Муаззам ИБРОҲИМОВА
Ҳар йили 9 Май арафасида Обид ота хақидаги хотираларим ёдга тушади. Имкон топсам, отанинг қабрини зиёрат қиламан. Сўнг каттагина сада тагида, ўттизинчи йиллар бошида қурилган, ҳеч ким бузишга журъат қилмайдиган эски мактаб биносига ўтаман..
Бу ернинг файзи бўлакча, чунки қишлоқ аҳли алохида хурмат билан тилга олгувчи Обид ота айнан шу бинода дарс берган.
Қачондир муаллимлик қилиб дунёдан ўтган инсонлар кўп. Минглаб ўқитувчилар ўқувчилари томонидан хотирланиб, муборак кунлар зиёрат қилинади. Балки ота ҳам уларнинг биридир? Балки... Аммо мен ундай демаган бўлардим.
1943 йил. Қишнинг қирчиллама чилласи. Урушга кетган Обид муаллим ҳеч қанча вақт ўтмай, бир оёғидан айрилиб қайтиб келди. Бундан хабар топиб кулбасига ташриф буюрган ҳамқишлоқлари тезгина ҳол-аҳвол сўрашиб, асосий мақсадга ўтишади:
- Обиджон, ўғлимни кўрмадингми? Уч ойдан бери хат юбормаяпти...
- Ака, болаларимнинг отаси кўринмадими? Бир ёзганида “Хавотир олма, полкимизда ўзимизникилар ҳам бор”, - деганди. Бирга жанг қилган бўлсаларингиз керак? Бегим қачон келарканлар? Оёғидаги жун пайпоғи йиртилмадими? Иссиқ кийиниб юрибдиларми?
- Устоз, дадам ҳам қайтиб қоладилар-а! Укамнинг касаллигини айтгимиз келмади. Оғирлашиб қолди, келса тузалиб кетармиди....
Cўроқ - саволларга тўла уч кунни амаллаб ўтказган муаллим, ёлғон жавоблар билан умид уйғотаётганидан виждони қийналар, минглаб инсонларнинг ёстиғини қуритаётган баттол урушнинг тезроқ ниҳоясига етишни илтижо қиларди.
Гарчи яримжон бўлиб қолган бўлса-да, Обид ака уйда ўтира олмади. Уруш бошланиши билан ёпилган мактаб, саводсиз бўлиб қолаётган ўқувчилари хақида эшитиб, дарҳол колхоз правлениесига йўл олди... Йўл-йўлакай қорахат келган хонадонларда бир калима Қуръон тиловат қилар экан, қачонлардир бир товоқдан ош еган жўралари, қадрдон қўшнилари-ю, севимли шогирдларининг дийдори қиёматга қолганинига ишонгиси келмасди.
Эски мактаб эшигидаги занглаган қулф олиниб, болаларнинг шўхликларини соғинган ўқув даргоҳи яна жонланиб қолгач, юракларга оз бўлсада ёруғлик кириб келди.
Икки хонали бино анча тўкилиб қолган экан, деворлар белигача моғорлаб ётарди. Аламини оғир меҳнатидан олаётган бевалар, болаларининг кўзида пайдо бўлган бир тутам нурдан руҳланиб ёрдамга ошиқишди. Парталарни таъмирлаётган муаллимга салом бериб, ишга киришиб кетишди. Ҳамма жой саришталаниб, синган ойналар кўзи эски болишлар билан ёпилгач, мактабга файз киргандай бўлди. Болалар эса алақаердан нам тортган ғўла, ғўзапояларни топиб бир чеккага тахлашга тушишган, шу баробарида уйма-уй юриб ўқиш хақидаги хушхабарни етказиш билан овора эдилар.
Дарслар бошланди. Бироқ бинони иситиш осон эмас, анча йиллар қаровсиз қолган ўқув даргоҳининг деворлари йўқдай, ичкаридаги харорат ташқаридан фарқ қилмасди. Нозиккина вужудлар чилланинг заҳридан чирқирайди. Аллақачон чирий бошлаган пол ҳам норасидаларнинг юпун оёқчаларини изғирини билан раҳм қилмайди. Тутуни кўзларни ачиштириб, иссиғи иликка етмайдиган печканинг эса қорни ҳеч тўймасди. Аммо болаларнинг боши осмонда. Эгниларига илингулик увадаларга чирманиб мактабга келишади. Мўлтираб муаллимга тикилишар экан, уйларидаги азалар, қаҳатчилик аталмиш махлуқнунг панжаси ботган рўзғор ташвишларини унутишга ҳаракат қилишарди. Обид ака бир хонага йиғиладиган ёшлари катта-кичик ўқувчиларни икки сменга бўлиб, уч-тўрт фандан дарс ўта бошлади. Ўқувчиларнинг ярмидан кўпи касалманд, қоринлар оч. Белларига тугиб келадиган қоқи, баргаклар ошқозонга юқ бўлмайди. Бироқ ҳаммаси билимга чанқоқ. Муаллимнинг ҳар бир сўзига диққат қилиб, маърифат зиёсидан кўпроқ бахраманд бўлишга интилишар, кун ора аза товуши чиқиб турган қишлоқ четидаги мактаб умид чироғи ёниб турган ягона маскан эди.
Ёвуз, бераҳм, шафқатсиз уруш! Кимнингдир отаси, акаси, тоғаси ёки амакисидан жудо қилган, кўнгиллар ўксик.. Қишлоқда ҳам аҳвол яхши эмас. Очлик силлаларни қуритган. Болаларнинг бири келмай қолса, Обид муаллим қўлига илингулик егуликни топиб, унинг уйига йўрғалайди. Қорни шишиб кетган ўқувчисининг бармоқчалари орасидаги кунжарага кўзи тушгач, дод дегиси келади-ю, бир жуфт киртайган кўзчаларга боқиб фарёдини ичга ютади.
Мактабда эса, бўшаб қолган ўриндиқларга қарай олмай болиш тиқилган деразадан тушиб турган синиқ нурга унсиз ҳасратини тўкиб дарс ўтарди.
Ўзининг дарди ҳам бир дунё. У келганида безгаккка йўлиққан хотини уч жигарпорасини тақдир ҳукмига ташлаб чин дунёга кетган, ўзиникилардан орттира олмаётган синглиси аканинг болаларига қўл учида қараб турган экан. Муаллим урушдан бир оёқда қайтиб келганини ҳам Яратганнинг иноятига йўйди. Ўлиб кетса етимларининг тақдири қандай кечарди...? Мана, ҳар куни кенжасини жигарига қолдириб, катталари билан ишга келарди. Нуриддин ва Хамида-ку, анча ўзларини тутволишган. Обид муаллим урушга кетганида туғилган Сафаралисининг аҳволи яхши эмас. Мактаб ёшига етмай бир қанча касалликлар билан оғриб, ҳолсизланиб қолган вужуди нозик, чўпдай озиб кетганди...
Яхшиям севимли касби бор. Дардлари бир оз бўлса-да унут бўлади. Дарслар тугагач ҳам тарқалмайдиган ўқувчиларнинг саволларига жавоб излаб, дунёнинг бу бошидан кириб, у бошидан чиқади. Ўша пайтлар жавдираб турган қоракўзларниинг хайрат тўла нигоҳлари порлаб кетарди. Жажжи қалблар қишлоққа пайдар-пай келаётган қорахатлардан бир оз чалғиб, орзуларнинг ширин оламига шўнғишади. Обид муаллим турли мавзуларга оид саволларга эринмай жавоб қайтарар, фақат уруш хақида лом-мим демасди.
— Уруш қанақа бўлади, айтиб беринг?!
....
—Нечта немисни ўлдиргансиз?
— Мардонқулнинг акаси тўртта танкни портлатиб, элликта душманни отган экан. Сиз-чи?
Бунақа вақтда, у хеч нарса демай ташқарига чиқиб кетар, бир муддатдан сўнг кўзлари қизарганча кириб келарди. Унинг ҳолатини кўрган болалар урушнинг ўзларини қизиқтирган тафсилотларини қайта сўрашга ботина олмай, жимгина дарсларни тинглашга мажбур бўлишарди. Обид муаллимни катталар "фронтдан сал ғалатироқ бўлиб қайтган" дейишарди.
— Тавба, жангу жадалдан омон қайтган мажруҳ аскарлардан фарқли ўлароқ, қаҳрамонликлари билан мақтанмаслиги майли, ёвни ҳам ҳеч кимга қарғатмайди-я. Арш титрармиш... Вой, юртимизга бостириб келган занғарлар еру—кўкни титратиб ётибди-ку! Гўрида тўнғиз қўпгурлар туфайли бошимизга қандай кўргуликлар тушмаяпти, нимага уларни қарғамаслигимиз керак?
Ҳар бир оилада шу гап. Аламзада оналар болалари ўқиётганидан қанчалик хурсад бўлишмасин, уялмай ғийбат ҳам қилишар, уйдаги гапни кўчага ташишга уста бўлган норасидалар эса ҳаммасини оқизмай-томизмай муаллимга етказишар эди. Шундай пайтларда ортиқча гап сўзларни ўзига олмайдиган устозлари кулибгина жавоб қайтарарди:
—Эътибор берманг! Ҳали ҳаммаси яхши бўлади. Уруш ҳам тугаб қолар. Ундан кўра, яхши кунлар тезроқ келсин деб дуо қилайлик. Сиз беғуборсиз, дуоларингиз ижобат бўлади. Уруш ҳам тезроқ тугарди...
Дуолар янграр, аммо урушдан ҳам нимадир ўрганишга ҳаракат қилган болалар учун янги эрмак топилганди. Сабоқлар оралиғида, дарсдан сўнг йиғилиб урфга чиққан янги ўйинни бошлаб қолишарди.
Бу хаммага бирдай ёқиб қолган "Диги-диги" эди.
- Диги- диги, диги-диги- диги... Трррр! Бўлди Ўлдинг! Мен сени отиб ташладим.
- Йўқ! Мен сени аввалроқ отдим. Ёнинга граната ҳам ташладим. Сен портлаб кетдинг-ку! Нима учун ўлмаяпсан? Ёт! Ўлдинг!
Унинг ўзига хос шартлари бўлиб, ким биринчи бўлиб қурол ўқталиб "Диги-диги" деса, рақиби "ўлиши" керак. Қўрқманг, фақат ярадор бўлиб қулаётганини, ўлаётганини ўхшатса бўлди.
Болаликнинг ғаройиб қонуниятлари борда. Ўлимнинг нималигини кўриб улғаяётган болалар қанчалик ундан қўрқишмасин, ўйинда қўрқмай, ўхшатиб ўлаверишарди.
Аммо муаллим бунга тинч қараб тура олмади. У мактаб ховлисида ёғоч милтиқ, тўппончалар билан уруш-уруш ўйнаётган ўқувчиларни кўрса ташқарига отилар, душман ва ўзимизникиларга бўлинган болаларни яна бир гуруҳга жамлаб, бошқа ўйинлар билан чалғитишга ҳаракат қиларди. Бироқ, шумтакаларнинг қулоғига гап кирадими? Орадан уч- тўрт кун ўтмай яна бир-бирини “отишга” тушишарди.
Бу узоққа чўзилмади. Бир куни ҳаммаси ўзгарди.
...Ўша куни ҳам, болалар, мактаб орқасидаги боғда уруш-уруш ўйнашаётган эди. Бу томон қулай. Муаллимнинг кўзига ташланавермайди. Агар қидириб чиқиб қолгудек бўлса ҳам, бурчакдаги хандаққа қуролларни яшириш мумкин. "Диги-дигида" энг аввал жангчилар сараланиб олинарди. Нисбатан бақувватроқ йигитчалалар ўзимизникилар, нимжон ва қилтириқлар ёв бўлиши керак. Қизлар ҳам жон-жон деб ўйнарди-ю, уларни қўшишмайди. Улар томошабин. Немисларни қандай ўлдиририлишини ўз кўзлари билан кўргиси келади. Ҳар бир душман ер тишлаганда қийқириб чаппак чалиб, синфдошларни қўллаб туришарди. Жанг авжига чиқади. “Ватан учун!” дея тортилган наъралар, жуссаси кичик норасидалардан чиқаётганига одам ишонмайди... “Ярадор” бўлиб инграб ётганлар ҳам шунчалик додлашадики, уларни кузатиб турган қари Олапар ҳам думини қисиб қочиб қоларди.
—Бўлди ёт! Турма! Сен ўлдинг. Ичагингни бошингга салла қилдим, ярамас! Яна келиб кўр-чи!
— Шавқат қилинг, ака!
— Мен немисга ака бўлмайман. Ёвга шавқат йўқ!
— Ўлдирманг, илтимос...
— Сени гапира олмайсан ярамас, тилингни ҳам кесиб ташладим-ку!
Бутун жанг майдонини тутиб кетган овозлар қаҳр, ғазаб ва нафратга тўла эди. Ўйиннинг яна бир шарти бор. Душман ўлими олдидан типирчилаб шавқат сўраши шарт! Аслида ҳеч ким ёв ролини ўйнашни хоҳламайди. Аммо наилож... Гўёки, газандаларни ўйинда енга олишсагина, олисларда кетаётган шиддатли жангларда ҳам ғалаба қозониш муқаррардай, болаларнинг ўзлари каби беғубор иримлари мавжуд эди.
— Қонхўрларни бошлаб келганларга ўлим! Пах-пах-пах...
Бу аёвсиз жанг якунланаётганидан дарак беради. “Камандир”нинг буйруқлари дона-дона, қўлидаги қурол овозидан ҳам ҳам совуқроқ.
Бугун хам “немислар”нинг командирини совуққонлик билан отиб ташлади. Ўзимизникиларнинг шашти баланд. Ерда ётган душман аскарларини бир-бир тепиб, ўлик-тиригини текширишга тушишганди.
- Ярадор аскарларимизга ёрдам беринг! Асир олинган немисларни эса асло аяманг!
Бошлари эгилган абгор ҳолатдаги асирлар отилгач, қуроллар юқорига кўтарилиб қувончли хайқириқлар янграрди.
- Урра! Урра! Урра!!!
Бу овоздан ерда чўзилиб ётган “Немислар” ҳам “тирилиб”, ўзимизникиларни табриклашга тушиб кетишар, мижжаларига ёш қалқиган қизлар эса, урушга кетган яқинлари бугуноқ қайтиб келадигандек хурсанд, ҳаммаси жўр бўлиб хиргойи бошлаб қолишарди:
Гирмонни енгиб отам,
Уйга қайтиб келади-ё.
Атлас кўйлак оберибо
Мени хурсанд қилади-ё...
Аммо бу гал қўшиқ охирига етмади. Кекса ўрик панасида улар томон қараб турган муаллимни кўриб қолган ўқувчилар бақрайиб қолишганди. Йигитчалар қўлларидаги қуролни яширишга улгура олмай каловланишди.
Қачондан буён кузатиб турибдилар?
Энди нима бўлади?
Агар жангни бошидан кузатган бўлсалар, тамом бўлдик.
Аммо муаллим ҳар галгидек панд-насиҳатини бошламади, болаларни урушмади, қуролларни йиғиб олмади. Ҳаммани ҳайратда қолдириб, индамай бир четга ўтириб, қўйнидан аллақандай суратни чиқариб, унга хўрсиниб тикилиб тураверди...
Бир пас қўрқиб турган болалар ажабланиб, ахийри журъат топиб теграсига келишди..
...Четлари қорайиб, сарғайиб қолган суратдаги чеҳралар нотаниш эди. Ҳеч нарсага тушунмай, кипригига нуқрадек ёш илинган муаллимга қараб жавдираб қолган болалар жавоб кутишарди.
Суратдаги ўзлари каби болалар экан. Бир четда эса Обид муаллим қараб турарди.
- Вой, булар ким? Қаердан олдингиз домла?
- Гапиринг, устоз...
- Ўзбекка ўхшашмайди-ку, ким булар?
Муаллим болаларнинг саволларини эшитмаётгандай, суратдан кўзини узиб, олисларга тикилди. Анча пайт шу холатда хайкалдек қотиб тургач, овози титраб чиқди.
- Сизларни анчадан бери кузатиб турибман. Бир—бирингизни шафқатсизлик билан ўлдиряпсизми?
Болалар норози чувиллашди:
- Бу ўйин холос-ку, устоз!
- Бизда ҳаммаси ёлғондан. Аммо немислар Акромнинг, Хадичанинг, Биби Ойшанинг дадасини, Зулфиқор, Рашид, Қодирнинг акасини ростдан ўлдириб қўйишди-ку. Кейин...
— Кейин, улар хам сизу менга ўхшаган одам.
Муаллим ёнгинасида турган Хадичанинг бошини силар экан, елкалари силкиб йиғлай бошлаган қизчани овутиб, давом этди:
- Йиғлама, болам. Биламан, сенга осон эмас. Даданг ҳақиқий қаҳрамон! Аммо сиз нафрат билан тилга олаётган немислар ҳам аслида ёмон одамлар эмас. Уларни Гитлер деган катта аждарҳо сеҳрлаб қўйган. Қонхўр, малъун ўз юртини номини булғади… У урушга обдон тайёрланган. Аввал сизга ўхшаган кичкина болаларга мана шунақа ёғоч тўппончалар ясаб бериб, урушишга ўргатиб, бешафқат қилиб тарбиялаган. Сўнг катта қўшин тузиб, “жанг қилмайман” деган аскарнинг калласини ғарч этиб тишлаб еб қўяверар экан.
Ёши каттароқ болаларнинг бири киноя билан ғудранди:
— Малим, келинг шуни эртак қилманг. Ахир ёш бола эмасмиз-ку. Аждархо эмиш. Энг қўрқинчли Ахраман дев хам шунча одамни ўлдирмаган...
Муаллим гапини бўлиб, хамманинг фикрини чалғитган ўқувчисидан ранжимади.
— Гитлер мажбурлаб жангга солган одамлар ваҳшийлашиб, йўлида учраган биноларни вайрон қилиб, қишлоқларни, шаҳарларни кулини кўкка совуриб, қанча инсонларни ўлдира бошлашибди. Ватанимиз тинчлиги бузилибди. Юрт ҳимоясига отланган мард, паҳлавон аскарларимиз қаҳрамонларча ҳалок бўла ошлабди. Аммо фронтда ўлаётганлар ичида Гитлер мажбур урушга кирғизган яхши немислар ҳам бор. Уларнинг нечоғлик пушаймон эканлигига бир воқеа сабаб гувоҳ бўлдим.
Бир куни қақшатқич жангда бизникиларнинг қўли баланд келди. Ўқ овозлари тиниб, даҳшатли сукунат чўккач жанггохдан ҳалок бўлган аскарларимизнинг мурдаларини олиб чиқа бошладик. Биз томондан ҳам қурбонлар кўп, аммо командирларнинг моҳир тактикаси ва газандаларга бўлган нафратимиз туфайли босқинчиларнинг каттагина харбий бўлимини тутдай тўкиб ташлаган эдик. Оёғимиз остида қалашиб ётган душман бир хафта аввал каттагина қишлоқ ахолисини черковга қамаб, тириклай ёқиб юборган зўравонларга ўхшамасди. Абгор, ичак-чавоғи сочилиб, калласининг қопқоғи очилиб қатиғи қайнаб турган ёв мурдалари ачинишга арзимасди. Уларни тепиб-тепкилаб йўл очамиз... Оғир яраланиб, инграб ётган фашистларни миясини мўлжалга олиб, пайдар- пай отиб, аламимизни оламиз. Автомат ўқдони тугагачгина қалбимиздаги аламдан бир оз холи бўлгандай чуқур хўрсинамиз…
Ўзимизникиларнинг мурдасини авайлаб олиб чиққач, душман қони теккан этикларимиздан жирканиб, тупроқ ва ўт-ўланлар билан тозалашга тушдим. Аммо уларнинг қони ҳам осонликча кетмайди. Сув топиш керак. Шу яқинроқда кўлмак бор эди. Сув билан ярақлатиб ювиб олганга ҳеч нарса етмайди. Дўстларимни ҳам бошлаб, ўша томонга йўналдик. Этиклар тозалангач, ичиш учун ҳам сувдонларни тўлдира бошладик. Шу вақт ғалати овоз, аниқроғи инграш эшитилди. Атрофга алангладим. Дўстларим “Сенга эшитилди. Бу ерда бошқа тирик жон қолмади. Юр, кетдик”, - деганича ўрниларидан қўзғалишди.
Йўқ, адашмадим, яна кимдир тирик қолган. Қидириш керак. Кўлмак атрофини, яқинроқдаги арчалар орқасини ҳам диққат билан ҳар қаричини қараб чиқдим. Ҳеч ким йўқ. Адашдимми?
Кетаётган эдим, яна кимдир чақиргандай бўлиб, ортга қайтдим. Ҳар эҳтимолга қарши қуролим қўлимда. Аммо немис мурдаларидан бўлак жон асари сезилувчи ҳеч ким йўқ. Шу пайт оёғим остидаги ер қимирлаётганини сезиб, қўрқиб, шошиб ўзимни четга олдим. Қарасам, хозиргина ўзим турган ерда кимнингдир юзигина кўриниб турибди. Балки қуролдошимиздир. Устидаги тупроқ у қадар кўп эмас, тезроқ кавлаб олиш керак. Қуролимни ерга қўйиб, инграётган одамни кавлай бошладим. Гавданинг бош қисмини тупроқдан чиқариб, юзини, оғзини тупроқдан тозаладим. Шукур нафас олаётган эди. Энди қаердан жарохатланганини билишим ва дархол биринчи ёрдамни кўрсатишим керак. Аммо шу пайт кимдир бошимга гурзи билан ургандай қалқиб кетдим. Унинг кийимидаги фашист белгисига кўзим тушган заҳоти, совуқ башарасига қараб милтиқ ўқталдим.
У негадир мутлақо қўрқмади. Ҳаракатларимга ва қуролимга парво ҳам қилмай, яқинроқ келишимни илтимос қилди. Немисчани унча–бунча тушуниб олганим учун муддаосини англашим қийин бўлмади.
- Хо, ёқмай қолсин! - дедим унга ғазаб билан тикилиб, - Сени тезроқ отиб ташласамгина бегуноҳ ўртоқларимнинг қасдини оламан.
Юрагини мўлжалга олдим. Аммо тепкини боса олмадим. Кимдир мендан аввалроқ жанг майдонининг ўзида-ёқ қасд олган шекилли, юрагидан сал тепароқда ва чаккасидан тиззилаб қон кетиб, тупроқни ҳам алвон рангга бўяётган эди. Шу вақт ғалати ахволга тушдим. Ундан жирканиб турган бўлсам ҳам, куни битиб қолганини сезиб ёнига чўккаладим. Сувдонимдаги сувдан бошини кўтариб ичирдим. У ича олмади. Оғзини аранг чайишгагина кучи етди. Бироқ сув берганимдан хурсанд бўлиб, жилмайди. Сўнг шошиб, нималарнидир гапира бошлади. Сўзлари чала-ярим чиқаётган бўлса ҳам гапларига қулоқ тутдим.
Немис мундири тугмаларини ечиб қўйишни илтимос қилаётган экан. Йўқ, демадим. Қон ва тупроқ ичида кўринмай қолган тугмаларни ечиб, белини сиқиб турган камаридан ҳам халос этдим. У миннатдорчилик маъносида бош ирғагач, қўйнига аранг қўлини тиқиб, сувқоғозга авайлаб ўралган ниманидир олиб узатди ва уни очишимни илтимос қилди.
Очдим. Авайлаб ўралган нарса хозир сизнинг қўлингизда турган сурат экан. —Мен - деб сўз бошлади у хириллаб,- бу урушга ўз ихтиёрим билан келганим йўқ. Билсанг, ўз юртимда ўқтувчи эдим. Ҳар куни мазза қилиб дарс ўтардим. Ўқувчиларим билан тинчлик, дўстлик, аҳиллик хақида узундан-узоқ суҳбатлар қурардик... Уларни бир кўрсанг эди биродар. Ҳаммаси бири-биридан ақлли.
Сўнг суратга қизиқиб тикилиб қолганимни кўриб, болалар билан бирма- бир таништира бошлади:
- Манави Ганс - деди сочлари жингалак болага ишора қилиб, - У катта бўлса ихтирочи бўлади. Чунки унинг мияси бутун. Бузилган радиони кўзини юмиб созлашини айтмай қўя қолай, хатто телевизорни ҳам тузата олган. Буниси – Кристина. Қачонлардир Россиядан кўчиб борган рус эмигрантлари оиласида туғилган. “Немис тилини зўр ўрганиб, Андерсен эртакларини таржима қилинмаганларини бошқа тилларга ўгираман”, дейди. Буниси Рут, унинг қўли гул. Тиккан сочиқларда албатта кабутарлар, гуллар, капалаклар бўлади... Манави Хелда - рассом. Ёрқин рангларни яхши кўради. Бу ўқувчим эса яхудий. Доришунос ёки доктор бўлмоқчи эди. Аммо уруш бошланмасидан аввал онаси билан концлагерга ҳайдалди. Уларни олиб қололмадим. Тўғри, шаҳар четидаги ташландиқ уйда она-болани бир ҳафтача яширган эдим. Топишди. Мени бу ишга алоқадор эканимни билишгач, бошимга ит кунини солишди. Қамоққа ташлашди. Уруш бошлангач эса, қўлимга қурол бериб, фронтга жўнатишди.
Хелмутнинг нафаси тиқилди. Титроқ қўллари билан ёноғини юва бошлаган кўз ёшларини артишга ҳаракат қилар экан, чуқур хўрсинди.
— Адам исмли бу ўқувчим тирикми, ўлганми тақдиридан бехабарман. Агар омон бўлса, албатта орзусига эришади. У ҳеч кимни касал қилмайдиган дори ихтиро қилмоқчи эди. Чунки отаси касаллик туфайли жуда эрта қазо қилган… Буниси…буниси Мартин. Мен каби муаллим бўлади…Жуда зийрак, доно йигитча. Эҳ…Уларнинг келажакларини ўз кўзим билан кўрмоқчи эдим. Аммо Гитлер ҳамма орзуларимни барбод этди. Биласанми, ҳозир биттагина, ҳеч қачон амалга ошмайдиган орзуйим бор. Қани мўъжиза рўй берса-ю, бу ерлардан эсон-омон қайтиб, ўқувчиларим билан дийдорлашсам. Мириқиб дарс ўтиб, уларнинг орзуларига қулоқ солсам…. Мазза қилиб, яйраб дарс ўтсам!
У ҳам менга ўхшаган оддий ўқтувчи эканини англаб, кўзларимга ёш қуюлди. Ахир мен ҳам урушга боришни ихтиёр қилмагандим-ку. Мен ҳам ўқувчиларимга мазза қилиб дарс ўтишни, уларнинг беғубор кулгулари сингиб кетган мактабни жонимдан ортиқ кўрар эдим-ку! Қачон вахшийлашдим? Бир муддат аввал ярадорларни ҳам шафқатсизлик билан отиб ташлаган гуноҳкор банда - мен! Мана шу немисдай оддий муаллимман-ку!
Унинг кўксидан тиззиллаб чиқаётган қонни тўхтатмоқчи бўлиб, ўқ тешган мундири устидан кафтимни босдим. Ўша тобда унинг тирик қолиб, севимли ўқувчилари олдига қайтишини чин дилдан хоҳлаётган эдим.
Аммо аҳволи оғир эканидан бохабар ҳамкасбим кўксида турган қўлимни қаттиқ ушлади.
- Буни энди фойдаси йўқ. Мен барибир ўламан. Агар иложинг бўлса, менга бир яхшилик қилгин.
- Қўлимдан келса, бажонидил, - дедим, унга далда бўлишга ҳаракат қилиб.
— Бу сурат - деди, у тобора тиқилиб бораётган нафасини аранг олиб, - чўнтагимда қолмасин. Мурдам анави ҳамюртларим қатори шу чуқурларда чиришига аминман. Ўқувчиларимнинг беғубор сиймолари бу ерларда қолиб кетишини хоҳламайман. Суратни ўзинг билан олиб кет… Кимлигингни билмайман. Аммо юртингга омон қайтсанг, Хелмут исмли оддий бир немис ўқитувчисининг мана шундай орзулари осмон, ақлли ўқувчилари бўлгани ва у ўз шогирдлари билан жудаям фахрланганини айтиб берарсан....
Унинг кўзларидаги нур сўниб борар, аммо жудаям яшагиси келаётгани туфайлигина жон бериши осон бўлмаётгани кўриниб турарди.
Нигоҳлари осмондаги оппоқ булутларда эди. Ким билсин, балки ўша тобда ўқувчиларининг чеҳраларини мовий сарҳаддаги ўша беғубор булутлар орасидан қидириб, улар билан хаёлан видолашгандир. Ёки меҳрибон Аллоҳ бу банданинг ростдан хам яхши инсон экани учун ўлими олдидан ўқувчиларининг келажакларини намоён этиб, мукофотлагандир.
Унинг жилмайишга уринаётган қиёфаси, каттароқ очилишга ҳаракат қилаётган кўзлар-у, тугунчак бўлиб ёзилаётган қошлар менга кўринмаётган илоҳий ҳодисотга гувоҳ бўлаётганидан дарак эди.
— Уларга ёмон тарбия бермаганман, биродар, — давом этди у, қўлимни маҳкамроқ ушлашга ҳаракат қилиб, — Ўқувчиларим ҳеч қачон юртингга бостириб келмайди ва одам ўлдирмайди. Мен каби пушаймонликда ўлим топмайди. Илтимос, улар хақида ўзингникиларга гапириб бер. Немисларнинг ҳаммаси хам ёмон одам эмаслигини айт. Мен тарбия қилган болалардан ёмон одамлар чиқмайди. Буни сенга ваъда бераман!
Мен тўкилаётган ёшларимни яширмай, суратни қўйнимга солдим. Ўзим ҳам муаллим эканим, унинг ўқувчилари ҳақида албатта сизларга гапириб беришимни айтишим билан бечоранинг жони узилди.
Аммо, булутларга тикилиб очиқ қолган кўзларида ва юзида хотиржам бир табассум зоҳир эди. Уни дафн қилдим ва оёғимдан яралангунга қадар бирорта ҳам немисни ўлдира олмадим...
Ҳар сафар қўлингиздаги ёғоч қуроллар ва жангингизни кўрсам, Хелмут ёдимга тушади. У ва у каби орзулари ўғирланган ҳамкасбларимнинг хотираси хаққи, Аллоҳдан ер юзида фақат тинчлик бўлишини илтижо қиламан. Илоҳим, дунё тинч бўлсин!
Муаллим ҳикоясини тугатганида, болаларнинг қўллардаги “қуроллар” бир-бир ерга туша бошлаган эди.
Гўё, бегоналар эмас, бир маҳаллада катта бўлган, бир синфда чуғурлашиб ўтирган дўстларини кўриб тургандай, суратни авайлаб яна қўлма-қўл узата бошлашди. Обид муаллим эса совуқ ўйинчоқларни териб, хандақ томон улоқтирар экан, синиқ жилмайди:
- Энди ҳеч қачон, “уруш- уруш” ўйнаманг! Бир-бирларингизни ёлғондакам ҳам ўлдира кўрманг! Юринглар ,ундан кўра қорбола ясаймиз.
Болалар суратни авайлаб қайтаришар экан, ундаги чеҳраларга яна бир бор табассум ҳадя этишди. Сўнг зовур ичига тушмай қолган тўпппончалар ва милтиқларни тепиб, устига тупроқ тортиб, кўмиб ташлашгачгина, Обид муаллимга эргашишди...
Муаллим немис ўқитувчиси ҳақидаги ўша воқеани ҳаёти давомида бошқа ҳеч кимга гапириб бермади. Уни мактабга учрашувларга чақиришар, оғиздан–оғизга ўтиб келаётган хотира ва мактаб кутубхонаси деворидаги кичиккина рамкага солиб, илиб қўйилган сурат тарихини ўз оғзидан эшитишни истаганлар талай эди. Аммо ота фақатгина дуо қиларди:
– Илохим, ҳеч қачон уруш бўлмасин! Дунё тинч бўлсин!
Тўқсон икки йил умргузаронлик қилган Обид муаллим шундай яшаб ўтди. Ўлими олдидангина уруш суронларидан авайлаб олиб чиққан сурат билан хайрлашгани келган. Қўлида жон берган немис ҳамкасбининг суратига қараб: “Мен ваъдамни устидан чиқдим, биродар”, - деган экан.
Ҳозир бу сурат янги мактабда, энг муносиб жойга осиб қўйилган. Уни кўргани атроф мактаблардан ҳам ўқувчилар тинмай келиб туради. Энди у ёлғиз эмас... Хелмутга қараб Обид ота ҳам жилмайиб турибди...
Балки ўша немис болаларининг бири ихтирочи, бири доришунос, доктор, рассом, таржимон бўлиб етишгандир. Мартин эса Хелмут каби муаллимлик қилиб, қанча болаларга эзгулик, тинчлик уруғини сочиб, ўқитувчиси ҳақида ажойиб ҳикояларни, хотираларни гапириб бергандир. Ким ва қайси касб эгалари бўлганларидан қатти назар, бу болалардан қонхўр, босқинчи чиқмагани рост. Ёғочдан ясалган қуроллар ҳам ўша зовур ичида абадий қолиб кетди….