“КИНОШУНОС ЖИЯН"ЛАР


Қўчқор НОРҚОБИЛ

“КИНОШУНОС ЖИЯН"ЛАР
Ҳикоя

   Таниқли адибнинг қизиқ одати бор экан; имтиҳонга кирган абитуриентларга бир лаҳза синчиклаб қараб туради. Ҳудди унинг рўйи-ростини тасаввурида абадиятга муҳрлашга уринаётган каби кўзларини қисиб, қаршисидаги ўсмирдан сўрайди:
— Қани, жиян, нималарни биламиз? Киношунос ким экан ўзи? Содда ва аниқ қилиб, мўлжалга уринг-чи?
   Ҳа, адибнинг дастлабки саволи шу бўлади. Қаршисидаги қизми ё ўғилми, фарқи йўқ — ҳаммаси жиян!
   Дастлаб хонадаги ҳурматли домла-ю, атоқли драматургга эриш туюлди; Эшмат ҳам жиян, Тошмат ҳам жиян, Гули ҳам жиян, Нури ҳам жиян... Адиб эса уларнинг кўнглидагини англаган каби жилмаяди: “Олдин қизишиб олайлик-да, жиян билан, кейин чин мақсад йўлида тортишамиз”.
   Бугун кечагидан кўра оғирроқ кечаяпти. Жиянларнинг нобоплари йиғилиб қолган экан, адибнинг ҳам, драматургу ҳурматли домланинг ҳам тоқати тоғни қалтиратар даражага келди. Драматург титроқ урган қўллари билан стол устидаги қаламни олиб чиртиллатиб иккига бўлиб, синдириб қўйганини ўзи ҳам сезмай қолди. Ҳурматли домла қовоқ уюб ташқарига қаради: “Наҳотки, бугунги авлоднинг аҳволи шу?!...”.
   Хонага Майкл Жексон имижига кириб, хитқирол посонида илвасин илган йигитча кирди.
— Қани, жиян, нималарни..., — адиб энди одатий саволга ўтган эди ҳамки:
— Кино қайси бадиий асарга асосланиб яратилади?, — деди драматург адибнинг саволини чўрт кесиб.
   Адиб бу гал ... кўзларини юмганича йигитчага термулиб, жим қотди. “Майкл Жексон”дан эса садо чиқмади. Бир оздан сўнг:
— Кино, кино... ҳаётдан олинади — деди юзига маъноли тус бериб.
— Хўп, шундай бўлсин, лекин уни яратиш учун нимадир керак-ку, жон ука, — баъзўр ингради драматург.
Жексон жим.
— Кинони ким яратади? — деди ҳурматли домла, — шуни биласизми?, — ва, хижолатдан юзини деразага бурди.
   Майклбой домлага қатъий қараш қилди:
— Халқ яратади.
   Нимадир тақ этди. Драматург пиёлага сув қуяман деб ниманидир тушириб юборди. Адиб жилмайди:
— Хўш, жиян, режиссёр билан сценарийнинг кераги йўқ эканда-а?
   Адибнинг “жияни” бирдан хушёр тортди, қовун туширганини сезди-ю, дарҳол ўзини ўнглаб олди:
— Эмасам-чи. Керак. Яхши режиссёр билан яхши ҳалиги... с. с...
— Сценарий!
— Ҳа, яхши сценарий бўлиши керак.
— Ўқимабсиз-ку, жон ука, — қовоғига қон урди домланинг.
— Худо хоҳласам, ўқишга кирсак, бу ёғини ўрганиб оламиз домла.
— Бораверинг, — драматургнинг ботинидаги фиғон лабларига титроқ солди.
   Хонага бошқаси кирди. Бунисиники ошиб тушди.
— Мен сизларга яхшиси Жиммидан битта қўшиқ айтиб бера қолай, — деди.
— Қанақа Жинни? — анграйди домла.
— Жинни эмас, Жимми. Жимми, ача, ача, деган қўшиқни. Ҳиндча кино бор-ку..., — илжайди йигитча.
   Хонага сукут чўкди. Хонани изтироб ютди.
— Ахир сиз киношуносликка ўқишга киряпсиз-ку, — драматург ҳозиргина навбатчи қўйиб кетган бошқа қаламни ҳам чирт эткизиб синдириб қўйганини ўзи сезмади.
   Ҳурматли ўқувчи ўйламасин; муаллиф бугунги авлодни батамом кўрсаводга чиқариб қўяяпти деб. Ора-сирада таранг тортилган асаблар жарангидан портлай деб турган аудиторияга хушхоллик ва чароғонлик, умиду ишонч эпкинларини олиб кирган абитуриентлар ҳам бор эди. Уларнинг жавобидан шўрлик устозларнинг юзида табассум қалқир, ўзбек киносининг юки оёқ ости бўлиб қолмайди, деган ўй кўнглларида умид чироқларини ёқарди. Шундай пайтда драматург ўрнидан туриб кетарди. Киприкларида ёш ғилтиллаб: “Умринг узоқ бўлсин, болам! Ота-онангга салом айт”, — дерди. Ҳурматли домла эса қўлларини ҳаволатиб “бўларкан-ку, бўларкан-ку”, деб қўярди. Адиб ҳудди ўзининг жияни имтиҳон топширгани каби ғурурланарди: “Яша, жиян!”. Айниқса, ўзбек киносининг тарихи, бугуни ва бу соҳанинг равнақи борасида ўз фикр-мулоҳазаларини ўринлатиб, аъло даражада баён этган, ҳамма саволларга бекаму-кўст жавоб бериб, камига дунё киносининг бугуни ҳақида инглиз тилида ҳам қисқа маъруза қилган абитуриент қизнинг бийрон мулоҳазалари аудитория деворларидан ҳам акс-садо бергандай бўлди.
   Шундай бир хушҳол пайтда эшик очилиб остонада ҳансираган кўйи озғин ва дарроз йигитча пайдо бўлди. У аудиториядагиларга жавдирабгина қараб турди. Ҳаяжоннинг зўридан сўл қўли бармоқлари билан икки-уч бор бошига “тароқ урди”. Сўнг адибга қараб ўзича бир илжайиб қўйди.
— Хўш, қани, жиян. Ўтиринг. Ана курси. Киношунослик деганда нимани тушунамиз? Киношунос ким экан?
Дарроз курсида қўққайиб, узун ва бесўнақай оёқларини қимирлатиб, қўллари билан тиззаларини ноғора қилиб чала бошлади.
— Киношунослик... киношунослик... кино... киношунослик..., — анчагача узуқ-юлуқ валдиради — киношунос... кино.
— Тушунарли жиян, — деди ҳафсаласи пир бўлган адиб.
— Соҳага оид қандай китобларни ўқигансиз? — сўради домла.
— Соҳага оид... Соҳа... Соҳа.
   Драматург оғир уф тортди:
— Менга қара, воҳадан экансан-а?
— Ҳа, шундай.
— Кел, Сени қийнамайлик. Шу, ўзинг ўсиб-улғайган воҳалик ёзувчиларни бизга санаб бер. Шуларнинг орасида ҳам анчагина кинодраматурглар бор. Агар ўқиган бўлсанг, китобларини ҳам айт, барака топгур!
   Дарроз жим қотди. Шифтга кўз қадаб, бироз ўйлангандай бўлди.
— Хўш?, — тоқати тоқ бўлди драматургнинг.
   Дарроз дими-дирс. Шифтга кўз уради. Энди драматург ҳам уни атайин эрмаклагиси келди, очиғи, тоқу-тоқатига ўт кетгач, аччиқ устида пичинг қилди:
— Олтиндаладан экансан-а? Олтиндалалик адибларни ҳам билмайсанми?, — деди драматург ва адибга сирли қараб қўйди.
— Йўқ, билмайман.
— Т... Т... Тоғай..., — яхшилаб эсла-чи? Тоғай, Тоғай... М... — айт бу ёғини.
— Тоғай... тоғай..., — ғўлдиради дарроз.
   Домланинг пешонаси тиришди. Адибнинг ҳам ичидан нимадир чирт этиб узилгандай бўлди: Воҳадош “жиян”га ачиниб қаради: “Ҳатто Тоғай Муродни билмайдию, мени қаердан билсин...”, деган ўй кечди хаёлидан.
   Драматург ўрнидан даст туриб, учинчи қаламни ҳам чиртиллатиб синдирди.
Адиб уйига бир аҳволда келди. ўзини ҳам, ёзган китобларини ҳам ортиқча сезди. Адашган бир тўлқин ичида чирпирак бўлиб кетаётганини ҳис қилди. Ҳаётни китобсизлик касали ларзага келтира бошлаганини англади.
   ...Супада дастурхон тузатаётган хотинига ажабсиниб қаради. Худди байрамдагидай тараддуд кўраяпти. Оёғи олти, қўли етти қизи ҳам ғизиллаб ичкаридан хонтахта устига у-бу ноз-неъматлар олиб чиқяпти.
— Тинчликми?
— Синглингиз, Деновдаги қайнисинглим келаяптийкан.
   Адиб иш-рўзғор ташвишлари билан бўлиб анчадан бери кўрмаган қадрдон синглисини эслаб севинди. Ўзи ҳам одам-подам эмас-да. Тошкентдан Олтиндалага борган кезлар, қўшни туманга турмушга чиққан синглиси Гулбаҳорни кўриб келишга вақт тополмабди-а. Икки йил олдин укасининг тўйида кўрувди. Унинг ҳам ташвишлари ўзига етарли. Бола-чақали, неваралари бор. Муштипар сингилнинг ўзи йўқлаб келаётганидан изза тортди: “Ака бўлиб ёлчитиб хабар ҳам ололмайман...”.
   Ювиниб-тараниб супага ёнбошлади. Уйқуга кетди. Хира-ширада дарвоза олдида машина тўхтади. Адиб эшикни очди. Қадди-басти, юз-кўзларида югурик вақт заҳми қолган, чеҳрасини ажин қоплаган синглиси Гулбаҳорни кўрди. Шу икки йил ичида яна ўзини олдириб қўйибди. Касал-пасалмасмикин? Даволангани келдимикин?
   Сингил унинг бағрига отилди.
— Акажон, раҳмат Сизга — деди у пиқиллаб. — Бугун жиянингизни таниб, анча ёрдам берибсиз. Сизни маллимлик қилиб, имтиҳон олишингиз хаёлимизга ҳам келмовди. — Сингил машина томон юзини бурди. Машина эшиги очилди.
   Адибнинг вужудини қалтироқ босди. Рўпарасида ҳалиги дарроз, Тоғай Муродни танимаган куйдирги “жиян” худди аудитория остонасидаги каби илжайиб турарди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот