Ёлғизликни енгган аёл


Моҳигул НАЗАРОВА
Ёлғизликни енгган аёл

    Зардевон қишлоғида оралаган миш-миш ҳамманинг эсини тескари қилиб юборди. Ҳамманинг оғзида шу гап. "Ҳай эшитдингизми, Гулдона янга қочиб кетганмиш. "Йўғе, наҳотки? Ахир у келин-куёв кўрган кап-катта аёл бўлса? Нега қочиб кетади? Ким билан қочиб кетибди?"" Унга бир эркак оғиз солган экан. Уйдагилари йўқ дейишган эмиш. Кейин ўша эркак билан кетворибди".
   Хуллас, "Эл оғзига элак тутиб бўлмайди", деганларидек миш-мишлар роса болалади.
   Қишлоқда ҳамма яхши биладиган ҳурматли хонадоннинг ўн етти йил олдин тул қолган келини Гулдона янганинг бундай қилиши ҳеч кимнинг етти ухлаб тушига кирмаган эди.
  ...Гулдона 17 ёшда аммасига келин бўлганди. У буғдойранг, кичик жуссали бўлиб, жингалак сочлари, қош-кўзлари ўзига ярашган қиз эди. Эри Раҳмонали ундан бир ёшга катта бўлиб, ҳарбий хизматни ўтаб келгач, ўша пайтда мавжуд бўлган жамоа хўжалигида бригадир бўлиб иш бошлади. Ғайратли, бир гапириб ўн куладиган, хушсурат,гавдали Раҳмонали хотинига ҳеч кўнгил қўёлмади. Эҳтимол, ака-сингилдек бирга ўсишгани бунга сабаб бўлгандир. Раҳмонали ичиб олса, хотинини уйдан ҳайдаб чиқарар, ”ўттизга кирсам, устингга бошқа уйланаман”, –дерди. Кетма-кет туғилган қиз-ўғил фарзандлар ҳам уларнинг орасини илитолмади.
    Аммо Раҳмоналига ўттизга кириш насиб этмаган экан. Унинг 28 ёшда сирли равишда дунёдан кўз юмиши Гулдонанинг ҳаётини ағдар тўнтар қилиб юборди. Дўстлари билан зиёфатга борган йигит маст аҳволда уйга қайтди-ю, эрталаб уйғонмади.
    Бева қолган аёл ота-онасининг уйига қайтиб бормади. Гулдонанинг ота- онаси дунёдан ўтиб кетган, уларнинг ота ҳовлисида кичик акаси яшар, Гулдона унинг тинчини бузгиси йўқ эди. Раҳматли эри қурган данғиллама ҳовлида қайнана-аммаси билан бирга яшаб юраверди. Далада ишлади, ипак қурти боқди. Бошқа келинларига анчайин қаттиққўл амма кўнгли ярим келинини доимо аяр, ундан ширин сўзини аямасди.
    "Шундай қилиб, орадан вақт ўтди. Гулдона қайниларининг ёрдами билан қизи Гулсарани турмушга берди, ўғли Имомалини уйлантирди. Имомали амакилари каби ошпазликни ўрганган, қўшни вилоятдаги ошхонадан яхши маошли иш топганди. Тўйдан кейин ўғил онасининг рухсати билан хотинини олиб, қўшни вилоятга кўчиб кетди. Бу орада қайнонаси кенжа ўғлиникига кўчиб ўтди. Чунки кенжа ўғилнинг оиласида эгизаклар туғилган, уларга қарашга одам керак эди.
    Энди Гулдонанинг ёлғизлиги жуда билинадиган бўлди. 40 ёшга ҳам тўлмаган аёл кечқурун бўлишидан юрак олдириб қўйди. Телевизор кўриб, алламаҳал (алламаҳалгача) ўтирадиган одат чиқарди. Қайнанаси борида билинмаган экан, энди у ёлғизликнинг қанчалар оғир юк эканлигини борлигича ҳис қиладиган бўлди.
    Худди шундай кунлардан бирида қайнопаси Шоира келиб, эри Ғафурнинг янги ошхона очаётганлигини, ошхонага ошпазга ёрдамлашиш, идиш-товоқ ювиш учун аёл киши кераклигини айтиб қолди.
– Хоҳласангиз, ишланг келин, – деди Шоира опаси кетишидан олдин. – Барибир куни билан уйда зерикиб ўтирасиз.
– Майли опа, бир ўйлаб кўрайчи, – деди Гулдона.
    Эртаси куни қайнонаси келганида у билан маслаҳатлашган Гулдона ошхонада ишлашга қарор қилди.
   Ошхонани Ғафур асли қаршилик бўлган ҳамкори Мансур билан бирга очган экан. Кўринишидан оғир-вазмин, ошхонанинг бозор-ўчарини қиладиган бу эркакка Гулдона эътибор бермади. Ошхона фарроши Матлуба холанинг айтишича, Мансурнинг ҳеч кими йўқ экан. Ота-онаси ёшлигида ўтиб кетишгач, амакиларининг ёрдами билан уйланиб, уй-жой қилган экан. Рўзғор ғамида чет элга ишлашга кетган вақтида фалокат юз берибди. Яъни, уйидан ёнғин чиқиб, хотини ва бир ёшли ўғилчаси ҳалок бўлишибди. Кейинчалик уй-жойини амаллаб ўз ҳолига келтирган бўлса-да, Қаршида туролмабди. Қачонлардир ҳарбий хизматда топишган дўсти Ғафурни қора тортиб Бухорога келиб қолибди.
– Унинг айтиши сиз унинг ёнғин туфайли вафот этган хотинига ўхшаб кетар экансиз, - деди Матлуба хола ҳикоясининг охирида. Сизни кўрган куниданоқ "ким бу аёл?" деб сўради. Жаҳлим чиқиб, уришиб бердим.
– Хола, нега мен ҳақимда суриштиради? Ҳали бошимга йўқ жойдан туҳмат ағдарилмаса эди... Қўрқаман, бунақа гаплардан. Биласиз, эри йўқ аёлнинг тупроғи енгил бўлади, - Гулдона ростдан чўчиб кетди. - Мен қуда-андали аёлман. Ортиқча гап-сўз керакмас, менга.
    Кунлар ўтаверди. Мансур Гулдонани кузатиб юраверди. Бир куни Ғафурга кўнглини ёрди. Ғафур дўстининг аҳволини яхши тушунгани учун уни ранжитмаслик учун индамай тинглади. Кейин бу масала жуда қийинлигини, Гулдона турмушга чиқолмаслигини, бу таклиф унинг оиласида ҳам катта муаммо чиқариши мумкинлигини тушунтирди. Мансур бўлса "Шунча йиллик дўстлигимиз ҳаққи, бир марта мен учун совчи бўлиб боргин. Фарзандлари ҳам уйли-жойли бўлишибди. Ҳали Гулдона ёш-ку. Боши очиқ аёл бўлса... Илтимос, йўқ демагин," - деб туриб олди.
    Ғафур аввал хотинига бу гапнинг учини чиқарди. Аммо Шоира бу масала ўта нозиклигини, онаси буни эшитса жуда хафа бўлишини, укаси ўлмаганда шундай бўлмаслигини айтиб, йиғи-сиғи қилиб эркакни сиқиб ташлади. Ғафур эртаси куни Мансурга "Мен бу ишга аралашишга тоқатим ҳам, иложим ҳам йўқ. Гулдонанинг ўзи билан келишгин. Агар тақдирларинг қўшилган бўлса, ҳеч ким ҳеч нарса қилолмайди," - деди.
    Мансур энди Гулдонанинг кўнглини топишга ҳаракат қиладиган бўлди. Табиийки, ҳар иккиси бир жойда ишлашгани учун бунга эриша олди ҳам. Бир куни шамоллаб қолган бўлса-да, ишлаётган Гулдонани мажбурлаб, шифокорга олиб борди, буюрилган дори-дармонларини келтириб берди. Ўзининг эътиборлилиги, ширинсўзлиги, меҳрибонлиги билан аёлнинг кўнглига йўл топа олди. Меҳрга ташна аёл қалби бунга бефарқ бўлолмади. Гулдона унга ўрганиб қолди. Шундан кейин Мансур Қаршига бориб, тоғасининг хотинини олиб келди-да, Гулдонанинг "керакмас, бундай қилманг," - деб қилган илтижоларига қарамай, совчиликка жўнатди.
    Ўша куни Гулдоналарнинг уйида қиёмат қўпди гўё. Қайнона келган совчи аёлни беобрўй қилиб, кўчага ҳайдаб чиқарди. Онасидан хабар олишга келиб, бу воқеанинг устидан чиқиб қолган Имомали кўчада совчи аёлни кутиб турган Мансурни ҳақоратлади, у миниб келган машинанинг ойнасини уриб синдирди. Гулдона ишга боришдан маҳрум бўлди. Қайнонаси унга "Агар шу одамга тегсанг, уйни ҳам, фарзандларингни ҳам унутгин. Эрга теккинг келган экан, ёшлигингда теккин эди. Қуда-андалик бўлганингда бу нима қилганинг? Бизни қишлоқда шарманда қилмоқчимисан? Агар шу одамни десанг, сени ҳаммамиз оқ қиламиз", - деди. Гулдонанинг ҳаёт зарбларидан минг бўлак бўлган юраги бу гапларни кўтаролмади. Йиқилиб қолди. Касалхонада ўзига келган аёлнинг бошида қизи йиғлаб ўтирарди.
– Онажон, - деди қизи Гулсара. - Мен Имомалига тушунтиришга ҳаракат қилдим. Дадам вафот этганларидан бери ёлғиз ўзингиз бизни катта қилганингизни, сизга қийин бўлганлигини, ёшингиз ўтаётган пайтда ёнингизда бир ҳамроҳ кераклигини айтдим. Аммо у тушунмаяпти. Бибимнинг гапларини такрорлаяпти..."
    "- Қизим... Гулдона томоғига қаттиқ нарса тиқилиб, бир зум гапиролмай қолди. Уят, номусдан баттар ғужанак бўлиб, бошига одеялони тортди. - Менга ҳеч нарса керакмас. Мен... турмуш қурмоқчи эмасман.
– Онажон, мендан уялманг. - Гулсара онасини ётган жойида маҳкам қучоқлаб олди. - Сиз уятли ҳеч қандай иш қилмадингиз. Ҳали 30 ёшга кирмасдан бева қолдингиз. Дадам раҳматли яхши одам бўлсалар-да, сизга меҳрлари йўқ эди. Мен ҳаммасини яхши эслайман. "Сени ёмон кўраман" десалар ҳам индамай ичингизда йиғлаб, ишларингизни қилиб юраверардингиз. Гулдона қизига ҳеч нарса демади. Кейинги ойларда ҳаётига озгина ёруғлик олиб кирган одамдан жудо бўлганини ҳис қилгани, бошига шунча ғалва тушгани учунми, унга ҳамма нарса барибир бўлиб қолгандек эди. Қизи онасининг овқатини иситиб, чой дамлаб келди. Бироздан кейин кетишга ижозат сўради.
– Майли, қизим, борақол. Бу гапни уйингдагилар эшитмасин, яна. Гулдона истиҳола билан гапирар экан, яна юраги санчиб кетди. - Ҳаммаларини сўраб қўйгин. Қайнукаларимдан бирортаси кўришга келган бўлса керак-да", деб ўйлаган Гулдона эшик олдида турган Мансурни кўриб, юраги орқасига тортиб кетди. Нега келдингиз? - деди лаблари титраб. Шунча машмаша камми, сизга? Агар уйимдагилар сизни келганингизни билишса, мени ўлдиришади. Нимага ўлдиришар экан? - деди Мансур ғазаб билан. - Сиз боши очиқ аёлсиз. Ўз ҳаётингизни ўзингиз ҳал қила оласиз. Мен сиздан ҳеч қачон воз кечмайман. У шундай деб ўзи олиб келган алланималарни Гулдонанинг бош томонида турган шкафчага жойлаштира бошлади. Сизни бир кўрмасам, бўлмас эди. Аммо билиб қўйинг, мен орқага чекинмайман барибир. - У шундай деб Гулдонанинг ёнидаги стулга ўтириб олди. - Илтимос, тезроқ кетинг. - Гулдона йиғлаб юборди. - Ҳозир уйдагилардан бирортаси келиб қолса, билмайман нима бўлади? Нима бўлса бўлар, - Мансур қўлини силтаган ҳолда, қўшиб қўйди. Дунёда ҳал бўлмайдиган масала фақат ўлим. Бошқасининг эса иложини топса бўлади. Жуда бўлмаса, сизни ўғирлаб кетаман. Аёл индамади. Унинг руҳияти жуда чарчаган эди. Тинчлантирувчи дорилар таъсиридами, асаби бўшашиб, кўзларига уйқу тиқилиб келаётганини ҳис қилди. Аммо шу пайт қайнонасининг овози бошида бомба портлатгандай бўлди. Войдод, мусулмонлар. Бу шармандаликни қаранглар. Бу ошиқ-мақшуқларни кўринглар. Уялмасдан касалхонага келганини-чи? - Қайнонаси касалхонани бошига кўтариб бақирарди. Бир зумда хона шифокорлар ва қўшни палатада ётганлар билан тўлиб кетди. Гулдона кўзларини янада маҳкамроқ ёпди. У ҳозир номус қилганидан ҳаммаси тушга айланишини ёки ўлиб қолишини шунчалар истардики...
– Хола, ўзингизни босинг. Бу нима деган гап? Ахир бу ерда қанча беморлар оғир аҳволда ётибди. Навбатчи шифокор Барот аканинг сўзлари уни бироз ўзига келтиргандай бўлди. - Боринг, chiqинг бу ердан. Келинингизни аҳволи ҳали ўнгланмаган. Бу қанақаси? Қайнонаси яна бир нималар деб вайсаганича чиқиб кетди. Мансурнинг қачон чиқиб кетганини эса Гулдона сезмай ҳам қолди. Эрталаб яна қизи келди. Кўзлари шишиб кетган, юзлари сўлғин аҳволдаги Гулсара онасини қучоқлаб йиғлаб юборди. Қўлидаги ҳамёнида онасининг тилла буюмларини, каттароқ сумкада кийимларини солиб келган экан.
– Онажон, бибим сизни "уйга қайтиб келмасин”, - дедилар. Ҳамма кийимларингизни ҳовлига чиқариб қўйибдилар. Имомали ҳам "Юзимни ерга қаратадиган онанинг менга кераги йўқ,-" деди, ахмоқ. Шундай дегани учун иккимиз уришиб қолдик. Укам менга "Сен нега онамнинг тарафини оласан? Сен чидасанг ҳам мен чидамайман. Бу иснод-ку," - деб бақирди. Мен турмуш қуришнинг иснод эмаслигини унга тушунтиролмадим. - Қизи ҳиқиллаганча шу сўзларни айтди-да, яна онасини бағрига босди. - Энди нима қиласиз, онажон? Гулдона музлаб қолганди. "Ахир мен нима қилдим? Мен Мансурга тегаман деб туриб олганим йўқ-ку. Бу гап акаларимнинг қулоғига етиб борса, улар мени омон қўйишмайди." Аёл рашки баланд, ор-номуси осмон акаларининг феъл-атворини яхши биларди."
    "- Онажон, кўп ўйланаверманг. Мен Сизни уйимизга олиб кетаман. Имомали ҳам унгача ўйлаб кўрар. Эҳтимол, фикри ўзгарар. Онасига далда бўлишга уринаётган Гулсаранинг овозида аллақандай ишончсизлик бордай эди.
– Куёвингизга тушунтирдим...
– Қизим, ҳаётингга халақит беришни истамайман. Қолаверса, бу гаплар қайнона-кайнотангнинг қулоғига етиб борса, шаънингга яхшимас. Мен акаларимнинг олдига бораман. Гулдона шу сўзларни айтиб, жойидан турди.
– Мана, бугун аҳволим анча яхши.
– Онажон, бибим кеча тоғаларимникига бориб, жанжал қилиб келдилар. Улар сизни қабул қилишмайди энди. Гулсара эзилиб шу сўзларни айтди-да, баралла йиғлаб юборди.
– Ўзимни жудаям ёмон кўриб кетяпман. Сизга ёрдам беролмаяпман...
– Унда Самарқандга холангникига бораман, - Гулдона бу гапи билан ўзига ҳам қизига ҳам далда бермоқчи бўлди. (Унинг биргина опаси бўлиб, кўп йиллар олдин қўшни вилоятга турмушга чиқиб кетган эди.)
– Майли онажон. Холамни уйларига меҳмонга боргандай бўлиб, ўша ерда яшаб туринг. Бироз вақт ўтсин. Кейин ҳаммаси ўз жойига тушар, балки. - Гулсара онаси билан хайрлашаркан, келтирган овқатини косага солиб қўйди.
– Кечки пайт яна келарман...
    Келишинг шартмас, қизим. Тинчингга қара.
  Хавотирли хаёллар билан тонггача ухлолмаган Гулдона эрталаб бош шифокорнинг олдига кирди. Уйга кетавериши мумкинлигини эшитиб, жойини йиғиштириб қўйди. Чой ичган бўлди. Қўлида биргина сумка билан касалхонадан чиқиб, туман марказидаги шоҳбекатга йўл олди. У Самарқандга кетишга қарор қилганди. У бошига тушган ғалвалар сабаб Мансур ҳақида ўйлашни ҳам, эслашни ҳам истамай қолганди.
    Кўча бошига бормасидан қўл телефони чақириб қолди. Нотаниш рақамдан кимдир қўнғироқ қилаётганди. Аёлнинг жавоб бергиси келмади. Маршрут таксига ўтириб, шоҳбекатга келди.
    Самарқандга кетадиган автобус вақтини аниқлаб, ҳали бир соатча вақт борлиги сабаб ўша ердаги дўконларни айланмоқчи бўлди. Шу пайт яна қўл телефони жиринглаб қолди. Қўнғироқ яна ўша нотаниш рақамдан экан. "Ким бўлди экан?" Гулдона яшил тугмачани босди.
– Гулдона, нега жавоб бермаяпсиз? Роса хавотир олдим... Бирданига янграган Мансурнинг овози аёлни саросимага солиб қўйди.
– Менга бошқа қўнғироқ қилманг. Бу ердан бутунлай кетяпман.
– Қаердасиз? Мен сизни ҳеч қаерга кетишингизни ҳоҳламайман. - Мансурнинг овози илтижо аралаш янгради.
– Илтимос, бошқа қўнғироқ қилманг. Мени унутинг.
    Мансур яна алланималар деяётганда, Гулдона телефонини ўчириб сумкасига солиб қўйди. Кейин бироз ўйланиб турди-да, қизига қўнғироқ қилиб Самарқандга кетаётганини айтди. Кайфияти бузилиб, дўконларни айланишдан ҳам воз кечди.
    Аёл автобуслар турган жойга яқинлашди. Юраги қалқиб кетаётгани учун тинчлантирадиган ҳапдоридан тилининг остига ташлади. Ҳайдовчидан илтимос қилиб, ҳеч ким бўлмаса-да, автобусга чиқиб ўтириб олди. Энди буёғига ўзининг ҳаёти қандай кечиши ҳақида ўйлай бошлади. Опасига нима дейди, қандай тушунтиради? Поччаси, жиянлари уни қандай қаршилар экан?
   Автобус деразасига қараб, ўй суриб ўтирган Гулдона бирдан сергак тортди. Чунки шоҳбекат майдонига Мансурнинг "Нексия"си кириб келганини кўриб қолганди. Машинадан Мансур билан бирга қизи Гулсара тушиб келди.
   Гулсара шоҳбекатга аланг-жаланг қараб, тўғри "Самарқанд-Бухоро" ёзувли автобусга қараб кела бошлади. Мансур ҳам унга эргашди. Гулдона бўлса автобусдан тушишни ҳам, тушмасликни ҳам билмас, вужуди титраб ўтирарди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот