БИРНИ КЎРИБ ФИКР ҚИЛ...
ДИЛДАГИ ГАПЛАР
БИРНИ КЎРИБ ФИКР ҚИЛ...
Яқинда ижтимоий тармоқларда бир суврат айланди. Шувоқлари тўкилиб кетган қаровсиз уй олдида қўлларини қовуштириб турган аёл, бир табақаси осилиб турган эшик, сал нарироқда кўримсиз дераза акс этган. Аллақандай қинғир-қийшиқ зинапоя, хароба уй... Кимдир буни эски сурат, 60-70-йиллардаги фото дейиши ҳам мумкин. Аммо чапроқда ерда турган обдаста янги давр маҳсулоти… Демак, бу бугуннинг аёли. Унга менинг ҳеч бир ғаразим йўқ, танимайман. Аммо бу сувратга одамлар ночор аҳволда яшашяпти, деган иддао билан муносабатлар ёзишди.
Кимгадир яхши кўриниш ниятим йўқ. Фақат оиламиз қандай яшагани, ночор аҳволдан чиқиб кетиш учун онамнинг қилган ишлари ҳақида ҳикоя қилиб бермоқчиман, холос.
Отам бу дунёни тарк этиб кетганларида ўттиз ёшга энди кирган онам – Муҳаббатхон ҳожи она Йўлдошева беш фарзанд билан бева қолган. Энг каттамиз – опам ҳали 12 ёшли қизча. Олти жоннинг боқувчисидан айрилган волидам бош фарзанд бўлганлари учун жигарлари ҳам ҳали бир ишнинг бошини тутмаган, ораларида суянчиқликка ярайдигани йўқ. Биттагина ўғил ука. Аллоҳдан бошқа розиқ йўқ. Нима, онам ҳам уйни хароба қилиб, ҳовлини чўлга айлантириб, осмонга қараб, эшикка термилиб ўтираверишлари керакмиди, қўлини қовуштириб?.. Ҳунар йўқ, аттестат, диплом ҳам, касб-кор ҳам йўқ...
Дарров тишининг ковагида асраб юрганларини сотиб, битта эчки оладилар. Ҳовли тўла хазон, кўча тўла ўт. Болаларга ризқ - бир ярим-икки литр сути бор. Ҳовлининг офтобрўя ерига ошкўкатлар, жўхори экади, суғоради, теради, ювади, боғлам қилиб, бозорчиларга кўтара сотиб келади, жўхорини қозонга солиб пишириб, болаларининг оғзига тутади.
Уйимиздан икки бекат нарида, Бешёғочга яқин жойда давлат кушхонаси бор эди. Ўша ерда ишлови кўп, фойдаси камлиги учун пўстдумбани арзон-гаровга сотишарди. Онам ўшани олиб келиб, ёғини ажратиб оладилар, покиза қилиб эритиб, рўзғорга ишлатади, орттирганини қўни-қўшнига сотади.
Қўлига уч-тўрт сўм тўплаб, бозорга боради. Эскилар билишади: илгарилари арзонлаштирилган, нархи тушган моллар сотиладиган дўконлар бўларди. Шу дўконда лахтак газламалар сотувга қўйиларди. Ўлчамлардан ортган ярим метрдан бир ярим метрларгача бўлган матоларни шу дўконларда килограммлаб сотар экан. Бу асл нархидан икки ва унданам арзонга тушаркан. Онам шуларни қаердан билган эканлар, деб ўйлаб қоламан баъзан. Саломат бувим – онамнинг онаси чевар ўтган. Аёлларга кўйлак тикар эдилар. Казо-казоларнинг хотин-қизлари бувимга кийим тиктиришарди. Ўшанда онамнинг ҳам кўзлари пишган экан, шекилли. Кўйлак тикмасдилару, ҳалиги лахтак матолардан бошқа нарсалар тикишга уста эдилар. Маҳалла, кўчамиздагилар сотиб олишар экан. Қариндошдаям қиз-жувон дегани сероб… Бу матолар орасида чит, сатин, шоҳи, қарғашойи, штапел ва бошқа турлари бўларди. Эшитганим қулоғимда қолган-да. Ўша матолардан бизларга ҳам эгни-бошни ўзлари тикиб берарди. Ўрин-кўрпаларга чойшаб, кўрпачалар учун “мағиз” ли қилиб, тайёр астарлар сотар эди. Такрор айтаман, бунга ўқимаган, бировга шогирд тушмаган, эҳтиёж сабаб, эплаб кетаверган. Катта опам билан катта акам ул-бул ишларга ҳам қарашишгандир, аммо ҳали вояга етмаган болаларнинг қўлидан маблағ топадиган ишлар келармиди?
Булардан вақт орттириб, яна дўппи ҳам тикар эди. У пайтда қизлар дўппи кийишарди. “Ироқи” нусха дўппининг “тепа”си ва “кизаги”ни тикиб берадиган “чок”чилик ҳам қилган. Буюртмачи хомашёларни уйимизга олиб келиб беради. Ўн беш кун-бир ойда келиб, тайёр бўлганларини олиб кетади. Кўп ўтмай, ўзлари мустақил дўппи тика бошлайди. Хадрада, эски “Тоштрам”дан трамвай чиқадиган кўча бошида дўппи бозори бўларди. Мени ҳам етаклаб боргандилар бир неча марта. Ўша ердан хомашёсини олиб келиб, ўзлари тикиб, битириб сотардилар ҳам.
Аммо уйимиз ҳам, ошхонамиз ҳам оппоқ, покиза турарди доим. Айниқса, ошхонамизни ҳар йили оқлаганлари эсимдан чиқмайди. Аввал, онамнинг сўзлари билан айтганда, “латтасувоқ” қилиб чиқарди. Бу иш эркакларга ҳам яхшигина оғирлик қилади. Бели оғригандир, қўли толиққандир, зах егандир… Бир-икки кун ўтиб, девор қуригач, “пардоз”лаш ишлари бошланарди. Челакка оҳакни эритиб, канопми, ипми, бир нарсадан ясалган “чипта” билан оқлаб чиқардилар. Ҳаммаёқ чароғон! Ёрдам берадиган на ака-ука, на қайнбўй, на ўғиллар… Онам, ўзлари оҳаклаб кетаверарди. Ғайрати, интилиши кучли эди. Яшаш учун кураш, деган шиорни қулоқларига сирға қилиб илиб олган эдилар.
Онам чекаётган бу жафоларга Аллоҳнинг раҳми келадими, тоғам катта бир ташкилот дўконига кириб ишлаб турганида, онамга ҳам шу ердан иш чиқади.
“Опа, бирга ишлаймиз, уйингга барака киради”, деб тоғам кўндиради. Бир ойлик курсда ўқиб, сотувчилик рухсатини олиб, нон дўконига ишга киради. Бир кеча-кундуз иш, икки кун дам. Бу “дам” дегани ҳам номига экан. Уйда яна қанча ишлар кутиб турарди. Ҳартугул, ўша, онам хизматда бўлганида холаларимдан бири келиб, бизга бош бўлиб турарди. Уларнинг ўзлари 15, 13 ёшли мактаб болалари. Мана, қандай оғир кунларни бошидан ўтказган волидамиз. Лекин ҳеч қачон бировнинг қўлига қарамаган, ҳеч кимдан ҳеч нарса кутиб, умидвор бўлиб ўтирмаган.
Камбағалман, боқувчим йўқ, қўлимдан ҳеч иш келмайди, ўқимаганман, каби баҳоналарни юзлаб келтириш мумкин. Давлат яна нима қилиб берсин? Мустақил бўлганимиздан бери ҳали сигир тарқатилади, ҳали бузоқ ҳадя қилинади. Мана, товуқ боқ дейди, асалари парвариш қил, дейди. Минглаб хонадонларга шунақа мурувват қилинганини мен ўзим неча бор “Ахборот” кўрсатувида йиллар мобайнида ўқиб, гувоҳ бўлиб келдим-ку. Қани, ўша беминнат ёрдамларнинг ҳосили? Яна: “Сен ишлагин, лойиҳа олиб келгин, бизнес қиламан, деб қоғозингни кўтариб кир, пул ҳам бераман”, дейди. Ўзини ўзи банд қиламан деганларга энг кам фоизларда кредит линияларини очинглар, деб банкларга топшириқ берилди. Кимлардир шундан фойдалангандир. Нима учун кимлардир қимирламайди? Ҳеч бўлмаса уйининг ташини, ичини йиғиштириб, тартибга солиб, саранжом-саришта қилиб уйни, рўзғорни покиза тутиш учун пул керакмас-ку.
Оёқ-қўли бутун баъзи кимса қўл узатиб, тиланчилик қилишдан орланмаяпти. Текинхўр, текинтомоқ, давлатга ишониб, ётиб ейишга ўрганганлар кўпайяпти. Белини буккиси, бирор-бир фойдали иш қилиб пул топишга бўйни ёр бермаяпти. Уларнинг орасида: “Ёлғиз онаман, давлат боқсин”, деган иддао билан ўтириб олганлари ҳам йўқ эмас.
Телекўрсатувларда жисмида нуқсони бор одамларни кўрсатади: оёқ бармоқлари билан ускунани айлантириб, омбир суқиб, устачилик қилиб кун кўряпти. Хонаки техник анжомларни таъмирлаб беряпти. Орияти кучли. Нафсонияти бор. Виждони уйғоқ. Луқмасининг ҳалол бўлишига ҳаракат қиляпти. Аслида шунақалар тиланса бўлади. Йўқ, тиланмайди, ҳамияти кучли.
“Сендан ҳаракат, мендан баракат”, деган гап бор. Буни мен болалигимдан бери эшитиб келаман. Меҳнат қилган бандасини Аллоҳ қуруқ қўймайди, барака сўраганининг дуосини қайтармайди. Ҳаммаси одамларнинг ўзига боғлиқ. Яшаш учун ҳаракат қил. Битта ишни бошла. Ишнинг уяти йўқ. Меҳнат қилсанг, битасан.
Ўрни келганда онамнинг бир гапларини эсламоқчиман. Телевидениега ишга кириб, элга танилганимдан кейин кимлардир уйимга бир нималарни чин дилдан илиниб олиб келишадиган бўлди. Мухлислар бор бўлсин.
– Буларнинг пулини бердингми? – дедилар бир гал онам. – Бермаган бўлсанг, бергин! Мозорнинг шайхига ўхшаб “текини келди”, деб еб юраверма! Тўйини ўтказган бўлсанг, пулингни бергандир. Ўзи опкелдию деб биқтирма қилиб ўтирмагин.
Онамнинг фалсафаси – шу. Покдомоним “Бир умр қийналдим, ўша кунларимнинг роҳати энди келяпти”, демади. Мени ҳам тўғри йўлга солиб, ҳушёр торттириб қўйди. Виждонга суянган инсон борки, текинга кўз тикмайди. Меҳнатидан топганини тежаб, беҳуда сарфламасдан, болаларини озода кийинтириб, уйини саранжом-саришта қилиб яшаса, қандай қилиб барака кирганини ўзи ҳам билмай қолади. Ўйлайманки, ёзганларимни “Бирни кўриб, фикр қил”, тарзида қабул қиласиз. Кимнидир ерга уриш ниятим йўқ. Балки, ҳар бир юртдошим меҳнати, ғайрати билан кўтарилишини истайман.
Муслимбек ЙЎЛДОШЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
Манба: "Саодат" журнали. 2023 йил.