ЁНАЁТГАН АЁЛ


ЁНАЁТГАН АЁЛ ЁХУД НАМАНГАНДАГИ ФОЖИА САБАБЧИЛАРИ КИМ?

   Жорий йилнинг 30 сентябр куни ижтимоий тармоқларда Наманган шаҳрида истиқомат қилган 35 ёшли Гуландом Дедабоеванинг  29 сентябр куни ўзига ўт қўйиб, ҳалок бўлганлиги ҳақида тарқалган видеокўпчиликни ларзага солди, десак муболаға бўлмайди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, марҳума бундан икки ярим йил муқаддам сотиб олинган уйидан мажбуран чиқармоқчи бўлган МИБ ходимларига шу тариқа ўз норозилигини билдирган.Албатта, мавжуд муаммога шу тарзда ечим топишга уринмоқчи бўлган аёлнинг ўз жонига қасд қилишини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Аммо унинг ўзини ўлдириш даражасигача етказганлар ва охирги нуқтагача томошабин бўлиб турганларни ҳам ҳақ деб бўлмайди.Нега икки йилдан буён давом этиб келаётган бу низога дастлаб маҳалла фаоллари ёрдамида ечим топишнинг иложи бўлмади, деган савол туғилади.

СУИҚАСДМИДИ ЁКИ  ИЛТИЖО?

   Мазкур видеода аёл ёлғиз ўзи икки фарзандини катта қилаётганлигини, минг машаққатлар билан чет элларда ишлаб топган пулига олган уйи сохта ҳужжатлар билан унга сотилганлигини, фирибгардан пули ундириб берилиши ҳақида суд қарори чиққан бўлсада, ҳанузгача МИБ ходимлари бу ундирувни амалга оширмай, аксинча ундан бу уйдан чиқишни талаб қилаётганлигини, унинг борадиган жойи йўқлигини агар пули ундириб берилса ўз ихтиёри билан ҳозироқ бу уйдан чиқиб кетишини таъкидлайди. Шу сўзларни айтиш жараёнида аёл қўлидаги бензин тўла идишни гоҳ у, гоҳ бу қўлига олади, орада ҳатто ерга ҳам қўйиб қўяди. Устига бензин сепгандан кейин ҳам аёл шу тахлит 13 дақиқа гапиради. Аммо уни томоша қилиб турганлар фожиа муқаррар рўй беришини сезсаларда, қилт этмай аёлни томоша қилишда давом этади. Бензин тўла идишни ёки гугуртни унинг қўлидан олишга уринмайди ҳам. Ниҳоят, аёл ўзига ўт қўйишга мажбур бўлади. Ҳа,ҳа,  мажбур бўлади. Чунки атрофда уни бепарволарча кузатиб турганларнинг нигоҳида ўша пайт аёлни ўзини ўлдиришга ундов акс этаётган бўлса ажаб эмас. Ҳеч ким аёлни тинчлантиришга уринмайди ҳам. Ваҳоланки, аёлнинг ортидан дарвозанинг тутқичини ушлаб, кимнингдир ташқарига чиқишига монелик қилиб турган йигит бензин тўла идишни ёки гугуртни аёлнинг қўлидан олиб қўйишга имкони бор эди. Аммо у бундай қилмайди. Аксинча, йигит хатти-ҳаракатлари билан қизининг ўзига ўт қўйишидан хавотирга тушиб, ташқарига чиқишга уринаётган онага ҳам тўсқинлик қилади. Хўш, нега буфожиа юз берди, нега МИБ ходимлари суд қарори чиққан бўлсада,фирибгардан Гуландом Дедабоеванинг пулини ундириб беришга жонбозлик кўрсатмай, аксинча жабрдийдага яна жабр ўтказишга уринди, ҳеч бўлмаса аёлнинг ўз жонига қасд қилишига қаршилик кўрсатмади? Умуман олганда нега кейинги пайтда одамларнинг МИБ ходимларидан норозилиги кучайиб кетяпти? Бундан бир неча ой олдин ҳам қашқадарёлик эркак МИБ ижрочиларидан  норози бўлиб,  ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлган эди. Нега МИБ ижрочилари бу каби ҳодисалардан тегишли хулосалар чиқармаяпти? Нега, нега...

НЕГА ОДАМЛАРНИНГ МИБ ИЖРОЧИЛАРИДАН НОРОЗИЛИГИ КЎПАЙЯПТИ?

   Биз ушбу саволларга жавоб топиш учун дастлаб, Бош прокуратура ҳузуридаги жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи  Фарруҳ Тошпўлатовга мурожаат қилдик.
-    Бу ўринда МИБ ходимларида айб йўқ, ахир улар ижрочи-ку. Биз солдат кабимиз, берилган топшириқни бажарамиз. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун аввало қонунчилигимизга ўзгартиришлар киритиш керак. Намангандаги ҳолат  юзасидан гапирадиган бўлсам, суд ўз қарорини ўша уйга келиб чиқарганида, балки иш МИБ гача етиб бормасмиди?  Ижрони амалаг ошириш бизга ҳам осон эмас. Боланинг онаси бағридан либ олиб, отасига бериш кераклиги ҳақида чиқарилган қарорларда шунақа жанжаллар бўладики, тоқат қилиш қийин. Ҳамма бизни ёмон кўради. Чиройли уйлар, боғ-роғларни бузиш ҳақида чиқарилаётган  қарорларчи? Ахир бундай қарорларни биз чиқармаймиз-ку! Биздан ҳам ижрони бажариш талаб қилинади.
   Гуландом Дедабоевага алдаб уйни сотган ўша фирибгарнинг эски кўрпа-тўшагидан бошқа ҳеч нарсаси йўқ бўлса МИБ ижрочилари унинг нимасини мусодара қилиши мумкин? – деди у бизнинг эътирозларимизга жавобан.

ВОҚЕА АСЛИДА ҚАНДАЙ БЎЛГАН?

   Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг 08.10.2019 йилдаги ҳал қилув қарорига кўра ундирувчи Джураев Аҳад Аҳматович фойдасига жавобгар Дедабаева Муҳаббат (Гуландом Дедабоеванинг онаси. Уй унинг номига расмийлаштирилган)Абдуваҳабовна ва унинг оила аъзоларини Наманган шаҳар, Истиқбол МФЙ, 9-Боғи-эрам кўчаси 34-уйдан мажбурий тартибда кўчириш белгиланган. Мазкур ижро ҳужжати Бюронинг Наманган шаҳар бўлими иш юритувига 29.11.2019 йилда келиб тушган ва шу куни ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қарор нусхаси томонларга юборилган.
   Жавобгар М. Дедабаева ва унинг оила аъзоларига низоли уйдан чиқиб кетишлари  кераклигини тушунтирилиб, ижро ҳужжати талабини бажармаган тақдирда унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 198-1-моддасига асосан жарима жазоси қўлланилиши ҳамда мажбурий тартибда кўчирилиши тўғрисида бўлим давлат ижрочиси томонидан  06.12.2019 йилда огоҳлантириш хатлари берилган.
   Қарздор М. Дадабаева ва унинг оила аъзолари давлат ижрочисининг оғзаки ва ёзма огоҳлантиришга қарамасдан суднинг ижро варақасида кўрсатилган хонадонни бўшатишдан бўйин товлагани учун, давлат ижрочиси томонидан ижро ҳужжатида кўрсатиб ўтилган манзилдан 12.12.2019 йилда кўчириш ҳаракатларини мажбурий ижро этиш тайинланиб, бу ҳақида қарздорнинг ўзи ва тегишли ташкилотларга маълум қилинган.
   Бироқ, жавобгар М. Дадабаева томонидан кассация тартибида шикоят келтирилганлиги сабабли юқоридаги қарор ижросини вақтинча тўхтатиш ҳақидаги суднинг 12.12.2019 йилдаги ажрими қабул қилинган ва ижро ҳаракатлари тўхтатилган.

ИЖРО БИР НЕЧА МАРТА ОРТГА СУРИЛГАНМИ?

   Шундан сўнг, суднинг ажрими билан кассация шикоятини қабул қилиш рад қилинган ва ижро ҳаракатлари давом эттирилган.
   Жорий йилнинг 11 март куни ижро ҳаракатларини ўтказиш учун, тегишли ташкилот ҳодимлари ва холислар иштирокида борилганда қарздор М.Дадабаева уйда йўқлиги сабабли ижро ҳаракатлари кейинга қолдирилган. Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 23.03.2020 йилдаги “Короновирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, унга биноан идоравий бўйсунувидан ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар барча ташкилотларда карантин ҳолати жорий қилинган сабабли, ижро ҳужжати ижросини таъминлаш 15.08.2020 йилга қадар тўхтатиб турилган ва 17.09.2020 йилда ижро ҳужжати бўйича томонлар Бюронинг Наманган шаҳар бўлимига чақиртирилиб, уларга ижро ҳужжати талаби қайтадан тушунтирилган. Шу билан бир қаторда ижро ҳужжати талабини бажармасликнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳам тушунтириб ўтилган ва манзилдан ихтиёрий равишда кўчиш таклиф қилинган. 
   Бироқ, жавобгар М.Дедабаева ва унинг оила аъзолари кўрсатиб ўтилган низоли хонадондан ихтиёрий равишда кўчиб чиқиб кетмаганлиги сабабли, давлат ижрочиси томонидан 29.09.2020 йилда кўчириш ҳаракатларини мажбурий ижро этиш тайинланиб, бу ҳақида қарздорнинг ўзи ва тегишли ташкилотларга, яъни Наманган шаҳар ИИО ФМБ 2-ИИБ, ФВВ ЁХБ Наманган шаҳар бўлими, “Истиқбол” МФЙ, ТТЁ Наманган шаҳар бўлимига  маълум қилинган. 
   Шу куни юқоридаги манзилга борилганда, қарздор Дедабаева Муҳаббат ва унинг қизи Дедабаева Гуландонлар томонидан ижро ҳаракатларини амалга оширишга фаол қаршилик кўрсатишган. Ижро ҳужжати талабини бажаришга тўсқинлик қилиш мақсадида 1985  йилда туғилган Дадабаева Гуландон ўзига бензин ёқилғисини сепиб, ёқиб юборган.
   Натижада, фуқаро Г.Дадабаева олган 80 % дан ортиқ куйиш тан жароҳати туфайли 2020 йил 30 сентябрь куни РШТЁИМ Наманган филиалида вафот этди.

БУ ҲАҚДА НАМАНГАН ВИЛОЯТИДАГИ  МАСЪУЛЛАР НИМА ДЕЙДИ?

   Ушбу ҳолат юзасидан 3 октябр куни МИБ нинг Наманган вилоят бошқармасида ташкил этилган брифингда  МИБ Наманган вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳусанбой Турсунов берилган саволларга қуйидагича жавоб берди:
- Айтингчи, 29 сентябрь ижро ҳаракатларини амалга ошириш учун келган давлат ижрочилари, ИИБ, Ёнғин хавфсизлиги, тез тибиий ёрдам ва бошқа масъул ходимлари нега марҳума Г.Дадабоева ўзига  бензин сепган вақтида уни ушлаб қолиш ёки аланга чиқишининг олдини олиш чораларини кўришмаган ? 
- Бензин сепган вақтда марҳума Г.Дадабоевага тушунтириш берилган. Бироқ, у ижро ҳаракатларига тўсқинлик қилиш учун ўз ҳаракатини давом эттирган. Ижрони тўхтатиш ёки тўхтатмаслик мақсадида тадбирга келганлар билан мулоқот қилиш жараёнида беихтиёр қўлидаги ўт олдиргич (зажигалка) билан ўзини ёқиб юборган. Шу ерда бўлганлар ёнғинни бартараф этиш учун ҳаракат қилганлар, албатта. Бироқ, бензин тез аланга олувчи суюқлик бўлганлиги ва аёлнинг эгнидаги кийимлар юпқа матолардан тайёрлангани учун оловни ўчириш қийин бўлган. Г.Дадабоева билан давлат ижрочилари муроса қилаётганда ва керак бўлса ижро ҳаракатларини тўхтатиш ҳақида тушунтириш бераётганда,  аёл ўзига ўт қўйиб юборган. Бу беихтиёр бўлган, деб ўйлайман.  Ижро ҳаракатларига жалб этилган ИИБ, Ёнғин хавфсизлиги ходимлари ва давлат ижрочилари ёнаётган оловни ўчирмоқчи бўлишган, бироқ у югуриб кетгани учун ёрдам бериш  қийин бўлган.
-    Нега Наманган шаҳар бўлими иш юритувида марҳуманинг онаси Муҳаббат Дадабоеванинг фойдасига қарздор Ф.Насриддиновадан 13.000 АҚШ долларига тенг 131 991 470 сўмни ундириш тўғрисида ижро ҳужжати мавжуд бўлсада, бу ижро иши ҳозирга қадар таъминланмаган? 
-    Сабаби ижро ҳаракатлари давомида қарздор Ф.Б.Насриддинованинг номида ҳеч қандай мол-мулклар аниқланмаган. Давлат ижрочиси томонидан 15.08.2020 йилда қарздор Ф.Насриддинованинг яшаш манзили кўрилганда у Наманган шаҳар, Тўқувчи маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 37-уй 18-хонадонда ижара асосида яшагани аниқланган. Бироқ, ўрганиш вақтида ҳозирда номаълум манзилга кўчиб кетган ва бу ҳақда холислар иштирокида далолатнома расмийлаштирилган.Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздор Ф.Насриддинова билан учрашиб, ундан тушунтириш олинганида ҳозирги вақтда Наманган шаҳар, Гулбоғ МФЙ ҳудудида жойлашган Наманган шаҳар 1-сонли педагогика коллежининг ётоқхонасида вақтинча яшаб келаётганлигини маълум бўлган. Ижтимоий тармоқлардаги “ижро ҳаракатлари таъминланмаган” деган фикрларга жавобан айтишим мумкинки, ижро ҳаракатлари давом этмоқда, мана яқинда давлат ижрочиси ушбу ижро иши юзасидан хонадонни яна кўздан кечириб келди. Агар қарздорга  тегишли мол-мулклар бўлганида, албатта, хатланиши лозимлиги ҳақида ҳам кўрсатма берганмиз.  

ИЖРОЧИ АЁЛНИ ЎЗИНИ ЎЛДИРИШГА УНДАГАНМИДИ?

-    Ижтимоий тармоқларда,  марҳуманинг онаси М.Дадабоеванинг “МИБ давлат ижрочиси  қизига “ўзингни ёқа олмайсан” дея провокация қилганлиги ҳақидаги фикрига қандай муносабат билдирасиз? 
-    Ҳақиқатдан ҳам, Ижтимоий тармоқларда бу каби  фикрлар ҳам  тарқалди. Биз ҳозир бу бўйича ходимнинг ножўя ҳаракат содир этилганлигига ойдинлик киритиш ҳаракатидамиз. Ҳозирча ушбу ижро ҳаракатлари иштирокчилари билан  ўтказилган суҳбат, айрим видеоёзувлар ўрганилди ва давлат ижрочисининг бундай  провокацион ҳаракатларни содир этмаганлиги маълум бўлди. Айни пайтда текшириш ишлари давом этмоқда, агарда бу ҳақда аниқ факт, аудио ёки видео материаллар аниқланса, албатта, текшириш ишларига қўшамиз.  
-    Нима сабабдан МИБ Наманган шаҳар бўлими давлат ижрочилари ундирувчи М.Дадабоевага аввал 13 минг доллар қийматидаги қарзини ундириб, кейин уйдан чиқариш ижро ҳаракатларини олиб бормаган ? 
- Ҳозир кўпчилик  Мажбурий ижро бюросининг Наманган шаҳар давлат ижрочилари  ундирувчи М.Дадабоеванинг фойдасига Ф.Насриддиновадан 13.000 АҚШ долларига тенг бўлган қийматдаги 131.991.470 сўм  моддий зарар ундириш ижро ҳаракатларини олиб бормаган, деб баҳо беришмоқда. Аслида бундай эмас.Бюро органларига ижро ҳужжатлари барча суд ва унинг инстанцияларидан  келади, ушбу ижро ҳужжати ҳам Жиноят ишлари бўйича  Наманган шаҳар судининг тегишли ҳукмига асосан келиб тушган.Қарздор Ф.Насриддиновага суд ҳукми билан озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Қарздор Ф.Насриддинованинг эгалик ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкларни аниқлаш мақсадида тегишли молия, кредит ва рўйхатдан ўтказувчи ташкилотлардан олинган маълумотларга кўра, қарздорнинг номида ҳеч қандай мол-мулклар аниқланмаган.
   Ҳозирда қарздор Ф.Насриддинова Наманган вилояти Олий ва ўрта-махсус таълим бошқармасига қарашли Наманган шаҳар “Гулбоғ” МФЙ ҳудудида жойлашган Наманган шаҳар 1-сонли Педагогика коллежининг ётоқхонасида бир хонасида (қўшимча хонаси йўқ), олти нафар фарзандлари билан биргаликда яшаётганлиги ҳамда яшаш эҳтиёжидан ортиқча бўлган мол-мулклар йўқлиги аниқланган.
   Давлат ижрочиси томонидан белгиланган моддий зарар суммаларини тўлаши талаб этилиши бўйича оғзаки ва расман 18.08.2020 йилда огоҳлантирилиб, 28.08.2020 йилда ҳамда 12.09.2020 йилда, ҳолат юзасидан тушунтириш хати олинган.
   Бундан ташқари, 2020 йил 22 сентябрь куни қарздорнинг яшаш шароити яна ўрганилганда, Ф. Насриддинова бу ерда 2020 йилнинг феврал ойидан бери яшаётганлиги, турмуш ўртоғи йўқлиги, олти нафар фарзандини ўзи боқаётганлиги, шароити оғирлиги ҳамдаФ.Насриддинова яшаётган хона  М.Акрамованинг ўғли А.Валижановга тегишли эканлигини, Ф.Насриддинованинг бошқа борадиган жойи йўқлиги маълум бўлди. Ҳолат бўйича холислар иштирокида далолатнома расмийлаштирилган ва хонадон фото-суратга олинган ҳамда ижро иши ҳужжатларига қўшилган. Давлат ижрочисининг қонунчиликда йўл қўйиладиган барча ҳаракатлари натижасиз бўлганлиги сабабли ижро ҳужжати ижросини таъминлашнинг имкони бўлмаган. Шунга қарамасдан ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
-     Кўпчилик давлат ижрочилари М.Дадабоевага имконият берилса ёки ижро ҳаракатлари тўхтатиб турилса, балки бу  каби нохуш ҳолат з бермасмиди, деган фикрлани билдирмоқда.
-    Яхши биламиз, Мажбурий ижро органлари суд ва бошқа орган ҳужжатлари ижросини таъминлайди ва буни муҳокама қилмайди. Лекин биз доим қарздорларга  суд қарорини ихтиёрий бажариши учун ва ҳақиқий аҳволдан келиб чиқиб, инсонпарварлик нуқтаи назаридан ёндашамиз.Қарздор М.Дадабоеванинг уйдан чиқиш бўйича ижро ҳаракатлари жами бўлиб 3 марта тўхтатилган. Қолаверса, ижро иши Бюронинг Наманган шаҳар бўлимига 2019 йил ноябрь ойида келган бўлиб, давлат ижрочилари 3 маротаба қарздорнинг уйига бориб, ўз ихтиёри билан суд қарорини  бажаришга ундаб келган.
   Асосий  сабабларининг бири, суд қарори бўйича кимдир қарздор, иккинчи томон эса, ундирувчи бўлади. Ушбу ижро иши бўйича ҳам ундирувчи Аҳад Джураев томонидан суд қарори ижроси таъминланмаётгани ҳақида кўплаб эътирозлар ва бир нечта шикоят аризалари келиб тушган. Хўш, бундай ҳолатда МИБ ижрочилари қандай йўл тутсин? 

ЎЗИНИ ОҚЛАМАЁТГАН ТАШКИЛОТЛАРНИ ТУГАТИШ ВАҚТИ КЕЛМАДИМИКИН?

   Мана ушбу фожиа юзасидан масъул шахсларнинг фикр ва эътирозлари. Ҳамма ўзича ҳақ. Аммо нима бўлганда ҳам ватан ичра ватан тополмаган бир аёлнинг ёш умри хазон бўлди, фарзандлари етим қолди. Агар бу низоли вазиятга ўз вақтида чора-тадбир кўрилганда эҳтимол бу ҳодиса рўй бермасмиди?  Шу ўринда яна саволлар туғилади. Нега Г. Дедабоева сотиб олган уй бировнинг номида бўлсада, масъул идора вакиллари уйни ҳужжатлаштираётганда бунга масъулият билан ёндашмади. Нега фирибгарлиги азалдан маълум бўлган шахсга МФЙ фаоллари ўз вақтида чора кўрмади? Ахир маҳалла ташкилотлари энг аввало, мана шу каби нохуш ҳолатлар нинг олдини олишга масъул эмасми? Умуман олганда  низоли ишларга доимо панжа орасидан қарайдиган, одамларнинг муаммосини ҳал қилиш ўрнига уларга муаммолар кўпайтирадиган маҳалла ташкилотлари бизга керакми ўзи? МИБ ларчи? Асл ҳаётга тўғри келмайдиган суд қарорларичи? Сиз бунга нима дейсиз? 


Гулруҳ ЁРМАТОВА.

Манба: "Бекажон" газетаси.