Инсонийликни қадрлайман


   Шукурлар бўлсинки, фақат мексика, корейс, ҳинд ва турк сериалларинигина эмас, балки миллий сериалларимизни ҳам кўрадиган давр келди. Шундай сериаллардан бири, маҳоратли режиссёр – Шавкат Жунайдуллаевнинг “Қайтар дунё” сериалида вафодор, содда, ҳақиқий ўзбек қизи тимсолини қойилмақом ижро этган ёш истеъдодли актриса – Гулнорахон Қосимовадир. 
   Журналимизга кўп сонли мухлисларимиздан келган талаб ва истакларни инобатга олиб, Янги йил арафасида Гулнорахонни суҳбатга чорладик. Буни қарангки, қўл телефонини олган синглимиз Навоий вилоятида гастролда эканлигини, 10 январдан кейингина қайтишини маълум қилди. Ниҳоят, биз орзиқиб кутган кун етиб келгач, Гулнорахон билан суҳбатлашдик. 
    “Одамнинг юз-кўзи – унинг кўнгил кўзгуси”, деганлари рост экан. Кўзларидаги самимийлик, беғуборлик, истарасининг иссиқлиги, табассуми беихтиёр одамни ўзига оҳанрабодек тортаркан.
—  Аввало, гастрольдаги таассуротлар хусусида гапириб берсангиз? Янги йилни янги одамлар даврасида кутиб олишнинг ҳам ўзига яраша гашти бўлса керак-а?
— Гастроль “Ўзбеккино” миллий агентлигининг жонкуяр ходимлари Аъзам Исоқов ва Шуҳрат Турсуновлар томонидан ташкиллаштирилди. Навоий шаҳрига уюштирилган гастроль ўша ердаги театрда ишловчи Умид Ҳамдамов томонидан ташкиллаштирилган экан. “Фарҳод” маданият саройида “Президент арчаси” бўлиб ўтди. У ерга, асосан, етим болалар учун томошалар қўйиб бердик. Ҳар куни уч маҳал томошалар намойиш этдик. Янги йил дастуримиз ранг-баранг, кулгили ҳангомалар бўлса-да, асосий мавзу “Тантиқ малика” эртаги эди. Мазкур эртакдаги тантиқ малика образини ижро этиш менинг зиммамга юклатилди. Мурувват уйида ота-она меҳридан жудо бўлган, кўзлари мунг билан лиммо-лим болаларга кулги бахшида этиш, уларнинг кўзларида қувонч акс этишини кўриш қанчалар ҳаяжонли ва таъсирлигини тасаввур қила оласизми? Мен табиатан, жуда ҳам таъсирчан қизман. Уларнинг кўзларидаги соғинч, меҳрга ташналик яққол кўриниб тургани учунми, беихтиёр, уларнинг таъсир доирасига тушиб, уларга ич-ичимдан ачиниб, уларнинг бошларини силаб, юпатгим келиб кетган пайтларим кўп бўлди. Шундай лаҳзаларда юрагим йиғлаб, сиртим кулар, чунки, уларни кулдириш, уларга қувонч улашиш бизнинг асосий, олдимизга мақсад қилиб қўйган вазифамиз эди.
  Илгари ҳам Водийга, хусусан, Қўқон, Фарғона ва Қувага гастролларга борганмиз, санъат шинавандалари билан учрашиб, олам-олам завқ олиб қайтганман. Мен шу каби учрашувлар кўп бўлишини истардим! Жонли мулоқотда бўлганда, санъаткор мухлисларининг кўзи, руҳиятидан қувват олиб, илҳомланади, савол-жавоблар бирам қизиқарли-ки!!! 
— Ўзингизнинг таржимаи ҳолингиз ҳақида тўхталиб ўтсангиз... 
— 2004 йил Алишер Навоий номидаги Республика нафис санъат лицейинининг “Сухандонлик бўлими”ни тугатганман. Ўша йили Маннон Уйғур номидаги Ўзбекистон санъат институтига ҳужжат топширдим ва имтиҳонлардан ўтиб, талабаликни қўлга киритдим. 2008 йилда шу институтнинг “Драма ва кино актёрлиги бўлими” ихтисослиги бўйича ўқишни битирдим. Институтда таҳсил олиб юрган кезларимда-ёқ санъатга бўлган иштиёқим баланд эди. Устозим Жўра Маҳмудовнинг “Тазарру” деб номланган асарида содда қишлоқ аёли — Сарви образини, Ойбекнинг “Қутлуғ қон” асарида Унсин ролини ўйнаганман. 4-курслигимда битирув кечаси Шекспир қаламига мансуб “Қирол Лир” фожеасида Карделия тимсолини яратдим.
— Ҳаммамиз севиб томоша қилган, Шавкат Жунайдуллаевнинг “Қайтар дунё” фильмида дастлабки ижро этган катта ролингиз, сериални суратга олиш пайтидаги ўзига хос машаққатлар бўлгандир? Ҳар ҳолда катта экранда илк бор чиқишингиз эди, роса ҳаяжонланган бўлсангиз керак?  
— Тўғрисини айтадиган бўлсам, мени кўпроқ ҳаяжон эмас, ролга эълон қилинган танлов, шу ролга муносиб актриса топилгунга қадар бўлган рақобат, қайта-қайта қилинган текширув асосида суратга олиш (проба)лар бироз толиқтириб қўйди. Очиғи, ҳатто бу рол менга насиб этишидан кўнгил ҳам узаёзгандим. Телевидениедан ҳадеб текширувга чақиртираверишларидан барибир фойдаси йўқдек, бу чақирув шунчаки хўжакўрсинга бўлиб туюлгани боис, кейинги пайтларда қўнғироқларга жавоб ҳам бермай қўйгандим. Аммо, омадни қарангки, югурганни эмас, буюрганники, деганларидек, шу рол менга насиб этганини айтишган куни қувончим чексиз эди! Шавкат ака Жунайдуллаевнинг бу сериали мен учун катта ҳаётий сабоқ бўлди! Кинога олиш жараёнида институтда олган фақатгина назарий билимларимни амалда, қолаверса, ҳаётий тажрибалар асосида бойитишга муваффақ бўлдим. Фильм, асосан, Қибрайда олинди. 
— Сиз ижро этган ролдаги қаҳрамонингиз ва ўзингизнинг феъл-атворингизда ўхшашликлар борми?  
— Фильмда содда, оддий қиз, ҳаётда эса, замонавий кийиниб олганимга шаъма қилаяпсизми? Мен кайфиятимга қараб кийинаман.
— Йўқ, қандай кийиниш ҳар кимнинг дидига боғлиқ. Кийган либосларингиз ўзингизга жуда ярашган! Демоқчи бўлганим, Сиз ўзингиз қаҳрамонингиз сингари ҳар қандай вазиятда ҳам севгингизга содиқ бўлиб қола олармидингиз?    
— Албатта. Мен севган йигит, энг аввало, мени қандай бўлсам, шундайлигимча қабул қилсин, санъатни севсин, шундагина, санъатга бўлган иштиёқимга қарши чиқмайди. Мени тушунсин, кези келса, мен учун кўксини тоғдек қалқон қилсин! Мен мард, айтган сўзлари тилида эмас, дилида бўлган, инсоний фазилатлари устун эркакларни қадрлайман! Чиройли сўзларга кўпам учавермайман, чунки, ҳаётда кўп кўрганман, дабдабали, баландпарвоз гапларни қийиб юборадиган, сўзларга тўн кийдирадиган йигитлар кўп ҳолларда ўз сўзларининг устиларидан чиқа олишмайди. Агар менинг санъаткорлигимни тўғри тушуна оладиган йигит бўлса, мен ишонаманки, унга муносиб умр йўлдош, вафодор рафиқа, яхши уй бекаси бўла оламан! Агар ҳаётда шундай йигитни учратсам ва ё оилани ёки санъатни танлаш керак бўлса, оилани танлайман!
— Шу фикрингизга бироз ойдинлик киритиб ўтсангиз. Бу деганингиз, оилани санъатдан устун қўяман деганингизми ёки керак бўлса, санъатдан ҳам воз кеча оламан, демоқчисизми?
— Ҳа, биринчиси. Санъатдан ҳеч қачон воз кеча олмасам керак. Чунки, санъатсиз ҳаётимни мутлақо тасаввур қила олмайман! Яна севги мавзусига чекинсам майлими? Мен севгини қадрлайман ва севган инсонимни ҳам. Некбин (оптимист) одамларни ёқтираман. Бўлажак умр йўлдошим ҳам некбин бўлишини истайман. Чунки, эртанги  кунга ишонч билан қарайдиган, ҳар қандай лаҳзаларда ҳам кўнглингда умид чироғини ёқа оладиган одам оғир дамларда далда бера олади! Ҳар бир одам ўзида ижобий хислатларни тарбиялай олади, деб ўйлайман. Энг муҳими, ишонч ва хоҳиш бўлиши керак! “Масхарабоз” фильмидаги қаҳрамоннинг бир гапи бор-ку: “Бундан ҳам баттар бўлиши мумкин эди-ку”, – деган. Оғир дамларда ёки тушкунликка берилган дамларимда мен ҳам шу сўзларни кўп такрорлайман: “Ахир, бундан ҳам баттар бўлиши мумкин эди-ку!”. Мен ҳаётда жудаям таъсирчан, ҳис-туйғуларга тез берилувчан қизман. Шунинг учун, боя айтганимдек, қандай кийинишим ҳам, кўп ҳолларда, кайфиятимга боғлиқ. Фикр доираси кенг, хушчақчақ одамларни қадрлайман, қатъиятсиз, майда гап одамларни ёқтирмайман. Умуман, гина сақламайман. Мени ранжитиб қўйиш, хафа қилиш жудаям осон, лекин аразлаб юрмайман. Эртаси куни, менинг кўнглимни хуфтон қилган одам билан яна салом-алик қилиб кетавераман. 
— Севган машғулотингиз? Санъатдан ташқари, яна нималарга қизиқасиз?  
— Китоб ўқишга...
—    Электрон китобларми?
—    Йў-ўқ! Оддий, қоғоз муқовада босмахоналардан чиқадиган китоблар бор-ку, ўшанақа китоблар.
—    Наҳотки?!! Ҳозирги даврда компьютерларда, интернетларда электрон китоблар урф бўлган бир паллада, ҳали ҳам замонамизнинг ёш қизлари ичида мутолаа қилишни ёқтирадиган, китоб олиб ўқийдиган Сиздек қизлар борлигидан мамнунман!
—    Раҳмат! 
—    Асосан, қайси мавзулардаги китобларни ўқийсиз?
— Кўпроқ, тарихий асарларга қизиқаман. Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар”, Талъат Турсуннинг “Ўқитувчи”, Садриддин Айнийнинг “Судхўрнинг ўлими”, Гётенинг “Фауст”, Шекспирнинг “Қирол Лир”, “Ромео ва Жульетта” китобларини мароқ билан қайта-қайта мутолаа қилганман. Шу каби асарларни ўқиган кезларим, шу қахрамонларнинг ички дунёсига шўнғиб кетаман ва уларнинг ҳаёти билан яшагандек, ўша манзаралар кўз ўнгимда намоён бўлгандек бўлаверади.  
— Сиз киноактриса бўлганингиз боис, яна кино мавзусига қайтсак. Ёлқин Тўйчиевнинг “Нотаниш” фильмида Жаҳонгир Позилжонов билан бирга ўйнаган ролингиз.... Қишнинг чилласида совуқ қотмаганмисиз?
— Эҳ, шу саволни бекор бердингиз-да! Эндигина ўшанда музлаб қолай деганларимни унутаёзгандим, яна эслатдингиз! Ҳозир, эслаб, яна этим қайтадан жунжикиб кетаяпти! Роса совқотганман!!! Айниқса, кўприк олдида роса совуқ еганман.
— Бугунги кунга қадар ижро этган ролларингиз ичида ўзингизга энг манзур бўлгани қайси бири-ю, қай биридан кўнглингиз тўлмаган?
— Ҳамма ролларим ўзимга жуда ёқади. Ёқмаса ёки кўнглим тўлмаса, ўйнамас эдим. Биласизми, ролларимни ўйнаган пайтларим, ўша қаҳрамонларимнинг ички дунёси билан яшаганман, ўша образлар менинг иккинчи менимга айланган.  Фурқат Файзиевнинг “Водиллик келин – 2” фильмида устоз санъаткорлар билан ёнма-ён туриб ишлаш менинг азалий орзуларимнинг ушалиши десам ҳам бўлади! Раъно опа Зокирова кинони суратга олиш пайтида менга жуда кўп нарсаларни ўргатди. Унда келин Ширин тимсолида гавдаланганман. 
   Аҳмадали Унарбоевнинг “Мени тушун” фильми экранларга чиқишидан олдин шов-шувга сабаб бўлганди. Сабаб, Гулчеҳра Эшонқулованинг келинлик либосида тушган суратлари. Газеталарда “Гулчеҳра Эшонқулованинг тўйи бўлдими?”  каби миш-миш овозалар чиқди.  Бу фильмда ҳам ўйнаган ролим ўзимга ниҳоятда ёқди!
    Режиссёр Фотиҳ Жалоловнинг “Эртакда айтилган кун” фильмида маликаи Ҳуснобод ролини; Тоҳир Малик асарида асосида Ёдгор Саъдиев режиссёрлигида суратган олинган “Иблис девори” фильмида Офтобхон сиймосини талқин қилдим. Суратга олиш жараёнлари Наманганда бўлиб ўтди.
  Мен киноларда хоҳ ижобий, хоҳ салбий образ бўлсин, маромига етказиб ижро этишни истайман! Бу яхши, бу ёмон роль экан, деб ўтирмайман. Чинакам артист ҳар қандай образни ҳам ўйнай олиши керак. Шу жиҳатдан, айрим инжиқ актрисалардан фарқ қиламан. Ҳозир яна бир нечта киноларда роль ўйнашга таклиф қилишган.
—    Кинолардан ташқари, Сизни клипларда ҳам кўраяпмиз?
— Кинолардан ташқари, клипларга ҳам таклиф қилишаяпти. Эргаш Алихусановнинг “Севгилим”, “Шаҳзод” гуруҳининг “Дил нотинч”, Ҳосила Раҳимованинг “Рашк” клипи ва бошқа бир қатор клипларда қатнашишимга ҳам тўғри келаяпти. Биласизми, уларга клипга тушмайман, деб, уларни хафа қилиб қўйишни истамайман. 
— Миллий сериаллар Сизнинг наздингизда қандай бўлиши керак? Қандай талабларга жавоб бериши лозим, деб ҳисоблайсиз?
— Миллий сериалларимиз жуда миллийлашиб ҳам, жуда  замонавийлашиб ҳам кетмасин. Ҳамма нарсанинг ўртамиёна бўлгани яхши. Чунки, миллий сериал экан деб, ҳадеб миллий урф-одат, эски удум ва анъаналардан иборат бўлиб қолса, фильмнинг мавзуси ёшларни зериктириб қўйиши мумкин. Аммо жуда замонавийлашиб, олди-қочди бўлиб кетса ҳам бўлмайди. Шу нуқтаи назардан, ҳам миллийлик, ҳам замонавийликни уйғунлаштириб, бугунги кундаги долзарб масалалар ёритилса. Ўлдим-куйдимни ёшлар кўриши мумкин, лекин фильмлар катта ёшдаги отахон ва онахонларимизга фақатгина йигит-қизнинг севгиси эриш туюлиши мумкин. Хуллас, миллий сериал барча ёшдаги кишилар учун ибрат бўлсин, маънавий озуқа бера олсин, инсон руҳиятига таъсир этсин! 
   Масалан, ўзим, ҳаддан зиёд урф-одатлар, масалан, тўй-томошалар, қуда-андачиликлардаги тоғорабозликка мутлақо қаршиман!
— Биринчи устозингиз деб кимни биласиз?
— Ҳаётдаги биринчи устозим — Ойим — Фотима Қосимова! Ҳозирда уй бекаси. Ўзлари шарқшунос, ҳинд-урду мутахассислиги бўйича ўқиб, шу соҳада ишлаганлар. Адам Муталиб Қосимов ҳам ойим билан ҳамкасб. Оилада тўрт нафар фарзандмиз. Мен шу оиланинг иккинчи фарзандиман. Оиламизда шу чоққача санъаткорлар бўлмаган. Шунга қарамай, мени тўғри тушунган ва менинг санъат оламидаги интилишимни қўллаб-қувватлаганликлари учун ота-онамдан беҳад миннатдорман!!!  
— Гулнорахон! Самимий суҳбатингиз учун Сизга “Бекажон” газетасининг ижодий ходимлари ва мухлислари номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман! Келгусидаги ижодингизга омад тилаган ҳолда, кино осмонида янада юксак марраларни қўлга киритишингизга тилакдошман!!! Ҳамиша ҳозиргидек беғубор ва гўзал бўлиб юринг!
— Раҳмат! Мен ҳам ўз навбатимда, “Бекажон” газетасининг мухлисларига  бахт, қут-барака  ва соғлик тилайман! Ҳеч қачон уларнинг қалбларидаги умид шамчироқлари ўчмасин! Кўтаринки кайфият ҳамроҳлари бўлиб, ҳар бир кунларингиз қувончли бўлсин! Сизларга катта раҳмат!!! 

Суҳбатдош — Музаффар МУҲАММАДНАЗАР.
Манба: "Бекажон" газетаси, 2011 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот