Капалак гулли туфли


    Баҳор келди-ю Ғайратнинг устахонасидан аёлларнинг қадами узилмай қолди. Ҳаммасининг муаммоси бир хил. – “Туфлимни тезроқ таъмирлаб беринг, ишга кияман”...
   Ғайратнинг қўли-қўлига тегмайди. Баъзи эркак мижозлар кириб, дўқ ҳам уришади.
– Сиз фақат аёлларнинг оёқ кийимини тузатасизми, бизникига қачон навбат тегади? Бошқа устага олиб борайликми, – дейди жаҳлдор мижозлар.
– Ўзингиз биласиз, хоҳласангиз ҳув анави чинор тагида ўтирган устага олиб боринг, бекор ўтирибди, менинг ишим кўп, – дейди Ғайрат ҳам пинагини бузмай.
–Аёллар биздан кўра кўпроқ пул тўласа керак-да, – сўз қотади бир мижоз.
   Ғайрат жилмайиб қўяди. Эркакларнинг туфлисини айлантириб тикишга 8-10 минг олса, аёллар тортишиб-тортишиб 5 минг ташлаб кетади. Пулнинг ярмини берса ҳам майли, яхшилаб таъмирламабсан, деб жанжал кўтаришдан ҳам тойишмайди. Ғайрат аёллар билан ҳечам тортишмайди. Улар эшигидан кириб келиб қўлига пойафзалини тутқазганиданоқ қандай дид, фаросатга, характерга эга эканликларини билиб олади. Туфлиси кийилган бўлса-да, ҳали ҳам озода, бирор жойида доғ ёки ҳид йўқ аёллар бор. Ёки фалон сўмга олган туфлисини бир ойда-ёқ тагидан сув кирадиган қилиб қўядиган исрофгарлари ҳам учрайди. Яқинда Ғайратнинг ёнига ёшгина бир келинчак келди.
– Бу туфлини хўжайиним туғилган кунимга тўрт юз АҚШ долларига олиб берганди. Икки ойгина кийдим холос, пошнаси ишдан чиқди. Эҳтиёт бўлиб тўғрилаб беринг, – деб ташлаб кетди.
  Ғайрат туфлини таъмирлаб бўлгунича қора терга ботди. Худди аёлнинг нозик оёқларини ушлаётгандек чўчийди. Эҳтиёткорлик билан туфлини ушлаб, пошнасини тузатди. Келинчак суюниб, оёғига кийиб кетгач ўзини енгил ҳис қилди.
   Қиш фаслида ҳам шунга ўхшаш воқеа содир бўлди. Бир аёл Италиядан минг долларга келтирилган этигини таъмирлашга ташлаб кетди-ю нақ бир ой йўқ бўлиб кетди. Йўқотиб ёки ўғирлатиб қўймай деган ҳадикда Ғайратнинг қон босими ошиб, инфаркт бўлиб қолишига сал қолди. Янги йил арафаси Ғайрат ўша этикни уйига ташлаб келди. Ишдан қайтиб борса токчада этик йўқ. Хотини ҳам кўринмайди. 
– Муқаддас, қаердасан? – Ғайрат шошганича хоналарни бирма-бир қараб чиқди. Хотини ухлаб ётар, ногиронлик аравачасининг устида бир пой этик, биттаси эса ерда ётарди. Ғайратнинг ичидан муздек тер чиқиб кетди. Хотини этикни кўриб, уни кийиб кўрмоқчи бўлган. Ҳаракат қилган, интилган, ҳатто бир неча марта ерга йиқилиб тушган. Жонсиз оёқларига этикни кийдиролмагач, аламидан уларни улоқтирган. Ана, йиғидан қовоқлари қизариб кетибди. Ғайрат ўзини ич-ичидан койиди. Нега шу этик ўлгурни уйга олиб келдим... 
   Ғайрат билан Муқаддас бир-бирларини ёқтириб, турмуш қуришди. Уларнинг севгисига ота-оналари ҳам қаршилик кўрсатмади. Муқаддаснинг ҳомиладорлиги жуда қийин кечди. Шифокорлар туғиш мумкин эмас, буйракка ҳомила оғирлик қиляпти, дейишига қарамай, боладан воз кечмади. У қизини дунёга келтирди, аммо ўзи ногирон бўлиб қолди. Буйрак етишмовчилиги касаллиги сабабли ногиронлик аравачасига михланди. Қизчасини онаси ўз қарамоғига олди. Қайнонаси Ғайратга: "Муқаддасни ҳам олиб кетамиз, сиз ҳали ёшсиз, уйланинг", - деди. Аммо Ғайрат хотинидан воз кечмади. У бошига тушган бундай оғир синовга чидайди, аммо Муқаддас кундан-кун сўниб, таслим бўлиб боряпти. Ғайрат уни энг малакали шифокорларга кўрсатди. Ҳаммаси дардни енгиш аёлингизнинг ўз қўлида, истаса узоқ умр кўради, истамаса шамдай эриб тугайди. Тиббиёт қўлидан келган ёрдамини берди, дейишди. Аммо Муқаддас ҳеч нарсани эшитишни, тушунишни истамайди. Топган гапи шу, яшашни истамайман!
   Ғайрат унинг бу совуқ сўзларидан ҳам, сўник кўзларига боқишдан ҳам чарчади. Аммо начора, чидаши керак. Ғайрат хотинини бормайман, дейишига ҳам қарамай, устахонасига олиб келди. Хонанинг бир четига ўтирғизиб, оёғини одеял билан ўраб  қўйди.
– Вой, аёл киши ҳам косиб бўладими, – деди бир қиз устахонага кира солиб, Муқаддасдан кўз узмай.
– Ҳа, бўлади, бу опангиз мени шогирдим, – деди Ғайрат қизга хотинини таништириб.
– Туфлимнинг гулчаси тушиб қолди. Худди шунақасини ясаб беринг, – деди қиз қувноқ товушда    Муқаддасга туфлисини узатиб. Муқаддас каловланиб қолди. Қизнинг қўлидаги туфлисини олиб, Ғайратга узатди.
– Йўқ, ўзингиз қилиб беринг, – деди худди қиз Ғайрат билан келишиб олгандек.
   Муқаддас бир гап бўлар дегандек, туфлини олиб қолди. Қиз устахонадан кетиши билан Муқаддас эрига энди нима қиламан, дегандек термулди.
– Хоним, оёғингиз жонсиз бўлса ҳам, қўлларингиз, бармоқларингиз сеҳрли. Уларни ишга солинг. Мана бу қайчи, мана бу мато. Муқаддас бир амаллаб матодан капалакчани ясаб берди. Ғайрат уни темир кескич билан мустаҳкамлаб, яна хотинига узатди. Унга қандай қилиб туфлини елимлаб, сўнг тикишни ўргатди. Муқаддас кечгача капалак гулли туфлини таъмирлаш билан машғул бўлди. Иккисининг ҳам уйга кетгиси келмасди. 
– Ассалому алайкум, Ғайратжон, - устахонага чиройли, ўзига оро берган аёл кириб келди. – Эртага болалар боғчасида байрам, Нилуфаргинам рақсга тушади, мана шу туфличасини пошнасини таъмирлаб беринг, укажон. Ҳозир тўғрилаб бермасангиз бўлмайди, – деди аёл ялинганнамо, жилмайиб.
– Хўп, опажон. Ана шогирдим бекор ўтирибди, беринг, сиз бир айланиб келгунингизча тўғрилаб қўяди. 
   Муқаддас Ғайратжоннинг кўрсатмаларига қараб, туфличани таъмирлай бошлади. Уни тугатиши ҳамон бояги аёл кириб келди.
– Умрингиздан барака топинг, фарзандларингизни роҳатини кўринг. Дарду-ғам нелигини билмай яшанг, – аёл Муқаддаснинг қўлларига пул тутқазаётиб, узундан узоқ дуо қилди.
   Аёлнинг ширин сўзларидан Муқаддаснинг кўнгли яйраб кетди. У самимий сўзлади, юрак-юрагидан дуо қилди. Юраги тоза одамларнинг дуолари ижобат бўлади.
   Муқаддас эрталаб барвақт уйғониб, ногиронлик аравачасини ғириллатиб ўзи нонушта тайёрлади. Ғайратни уйғотиб, устахонага тезроқ борайлик, деб шоширди.
– Бу текинхўр эркакнинг дастидан тўйиб кетдим. На рўзғор билан, на болалар билан иши йўқ, топганини ичади. Қишин-ёзин бозорда ўтиравериб, “саратон”ни орттириб олдим. – Иккала боламнинг оёғидаги этиги таъмирланавериб сиёҳи қолмади, – дея дийдиёсини бошлаб юборди эрталабдан устахонага кириб келган аёл.
– Касал бўлсангиз, уйда ўтирсангиз бўлмайдими? Поччам бир амаллаб боқиб олади, – деди Ғайрат аёлни юпатишга уриниб.
– Уйда ўтирсам касалим баттар бўлади. У бўлса, ҳадемай ўласан, ишлаб ол, дейди, юзимга бақрайиб. Болаларимни ўйлаб, яна бозорга чиқиб кетдим. Ҳамма айб ўзимда, бошидан уни талтайтириб юбордим. Яшаб турган уйимизни ота-онам олиб берди. Сўнг машина талаб қилдим. Акам хоналаримизни жиҳозлаб берди. Рўзғоримда нима кам бўлса отамникидан ташидим. Охир-оқибат текинхўрга айланди...
   Муқаддас туни билан тўлғониб, ухлолмай ўзини-ўзи койиб чиқди. Ўз бахтини ўзи сувларга оқизаётган, яқинларининг меҳрини ўзидан узоқлаштираётган аёлман. Ахир атрофимда ота-онам, мени ҳамиша севиб ардоқловчи ёрим, ширингина қизалоғим бор. Нега мен шунчалар ношукурман. Мен ҳаётни, одамларни қадрига етмадим. Шунинг учун ҳам борган сайин дардим оғирлашиб, кўзларим ёруғликни кўрмай, сезмай қоляпти.
   Муқаддас эрталаб Ғайратжонни нонуштасини тайёрлаб, ўзи ундан олдин устахонага йўл олди. Қўлига ўлчоғични олиб, оёғининг ўлчамини ўлчади. Қайчи ва матоларни олиб, ўлчов бўйича таглик тайёрлади. Ғайратжон ўргатган усул бўйича туфли ясашга киришди. Роппа-роса бир ҳафта деганда туфлининг хомакисини тайёрлади. Туфли тайёр бўлгунича икки-уч бора кийиб кўрди. Ҳар гал оёғига кийганида қалбини қандайдир кучли ҳаяжон чулғаб олар, хаёлан янги туфлини кийиб, чопқиллаб юргандек ҳис этарди ўзини. Туфли тайёр бўлгач, Ғайратжон уни қўлига олиб, бу туфлига бир нарса етишмаяпти, дея ишга киришди. Ўрик, бодом, шафтоли, олчаю гилосларнинг рангини бирлаштириб, капалак гулча ясади. Гулчалар тайёр бўлгач, туфлининг икки четига елимлади. Сўнг, қани хоним, нозик оёқчангизни беринг-чи, деди. Муқаддас туфлини кияр экан худди капалакдек учиб кетгиси келди.

Нигора Раҳмонова.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот