РАШКИМ МЕНИНГ — АШКИМ МЕНИНГ


 * * *

  Хотининг чиройли бўлгандан кейин кўзингга ҳар нарса кўринавераркан, қулоғингга ҳар хил гаплар эшитилавераркан.

     Асрорқул бу ҳақиқатни уйланганидан кейин англаб етди.

     Дарҳақиқат, унга сулув ёр насиб этди.

     Шоира одамнинг суқи кирадиган даражада гўзал эди... Асрорқулнинг назарида.

  Асрорқул бир эшитиб қолганди, ҳозир чивиқдай озғин қизлар модада деб. Нимагадир йигит бу гапга асло ишонмади. Ахир қиз деганини қучоқласанг қучоғинг тўлиб турса-да. Телевизорда кўрсатган озғин-қилтириқ, овқат емаса керакки, сал қаттиқроқ шамол турсаям юмалаб тушадиган рамақижон қизларнинг нимаси гўзал,  тушуниб бўлмайди! Тўғриси, бунақа қизларга сал қаттиқроқ тикилиб қарасанг, қўрқиб кетасан. Суяк, қип-қизил суяк. Бошқа ҳеч нарса эмас! Бундай бир ушлайдиган жойиям йўқ.

  Шоира... бошқача. Тўлагина. Тирсиллаб туради ўзиям... Оппоқ юзли, қошлари қалдирғоч, кўзлари шаҳло... Узун сочи тўпиғига етмасаям, ҳар қалай елкасини қоплаб туради. Баданиям оппоқ... силлиқ... майин... Силасанг, ҳузур қиласан. Ґатто, очиғи, дастлабки кунлари Асрорқул хотинининг атласдай баданини силашдан ҳам истиҳола қилиб юрдики, гўё ғадир-будир, қадоқ босган қўллари билан тирнаб-нетиб, озор етказиб қўядигандек... Шу сабабли куёв йигит эринмасдан дўконга бориб, қўл терисини юмшатадиган крем сотиб олиб келди...

 

* * *

     Хотини гўзал одамга дунё ҳам гўзал бўлиб кўринаркан.

     Тўғрироғи, аввалига.

    Баъзи ҳаётни яхши тушунмаслар “Нима, ҳуснга нон ботириб ермидинг?.. Чирой қоринни тўйдирармиди?” қабилидаги ҳар хил маза-бемаза гапларни айтиб юришини Асрорқул эшитганди. Энди ўйлаб қараса, ундай одамлар ҳақиқий гўзалликни кўрмаганларидан кейин шундай валдираб қўярканлар-да. Зеро, йигит бир нарсага ишонч ҳосил қилганди: ҳусн ҳам инсонни тўйдираркан. Очиғи, Асрорқул чиройли сўзлашни билмайди, балки шу сабабли ўз ҳиссиётларини тушунтириб беролмас. Лекин уйланганидан бери хотинининг чиройига тўймай боқиб юргани рост. Гўё қорни тўқ одамдай овқат-повқатни ўйлайвермайдиям. Сўнгроқ Асрорқул ўзича “Мен маънавий тўқман шекилли” деган ўйларга ҳам борадиган бўлди.

Хуллас, ҳаёт ғилдираги аста-секин, аммо бир маромда айланиб турган кунларнинг бири эди.

     Ёш келин-куёв тўйга, кечки базмга борадиган бўлишди.

     Асрорқулнинг яқин синфдош жўраларидан бири Ҳусан  уйланмоқда эди.

     Табиийки, отарчилар энди-энди оғир ашулаларни айта бошлаган тўйхонада собиқ синфдошлар учун алоҳида стол безатилган экан. Асрорқул хотини билан тўғри ўша столга борди.

  Ана шунда... ана шунда ҳозиргина бақир-чақир бўлиб турган стол атрофидагилар бирдан жим бўлиб қолишди. Асрорқул асосан ҳали уйланмаган йигитлардан иборат синфдош жўраларининг аксарияти қўлидаги қўлида, оғзидаги оғзида лол бўлиб туриб қолишганини кўрди. Йигитлар-ку, майли, аммо қизлар, ҳаттоки баъзи эрга чиқиб улгурган қизларнинг ҳам кўзи булар томонда эди.

  Албатта, Асрорқул ўша, ҳамишаги Асрорқул эди. Нигоҳлар Шоирага қаратилганди.

Шоира эса... янада очилиб кетганди. Баайни икки ойлик келинчаклик даври жуда хуш ёққандай. Хира чироқлар жувоннинг оппоқ юзини янада оппоқ, сутга чайиб олгандай кўрсатар, устидаги нилий ялтироқ либосда ўйнаётган шуълалардан бу чеҳра янада жозибали ва сирли туюларди. Шоиранинг бармоқларда энли никоҳ узуги ва кўзли узук, қулоқларида олтин сирға, оппоқ бўйнида эса тилла занжирча... Лаблари энди очилган ғунча мисоли қип-қизил икки ойлик келинчак майингина жилмайиб салом берди.  Ана шунда янги келин-куёвга яқин ўтирганлар димоқларига урилган аллақандай хушбўй ҳиддан бошлари айланиб кетганликларини эътироф этишди.

  Тўйга, ҳа ўша боди Ҳусаннинг никоҳ оқшомига шоша-пиша, ҳатто одми кўйлакларини дазмоллаб ҳам ўтирмасдан келган собиқ синфдош қизларнинг ранги ўчди. Уларнинг баъзилари ўзларини ноқулай ҳис этиб, жойларида ғимирлаб ҳам олишди.

  Тўғри, бу синфдошларнинг бариси Асрорқулнинг никоҳ оқшомида иштирок этишган, одатга кўра даврада сўз олиб, унга ва келинга бахт-иқбол тилашган эди. Бироқ ўшанда келинчак ердан кўз узмай ўтирганлиги боисми, унинг бу қадар гўзаллигини илғашмаган эдилар. Бунинг устига, азалдан бир тушунча борки, ҳар қандай қиз ҳам келинчаклик либосию упа-эликлардан кейин сулув бўлиб кетади. Шу сабабли никоҳ оқшоми келинчакнинг асл ҳуснини билиб бўлмайди...

  Ахийри биринчи бўлиб ўзига келган Аҳмад шартта ўрнидан турди ва:

— Келсинлар, келсинлар, марҳабо, марҳабо, қадамларига ҳасанот, — дея олди.

Асрорқул билан Шоирани булардан сал олдинроқ тўйи бўлган, бу ерга кўримсизгина, пучуқ хотини билан келган Усмоннинг ёнига ўтқазишди.

  “Икки ёш бахтли бўлсин” дея омин қилингандан кейин ҳол-аҳвол сўрашиш бошланди.

  Нимагадир барча эрга теккану тегмаган синфдош қизларнинг барчасининг кўзи Шоирада эди. Шоира ним жилмайган кўйи улар билан ҳол-аҳвол сўрашиб чиққан бўлди.

  Йигитлар эса... жим эдилар.

  Ахийри косагуллик қилаётган Аҳмад бир пиёлага тўлатиб ароқ қуйди-да, Асрорқулга узатди:

— Манавини ол, жўра. “Штрафной” бу. Кечикиб келган...ларинг учун.

  Асрорқул бир нимани илғади. Авваллари чапани Аҳмад учун бақириб-чақириб ароқ узатиш, то ичиб, “оқ” қилмагунингча бошингда туриб олиш чўт эмасди. Ҳозир бўлса худди нимадандир истиҳола қилаётгандай астагина гапирди.

  Ҳайрон бўлганлигини билдирмаслик учун ер остидан косагулга кўз ташлаб қўяётган Асрорқул яна бир нарсани фаҳмлагандай бўлди: косагул дастурхондаги нарсаларни тузатиб қўйиш баҳонасида Шоирага қараб-қараб қўярди.

  Асрорқулнинг юраги симиллаб оғриб кетгандай бўлди. Аммо индамади.

Аҳмад яна бир пиёлага ароқни лиммо-лим қилгач, каловланиб қолди. Афтидан, у сассиқ суюқликни Шоирага узатишга истиҳола қилаётганди. Буни сезди шекилли, ҳали эрга чиқмаган қизлардан бири Ҳалима  пиёлани олди ва Шоирага тутди.

— Буниси сизга, келин.

  Шоира пиёлага ҳайрон бўлиб тикилди-да, сўнг бошчайқади:

— Раҳмат, мен ичмайман.

  Ў, бошқа биров шундай деб кўрсин эди! Аҳмаддан балога қоларди. “Синфдошингни ҳурмат қилмайсанми? — деб туриб оларди бунақа пайтлари косагул. — Ё бошқаларниям ҳурмат қилмайсанми?.. Айтилган тилакларга қўшилмайсанми?..” ва ҳоказо. Ишқилиб, зўрлаб-мажбурлаб ичирар, мабодо ичирмаса ҳам гапиравериб, асабларни қақшатиб юборарди.

  Ҳозир эса... Аҳмад миқ этмади. Бу ҳам Асрорқулнинг назаридан четда қолмади.

  Аҳмад нигоҳини ўтирганлар олиб қочган кўйи хизмат қилиб юрган йигитчалардан бирини чақирди ва унинг қулоғига нимадир деб шивирлади. Йигитча илдам юриб тўрга, келин-куёв ўтирган томонга кетди.

  Биринчи қадаҳни олишди.

  Қизлар пиёлаларга лаб текизиб қўя қолишди. Ҳатто Ҳалима ҳам шундай қилди. Бошқа пайт бўлганда-ку, бу гумбаздай қиз пиёладагини худди минерал сув каби хотиржам ичиб, газак қилиб ҳам ўтирмасди.

  Қизлардан кимдир Шоирага бир пиёла иссиқ чой узатди.

  Шу пайт бояги хизматдаги йигитча югуриб келди. Унинг қўлида бир шиша шампан виноси бор эди.

  Аҳмад, ҳа, ўша, ичимлик борасида бировдан маслаҳат сўраб ўтиришни ўзига ор биладиган Аҳмад нимагадир Асрорқулга мурожаат этди.

— Манавиндан озгина, а, келинга...

  Ўтирганлар ҳайрон бўлиб йигитга қарашди.

— Келинингиз ичмайди, — деди Асрорқул оғзидаги газакни ютиб бўлгач.

— Йўғ-э, ростданми...

  Ҳа, бугун Аҳмадга бир бало бўлгани рост эди. Зеро, шу гапдан кейин қандайдир маҳзун тортиб қолган косагул индамай шампан шишасини стол устига қўйди ва диққат билан қўшиқ эшитаётгандай артистлар томон ўгирилиб олди.

  Бир-бирларига кўз ташлаб олган қизлар елка қисиб қўйишди.

  Давра совугандай бўлди.

  Косагул мажбурлаб турмагандан кейин ичишнинг ҳам қизиғи қолмас экан...

 

* * *

   Чой ўрнига ичилган илиқ ароқ ичакларини куйдириб ўтиб, бошини айлантириб юборган бўлса-да, Асрорқул ҳамон ўтирганларни диққат билан кузатиб ўтиришга уринарди.

  Ғира-шира бўлса-да, Асрорқул бир нарсани илғаётганди: бу шубҳали тарздаги сукунат, косагулнинг бирдан ғамгин тортиб, ўзига ўхшамай қолиши бежиз эмас. Наҳотки?..

  Асрорқул аста разм солди. Бошқа синфдош жўралари, ҳатто аллақачон уйланиб олган, хотини билан ёнма-ён ўтирган Усмон ҳам ора-сира очилиб-сочилиб ўтирган Шоира томонга ўғринча кўз ташлаб қўяётгандек эди унинг назарида.

  Ниҳоят отарчилар шўх қўшиққа ўтишди.

  Даврада раққос ва раққосалар пайдо бўла бошлашди.

— Қани, синфдошлар, — деб қолди бир маҳал қайтиб дастурхон томонга ўгирилган Аҳмад, — чиқиб бир ўйнайлик. Ҳусан хурсанд бўлади.

  Аҳмад биринчи бўлиб ўрнидан турди. Сўнг қолганлар аста-секин ўринларидан қўзғала бошлашди.

  Асрорқул умри бино бўлиб тўй даврасида ўйинга тушмаган. Умуман, рақсга унинг уқуви йўқ. Никоҳ тўйида ҳам келин-куёвни чимилдиққа кузатишаётганалари маҳал маст-аласт синфдошлари ўзидан ўйнаб беришни талаб қилиб туриб олишганида шунчаки қўллларини юқорига кўтариб қўйиш билан кифояланган. Буни синфдошлар яхши билишади, шу сабабли Асрорқулни даврага судраб овора бўлиб ўтиришмайди.

  Лекин гавдаси гумбаздай бўлгани билан Ҳалима роса эшилиб ўйнайди. Унга Аҳмад жўр бўлади. Хуллас, иккаловининг рақсини маза қилиб томоша қилиш мумкин.

  Жўшиб кетган Усмон ҳам хотинининг қўлидан тортиб, даврага бошлади.

  Стол атрофида Асрорқул хотини билан ва яна бир-иккита ўйин деса етти маҳалла нари қочадиганлар қолишди.

— Олиб ўтир, — дея манзират қилди Асрорқул хотинига қараб дастурхонга ишора қиларкан.

— Раҳмат, — кулимсиради Шоира, — олиб ўтирибман.

  Шундан сўнг келинчак пиёласидаги чойдан бир ҳўплаб қўйди.

  Биринчи шўх қўшиқ кейингисига уланган маҳал даврадан қанот ёзиб келган Ҳалима Шоиранинг қўлидан маҳкам ушладию бир силташда ўзига тортиб олиб, диконглатиб судраганча даврага олиб кетди.

  Асрорқул ҳатто эътироз билдиришга ҳам улгуролмади.

  Ҳалима эса Шоирани синфдошлар айлана бўлиб, ер тепиниб  ўйнаётган давра ўртасига олиб кирди. Мусиқа қулоқни батанг қилгудай даражада кучли эшитиларди.

— Ўйнанг, келин, — дея қичқирди Ҳалима Шоиранинг қулоғига. — Эрингиз отаси тирилиб келсаям ўйнамайдиганлардан. Шунинг эвазига сиз икки ҳисса ўйнашингиз керак.

  Дув қизариб кетган Шоира эри томонга қаради. Аммо давра столни тўсиб қўйган, ҳеч нарсани кўриб бўлмасди.

  Мусиқа эса баданларни қиздириб юборгудай янграрди.

— Ўйнанг, келин, — деб қолди бир маҳал ундан кўз узмай туриб қолган Аҳмад ҳам қичқириб. — Синфдошимизнинг тўйи бу. Ўйнасангиз арзийди.

  Қизиқ, Аҳмад нимагадир “Эрингизнинг” ёки “Асрорқулнинг синфдоши” демади.

  Шоира аста рақсга туша бошлади.

  Йўқ, бора-бора шўх мусиқа ва ҳаракатга, рақсга ташна ёш вужуд ўз ишини қилди — Шоира берилиб ўйнай бошлади.

  Ҳа, тан  бериш керак, Шоира ажойиб раққоса эди. Бу гўзал келинчакнинг олдида ҳатто Ҳалиманинг муқомлари ҳам иш бермай қолди. Буни сезди шекилли, Ҳалима ўзини сал четга олди. Даврада энди гўзал Шоира билан Аҳмад берилиб рақсга туша бошлашди. Атрофда турганлар беихтиёр ҳаракатдан тўхтаб, фақат қарсак чалиб туриш билангина кифояланишди. Зеро, уларнинг кўз ўнгида ажойиб, гўзал рақс намойиш этилмоқда эди. Айниқса сулув Шоиранинг ҳар бир ҳаракати ўзига ярашган, келинчакнинг ўзи ҳам яйраб-берилиб рақсга тушаётгани шундайгина кўриниб турарди. Гўё юзлари нақш олмадай ловуллаб ёнаётган, кўзлари чақнаётган келинчак соғиниб қолган машғулотига етишгандай...

  Гўзаллик, камолот, мукаммаллик кўпларни лоқайд қолдирмаслиги аниқ. Аста-секин собиқ синфдошлар давраси кенгайди. Энди бу даврада Шоиранинг ажойиб рақсини томоша қилиш истагидан қўшилганлар ва зўр бериб қарсак чалаётганлар кўпчиликни ташкил этарди.

  Томошабинларнинг аксарияти ҳайрат оғушида эди.

  Отарчилар олиб келган, фақат бадани кўриниб турган ним ҳарир либоси билангина ичиб олган меҳмонларни ўзига жалб қилаётган, юзига упа-элик чаплаб ташлаган раққоса ҳам назардан қолгандай эди гўё.

  Отарчи-раққосалар жуда шум бўлишади, дейишарди. Тўғри айтишган экан. Бу раққоса ҳам бол ҳидини сезган асаларидан бирдан даврани ёриб ўтдию, кўкраги билан итариб, Аҳмадни нари сурди ва берилиб рақс тушаётган Шоира қаршисида туриб олганча чарх уриб ўйнашга тушиб кетди.

  Бу икки авлод, эҳтимолки икки тушунча ва икки дунёқараш эгаси вакилаларининг мусобақаси эди гўё...

  Бир ёнда рақс сеҳрига берилган, вужуд-вужуди билан эриб, оҳанглар, ҳаракатлар сеҳридан маст Шоира. Иккинчи томонда нима қилиб бўлса ҳам кўпроқ пул ундириб олиш пайида бўлган, ваҳима ила ёши ўтаётганини, назардан четда қолаётганини англаб турган отарчи аёл.

  Мана шунда...

  Эҳ, баъзи бир одатларимиз қурсин!

  Келин тараф вакилларининг оқсоқоли ишора қилган чоғи аввалдан келишиб олинганига кўра бирданига ўрнидан турган йигирмага яқин эркак даврага бостириб киришди ва уларнинг ҳар бири отарчи раққосага ҳам, Шоирага ҳам минг сўмликдан пул тута бошлашди. Отарчи эшилиб-буралиб пулларни ола бошлади.

  Ажиб бир шаклда қотиб қолган бармоқлари орасида силлиқ, муздай нимадир пайдо бўлганини англаган Шоира сесканиб кетди ва беихтиёр ўзига пул қистиришга навбат кутиб турган одамларни кўраркан, ҳаракатдан таққа тўхтаб, жовдираган кўйи атрофга аланглади.

  Унинг рақсидан маст оломон эса ҳамон зўр бериб қарсак чалар ва олтмиш кунлик келинчакдан яна ўйин талаб қиларди.

  Шоира ўзига пул бериш учун ёпирилган оломондан нарироқ қочишга уриниб, ўзини четга олди.  Унинг аҳволини тушунди чоғи, Аҳмад ёнида пайдо бўлиб қолди ва келин томон вакилларига отарчи раққосани кўрсатиб:

— Пул бу ёққа, акалар, — деди.

  Аммо оломон унинг маслаҳатига ёки кўрсатмасига зор эмасди. Кимдир енгил ҳаракат билан Аҳмадни нарига суриб ташлади. Йўл яна очилган эди. Келин томон вакиллари яна зўр бериб Шоиранинг қўлига пул қистира бошлашди.

  Тамомила довдираб, эсанкираб қолган, ранги оппоқ оқариб, кўзлари ваҳимадан олайиб кетган Шоирани отарчи раққоса қутқарди. Раққоса бир ҳатлашда унинг ёнида пайдо бўлиб қолди ва енгил ҳаракат билан Шоиранинг қўлидаги пулларни олди-қўйди.

  Худди шу маҳал кимдир Шоиранинг билагидан маҳкам чангаллади. Жон-пони чиқиб кетган келинчак шахт билан шу томонга ўгирилди. Унинг қаршисида ранги бўзариб кетган Асрорқул турарди.

— Бу ёққа юр, — деди у вишиллаб тишлари орасидан.

  Шоира шу заҳоти эрига эргашди.

  Ажабки, ҳеч ким уларнинг йўлини тўсмади. Ҳатто жаҳд билан олдинга интилган Аҳмад ҳам ниманадир мулоҳаза қилгандай жойида таққа тўхтаб қолди.

  Эр-хотин тўйхонадан ташқарига чиқишди.

  Йўлни уй томонга солаётганлари маҳал Асрорқул қаҳр билан деди:

— Жуда ўйнагилари кеп қолиптими?

  Шоира айбдорона тарзда бош эгаркан, ўзини оқлашга уринди:

— Олти йил рақс мактабига қатнаганман...

 

* * *

   Сулув хотиннинг эри бўлиш яхши экан-у, аммо...

  Бу дунёда рашк деган туйғу бор экан. Бу худди бинони аста-секин ич-ичидан нуратиб борадиган захга ўхшаркан...

  Асрорқул рашк қилмайин деса ўша кунги синфдошларининг ўзларини ғалати тутишлари, даврада чир айланиб рақс тушаётган Шоирага тикилган ҳирсли кўзлар кўз ўнгидан кетмайди.

  Хуллас, йигитнинг бўлари бўлди.

— Энди остона ҳатлаб кўчага чиқармайман! — деган қарорга келди у.

  Лекин бу ваъдани адо этмоқнинг иложи йўқдай эди.

  Шоира тиббиёт коллежини аъло баҳоларга битирган, эрга чиқмасидан бурун шифохоналардан бирида уч ой ҳамшира бўлиб ишлашга ҳам улгурган эди. Оилавий келишувга кўра ҳам Шоира шу кунларда яқин-атрофдаги шифохоналардан бирига ишга кириши керак эди.

  Аммо кутилмаганда Асрорқулнинг тўнини тескари кийиб олиши бу масалани анча кечиктириб юборди. Зеро эр энди хотинининг ишлаши ҳақидаги гапни эшитишни ҳам истамасди.

  Аммо турмуш, рўзғор, тирикчилик ташвишлари барибир ўз айтганини қилади. Ошқозонга емак керак. Энди мустақил оила вакиллари сифатида иштирок этадиган турли тўй-маъракаларга эса пул...

  Хуллас, орадан икки ой ўтгандан сўнггина эр хотинининг ҳамшира бўлиб ишлашига розилик билдирди. Бу орада бир неча синфдоши уйланган, иккита синфдоши эрга теккан Асрорқул барча тўйларга ёлғиз ўзи бориб келди. У синфдошларининг савол тўла нигоҳларини кўрмаслик учуноқ бу тўйларнинг барисида дарров тўйиб ичиб олди ва маст-аласт ҳолида ярим кечаси уйга қайтаркан, барча жўраларини:

— Хотинбозлар!.. Бировнинг ҳалол хотинига кўз олайтирадиганлар! —  дея ўхшатиб сўкишни канда қилмасди...

 

* * *

  Ниҳоят Шоира уйдан икки чақиримча наридаги оилавий шифохонада ҳамшира бўлиб ишлай бошлади.

  Рашк одамнинг кўзини кўр қилиб қўяди, деганлари чин экан. Асрорқул иложини топса хотинини ишга ўзи олиб келиб қўяр, ишдан сўнг ҳам ўзи олиб қайтарди.

  Бироқ ҳамиша ҳам бунинг иложи топилавермасди. Ахир Асрорқул ҳам ишли одам.

  Шундай кунларнинг бирида ишдан бир амаллаб эртароқ чиқишнинг иложини қилган Асрорқул деярли чопиб шифохонага етиб келишга келдию, қандайдир қутқу измида девор ёнидаги баланд дарахтлар орқасига ўтиб бекиниб турди.

  Асрорқул ана шунда кўнгли бежиз ғаш бўлмаганини сезди...

  Зеро шифохонага бир даста гул кўтарган... Аҳмад яқинлашиб келмоқдайди!

  Мана, у ичкарига кириб кетди.

  Жони бўғзига келган Асрорқул аста, оёқ учида юриб унинг изидан тушди.

  Аҳмад тўғри Шоира ишлайдиган бино томон бормоқдайди.

— Тамом!.. — дея пичирлади бирдан оёқ-қўллари бўшашиб кетган Асрорқул. — Иккаласини ҳам сўяман!

  Мана, Аҳмад эшикдан ичкарига кирди.

  Асрорқул худди кинолардаги жосуслардай эҳтиёткорлик билан атрофга аланглаган кўйи эшикка яқинлашди.

  Ичкаридан жарангдор кулгу эшитилгандай бўлди. Бу... йўқ, Асрорқул адашиши мумкин эмас эди, бу Шоиранинг кулгуси эди.

  Асрорқулнинг кўзларига қон тўлди. У очиқ эшикка янада яқинлашди.

— Ҳа, ўша ерда, — дерди Шоира. — Саккизинчига бораверинг. Мен ҳозир...

  “Демак, — деган хаёлга борди Асрорқул. — учрашув сакизинчи палатада... Энг чеккадаги... палата...”

  Баланд пошна туфлиларнинг полга тақиллаб урилиб, узоқлашгани эшитилди.

  Кўкраги кўтарилиб тушаётган, юраги дукиллаб уриб, миясида кучли санчиқ турган Асрорқул андак туриб қолгач, бир амаллаб ичкарига кирди ва саккизинчи палата томон юрди.

  Дарҳақиқат, йигит адашмаган эди. Бу йўлак охиридаги палата эди.

  Палата эшиги очиқ эди.

  Асрорқул ўз қўллари билан хиёнаткор хотин ва дўстни бўғиб ўлдириб қўядигандек важоҳатда шартта ичкарига кирди.

  Кирди-ю...

  Оддий палата. Битта каравот ўрнатилган. Унда эллик ёшлардаги бир аёл ўтирарди. Аёлнинг қаршисидаги табуреткада Аҳмад.

  Асрорқул ҳатто ажабланиб улгурмасдан каравотда ўтирган аёлни, Аҳмаднинг онасини таниди.

  Тумбочка устида бир даста гул.

  Худди шу маҳал йўлакда тақ-тақ этган баланд пошна овозлари эшитилди ва эшик ёнида пайдо бўлган Шоира:

— Мана касаллик варақангиз, — дея қўлидаги бир парча қоғозни кўрсатаётган маҳал ранги қув ўчиб турган эрини кўриб қолдию, лол бўлиб туриб қолди...

 

* * *

   Асрорқул барибир хотинига ишонмади.

   Ҳатто Шоира онт ичиб турса ҳам.

— У гулни сенга обкелган, — деб туриб олди Асрорқул. — Ахир шу пайтгача мен биронта бола онаси балнисадан чиқаётганида гул кўтариб борганини кўрган ҳам эмасман, эшитган ҳам эмасман. Демак, у гулни сенга обкелган.

— Ахир гул палатада эди-ку, — дея жиғибийрони чиқарди Шоиранинг. — Ўз кўзингиз билан кўрдингиз-ку.

  Асрорқул бўш келмасди:

— Демак, кетаётган пайти бермоқчи бўлган. Ичида хатиям бўлган...

  Шоира у деди, бу деди, аммо ўзини оқлаб ололмаётганини кўргач, охири пиқиллаб йиғлаб юборди.

  Бу йиғи... бу йиғи Асрорқулга хотини чиндан ҳам унинг кўзига чўп солиб юрганининг исботидек туюлди...

  Эртаси куниёқ Шоира ишдан бўшатиб олинди! Ҳатто унинг ҳужжатларини, меҳнат дафтарчасини олишга Асрорқулнинг ўзи келди!

  Ана шундан кейин бошланди!

  Рашк дегани ёмон бўларкан. Одамнинг ич-этини сўриб, қуритиб-қувратиб ташларкан...

  Уч ой ичида Асрорқулнинг бўлари бўлди. Оилани боқиш учун икки жойда ишлашга мажбур. Ахир Шоирага кибр билан:

— Ишламасанг ҳам бўлади. Сени ўзим боқаман! — деб юборган.

  Иш ҳам майли, аммо туну кун миясини банд этиб турган рашк туйғуси йигитни ёмон эзарди. Баъзан ишда пайти ўз-ўзидан Асрорқулнинг кўнгли ғаш бўлиб, ичи ҳувиллаб қолар, назарида, айни пайтда сулув хотини Шоира уйда ким биландир шакаргуфторлик қилиб ўтиргандек ёки... хиёнат қилаётгандек туюлаверарди.

  Бундай маҳаллари Асрорқул ишни ҳам ташлайсола, ҳамкасбларининг “ҳой-ҳой”лашларига ҳам қарамай уйга чопарди. Уйга келиб эса, Шоиранинг ёлғиз ўзи ўтирганини кўриб ҳам хотиржам тортмас, негадир бирон баҳона билан бошқа хоналарни ҳам, ҳаттоки ҳожатхонаю ошхоналарни ҳам кўздан кечириб чиқарди.

  Сўнг, сал ўзига келгач, индамай чиқиб кетар, лекин дарров ишга боришнинг ўрнига... уй ёнидаги кўчада, дарахтлар орасига биқиниб олиб дарвозани кузатгани-кузатган эди. Кўчадан бирон ёш йигит ёки Аҳмадгами ўхшаш эркак ўтиб қолса бас, титраб-қақшаб, “Мана, қўлга туширдим! Ҳозир бизникига киради!” деган ваҳимали ўйдан юрак-бағри қон бўлиб турар, йўловчи ўз йўлида ўтиб кетгандан кейин ҳам дарров ҳовуридан тушмас, “Эҳтимол менинг шу ерда турганимни сезгандир. Сезмаганда-ку...” деган азобли-изтиробли ўйдан баттар дили ўртаниб, ўзини изтиробу аламларнинг шиддатли гирдобига отарди... Бундай маҳаллари Асрорқул бирон пана жойда ўтириб олгунча тўйиб-тўйиб йиғлаб ҳам оларди...

  Бундай аҳволда бир жойда узоқ ишлаб қололмаётган  Асрорқул сўнгги олти ой мобайнида уч марта иш жойини ўзгартирди.

  Яқинда, охирги ишига кириш олдидан Асрорқул тиббий кўрикдан ўтди. Соғлиғидан сира шикоят қилмайдиган Асрорқулни узоқ текширган психиатр кутилмаганда:

— Сизда шизофрениянинг дастлабки аломатлари бор, — деб қолса бўладими!

  Лекин Асрорқулнинг бунга эътибор бериб ўтиришга вақти йўқ эди. Зеро, назарида, айни дамларда кўнгли ғаш бўла бошлаган эди. Демак, Шоира, унинг хотини Шоира уйда ким биландир...

Асрорқул кийимларини чала-чулпа кийдию шифохонадан отилиб чиқасола уйи томон шамолдай елиб кетди...

Абдуқаюм Йўлдошев










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот