ЭРГАНАКУН
Бир неча минг йиллардан буён юртимизда айнан шу санада нишонланиб келаётган кўклам байрамининг номи Эрганакундир. Барча юртдошларимизни кўкламнинг илк байрами-янги куни Эрганакун билан қутлайман. Тўра МИРЗО, халқаро Фузулий мукофоти совриндори
ЭРГАНАКУН
Куртакларда мовий ҳаяжон,
Ел шивирлар: «Кўргил, аяжон»,
Аямай жон чопар майсалар,
Кўклам амма, ҳаммага ошён.
Тик киприклар теккудай фалак,
Энгашар кўк, эгнида алак,
Кўз ўнгингда бит кўзин очиб,
Тановарга ўйнар капалак.
Эрганакун, эрга туғди кун,
Туғилажак Лайлию Мажнун.
Бул очунда чечак сочилгай,
Қари кун, йўқ, ёш қуёш мамнун.
Кўкракда лим ложувард ўйлар
Ерни олиб, осмонга бўйлар,
Тумтакатум саслар доира,
Янги кунни то киприк тўйлар.
Ассаллому алайкум, очун,
Оқ юзинг оч, шўх нур сочгил, Кун,
Эрганакун бергани шодлик,
Отга миниб қочиб қолар мунг.
Чексизликка доя кўк кўп тор,
Кўздан Аршга элчи-нур юбор,
Ай, гуноҳчи, етти қат осмон,
Тор дунёга нилий хат обор.
Ҳай-ҳай, эрганакун, бергани кун-а,
Сичқоннинг инига қувланган мунг-а?
Етти қават осмон кўк дафтари шай,
Хайро хайр деб битгил мункайган тунга.
21.03. 2023 йил.