ЯШАШ яхши, яхши яшаш ундан ҳам яхши, дейишади. Яхши яшашни ҳамма ҳам ўз қаричи билан ўлчайди. Кимдир бу бахтни ўз оиласи бағрида, ўз ватани тупроғида, деб билса, яна кимдир шоҳона ҳаёт илинжида хорижда ишлаб, пул топишни афзал билади. Аммо ҳар ерда бор тошу тарози, деганларидек, хорижда ҳам тиллодан тахт ясаб қўйилмаганлигини англаганингизда эса кеч бўлади. Албатта, меҳнат қилиш ҳар кимнинг шахсий ҳуқуқи. У қаерда, қандай амалга оширилишига дахл қилишдан йироқмиз. Фақатгина, меҳнат ҳуқуқларингиз бузилмаслигини истаган ҳолда, хорижда ишламоқчи бўлсангиз қонуний йўлдан боришингизни, яна ҳам соддароқ қилиб айтсак, шартнома асосида, ҳуқуқларингиз кафолатланган жойда бошингизни мағрур тутиб ишланг, демоқчимиз холос. Чунки бугун одам савдоси жиноятидан азият чекаётганлар, уларнинг тўрига алданиб тушиб қолаётганлар сон кўрсаткичи, афсуски, дунё бўйлаб тобора ошиб бормоқда. Тўғри, бу борада давлатимизда тўғри олиб борилаётган чора-тадбирлар эвазига одам савдосидан жабрланганлар сони камайган. Аммо ҳануз соддадил инсонларимиз уларнинг домига тушиб қолмоқда. Замонавий қуллик ҳақида шунчалик кўп гапирилса, бонг урилса ҳам алдов домига тушиб қолаётганлар, энг ёмони, баъзан бундай манфурликларни ўз яқинлари томонидан содир этилаётганлиги ҳам ачинарли ҳолат.
Куни кеча интернет орқали бир аёл унга хориждаги меҳмонхонада иш таклиф қилишаётганлигини ва бу меҳмонхона ҳақиқатда бор ёки йўқлиги, у ерда ишлаш бўйича маслаҳат сўраган постга кўзим тушди. Огоҳликнинг яхши йўли. Одам қаерга, нимага, қачон бориши кераклигини, бу ишончлими ёки алдов эканлигини билиши ҳозирги кунда қийин эмас. Чунки айнан хорижий миграция масаласи билан шуғулланувчи мутасадди органларнинг ҳамиша фуқаролар учун эшиги очиқ. Қолаверса, ижтимоий тармоқлар орқали ҳам сўровлар, саволлар қабул қилинади. Жумладан, migration.uz, advice.uz сайтлари сизга яқин кўмакчидир. Давлат идорасига боришга эринсангиз, интернетдан фойдаланишни истамасангиз, ҳеч бўлмаса маҳаллангиз идорасига бориб сўранг, матбуотни варақланг, хуллас огоҳ бўлинг. Азиз жонингиз омон бўлсин, деймиз. Қуйида одам савдоси жабрдийдаларининг тақдирини эшитиб, ёзиб олаётиб қалбимиз ларзага келди. Бундай тақдир бошқа бир содда ҳамюртларимизнинг ҳаётида такрорланмаслигини истардик, шу сабабли сизга ҳам сабоқ бўлсин, деб илиндик (исм шарифлар ўзгартирилган).
Етти кун
Замира. Оилали. Икки нафар фарзанди бор. Ўғлига ҳадемай тўй қилиш арафасида. Ўқимишли, зукко ва ўта сезгир аёл. Бундай аёлни одам савдогарлари қўлида ўйинчоқ бўлади, деб ким ҳам ўйлайди, дейсиз?
У нуфузли ташкилотда ишларди. Оиласи катта. Ҳам иш, ҳам уй юмушларига улгуриш қийинлиги учун Рашида исмли қизни уй юмушларига қарашади, деб ишга олди. Рашида кўринишидан беозор, саранжом-саришта, гап-сўзга уста қиз. Хуллас, нима қилса қилди-ю, Замиранинг кўнглидан чиқди, унинг ишончига кирди. Замиранинг Рашидага меҳри ошаверди. Рашида кунора қўл телефонидан гўёки хориждаги қариндошларига қўнғироқ қилиб гаплашар, уни ҳам ёнларига чақириб олишларини сўрарди. Замира бу сўзлашувларга гувоҳ эди. Орадан бир неча ой ўтгач, Рашида хорижга ишга кетаётганлигини, у ерда бола парваришлашини, бунинг учун унга 700 АҚШ доллари тўлашларини айтиб қолди. Замирага бу хабар оғир ботди. Чунки бу қизга ишонарди, унга қаттиқ боғланиб қолган эди...
Хорижга учиб кетган Рашида орадан ҳафта ўтар-ўтмас Замирага қўнғироқ қилиб, уни соғинганлигини, бу ерлар жуда гўзал эканлигини, ҳатто Замирага ҳам иш топиб қўйганлигини айтади. Замира кутилмаган таклифдан эсанкираб қолади. Тўғриси, шунча пулнинг зарари борми? Ўғли уйланадиган, ёрдам бўлар? Қолаверса, тўрт-беш ой ўтади-кетади. Рашида ишончли қиз. Синовидан ўтган, ўзининг одами бўлса. Шу хаёллар билан Замира тонггача ўйланиб чиқди. Сўнг турмуш ўртоғини ҳам кўндирди. Аммо Замира юқорида айтганимиз каби жуда мулоҳазали, синчков ва зукко аёл эмасми, огоҳликни қўлдан чиқармади. Шу сабабли аввал Рашиданинг водийдаги қариндошлари билан учрашиб, маълумотлар тўплади. Сўнг эса хорижда асқотади, деб ҳуқуқ-тартибот идоралари телефон рақамларини ён дафтарига муҳрлади.
Хорижда уни Рашида кутиб олди. Самолётдан тушган ҳамоно Замира ҳеч кимга билдирмай атрофни суратга тушира бошлади. Айниқса, маълумотлар, жой номлари келтирилган ҳудудларни кўздан қочирмади. Балки юраги сезгандир. Йўлда Рашида унга бу ерларда юқумли касалликлар тарқалганлигини, шу сабабли эмлаш олиши кераклигини айтади. Улар кичик бир дорихонага ўхшаш жойга киришади. Ва Замиранинг томиридан укол жўнатишади. Шу билан Замиранинг қора кунлари бошланади. У уйғонганда бир нечта эркакларга сотиб юборилганлигини билади. Рашиданинг юзидаги ниқоби ечилганди. Замира карахт аҳволда ундан ҳаммасини тушунтиришини ва бу ўйинни дарҳол тўхтатишини сўрайди. Аммо Рашида унга кечаси телефонда олинган тасвирларни кўрсатиб, буни турмуш ўртоғига юборишини айтиб қўрқитиб, бадалига шу ерда “хизмат” қилишини шарт қилиб қўяди. Замиранинг бошқа иложи қолмади. Кўнмаса оиласи бузилади, қолаверса, бу ердан қочиб кетишнинг сира имкони йўқ. Паспорти ҳам Рашидада. Замира шу тариқа ўзини Рашидага топширгандек тутади ва бу тутқунликдан қутилишнинг пайига тушади. Ҳар бир онни имкони борича телефонга муҳрлаб боради. Бир куни Рашиданинг сумкасидан паспортини ўғирлаб, тўртинчи қаватдан парда, чойшаб борми ҳаммасини бир-бирига маҳкамлаб, иккинчи қаватгача тушиб олади. Кейин эса ерга сакрайди. Шу тариқа амаллаб ҳуқуқ-тартибот органларига қўнғироқ қилади ва улардан ёрдам сўрайди. Тезкор ҳаракатлар туфайли уч кун ичида Ўзбекистонга қайтишга муваффақ бўлади.
Аммо уни ўз юртида ҳам қувонч билан кутишмаётган эди. Боиси, у йўлга чиққанида орқасидан телеграм орқали беҳаё тасвирлари ҳам турмуш ўртоғига етиб келган эди. Оила бузилиб кетди. Ўғли онасини тан олмади. Уйидан ҳайдаб солишди. Хуллас, аёл ҳам ишидан, ҳам оиласидан, энг ёмони, обрў-эътибори, шаънидан айрилди. Маҳалласида яшолмай, бош олиб чиқиб кетди. Булар кутилмаганда содир бўлди. Ахир, унинг хорижга бориб-келганига етти кунгина бўлганди-да. Баъзан одамлар билиб, огоҳ бўлиб ҳам алданиб қолаверар экан-да...
Дардимга даъво истаб боргандим...
Малика опа 40 ёшда. Руҳий хасталикка учраган. Кўзлари бир нуқтага термулганча илинж кутади. Йўқ илинж эмас, назаримда, фарзандини кутади. Даста-даста гуллар ҳам, ёқимли мусиқалар ҳам унга татимайди. Табассумни бутунлай унутган...
Оғир хасталикка чалиндию, оиласидан ҳаловат қочди. Оиласи ўзига тўқ. Топармон-тутармон турмуш ўртоғи қўлидан келгунича унинг кўнглига қаради. Дори-дармонларни узмади, даволатди. Шифокорлар унга хориждагина қилинадиган ўта ноёб уколни тавсия қилишди. Чиқмаган жондан умид. Улар рози бўлишди.
Куз ойларида аёл хорижга муолажа учун жўнаб кетди. Қайтгач ўзини жуда яхши ҳис қилди. Шу боис кейинги йили ҳам, албатта, борадиган бўлди. Муддат ҳам тезда келиб қолди. У онаси билан бирга муолажага борадиган бўлди. Манзилга етгач, шифокорлар укол ўн кундан кейин келтирилиши, унгача кутишлари кераклигини айтишди. Шу орада улар касалхонада ишлайдиган ўзбек аёлга дуч келишди.
— Меҳмонхона қиммат. Истасангиз менинг уйимда туринг. Бир юртдан эканмиз. Сизларга чин кўнгилдан ёрдам бермоқчиман. Фақат ойингиз кекса экан. Бу ернинг ҳавоси ёқмаслиги мумкин. Уларни Ўзбекистонга қайтариб юборсак, мен сизга ўзим кўз-қулоқ бўлиб турардим, — деди аёл.
Малика опага бу таклиф маъқул келди. Онасини уйга қайтариб юборишди. Ўша куни кечаси унинг сувига таблетка аралаштириб беришди. Шу кундан эътиборан у ҳам ёвузлар тўрига илинди. Дардманд аёл ваҳшийларча калтакланди, фоҳишаликка мажбурланди. На муолажадан дарак бўлди, на ўз ватанига қайтишдан умид бўлди. Унга ҳам ортга қайтса видеодаги беҳаё тасвирларни тарқатиб юборишларини айтиб, қўрқитишди. Хуллас, аёлнинг соғлиғи бутунлай издан чиқди. Кераксиз матоҳдек бўлиб қолгандан кейин чўрига айлантиришди. Ахийри, ишга ҳам яроқсиз бўлиб қолгандан кейингина уйга қайтаришди. Аёл самолётга кўтарилгандаёқ, оила аъзоларига беҳаё видеолар етиб келди. Оиласи уни уйига киритмади. Эшиклар танбаланди. Фарзандлар юз ўгирди. Шу сабабли аёл ҳар куни оғриқли хотиралар гирдобида яшайди. Ҳар куни тақдирини қоралаб йиғлайди. Кўзлари йўлда. Лекин унинг қалбига қўйилган қулф эшиклари очилишига умид йўқ.
“Тирноғимизгача юлиб олишган эди...”
Сарварнинг деярли ҳамма маҳалладошлари қўшни давлатга ишлашга кетган. У билаклари кучга тўлган йигит бўлди. У ҳам яқин ўртоғи билан хорижга ишга кетмоқчи бўлди. Уларнинг жонига бир кўча нарида яшовчи Нозим ака оро кирди. Чунки у бу борада тенгги йўқ “даллол” эди. Йигитлар ҳужжатларни тайёрлаб, йўлга отландилар. Уларни ҳувиллаган, совуқ ва нурсиз бир хонадонга жойлаштиришди. Паспортларини олиб қўйишди. Бу ердаги “тартиб-қоидаларни” обдон тушунтиришди. Хуллас йигитлар лимонарияда ишлайдиган бўлишди.
Ҳар куни бир буханка нон ва рангги ўчган чой уч маҳал овқат ўрнига бериладиган бўлди. Йигитларнинг силласи қуриди. Улар ҳеч бўлмаса бир ойлик маошларини олиб, уйга қайтиб кетишни мўлжаллашди. Аммо бир ой ўтди ҳамки на маошдан, на тузук овқатдан дарак бўлмади. Бош кўтарган борки ўз жазосини олаверди. Энг ёмони, кимки ҳаққини талаб қилса, кўпчиликнинг олдида қийноққа солинарди. Сарварнинг хотирлашича, кимда ким иш ҳақини сўраса ёки қочишга уринса, электр токи столига ўтқизиларди. Бу “маросим” ҳамманинг гувоҳлигида, уйқуга кетиш арафасида бошланарди. Кунбўйи очлик азоб берган, камига ишлаб чарчаган йигитларни руҳини синдириш, қўрқитиш учун қилинган бу томоша ҳам етмагандек, “қайноқ сув терапияси”, ҳатто йигитларнинг оёқларидаги тирноқларигача шилиб олишарди. Энг ёмони ким қочса итдек отиб ташлашарди. Ўлганларни ҳеч ким изини тополмасди.
Сарварнинг яқин ўртоғи бу ноҳақликларга чидолмади. Шу сабаб қочишга қарор қилди. Икки дўст ўзаро келишиб, пайтини пойлаб ётоқларидан қочишнинг уддасидан чиқишди. Аммо буни пайқаб қолган уй эгалари (бақувват, барзанги йигитлар) ортидан тушишди. Совуқ қиш. Устларида юпун кийим, қорни оч йигитлар фақат чегара томон югуришарди. Ерлар музлаган. Қоронғу. Улар қўлга тушса, ўлим муқаррар. Тирик қолиш илинжида тупроқлардан уюм ясаб, беркинишди. Уларнинг олдида охирги синов қолганди. Чегарадан ўтиб олиш. Аммо бунинг учун сув кечиш керак эди. Қаҳратоннинг қаҳридан сув ҳам музлаганди. Улар таваккал қилиб ўзларини сувга отишди. Томири тортишиб қолган Акмал таслим бўлишга, у ердаги қийноқдан кўра танаси балиқларга ем бўлишига ҳам рози бўлди. Кийимлар музлагани сари сув қаърига тортарди. Сарвар дўстини маҳкам тутди. Амаллаб сув сатҳига чиқиб олишди. Ўзларини чегарачиларга топширишди. Чегарага етганда ўзларини сувга отмай, тўғри бориб бўлган воқеани айтиб беришса бўлмасмиди, деб ўйлагандирсиз? Аммо уларнинг миясига чегара ҳақидаги тушунчалар бутунлай бошқача қуйилганди. Гўёки бу ерда уларни отиб ташлашади ёки қамашади, деб сингдирилган, қўрқитилган эди. Шу сабабли улар чегарани бузиб ўтмоқчи бўлишганди...
Сарварнинг оёғидаги тирноқлари неча йиллар ўтиб эндигина ўсишни бошлади... Оғриқлари, кўрган қора кунлари эса юрагида бир умр чандиқ бўлиб қолди.
Қизини сотган она
Насибанинг оиласи ҳеч тинчимади-тинчимади. Кунда-кунора уйига аразлаб келади. Турмуш ўртоғининг сабри тошдан экан. Оиласи бузилишини истамади. Неча марта керак бўлса шунча қайнотасининг уйига бошини эгиб бориб аёлини, боласини олиб келаверди.
Афсуски, қизнинг оиласи ҳам тинч эмас. Онаси қинғир йўлдан юрганига анча йиллар бўлганди. Хуштори қўшниси. Унинг қизини тергашга вақти ҳам, хоҳиши ҳам йўқ эди. Нима бўлса ҳам қизининг ажралишини истарди. Шундай кунлардан бирида Насиба яна аразлаб уйига келди. Онаси унга яқин дугонасининг уйига меҳмонга чақирганини, поездга чиптани ҳам ўзи олиб беришини, борса бироз чалғиб келишини айтади. Шу тариқа она-бола ва Насибанинг икки ёшга тўлмаган қизалоғи йўлга отланишади. Поезд тўхтаганида она бироз набирасини айлантириб келишини айтиб тушиб қолади. Шу кетганича қайтиб келмайди. Поезд юра бошлайди. Насиба хавотирда у ер бу ерга аланглайди. Ўзини юриб кетаётган поезддан отмоқчи ҳам бўлади. Аммо уни кейинчалик исми Розалия эканлиги маълум бўлган аёл тўхтатиб қолади ва бирдан мақсадга кўчади. У Насибани 800 АҚШ долларига ўз онасидан сотиб олганлигини, эвазига “хизмат” қилиб бериши кераклигини айтади. Қиз табиийки ишонмайди. Қандай қилиб, онаси, ўз онаси-а, бу ишни қилолмайди-ку, ахир?! Розалия унга онаси билан ўзаро савдолашган видеотасвирни қўйиб кўрсатади. Шундан сўнг жим бўлишини, акс ҳолда поезддан итариб юбориб, буни бахтсиз ҳодисага йўйишини айтади. Шу тариқа қизнинг азобли кунлари бошланади.
Совуқ ўлкалардан бирига олиб борилган Насибанинг вазифаси эркакларнинг “кўнглини овлаш” эди. Аммо у бунга кўнмади. Ўғилбола сифат, бақувват, қўполлиги сабаб у бошқаларда “қизиқиш” уйғотмади ҳам. Шу сабабли уни хизматкорликка қўйишди. Исноддан кўра, меҳнатни устун билиб, улар нима, деса шу топшириқни қилиб юраверди.
Қизлардан бири билан ўралашиб қолиб қамалишгача борди. Аммо ўзининг ҳулқи билан намуна кўрсатиб, ўша ердаги қамоқхона ходимларининг ҳам меҳрини қозонди. Хуллас, қамоқхона ходимларининг ёрдамида амаллаб ўз ватанига қайтди.
Уйига келганида қизи анча катта бўлиб қолганди, уни танимади ҳам. Отаси вафот этибди. Бунга онаси ва синглиси сабабчи бўлибди. Онасининг хуштори синглиси билан ҳам “дон олишиб юриб”, ҳомиладор бўлиб қолганида ўз отасига тўнкаб вазиятдан чиқиб кетмоқчи бўлишади. Ота судгача боради. ДНК текшируви ўтказилишига оз қолганда, иснодга чидолмаган ота вафот этди. Ҳақиқат ошкор бўлди. Аммо кеч бўлганди. Шу тариқа қиз барча кўргуликлар учун онасидан жавоб кутади. Уни судга беради. Аммо бироз ўтгач ишни кўрмасдан қолдиришни сўрайди.
Хуллас, оиласидан, онасию, синглисидан ажралиб, камига хўрликларни бошидан ўтказиб ҳеч қаерга сиғмай қолган Насиба руҳий зарбалар олиб, армонлар гирдобида яшаб келмоқда.
Эътибор қилган бўлсангиз, юқоридаги ҳолатларда жарбдийда аёлларнинг ҳеч бирини оиласи қабул қилмади. Кечирмади. Ҳайдаб солишди. Улар билан яшашни ўзларига иснод, деб билишди. Нафратланишди. Ўзи етарлича хўрликларга дош бериб зўрға ватани остонасига қайтган инсонлар энди нима қилади? Ким уларда ҳаётга бўлган ишончни қайтаради. Дунёда яхшилик борлигига ишонтиради? Яқинлар юз ўгирган шундай ҳолатда уларнинг кимга кераги бор? Қарангки, давлатимиз бундай инсонлар ҳақида ҳам қайғурар экан. Умиди сўнган инсонларга илинж, янги ҳаёт бериб, саломатлиги ҳақида қайғуриб, келажакка ишонч уйғотар экан. Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация маркази айни шундай мақсадни ўз олдига қўйган. Унинг ташкил этилганига 10 ноябрда ўн йил тўлади.
Ушбу саховат маскани билан яқиндан танишиш учун марказга бориб кўрдик. Марказда Тиббиёт фанлари номзоди, доцент, олий тоифали шифокор Осимжон Қосимов билан учрашдик. — Марказимиз дунёда ягона. Тўғри бу каби марказлар кўп давлатларда бор. Аммо уларда одам савдосидан жабрланганлар ўз ҳисобидан реабилитация ёрдамини олади. Марказимизда эса барча хизматлар давлат томонидан бепул ва беғараз кўрсатилади. Шунингдек, яна бир хайрли ишни бошладик. Эндиликда, марказнинг ўзида уч хил йўналишда ўқув курслари олиб бориладиган бўлди. Булар тикувчилик, пазандачилик ва сартарошлик каби йўналишлардир. Мазкур курслар якунида сертификат берилади. Ҳатто, жабрдийдаларнинг келгусида иш фаолиятларини бошлашлари учун хайрия сифатида керакли асбоб-ускуналар ҳам ажратилади, — деди Осимжон Қосимов.
Марказнинг асосий вазифаси, одам савдоси жабрдийдаларини қулай яшаш ва шахсий гигиена шарт-шароитлари, шунингдек, озиқ-овқат, доривор воситалар ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш, кечиктириб бўлмайдиган тиббий, психологик, ижтимоий, юридик ва бошқа ёрдам кўрсатиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, қариндошлари билан мулоқот ўрнатишида кўмаклашиш, ижтимоий реабилитация қилишда кўмаклашиш, шахсий ҳаёт ва шахси махфийлигига риоя қилиш ва бошқа қатор муҳим вазифаларни ўз ичига олган. Марказ — 30 ўринга мўлжалланган.
Шу тариқа суҳбатимиз марказ фаолиятига оид савол ва жавобларга уланди. Қуйида сизу бизга қизиқ бўлган саволларга жавоб топамиз.
Марказда қандай хизматлар кўрсатилади?
— Кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам;
— Психологик ёрдам;
— Юридик ёрдам;
— Ижтимоий ёрдам кўрсатилади.
Ўтган даврда марказ томонидан ижтимоий аҳволи оғир, кам таъминланганлиги оқибатида ўз касбида ишлаши учун зарур бўлган жиҳозлар ва асбоб-ускуналарни харид қилишга моддий томонлама қийналган жабрдийдаларнинг 17 нафарига Халқаро миграция агентлиги ҳамкорлигида тикув машиналари, сартарошлик, қандолатчилик жиҳозлари, устачилик анжомлари ва чорва моллари мурувват сифатида топширилди. Касб-ҳунари бўлмаган 3 нафар аёл “Машҳура” ўқув марказида бепул ўқитилди.
Бундан ташқари, марказ ходимлари томонидан уларнинг маънавий ҳордиқ олишлари учун пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойлари, жумладан, музейлар, хиёбонлар, масжид-мадрасалар, кино ва театрлар, ёзувчиларнинг уй кутубхоналарига ҳам мунтазам саёҳатлар уюштирилади.
Ушбу марказга қандай мурожаат қилинади?
Одам савдоси жабрдийдаларини Республика реабилитация марказига жойлаштириш одам савдоси жабрдийдаларининг ихтиёрий хоҳиши ҳамда реабилитация марказининг директори, ички ишлар органлари ҳамда васийлик ва ҳомийлик органлари вакиллари томонидан қабул қилинадиган қўшма қарор асосида амалга оширилади. Одам савдоси жабрдийдалари Республика реабилитация марказига ўттиз кун муддатгача жойлаштирилади. Зарурат бўлганда одам савдоси жабрдийдаларининг яшаш муддати уч ой муддатгача узайтирилиши мумкин. Агар одам савдоси жабрдийдаларининг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилса, яшаш муддати кўрсатиб ўтилган жабрдийдаларни ҳимоя қилиш учун зарур, деб ҳисобланган даврга узайтирилади.
— Одатда, жабрдийдалар руҳий азобланган, зўравонлик қурбонига айланиб батамом ишонч туйғусини йўқотган ҳолда келишади, — дейди марказ психологи Тамара Бутаева. — Уларга яхши кунлар олдинда эканлиги, келажакда жамиятда ҳам ўз ўрнига эга бўлишларини, ҳар қандай вазиятда ҳам умидларини сўндирмасликлари кераклигини, энг муҳими, ўзларини ёлғиз ҳис этмасдан ўзларига бўлган ишончни қайта тиклашга кўмаклашиш каби вазифаларни бажаряпмиз ва бунга жамоамиз билан астойдил ҳаракат қиламиз. Шунингдек, жабрдийдаларнинг оиласи, яқинлари билан муносабатларни тиклашга кўмаклашамиз, энг муҳими, уларни ёлғиз қолдирмаслигимизни ҳис этишлари учун ҳаракат қиляпмиз. Уларга ҳали яхши кунлар олдинда эканлигини, ҳар қандай вазиятда ҳам умидни сўндирмаслик кераклигини тушунтириш, бунга ишонтириш осон эмас. Марказимиз ахил жамоаси шу ишни уддалаяпти. Балки шунинг учундир марказда реабилитация ёрдамини олган инсонлар бизни кўп йўқлаб келишади. Уларнинг кўзларида ҳаётга бўлган ишончни кўриш бизга куч бағишлайди.
Марказга борганимда бино оппоқ кўринишда эканлиги диққатимни тортди. Оқ кўнгил инсонлардан умидсиз нигоҳларга нур улашиш, келажакка ишонч, қатъият бағишлаш учун мажозий маънода шундай қурилганлигига амин бўлдим. Беғараз, холис кўмаклари учун Марказ мутасаддиларига газетамиз орқали самимий раҳмат, дегим келди.
Сиз азиз муштарийларимизга эса олисларда олов тафти йўқлигини яна бир бор эслатиб қўйишни жоиз, деб билдик.
Дилфуза ЭРГАШЕВА,
“Инсон ва қонун” газетасининг мухбири.
2019 йил.