ЎШАЛ БОБУР - МЕН!


14 февраль Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун    

ЎШАЛ  БОБУР- МЕН! 

  Таниқли ёзувчи Хайриддин Султонов ўзининг “Бобурнинг тушлари” номли асарида Бобур Мирзога шундай таъриф беради: ”12  ёшидан бошлаб  не-не азобу  уқубатларни кўрган, 19 ёшида Ватанини тарк этишга мажбур бўлган, 47 ёшигача иккита рамазон ойини бир жойда кутиб олмаган, 23 ёшида ҳозирги Афғонистон, Бангладеш, Ҳиндистон ҳудудларининг аксарият қисмини ўз ичига олган буюк империяга асос солди. Бу зот улуғ бобокалонимиз, қадим Турон-Туркистон ерининг паҳлавони Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазрати олийларидир”. Ҳар йили февраль ойида улуғ шоир ва саркарда бобомиз ҳақида суҳбат қургани Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи асосида яратилган “Бобур” видеофильмида бош ролни маҳорат билан ижро этган Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов ҳузурига йўл оламан. Муҳаммадали ака  билан сериал билан боғлиқ жараёнлар ҳақида суҳбатлашдик. 
  Муҳаммадали  Абдуқундузов: Келинг, олдин  ўтган кунларга бир зум  назар ташлайлик. Собиқ Шўролар юртида, 1990  йилларнинг бошларида сиёсий  жараёнлар, ўзгаришлар кетаётган эди. Таниқли режиссёр Мақсуд Юнусов зийрак ва зукко ижодкор  бўлганлиги учун тарихий  қаҳрамонларимиз ҳақида ёритиш пайти келганлигини  чуқур  ҳис этган ва шу тариқа  катта меҳнатлар  эвазига  мазкур видеофилъм яратилди. 1990  йили 20 декабрдан то 30 декабргача телевизор экранида “Бобур” видеофильми намойиш этилди. 1991  йил 1 сентябрда эса Ўзбекистон “Мустақиллик куни” деб эълон қилинди. Мазкур видеофильм мустақиллик сари бошланган биринчи қадамлардан бири бўлди, десам муболаға бўлмайди. Халқимиз миллий қаҳрамонларимизни жуда соғиниб қолишган экан. 1991 йилдан бошлаб, ҳаётим иккига бўлинган. Бобур Мирзосиз ва Бобур Мирзо билан. Шу йилдан бошлаб, Бобур Мирзо деган исм билан яшаб келаяпман.
  Энди ўйлаб кўрсам, инсоннинг пешонасида ёзилгани, насиб қилгани бўлар экан. Бу ролнинг насиб қилиши ҳам ғалати нарса. Сизга бир бошидан сўзлаб берай, эшитинг. Бу ҳам менинг шу ролни ўйнашимга замин бўлгандир балки. Режиссёр Мақсуд Юнусов актёрларни синовдан ўтказиш, танлаш ишларига киришиб кетди. Мақсуд ака актёр танлаётганларида “Театримизга янги актёр келди, фалончи спектаклда фалон ролни ўйнади, бир синаб кўринг” дейишган. Камера қаршисида туриш оғирлигини биламан. 1975 йили Шуҳрат Аббосов мени чақириб “Оловли йўллар”филъмига, “проба”га олдилар. Охирида Ўлмас Алихўжаев иккаламиз қолганмиз. Ўлмас аканинг кинодаги тажрибаси  анча катта. Мен сира кинога тушмаганлигим учун суратга олиш ишларида Шуҳрат акани анча қийнаганман (кулади). Марказий телевидениенинг буюртмасига асосан олинаётган кўп қисмли филъм бўлганлиги учун Ўлмас Алихўжаевни тасдиқлашди. Энди ўзингиз ўйланг, буям балки менинг бахтимдир. Агар Ҳамзани ўйнаганимда, Мақсуд ака менга Бобур ролини бермасди. Инсон ҳеч қачон ўз ҳаётини режалаштира олмайди. Фильмнинг тўхтатиб қўйилиши, кечиктирилиши, Ҳамзани ижро этмаганлигим, “Абдулла Қодирийнинг ўтган кунлари”да Қодирий  ва Отабекларни ижро этиб, маҳоратимни пойтахт театрида ошириб олганлигим Парвардигор томонидан менга берилаётган имконият, катта  манзил сари етаклаётган кенг йўл эди. Мақсуд аканинг олдига бориб, театрга келганимга уч йил бўлганини, бирор бир фильмда роль ижро этмаганимни рўйи-рост айтдим. Мақсуд ака менга далда бериб, худди атайлаб қилгандек муҳаббат саҳнасини бериб қўйсалар, денг. Менинг саҳнада энг қийналадиган жойим - севги саҳналарини ижро этиш жуда мураккаб туюлади.Табиатан шунақа одамман-да, нима дейсиз энди...Нодира Маҳмудова театримизга янги ишга келган ёш актриса. У Ойшабегимни ижро этган. Мақсуд ака “Ойшабегим билан никоҳ  маросимидан кейинги саҳнани оламиз”деб қолдилар. Бир ҳафта репетицияга қатнадик. У бегона аёл, бунга яраша ўзига яраша “этикет”лари бор. Бадиий кенгаш кўриб чиқди. Мақсуд ака “Ҳаммаси яхши, грим, кийимлар ярашди. Лекин камерани ҳис қилмаяпсиз, юрак ишламаяпти, юракни ишлатинг. Омадингиз чопиб, бадиий кенгашдан ўтиб қолсангиз, 8-10 килограммга озишингиз керак. Бир ой, кўпи билан 40 кундан кейин суратга олиш ишлари бошланади”дейишни ҳам унутмади. Рафиқам менга ҳар куни 200 грамм гуруч ва қайнаган сув бериб, парҳез тутишга ундаган.
  Ўзингиз ўйланг, ”Юлдузли тунлар” романини республикада  ўша йиллари 25 миллион аҳоли бўлса, камида 10 миллиони ўқиган. Китобхонларнинг талабларига кўра роман кетма-кет нашр этилган.10 миллион китобхон ўқиб чиққанидан кейин уларнинг кўз ўнгида ўзи тасаввур этган Бобур сиймоси намоён бўлади. “Ўтган кунлар”ни ўқиганимизда Кумуш ва Отабекнинг сиймосини ўз хаёлотимизда тасаввур этганмиз-ку. Бошқа машҳур асарларни ўқиганимизда ҳам худди шундай ҳолатлар содир бўлади. “Энди одамлар тасаввуридаги Бобур сиймосини яратиб беришим, режиссёр ишончини оқлашим, халқ олдида юзим ёруғ бўлиши керак”деб ўйладим. Самарқандга борганимиздан кейин Мақсуд ака билан Гўри Амир мақбарасига зиёратга бордик, қурьон тиловат қилдик. Биласизми, бир нарсага иймоним комил бўлганки, фильм 14 ой ичида суратга олинган.14 ойнинг ичида икки кун репетиция, уч   кун суратга олиш ишлари бўларди.Телевидениеда ҳар хил ҳолатлар бўлиб туради. Бир кун камера ишламай қолади, иккинчи куни қайсидир актёрнинг жуда зарур иши чиқиб қолади. Парвардигорнинг марҳаматини қарангки,14 ой ичида нечта иш режалаштирилган бўлса, биронтаси бекор қилинмаган. Бугун бирон муаммо чиқиб қолса керак, деб келсак, муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетарди. Назаримда ҳазрат Бобурнинг руҳи биз билан из-из юргандек, бизнинг муаммоларимизни ҳал этишга кўмаклашаётгандек  туюларди. 14 ой давомида ҳазратнинг паноҳини ҳис қилиб турганман. Бухорода суратга олиш ишлари бўлаётганида отлар етиб бормади. Иккита лашкарбошининг отлари урушиб кетадиган жойи бор. Отлар бир-бирини рашк қилар экан. Бунинг натижасида лашкарбоши (Маҳмуд Исмоилов) отдан йиқилиб, қўли синган, мен ҳам отдан йиқилганман. Ҳаёт билан ўлим ўртасида бир баҳя қолган пайтда ҳам ҳамма нарса яхшилик билан тугаган. Видеофильм Қозоғистоннинг дашту-чўлларида, Қирғизистонда суратга олинган. Ҳиндистон саҳналарини олишда муаммо бўлган, шунинг учун суратга олиш ишлари Ялтада  ва Тошкент денгизининг қирғоқларига  палъмалар қўйиб суратга олинган. Суратга олиш ишлари тугагандан кейин ҳам кўнгилда  ҳаловат йўқ. Телевидениеда намойиш этилишини кута бошладик. Ниҳоят, видеофильм намойиш этила бошланди. Одамлар ҳам кечқурун, ҳам эрталаб мириқиб томоша  қилишарди. Кейинчалик Туркия давлати сотиб олди. Программаларини жўнатишган. Дунёнинг қайси бурчагидан ўзбеклар келишса, Бобур, Навоий, Чўлпон ҳақидаги видеофильмларни сотиб олишади, томоша қилишади. Ўзим ҳам бунинг гувоҳи бўлганман.
  ”Ўшал Бобур - Мен!” деб номланган китоб ёздим, қўлма-қўл бўлиб кетди. Ҳаётимнинг ярмидан кўп қисми ҳазрат Бобур билан боғлиқ. Чунки қаерга борсам, шу видеофильм билан боғлиқ саволларни беришади. 31 йилдан бери халқнинг ўзи берган “Бобур ака” деган  визит карточкам бор. Номи тарихда зарҳал ҳарфлар билан битилган, бугун мактаб ўқувчиси ҳам яхши биладиган ҳазрат номини ўзим ҳам болалик чоғларимдан бошлаб азиз ва қадрдон тутишим - унга бўлган чексиз муҳаббатимдан дарак беради. Видеофильм чиққанидан кейин жуда кўп ота-оналар “Бобур ака, яхши ниятлар билан ўғлимга Бобур деб исм қўйдим, пешонасидан ўпиб фотиҳа беринг”деб келишганида, қанчалик тўлқинланганимни биласизми? Чунки халқимиз Бобур ҳақидаги кўпгина маълумотларга эга бўлишди-да...  Видеофильм намойиш этиолган йили жуда кўп инсонлар фарзанд кўришганида, “Бобур” исмини бердилар. Биз болалик чоғларимизда, адабиёт дарсликларида “Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижоди” деб озгина маълумот бериларди, битта рубоийси  ёки ғазали бериларди холос. Бугун  фарзандларимиз буюк аждодларимиз ҳақидаги барча маълумотлардан хабардор, улар ўтмишда шундай улуғ боболари борлигидан ҳақли равишда фахрланишади. Видеофильмдан кейин театрда, кинода жуда кўп роллар ижро этдим. Лекин ҳали-ҳануз салбий ролларни ўйнашдан ўзимни сақлайман. Назаримда Бобур ҳазратларига хиёнат қилиб қўядигандекман...

Меҳринисо ҚУРБОНОВА суҳбатлашди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот