиҳа менга ўз дардини айтганида мен унга Ички ишлар вазирлигига ариза ёздириб, топшириб келгандик. Шундан сўнг Бектош тавба қилиб хотини ва болаларини Тошкентдан олиб кетганди. Аммо у яна эски одатини бошлади.
   Россияга кетишни хоҳлади. Солиҳа унга “Кетмайсиз. Етар шунча юрганингиз. Уйдаги юмушларга қарашинг. Тўққизта молни эплашни ўзи бўлмаяпти”, - деди. Эрга унинг бу гаплари ёқмади. Шунинг учун уни овозини чиқармаслиги учун урди. 
  У уйда яшаган вақтида ҳам молларга ёки томорқага қарамаганди. Уйдаги ишларни ҳам қилмади.
  Аёлини уриб, сўкиб бўлгач, эсига ифторлик қилмоқчи бўлгани тушди. Бозорга бормоқчи бўлди. 
  Солиҳа ҳам бозорга боришини айтди. Аммо у аёлини сўзларини эшитишни истамади. Уни яна уриб онаси иккаласи бозорга кетишди.
  Солиҳа учта фарзандини етаклаб кўзида ёш билан МФЙга борди. У ерда ҳеч ким йўқ эди. Нима қилишимни билмасдан Тошкентда яшайдиган опасиникига йўл олди. Тошкент шаҳрининг Миробод туманига вақтинча “прописка”га кирди. Кейин опасининг маслаҳати билан эридан алимент ундириш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон тумани судига ариза берди.
 Бир ойдан сўнг эри уни излаб Тошкентга келди. Эри уни алдаб, авраб, ваъдалар бериб, уйига олиб борди. Ўзи яна Россияга кетди.
  Бир йилдан сўнг қайтди. Эрига бир аёл тинмай қўнғироқ қиладиган бўлди. Эри аёлидан совий бошлади. Ярим кечаси телефоннинг овозидан уйғониб кетган Солиҳа эрини телефонига қаради. СМС келганини кўрди. Ҳайрон бўлиб СМСни очиб ўқиди. Унда эри билан бегона аёлнинг ҳар хил муҳаббат ёзишмалари чиқди. 
  Эрталаб эрига телефонидаги ёзишмаларни кўрсатиб тушунтириб беришини талаб қилди. Эри “ёлғон”, дея тан олмади. У эрини хиёнаткорликда айблаб уйдан чиқиб кетди. 
  Учта боласини ҳам олиб, Тошкентда яшайдиган опасиникига келди. Эрига қўнғироқ қилиб “Билганингни қил! Мени тинч қўй! Нафратланаман!”, - дея айтди. 
  Кўчириб олган ёзишмаларни, видеоларни кўриб чиқди. Ҳаттоки ўша аёлнинг, яъни Ироданинг телефон рақами ҳам бор экан. Ўша бегона аёлга қўнғироқ қилиб, ундан “Нега Бектош билан ёзишаяпсан?”, - дея сўради. У ёзишмаларини тан олмади. Унга “Исботим бор” дея ёзишмаларини юборди. Қўрққан олдин мушт кўтарар деганларидек у Солиҳага “Жанжал қилаверсанг, сени ажратиб юбориб, уйингга бориб ўтириб оламан! Эрингдан айриласан!”, - дея таҳдид қилди.
  Эр эса Иродага “Сожида билан ёзишмаларингни сақлаб қўй. Чунки у сени судга беради”, - дея тайинлабди. Уйдаги барча воқеалардан у аёлни хабари бор экан. Эр Солиҳага қўнғироқ қилиб “Билганингни қил! Сени ҳеч ким уйдан ҳайдамади! Ўзинг чиқиб кетдинг!”, - дея бақирди.
  2021 йилнинг январида эри ва Феруз Йўлдошев ҳамкорликда “Рустам пластик”МЧЖ ни очишди. Тахминан 40 киши ишлайди. 
  Бектош 12 ёшли ўғли Шоҳрухни мактабга юбормасдан мажбурлаб цехда ишлатди. Солиҳани ва уч нафар фарзандларини умуман уйдан кўчага чиқармади. Эри болаларини ҳам аёвсиз калтаклади. Тошкентга ҳам Солиҳа эрининг калтакларидан қочиб келди. 
  Шундай қилиб Солиҳа учта фарзанди билан кўчада қолди. Яна ҳомиладор. Бироқ бундай нобакор эр билан яшаб бўладими? Қачонгача? Сабрнинг ҳам чегараси борку ахир!
  Солиҳанинг ота-онаси вафот этгач, у нажот истаб акасиникига, укасиникига борди. Аммо улар аёлни ўз уйларига сиғдиришмади. “Нима бўлсанг ҳам эрингникида бўл!” дея ҳимоя қилишмади. МФЙнинг остонасига бир неча бор йиғлаб борди. Афсуски улар ҳам ожиза аёлни ҳимоя қилишолмади.
  Наҳотки Каттақўрғонда шу муштипар аёлни ҳимоя қиладиган, зўравонларнинг танобини тортиб қўядиган бир мард топилмаса. Аёл қачонгача оилавий зўравонликнинг қурбони бўлади?..

Хонбиби ҲИММАТ қизи, журналист.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот