“СОВЧИЛАР...”


                                 “СОВЧИЛАР...”
        Бу йўллар бахтга олиб бормайди...
     
    Халқимизда фарзандлар вояга етгач, яхши хонадон эшигига яхши ният билан   совчиликка боришдек бир гўзал удумлар, ўлмас қадриятлар бор. Қуда-андачиликнинг нозик ва  сирли ришталари худди ана шу тариқа боғланиши аслида  миллатимизнинг  зийнатидир.
    Афсуски, кейинги пайтларда шу қадар “замонавийлашиб” кетдикки... ўзимиз ўзимизга совчи, ўзимиз ўзимизга элчи бўлиб олдик. Ихтиёримизни интернетга топшириб қўйдик. Интернет орқали танишиб, интернет орқали тўй қиладиган даражага етдик.  Ҳеч кимдан сўрамасдан оила қуриб, ҳеч ким билан маслаҳатлашмай ажраладиган  “мустақил” одамга айландик... Бу эса бошимизга не-не савдоларни, турли кўргуликларни солаётганлигини яшириб нима қилдик. “Интернет совчилар”  ҳақида эшитгандирсиз?
    Яқинда “Совчилар” деган телеграм мессенжер гуруҳига кўзим тушиб, тўғрисини айтсам, энг қимматли нарсамизни, ғуруримизни, минг йиллик қадриятимизни йўқотаётганимизни англагандек бўлдим. “Совчилар” гуруҳи шу қадар “оммалашган”ки, буни  унинг 193 мингдан ортиқ  аъзоси борлигидан ҳам билиш мумкин. Баъзи расмий  ижтимоий тармоқлардан бир неча баробар кўплигини айтаман-да. Масалан, “Совчилар” — 193 минг 600  аъзоси бор,  “Тошкент совчилари” — 92 мингдан ортиқ аъзога эга, “Наманган совчилар.уз”— 68 минг 188 та аъзога, “Наманган совчилар”— 46 минг 967 та аъзога эга,  яна бир “Тошкент совчилари”нинг— 45 минг 169  та аъзоси бор, “Ёр-ёр совчилари”  эса — 49 минг 335та аъзога эга. Бундан ташқари, яна “Хоразм совчилари”, “Совчилар.уз” ва яна ҳоказолар, хуллас, ҳар бир ҳудуднинг ўз “совчи”лари  бор...
     Энди бу  мессенжер гуруҳларнинг “ичига кирайлик...”.
    Куёвликка  ёки келинликкка номзодлар учун махсус анкета  тузилганига нима дейсиз?  Унда номзоднинг ёши, миллати, оилавий аҳволи, фарзанди бор-йўқлиги, бўйи, оғирлиги, маълумоти, иш жойи, касби, ҳунари, тўйдан кейин қаерда яшаши, ота-онаси бор ёки йўқлиги, оилавий шароити, оилада нечта фарзандлиги, келин ёки куёв учун ёш чегараси, номзодни ким кўрсатганлиги графалари ва яна аллақанча қўшимча маълумотлар учун изоҳлар ҳам бор.
    Номзодлар ҳақидаги маълумотлар анкетасини ўқиб энсангиз қотиши аниқ. Саволдан тортиб жавобгача ғиж-ғиж хато. Куёвликка номзод 39 ёшли оилали, олий маълумотли,  ҳунари кўп, аммо бирортаси аниқ кўрсатилмаган мана бу жанобнинг қўшимча эслатмасини таҳрирсиз эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз: 
  “Олдин эълонни яхшилаб укинг... Бекорчилар, жиддий нияти булмай шунчаки вакт утказмокчи булганлар хурматингизни билинг, тулик маълумот ва расм билан мурожаат килинг. Келин Аллохни танийдиган булсин, 1-2  фарзанди бор бева аёл булса нур устига нур”.
   Оилали бўла туриб, яна ўзига “овунчоқ” излаётган салкам қирқ ёшли йигит эмас, эркакнинг  замондошимиз эканлигидан афсусланасиз.
    Ўзини бозорга солаётган йигитлар  кимлар?
   Биз йигитларни ҳамиша мардлик ва жасорат тимсоли, Ватан ҳимоячиси, ҳеч бўлмаганда оила суянчи, деб билганмиз. Шу фазилатлари учун уларга ҳурматимиз, ихлосимиз баланд. Энди-чи, бугун ўзини бозорга солиб, ҳар хил оила савдоларини ўйлаб  топаётган, орсиз, ғурурсиз, ҳамиятсиз йигитлар “замонамиз қаҳрамони”га айланди. Улар қачон ва қаердан  пайдо бўлганини,  инсон шаъни, оила шаъни шу қадар арзонлашиб кетганини наҳотки сезмай қолдик? 
    Энг ачинарлиси, ўзини бозорга солиб, келин излаётган куёвликка номзодларнинг кўпчилигининг на бирор касби бор, на бирор ҳунари.
    Яна бир куёвликка номзоднинг эслатмасини қаранг. Уни ҳам айнан таҳрирсиз кўчирдик: “Илтимос муомлали ва чиройли айол кидирвомман сохтала семила ва тиламчила йозмеле”.
     Эслатмаларда расм ва овозли хабар қолдириш орқали танишиш талабига алоҳида эътибор  қаратилган. 
    Яқин-яқинларда ҳам куёвнинг ота-онаси ва ҳатто яқин қариндошлари келиннинг юзини кўрмаганлигини эслаб, бугунги бепардаликка нима деб баҳо беришни билмадик. Бошқа давлатда ёки шаҳарда ўқиб юрган чоғида ота-онасидан сўроқсиз, келин танлаган йигитлар агар энг ақлли, билимли, фаросатли, тарбияли қизни танлаган тақдирда ҳам, эҳҳе қанча маломатга қоларди. “Маҳаллада дув-дув гап” фильми эсингиздами? Азимжон Москвада ўқиб юрганида ўзи билан бирга ўқийдиган тошкентлик архитектор қиз Азизахонни танлагани учун онаси Меҳринисо ая “Мен энди маҳаллада қандай бош кўтариб юраман, бу энди маҳаллада дув-дув гап бўлади...” деб  ўғлидан ранжиб, қанча кўз ёш тўккан эди...

Ҳамма бахтли бўлишга ҳақли...

    Бахт ўзи нима? Бахтли бўлиш ҳашамлару, бойликларда-ми? Ёки ўз майлига эрк бериб “Бу дунёга қайтиб келмайман, ўзим билганимча яшашим керак...  Одамларнинг гаплари менга бир пул” деган  нотўғри йўл,  калтабин ақидада-ми?
     “Совчилар”да ўзини реклама қилаётган келинликка номзодлар ҳам анойи эмас. 20 ёшли қиз аллақачон турмушга чиқиб, ажралишга ҳам улгурган. Шароити зўрлиги, кўриниши 100 фоиз чиройли эканлиги ҳақида изоҳ қолдирган ҳали она сути оғзидан кетмаган мана бу “узбечка” қизга ҳаётнинг маъноси нимада эканлигини тушунтиришга ҳожат борми? Унинг сўзларини ўқиб, ўзингиз баҳо беринг: (Assalomaleykum tuzumisla iltimos bekordan bekor bezota qmela voxti op malumot I rasm tawela bomasa jovob berilmidi spam xamani baxtni bersn).
   Яна бир келинликка номзод эса 3 нафар фарзанди билан бу арзон  “бозорга” чиққан... Ота-боболаримиз муқаддас қўрғон деб қадрлаган бу бахт уйи, бу ор-номус, бу шаън ва ғурур  ватани — ОИЛАни қачон бу қадар оёқости бўлишига йўл қўйдик?  
   Тўғри, ҳамма бахтли бўлишни истайди. Ҳамманинг бахтли бўлишга ҳаққи бор. Аммо  бу орсиз кўчалар,  бу ғурурсиз  йўллар бахтга олиб бормайди... 
                                   
 Маруса ҲОСИЛОВА,
“Инсон ва қонун” мухбири.
2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот