ҲАМИША ҚАЛБИМДАСИЗ
Бу хотираларни ёзиш менга жудаям оғир бўлди. Аниқроғи, роса бир йил қўлим бормай, бошлаганимни ҳам чала қолдирардим. Гўё Малоҳат опамлар тиригу "Муаззам, нима ёзяпсиз? Мана, мен соппа-соғман, ҳаётман-ку!" деб, кириб келадигандай эди.
Улар билан илк марта "Лола" номли ҳикоям сабаб танишган эдик. Олис Америкадан мактуб йўллаган муштипар аёл "Меҳрибонлик уйи"да тарбияланаётган қизалоқнинг қисматига бефарқ бўлмай, мактубини "Муаззамхон, мен қизалоқни эртаю кеч дуо қиляпман. Мана кўрасиз, унга яхши инсонлар ота-оналик қилади. Уни қидириб келишади. Келишмаса, ўзим Тошкентга қайтсам, Лолани қиз қилиб оламан", - деб якунлаган эди.
Яна бир мактубни "Атлас кўйлакли қизалоқ" хикоямни ўқигач ёзди:
"Ассалому алайкум, Муаззамхон. Ҳикоядан қаттиқ таъсирландим. Қаранг, бир кўйлакча туфайли етим қизчанинг онаси топилибди-я.... Қайта-қайта ўқиб кўз ёшларимни тўхтата олмаяпман. Тошкентга қайтсак, "Меҳрибонлик уйи"га бирга борайлик. Яна бир нечта қизга атлас кўйлакчалар тиктириб берамиз. Зора уларнинг ҳам ота-онаси топилса..."
Бошқа хабарни "Қариялар уйи"дан туркум лавҳа, битиклар тайёрлаганимда, Бахтинисони Туркияга олиб кетганимизда, Улуғбек исмли кўзи ожиз бола уйсиз қийналгани хақида ёзганимда олдим. Мактубларнинг барчасида ўзгарнинг тақдирига бефарқ бўлмаган меҳрибон, хақиқий ўзбек аёлининг қиёфаси жонланиб турарди.
Бир куни у билан дийдор кўришишлик ҳам насиб этди. Кутилмаганда Малоҳат опа хонадонимизга ташриф бюрди. Ўшанда кичикроқ эҳсон ўтказаётгандик. Эшикдан кириб-оқ минг йиллик қадрдони билан кўришгандай қучоқлаб ҳамдардлик билдиргач, жуда чиройли тиловат бошлаб, аёлларга хос шикаста овозда, эшитилар-эшитилмас дуолаларни бирин-кетин ўқидилар.
"Овозлари ва қироатлари ҳам ўзларидай майин, гўзал экан-а ойи", - шивирлади қизим. Қироатдан таъсирланган ўғлим ҳам дуодан сўнг, синглисининг гапига қўшилди: "Инсоннинг қалби қанча тоза бўлса, қироати ҳам шундай беғубор, чиройли бўлади. Эшитилмаса-да эшитгинг келаверади".
Ўшанда Малоҳат опам ўзи ҳам оғир бетоб эди. Шунга қарамай келгани ва ўғлининг илтимоси билан маросим тугагач, мендан "Muzaffar.uz" сайти учун интервью олгани кечагидек ёдимда. Шифокорлик фаолиятимдан тортиб, бошқа соҳалардаги катта-кичик ютуқларимгача саволларни тайёрлаб келиб, шошириб қўйган эдилар. Бахтинисо хақидаги хотиралардан бошланиб, алла билан якунланган узоқ ва мароқли суҳбатни тугашини асло хоҳламасам-да, опанинг бетоблиги ёдимга тушиб, атайин соатга қараб-қараб қўяр эдим.
- Бирор жойга шошяпсизми, қизим?
- Йўўўқ... Ҳалиги, опа чарчатиб қўймай деяпман-да.
Малоҳат опа "ҳайрият" дегандай енгил тин олиб, жилмайдилар:
- Қўяверинг, одам-одамга ғанимат-ку! Яйраб ўтирибмиз-да...
Фариштасийрат суҳбатдошим билан кечган ўша ярим куним менга бир умрга татигулик сабоқ берди.
Кетар чоғида эса қулоғимга секин шивирлади:
- Музаффар билмасин, озроқ мазам йўқ. Тузалиб қолишим билан "Меҳрибонлик уйи"га албатта бирга борамиз....
Афсус... Шу суҳбатимиздан ҳеч қанча ўтмай Малоҳат опам саратон аталмиш бедаво дарднинг барча азобларидан қутулиб, чин дунёга риҳлат қилди. Бевафо гардун яна бир мунис, меҳрибон, кичик жусса, аммо катта қалб соҳибасидан айрилди...
Табрик ўрнида...
Февраль ойида туғилган жуда кўп яхши инсонларни биламан. Улардан бири сиз эдингиз.. Қани ҳозир имкони бўлса-ю ўзингиз яхши кўрган атиргуллардан совға қилсам. Яна бир бор мазза қилиб суҳбатлашсам... Аммо бир юпанч қалбимга таскин беради: Сиз у дунёда ҳам ширин муомалангизга муштоқ инсонлар ёки фаришталар даврасидасиз. Балки Аллоҳ ҳам жоҳил, ботил, дилозорларнинг эмас, сиз каби беозор бандаларининг ташрифига муштоқдир...
Уйимизга сиз ташриф этган ўша кундан бошлаб бир парда паст тонда гапиришга харакат қиламан. Кимнингдир дилини яралаши мумкин бўлган хабарни айтмай ёки айтилиши керак одамга шивирлаб билдираман. Қуръон тиловат қилганда овозим шикаста, майин бўлсин дейман, чунки атрофимда доим фарзандларим дуога кафт очиб туришларини хоҳлайман... Чиройли юз, чиройли овоз, чиройли сийрат мужассам бўлган чиройли инсонлар жуда кам бўлади. Малоҳат опам ўшандай бахтли инсонларнинг бири эди...
Баъзан ҳаётда шундай онлар бўладики инсон нима дейишни, қандай сўз топишни билмай қолади. Айниқса бу ўзинг таниган, билган, суҳбатдошинг бўлган инсон хақида бўлса. У хақда ўтган замонда гапириш жудаям оғир бўлар экан. Бир ҳафтача аввал уйимизда олинган видео интервьюни кўриб турмуш ўртоғим иккаламиз Малоҳат опамларнинг хақларига Қуръон тиловат қилган эдик. Интервью шу қадар табиий эдики, гўё Малоҳат опам оламдан ўтммаган ва худди ўша хонада ҳамон саволлар берганча, жилмайиб жавобларни тинглаётгандек эди гўё...
Ҳа... Яхши инсонлар Аллоҳга ҳам керак экан. Уларни эртароқ чақириб олиб, биз маҳлиё бўлган суҳбатларига фаришталар ҳам муштоқ бўлишгандир, балки. Эҳтимолки, у ҳозир бехиштда Онаизори ва Бахтинисо билан ҳам яйраб гурунглашиб ўтиришгандир.
Илоҳим барча ўтганларнинг охиратлари обод, руҳлари шод бўлсин! Бизни эса камида Малоҳат опам каби чиройли яшаб ўтиш насиб қилсин!
Руҳингизни шод қилгувчи иккита хабарни айтайми?
Ўшанда чин дилдан дуо қилган экансиз. Лола бор-ку, уни жуда яхши инсонлар қиз қилиб олишди...
"Қизалоқларнинг бир нечтасига имконим етганча атлас кўйлак олиб бераман" - деганингиз ёдингиздами? Ниятингизни ўтган йили Наврўз арафасида бир сахий инсон амалга оширди. У "Меҳрибонлик уйи"даги барча қизалоқларга атлас кўйлак тиктириб, қувончларига сабаб бўлди. Мўъжизани кўринг, улардан бир нечтаси тирноққа зор, болалар кулгусини согинган оилаларга фарзанд бўлишди... Иншааллоҳ, қолганлари ҳам бахтли бўлишади, насиб қилса!
Бугун яна бир хушхабар эшитдим.. Сиз тақдирига бефарқ бўлмаган Фарғоналик кўзи ожиз, ўқитувчи йигит Улуғбек ёдингиздами? "Илоҳим шу боламга подшонинг назари тушсин", -деган эдингиз. Улуғбек ниҳоят уйлик бўлибди, унинг қувончи чексиз....
Қаранг, дуоларингиз ҳам бебаҳо экан. Хайрли ниятларингиз амалга ошяпти. Илоҳим, у дунёда ҳам инсониятни эзгу ишларга чорлаб, чиройли дуолар қилишдан асло чарчаманг! Охиратингиз обод, руҳингиз ҳамиша шод бўлсин!
Муаззам ИБРОҲИМОВА.