ЗАМОНАНИНГ ЗАЙЛИМИ?..
    
Ҳабиб СИДДИҚЗАМОНАНИНГ ЗАЙЛИМИ?..
    Илгари одамлар маоши ошса хурсанд бўлишарди, энди маош ошишини эшитса нарх-наводан ҳадиксирайдиган бўлишди.
  ***
    Илгари одамлар ҳеч қандай фоизсиз қарз беришар ва олишарди. Энди фоизи билан беришиб танини ҳам, фоизини ҳам, қаздорни ҳам тополмай юришибди.
  ***
   Илгари бошқалардан аввалроқ салом беришга интилганлар кўп бўларди. Энди бошқаларни ўзигагина эмас, соясига салом бердиришни истайдиганлар кўпайгандай.
  ***
   Илгари шифокорлар беморнинг кўзига, тилига қараб касалини аниқлашарди. Энди эса қўлига қараб ташҳис қўйишяпти.
  ***
    Илгари бошлиқлар иш орасида мажлисга ҳам бориб туришарди. Энди мажлисдан бўш пайтларда ишга боришяпти.
  ***
    Илгари ҳофизлар аввал шеър танлаб, сўнг қўшиқ қилишарди. Бугунги хонандалар қўшиқ тайёр бўлди, фақат сўзи йўқ-да, деб қўшиқчи шоир излаб юришибди.
  ***
   Илгари ўғирлик қилиб қўлга тушиб қолишса ҳимоячи қидиришарди. Ҳозиргилар аввалдан этагини тутган ҳимоячисини орқа қилиб бемалол ўғирлик қилиб ётишибди.
  ***
    Илгари телефондан фойдаланиб иш битиришарди. Энди телефонга боғланиб ташвиш оширишяпти.
  ***
    Илгари деҳқон бозорида деҳқонлар савдо қилишарди. Энди деҳқонлар бозорни ташқарисидан қайтиб кетишяпти.
  ***
    Илгари ҳорижий сериалларнинг менталитетимизга тўғри келмайдиган жойларини қайчилашарди. Энди ўзимизнинг сериалларда ундан баттар жойларини бемалол кўриб ўтирадиган бўлдик.