ЭВРИКА


Интермедия
    (Студияда бошловчи тик туриб, кейин ўтириб олганча кўрсатувни олиб боради. Ўртада журнал столи). 
БОШЛОВЧИ – Эфрик...эврик.. эврикада эфр... э, э, э... Узр, узр, эф, эф... Э-фир-да “Эврика” кўрсатуви... Худога шукур. Ассалому алайкум. Биласиз, ушбу кўрсатувимиз юртимиздаги ёш ихтирочиларни ихтиро қилади, ёш кашфиётчиларни кашф қилади. Бугун ҳам ёш, истеъдодли ихтирочиларимиздан бирини кашф қилиш мақсадидамиз. Танишинг, меҳмонимиз, Ихтиёр  Кашфиёров. Хуш келибсиз, Ихтиёржон.
ИХТИРОЖОН – Ассалому алайкум. Исмимни тўғри айтинг, ака. Ихтиёр эмас, Ихтирожон Кашфиётов!
БОШЛОВЧИ – Минг бор узр! Ихтирожон, биламизки, сиз кейинги йилларда бошқа олимларникига ўхшамайдиган, бир-биридан қизиқарли ва фойдали ихтироларга, кашфиётларга қўл урдингиз. Масалан, газ йўқлигидан занглаб кетай деган газ баллонларни сув сақланадиган бочкага айлантирдингиз, “Спарк”нинг ўзига ярашмаган оригинал ингичка ғилдираги ва шиналарини эшак-араваларга ўрнатдингиз, 1 литрли газли сувдан бўшаган  бакалажкаларни керакли ўлчамда кесиб, хатна қилинган болалар учун ҳимоя қалпоғи қилиб бердингиз... Хуллас, санасак, анча-мунча иш қилиб қўйибсиз. Айтинг-чи, оламнинг сирларига сир қўшишингизга нималар туртки бўлган?
ИХТИРОЖОН – Ихтирочилик сулоласи. Яъни, ота-боболар изидан бормоқдамиз.
БОШЛОВЧИ – Яшанг, ҳақиқий маданиятли, одобли инсоннинг гапи бўлди. Ота касбини эгаллаган хор бўлмайди. Хўш, ота-боболарингиз инсоният турмуш тарзига қулайлик бўлсин деб, қандай кашфиётларни амалга оширганлар?
ИХТИРОЖОН – Бобомнинг шоҳ кашфиётларидан биттасини айтсам етарли бўлар. Яъни, бобомнинг бир ихтиросини вилоятдаги, олис қишлоқдаги кўплаб юртдошларимиз билишади ва ҳозиргача фойдаланиб келишади.
БОШЛОВЧИ – Қанақа кашфиёт экан у?
ИХТИРОЖОН – Бир замонлар шаҳарликлар кенг фойдаланган “Киргизия” кир ювиш машинаси. Ўзиям бу машина чиққанига 60 йиллар бўлди-ёв. Ҳалиям зўр ишлайди.
БОШЛОВЧИ – Йўғ-е, “Киргизия” кир ювиш машинасини қирғизлар ишлаб чиқармаганми?
ИХТИРОЖОН – Билмадим. Бўлса бордир. Аммо шаҳарликлар ундан унумли фойдалана олмаганлар. Машинада қанча кўп ювилса ҳам кирлари унчалик яхши кетмаган. Чала жойларини барибир қўлда ювиб, чайишган. Менинг ихтирочи бобожоним эса ўйлаб-ўйлаб, унга ўзгартириш киритганлар. 
БОШЛОВЧИ – Яъни...
ИХТИРОЖОН – Яъни, шаҳардаги дўстиникига меҳмон бўлиб келган бобом унинг уйида турган “Киргизия” кир машинасидаги мағзава худди момомнинг куви пишгандаги айрони каби гир айланиб, қуюқ-қуюқ кўпиклари юзага қалқиб чиққанини кўрганлар ва худди Архимед каби бирданига, “Эврика!” деб бақириб юборганлар.
БОШЛОВЧИ – Йўғ-е... 
ИХТИРОЖОН – Ҳа. Бобом, ўша мағзава ўрнида бу идишнинг ичига сут-қатиқ солинса, қатиқ айланиб-айланиб, пишиб, сарёғи сарёғга, айрони-айронга ажралади-ку, деб ўйлаганлар. Ўшандан бери қишлоқларда кўплаб уй бекалари куви пишиш ташвишидан қутилганлар.
БОШЛОВЧИ – Офарин, қойил! Отангиз-чи? Отангизнинг кашфиётлари нималардан иборат?
ИХТИРОЖОН – Отам ўз ёшлигида, яъни бундан 35-40 йилча олдин ўша пайтларда чиққан чангютгичларнинг сўрувчи шланкасини тескари, яъни ҳаво чиқарувчи томонига улаб, трубаси учига ўрнатиладиган, сув ёки дезинфекция дорисини пурковчи мосламасини бўёқ сепишга мослаштирган. Бу усулда деворларни бўяш, деворларга гул солиш ишлари осон кечган. Ҳалигача уйларни таъмирловчи рассом-усталар отамнинг бу кашфиётидан фойдаланиб келишади. Нон сотувчилар учун велосипед олдига, рул қисмига маҳкамланадиган нон соладиган тахта-багажларни, тўйларнинг ичигача кириб борадиган ғилдиракли тандирларни ҳам отам ихтиро қилган. Отамнинг яна бир кичик кашфиёти ҳам анча вақт мода бўлиб турди.
БОШЛОВЧИ – Қизиқ, нима экан ўша модний кашфиёт.
ИХТИРОЖОН – Отам ўша пайтларда ичидаги вазелини ишлатиб бўлинган, бўшаган думалоқ алюминий вазелин қутиларини ташлаб юбормаган. Балки, уларан ихчам носқовоқ ўрнида фойдаланиш мумкинлигини кашф қилган. Узоқ йиллар носкашлар ана шу носқовоқлардан фойдаланишган.
БОШЛОВЧИ - Э, қойил. Ихтирожон, келинг, энди ўз ихтироларингиз ҳақида  сўзлаб беринг.
ИХТИРОЖОН – Ўзимга келсак, мен замонавий ёшлар авлодиман. Инновацион технологиялар кашфиёти устида изланишдаман.
БОШЛОВЧИ – Масалан?
ИХТИРОЖОН – Масалан, отамнинг кашфиётини замонавий кўринишда давом эттириб, вазелин қутилари модадан қолганлиги учун, полиэтилен материалдан ихчам носқовоқлар ихтиро қилдим. Мана, улардан намуналар олиб келганман ўзим билан бирга. Мана, кўришингиз мумкин. Носкашлар жуда мамнун. Бу инновацион носқовоқ. Кастим-шим кийсангиз ҳам, чўнтагигингизда носқовоғингиз борлиги сезилмайди.
БОШЛОВЧИ – Ростаданам ихчам экан. Ие, бунинг устида санъаткорларнинг расмлари ҳам борми?
ИХТИРОЖОН – Ҳа-да. Бунинг инновационлиги ҳам шунда-да. Бир пайтнинг ўзида реклама воситаси бўлади  бу носқовоқлар. Ахир бугунги ёрқин юлдузларнинг  ашаддий мухлислари носкашлар-ку.
БОШЛОВЧИ – Ҳааа. Аммо бугун бу ихтиронгиз  унчалик янгилик бўлмай қолди. Қолаверса, нос бу барибир соғлик учун зарарли маҳсулот. Айтинг-чи, қанақанги фойдали ихтироларингиз бор?
ИХТИРОЖОН – Мен нос ишлаб чиқараяётганим йўқ-ку! Носқовоқ ишлаб чиқараяпман. Яна бир ихтироим бор-у, аммо уни ошкор қилишга қўрқиб турибман-да.
БОШЛОВЧИ – Нимадан қўрқасиз?
ИХТИРОЖОН – Агар бу ихтиромни ошкор қилсам, бутун дунёга шов-шув бўлиб кетади.
БОШЛОВЧИ – Ие, бу зўр-ку. Бир пасда машҳур бўлиб кетасиз.
ИХТИРОЖОН – Йўқ. Бунақа машҳурликни истамаган бўлардим. Бу жуда хавфли. 
БОШЛОВЧИ – (хавотирланиб) ...Нима, сиз бирон бир кимёвий қурол, ёки янгича атом бомбасини ихтиро қилдингизми?
ИХТИРОЖОН – Йўғе, нималар деяпсиз. Худо асрасин.
БОШЛОВЧИ – Айта қолсангиз-чи, нима экан у хавфли матоҳ. 
ИХТИРОЖОН – Мана. Манави кўзойнак. 
БОШЛОВЧИ – (кулади)  ...Э, сизни қаранг-у, нима эмиш дебман. Роса қизиқчи кансиз-ку. Хўш, шу оддий кўзойнакнинг нимаси хавфли экан?
ИХТИРОЖОН – Гап шундаки, бу кўзойнак одий кўзойнакмас. Унинг линзалари икки қаватли. Линзалар орасига эса шаффоф микросхемалар жойлаштирилган. Микросхемалар телепатия дастури асосида ишлайди. Хуллас бу кўзойнакни тақиб қарасангиз, рўпарангизда турган одамнинг фикрларини ўқийсиз. Унинг линзаларида ўша одамнинг ўйлаётган нарсалари кўринади.
БОШЛОВЧИ – Йўғ-е, ростданми? Бу ажойиб-ку. 
ИХТИРОЖОН – Нимаси ажойиб. Ғирт ташвишнинг ўзгинаси.
БОШЛОВЧИ – Қанақасига?
ИХТИРОЖОН – Жудаям билгингиз келяптими?
БОШЛОВЧИ – Ахир журналистман, ҳамма нарсага қизиқаман.
ИХТИРОЖОН – Унда ҳозир уни сизда синаб кўрамиз. Мен уни тақаман. Мана. Энди сизга қарайман. Айтайми, сиз нималарни ўйлаяпсиз?
БОШЛОВЧИ – Хўш, айтинг-чи.
ИХТИРОЖОН – Бугун қишлоқдаги қариндошларингиз, аниқроғи қайнонангиз 5 та қайинсинглингизни олиб, сизникига меҳмон бўлиб келишяпти. Хотинингиз эрталаб бир дунё маҳсулотлар рўйхатини берган... тезроқ кўрсатувни тугатиб, бозорга чопишни ўйлаяпсиз.
БОШЛОВЧИ – (ҳайратда) ...Ҳмм... ҳаммаси тўғри. Албатта қойилман... аммо нима кераги бор эди шуни эслатиб.
ИХТИРОЖОН – Ўзингиз сўрадингиз, мен ихтиром маҳсулини намойиш қиляпман. Ҳа, яна фикрларингиз кўриняпти. Айтаверайми? Ана, ана, сиз ҳозир қайнонангизни, хотинингизни уруғ-аймоғи билан қўшиб...
БОШЛОВЧИ – Стоп! Нималар деяпсиз. Бўлди. Бошқа гапирманг. Ечинг кўзойнагингизни. Ростданам жуда хавфли экан. Бу кўзойнакни махсус лабораторияларда синаш керак. Шундай иқтидорингиз бор экан, шу пайтгача қаерда эдингиз. Сайловолди демократик дебатларда шунақа кўзойнак қанчалик керак бўлганди-я. 
ИХТИРОЖОН – Менам шуни айтаман-да. Бу кўзойнакнинг энг хавфли томониям шунда-да. Агар уни тақиб, катта лавозимдаги одамларга қарасангиз борми, уларнинг ичидаги ёлғон борми, сўкиниш борми, ҳаммасини билиб оласиз.
БОШЛОВЧИ – Жаа мақтаб юборманг кўзойнагингизни. Биров мушугини пишт деёлмайдиган айрим каттаконлар сизнинг кўзойнагингизга қараб ўтирмайди. Бемалол, истаганча сўкинаверади. Одамлар ҳам бунга ўрганиб қолишган. Лекин барибир, бу кўзойнак баъзи масалаларда хавфли экан.
ИХТИРОЖОН – Ҳа, ихтиролар ўзи шунақа бўлади. Порохни кашф қилганлар ҳам ундан яхшилик йўлида фойдаланишни ният қилишган. Аммо нияти бузуқлар ундан қурол ўрнида фойдаланишади. 
БОШЛОВЧИ – Тўппа-тўғри. Сизга катта раҳмат бугунги суҳбат учун. Бу кўзойнакни эҳтиёт қилинг, ёмон одамлар қўлига тушиб қолмасин. Сиздан янги-янги фойдали ихтиролар кутиб қоламиз.
ИХТИРОЖОН – Раҳмат.
БОШЛОВЧИ – Азиз дўстлар шунинг билан “Эврика” кўрсатувимизниннг бугунги сони ниҳоясига етди. Сиз ҳам кашфиётлар қилинг, ихтиролар қилинг. Фаақт ихтиро қилган нарсангизни дастлаб сичқон ёки қуёнларда синаб кўришни унутманг. Хайр, саломат бўлинг.
Қувондиқ СИДДИҚОВ










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот