ИНСОНДА ИЛМ-МАЪРИФАТ БЎЛМАСА, БУ – ФОЖИА!


ГУЛБАҲОР ДАДАМИРЗАЕВА: “ИНСОНДА ИЛМ-МАЪРИФАТ БЎЛМАСА, БУ – ФОЖИА!”
“ҲОЗИР ҲАММА ЖОЙДА БЛОГЕРЛАР ДИҚҚАТ МАРКАЗИДА!”
“ҲАЁТДА ҲАМ, ИЖРОДА ҲАМ САМИМИЯТ ЙЎҚОЛИБ КЕТЯПТИ!”

   Актриса Гулбаҳор Дадамирзаевани кўп мухлислар мунис аёл сифатида тасаввур қилади. Лекин ҳаётда бу актриса шўх-шаддод, серғайрат ва интилувчан аёл. Яна уни қайсидир маънода тақдир эркатойи десак ҳам бўлади. Чунки илк роллариданоқ  у оғизга тушган. 
    У “Ёш томошабинлар” театрида саҳналаштирилган “Адашганлар” спектаклида гиёҳванд қиз ролини ижро этган ва бунинг учун Қозоғистонда бўлиб ўтган фестивалда “Энг яхши дебют роли учун” номинациясида ғолиб бўлган. Шу сабаб Францияда ўтказилган Халқаро фестивалга таклиф қилинган. 
   Аммо кейинчалик маълум сабабларга кўра театрда ишлай олмади ва санъатдан бир муддат узоқлашишига тўғри келди. 
    Кейинчалик санъатга қайтишга аҳд қилди ва қатор бадиий фильм ва сериалларда суратга туша бошлади. У режиссёр Иброҳим Расуловнинг “Лолақизғалдоқ” фильмида ҳамда “Жийда гули” сериалида суратга тушди ва санъатда йўқотган ўрнини тиклаб олди. 
    Бу давр мобайнида актриса “Сабоқ”, “О Маръям Маръям”, “Оқпадар”, “Оқибат”, “Бахт қуши”, “Муҳаббат баҳори” каби бадиий фильмларда ҳамда элимиз севиб томоша қилган “Қодирхон” телесериалида суратга тушди. 
   Шу кунларда Гулбаҳор Дадамирзаева “Оталар сўзи”, “Иқрор”, “Буни ҳаёт дейдилар”, “Тақдирлар” каби теленовеллаларда ва қатор сериалларда эътиборга молик роллар ижро этяпти. 
   Биз мухлисларимизнинг севимли актрисаси Гулбаҳор Дадамирзаева билан бугунги кун киножараёнидаги камчиликлар, ижодга ва ҳаётга муносабат ҳақида суҳбатлашдик. 

“ТЕАТРДАН КЕТИШИМГА БИР ҚАТОР САБАБЛАР БЎЛГАН!”

– Ижодимни театрдан бошлаганман. Лекин кўп ишламадим. Кетишимга албатта сабаблар бўлган. Ҳақиқатан шундай вазиятлар бўлганки, кетишга мажбур бўлганман. Аброр Ҳидоятов театридан кетишимга театрдаги айрим можаролар сабаб бўлган. Аммо Миллий театрда ҳам узоқ ишлолмадим. Ўша пайтда тўнғич қизим 3 яшар эди. Кутилмаганда сариқ касал бўлиб қолган. Шифокорлар “бу болага жиддий қарашингиз керак, акс ҳолда асоратлари бир умрга қолиши мумкин!” дейишди. Аслида оила аъзоларим театрда ишлашимни хоҳлашмаган, аммо мен шунга қарамай, ишга чиққандим. Оиламни сақлаб қолиш учун ҳам театрдан кетганман. 
    Мен ёшлигимда жуда абжир қиз бўлганман. Ўзим табиатан нозик, кичкина жуссали бўлишимга қарамай, спорт билан шуғулланганман. Стол тенниси бўйича яхши натижаларга эришганман. Волейбол ўйнардим, югуриш бўйича ҳам яхшигина кўрсаткичларга эришганман.
  Санъатга қизиқардим, айниқса раққоса бўлишни жуда хоҳлаганман. Мактабда рақс танловларида муваффақиятларга эришганман. Лекин бувим раҳматли кўнмаганлар.
    Ота-онам санъатсевар инсонлар бўлишган. Ва мени доим қўллаб-қувватлаганлар. Онам тил-адабиётдан, отам тарих, адабиёт ва мусиқа фанидан дарс берганлар.
    Биз оилада уч қиз, икки ўғилмиз, мен тўнғич фарзандман. Мендан кейинги укам созанда, ғижжак чалади, ундан кейинги укам – у ҳам қўшиқ айтишни яхши кўради. Лекин бошқа соҳадан кетди. Лекин шу укамнинг қизи Умидахон Қозоқбоева “Овоз” лойиҳасида фахрли биринчи ўринни олди. У бобосининг йўлини давом эттиряпти. 
    Биз асли ўқитувчилар авлодиданмиз. Тоғаларим, холаларим – ҳаммалари педагог. Ҳаммалари санъатни яхши кўришади.

“ОИЛА ҚУРИШ ҲАҚИДА ЎЙЛАМАГАНМАН!”

– Мен ҳаётимни санъатга бағишлашни хоҳлардим. Абдулла Қаҳҳорнинг “Тобутдан товуш” ҳикояси асосида диплом спектакли қўйганмиз. Спектаклда мен Нетайхон образини яратганман. Ўта салбий образ. Буни қарангки, ўша кезлари бу спектаклни биз талабалар 2-3 марта телевидение орқали жонли ижро қилганмиз. Мухлислар мени шу ролим орқали эслаб қолишган. Санъатга шунчалик фидоий бўлган эканманки, ҳатто оила қуриш ҳақида ўйламаганман. Мен оилада бош невара бўлганим учун бувим орзу-ҳавасимни кўришни хоҳлаганлар. Катталарнинг зўри билан мени турмушга узатишган. Лекин турмуш-мушт, дейдилар-ку, турмуш ўртоғим билан умуман бошқа-бошқа дунё бўлганмиз. Фикрларимиз, умуман, бир-бирига тўғри келмаган. Оиламни сақлаб қолиш учун театрдан ҳам кетдим, лекин ҳаётимиз барибир бўлмади. Ажрашиб кетдик. Кеч бўлса ҳам ижодга қайтдим. Давлат киноларида, сериалларда суратга тушдим. Аммо битта армоним - дадам шу кунларни кўрмадилар. 2002 йилда вафот этдилар. Аллоҳ раҳмат қилсин! Майли, онам ҳаётлар, онам кўряптилар. 

“СИЗНИ САЛБИЙ РОЛДА ҚАБУЛ ҚИЛОЛМАЯПМИЗ!”

– Машҳур бўлиш ёқимлими, сизнингча?
– Албатта. Халқ назарига тушиш – бу жуда ҳам ёқимли бўлади. Фейсбук, Инстаграмларда менга хатлар келиб туради. “Сиз яратган образларга ўхшашга ҳаракат қиламан, қайнона бўлсам, сизга ўхшаган қайнона бўламан, фақат илтимос, салбий роллар ўйнаманг”деб жуда кўп ёзишяпти. Кўча-кўйда, бозорларда ҳам “нега сиз салбий роль ўйнашни бошладингиз. Илтимос, бунақа роль ўйнаманг. Сизни салбий ролда қабул қилолмаймиз” деб бирам куйиниб гапиришади. Мен “Барака топгурлар, мен актрисаман, жуда унақа рисоладагидай одам эмасман, ўзимга яраша феълим бор. Керак жойда мен ҳам узиб оламан. Керак бўлса, уришиб ҳам оламан. Мен актрисаман, мен турли йўналишдаги ролларни ижро этишим керак!” деб тушунтираман. 

“ҲАММА ИШЛАР ШОШИЛИНЧДА БЎЛЯПТИ!”

– Кейинги пайтларда ишланаётган сериаллар, теленовеллалар ҳақида қандай фикрдасиз? Бугунги киносаноатимиздаги қайси ҳолат сизга ёқмайди? 
– Бугунги режиссёрлардаги бир ҳолат менга маъқул эмас. Улар актёрнинг янги қирраларини очишга интилишмайди. Актёр билан ишлашга эринишади. Уларга берилган вазифани қолипдай ўйнаб берадиган актёр керак. Ваҳоланки, ҳеч ким онасининг қорнидан зўр мусиқачи, новвой ёки актриса бўлиб туғилмайди. Бунинг ортида устозларнинг меҳнати, ўша одамнинг интилишлари туради. Ҳозир менга ёқмаётган нарса, ижодкорларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб ишлаётгани. Яъни,  ҳамма режиссёрларнинг ўз ижодий гуруҳи бор. У аввалги сериалларида ҳамкорлик қилган ишчи гуруҳ ва актёрлар гуруҳи билан ишлайди. Дубляжда ҳам шундай. Дубляж режиссёрлари ҳам юқоридаги каби тўртта-бешта актёрдан иборат гуруҳ тузиб олишган. Дубляжга фақат шу актёрларни чақиради. Мана шу гуруҳ-гуруҳ бўлиб ишлаш мени хафа қилади. Буни ачинарли ҳол,  деб биламан. 
   Шу билан бирга ишланаётган – бу новелла бўладими, сериалми, бу киномаҳсулотларининг савияси мени ўйлантиради. Лекин ҳозир бу ҳақда гапирсангиз, ҳеч кимга ёқмаяпти. Бизнинг давримизда роль устида ишлаш, мантиқ бузилмаслиги, кинонинг маълум қонун-қоидасига амал қилиш деган нарсалар бўлар эди. Ҳозир бундай нарсаларга қаралмаяпти. Киноижодкорлар тез-тез суратга олсалару, уни тезроқ каналга бериб, тезроқ гонорарни олсалар! Актёрлар ҳақини тўлаш муҳимроқ бўлиб қоляпти. Маза қилиб сузиб ўйнайдиган, кейинчалик кўрганингизда ҳам “яхшиямки ўша пайтда шу ролни ўйнаган эканман” дейдиган ролларимиз кам. Лекин тирикчилик, дегандай, оз муддатда ҳам нимадир қилишга ҳаракат қиляпмиз. Битта мен эмас, кўпчилик бу ҳақда гапиради. Лекин гапирган билан фойдаси бўлаётгани йўқ. Энди бу фақат бизгагина боғлиқ ҳолат эмас. Биз гапиряпмиз, барибир натижа йўқ.

“ЁШЛАР ОРАСИДА ЎЗИДАН “ЮЛДУЗ” ЯСАБ ОЛГАНЛАР БОР!”

– Баъзи сериал ёки теленовеллаларда актёрлар матнни ўқиб бераётганлари шундоқ сезилиб қоляпти. Бу одамнинг ғашини келтиради. Қолаверса, бу томошабинни беҳурмат қилиш эмасми?
– Биз институтда умуман бошқача таҳсил олганмиз. Устозларимиздан роль устида ишлашни қунт билан ўрганганмиз. Балки шунинг учун биз ҳозирги ёш актёр-актрисалардан фарқ қиламиз. Бизнинг ёшдаги биронта актёр-актриса съёмкага кеч қолмайди. Қайтага ёш актёр-актрисаларни узоқ кутиб қоламиз. Керак бўлса, икки соатлаб кутган пайтларимиз бўлади. Улар орасида айримлари ўзидан юлдуз ясаб олган. Кўпинча, шулар кечикишади. Режиссёрлар ҳам, продюсерлар ҳам шуларнинг кўзига қараб туради. Бу нарсаларга жуда ғашим келади. Очиғи, шу каби масъулиятсиз ёшларни баъзан қаттиқ уришиб ҳам бераман. 
    Ҳозир ўзаро ҳурмат деган нарса камайиб кетяпти. Ўзи қўлидан ҳеч нарса келмайди-ю, боя айтганингиздай матнни ўқиб беришади. Яна телевизорда уч-тўрт  марта кўринганидан кейин ўзидан “юлдуз” ясайди. Бир нарсани сўрасангиз, билмайди, ўргатсангиз ғаши келади, ёқмайди. Шундайлар билан роль ўйнаган пайтимда хафа бўлиб кетаман. Чунки бор қувватингизни сарфлаб, шу образда яшайсиз. Биз қаҳрамонимизнинг сиқилаётганини ёки ҳаётида фожиа бўлганини кўрсатиб бермаймиз, биз ўша ҳолатда яшаймиз. Қаҳрамонимиз йиғласа, йиғлаймиз, сиқилса сиқиламиз. Бунга жуда катта куч сарфланади. Лекин ёнингиздаги АКТЁР юраги билан ишламаса, кўзи ўлик бўлса, бунинг устига матнни ўқиб берса ёки суфлёрнинг айтганини тўтиқушга ўхшаб қайтарса, бизнинг меҳнатимиз бир тийин бўлади! Айниқса, бугунги ёш киноижодкорлар олаётган сериал, теленовеллаларда мантиқ бузилиши кўп учраяпти. Билмадим, бунга қачон чек қўйиларкан?! 
    Энди меҳнат қилганингиздан кейин эсда қоларли, 20-50 йилдан кейин ҳам кўриб, “зўр олинган экан!” дейдиган фильм, сериалларда роль ўйнасак, дейман-да. 
   “Ҳой, нима бўляпти ўзи? Бунақа хом-хатала ишларни тўхтатайлик, сценарийларни элакдан ўтказайлик. Сценарийдаги қаҳрамонларимиз изтиробларини юракдан ўтказиб ижро қилайлик, яхши мутахассисларни тайёрлайлик!” дейдиган бир мутасадди ташкилот бўлиши керак, деб ўйлайман. Ҳозир кўчадан келган ҳаваскор билан тўрт йил олийгоҳда ўқиб, театрда ишлаган актёрнинг мавқеи бир хил бўлиб қоляпти. Керак бўлса, профессионал актёр ўшалардан ҳам паст ўринга тушиб кетяпти. Бу нарсаларга чидаш, буни қабул қилишнинг иложи йўқ. 
    Тавба қилдим, ҳозир ҳамма жойда блогерлар диққат марказида бўлиб қоляпти. Бунақада чинакам санъат ўлади-ку! Бунақада, санъат арзон-гаров бир нарсага айланиб кетади-ку! 
    Айниқса, санъатдаги сунъийлик менга ёқмайди. Ёш актёр-актрисаларнинг нафақат ижроси, балки қиёфалари ҳам бир хил бўлиб кетяпти. Ҳаммасининг қош шакли бир хил, киприк, лаб бир хил бўлиб қоляпти. Соч турмаги ҳам бир хил! Юз-кўзлари бир-биридан тубдан ажралиб турмайди. Шу нарсалар мени кўп ўйлантиради ва “нима бўляпти, ўзи?” деб ўйлаб қоламан. 

«“МЕН ҚОЙИЛЛАТИБ ҚЎЙГАНМАН” ДЕЙИШАДИ!»

– Эътибор қилган бўлсангиз, ҳозир ёш актёр-актрисалар орасида ўз-ўзини кўз-кўз қилиш жуда авж оляпти. Ҳатто уларнинг бир-бирига айтаётган мақтовлари чинми ёки бу лаганбардорликми, билмай қоляпмиз...
– Ҳозир ҳаётда ҳам, роль ижросида ҳам самимият йўқолиб кетяпти, деб ўйлайман. Самимият қандайдир қадрсизланиб қоляпти. Одамларга “пахта қўйиш”, “бирам яхши ўйнаяпсиз, бирам яхшисиз, ажойибсиз” деган ёлғон мақтовлар кўпроқ ёқадиган бўлиб кетган. “Ўрганай, изланай, ҳали ҳеч нарса қилмадим” дейиш ўрнига, битта сериалда чиқиб “Вой, мен қойиллатиб ўйнаб қўйганман, ундай қилганман, бундай қилганман” деб мақтаниш авж оляпти. 
    Ҳозир Инстаграмдаги обуначиларингиз сонига қараб сизни ҳурмат қилишади. Обуначилари кўп бўлса, демак у зўр бўлган бўлади! Ҳеч ким “қандай қилиб обуначиларини кўпайтирди” деб сўрамайди. У аслида қандайдир бачкана, бўлмағур, беҳаё бир нарсалар билан, керак бўлса, масхарабозлик қилиб одам кўпайтирган бўлади. Буниси билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Ҳозир ҳаёт шунақа бўлиб кетди. Минг афсус. 

“САЛБИЙ ОБРАЗ – У АЛБАТТА ШАЛЛАҚИ БЎЛИШИ ШАРТМАС!”

– Агар ҳаётингизни қайтадан бошлашнинг имкони бўлганида яна шу касбни танлармидингиз?
– Агар шундай имконият берилса, психолог бўлган бўлардим. Мен психологияга, тиббиётга ёшлигимдан жуда қизиққанман. Чунки инсон руҳияти билан ишлаш, у ёки бу вазиятда инсоннинг қалбида нималар кечаётганини билиш мен учун ҳамиша қизиқарли бўлган. Албатта, роль ўйнаш учун ҳам инсон психологиясини, қаҳрамоннинг феъл-атворини билиш керак. Шундагина роллар бир-бирига ўхшаб қолмайди, ранг-баранг чиқади.
   Менда бир фикр бор-да, салбий образ – у албатта, шаллақи бўлиши керак, албатта, у бир жодугар, бақироқ бўлиши керак, деган фикрга қўшилмайман. Салбий ролларнинг ҳаммаси шунақа бир хил қолипга тушиб қоляпти. Нега? Охирги пайтда менга кўпроқ салбий роллар беришяпти. Бу яхши,  албатта. Лекин “манови ерда бақириб беринг, мана бу жойида жаҳлни кўпайтириб беринг!” дейишади. Салбий дегани бу – бақир-чақир қиладиган, шаллақи дегани эмас. Актёр кулиб туриб ҳам, салбий образни маромига етказиб ижро этиши мумкин. Ахир кулиб туриб одамнинг жонини оладиган одамлар ҳақида эшитганмиз, кўрганмиз. Йўқ, бизда бунақа эмас. “Келинглар, бу штампдан қочайлик, салбий ролни бошқачароқ ўйнайлик!” десам, яна юқоридаги талабни қўйишади. Режиссёрнинг айтганини қилишга мажбурсиз. Ваҳоланки, салбий образни “ранглар” орқали, аччиқ-аччиқ пичинглар билан, битта нигоҳ билан кўрсатиб бериш мумкин. Шунақа ёмон одамлар борки, уларнинг ёмонлигини бир умр билмай ўтасиз. Улар шунақанги уста, айёр бўладики, олдингизда сизни аллада азиз қилиб, ортингиздан нима ишлар қилиб юрганини тасаввур ҳам қилолмайсиз! Биров айтса, ишонмайсиз. Мана қандай берса бўлади, салбий образни.
– Инсон учун энг катта фожиа нима деб ўйлайсиз? Энг қадрли нарса-чи?
– Ҳамма учун фожиа ҳар хил бўлиши мумкин. Мен учун фожиа бу илмсизлик, маърифатсизлик! Ҳар бир кишида диний ва дунёвий илм бўлиши керак. Чунки ҳамма нарса илмдан бошланади. Инсонда гўзал ахлоқ, илм-маърифат бўлмаса, бу фожиа! Чунки бу фазилатларсиз илғор жамият қуриб бўлмайди. Жамиятда инсон ўз ўрнини топиши учун у албатта, илмли-маърифатли бўлиши керак. Аввало ўзи учун, оиласи, фарзандлари учун ҳам маърифатли бўлиши керак. Бизда бир ёмон одат бор. Ҳамма нарсани кимдир қилиб беришини кутиб яшаш. “Фалончи менга шундай қилиб берганида яхши бўларди, шуни қилиб бермади, ёрдам бермади!” деймиз. Инсоннинг энг катта фожиаси ўзи қилиши мумкин бўлган нарсани, бошқалардан кутиб яшаши. Агар одамнинг ўзи Аллоҳга таваккал қилиб, ўзи биринчи ва иккинчи қадамларни қўйса, Аллоҳ ўзи беминнат ёрдамчиларни ҳам юборади. Лекин кейинги пайтда дангаса бўлиб кетганмиз. Агар одамнинг илми-билими бўлса, эртами-кечми, у ўз ҳаракати билан ҳамма нарсага эришади, деб ўйлайман.

“ЭНГ ҚАДРЛИ, БЕБАҲО НАРСА – БУ ВАҚТ!”

– Мен учун қадрли нарсалар жуда кўп. Мен учун қадрли нарса бу соғлиқ. Яна қадрли инсонларим бор. Бу онам, фарзандларим, оилам, дўстларим, жигарларим – уларнинг ҳаммаси қадрли. Чин самимий, ёлғон аралашмаган муносабатлар, манфаатсиз муносабатлар жуда ҳам қадрли. Мен учун оила деган тушунча қадрли. Севимли касб қадрли! Нима бўлган тақдирда ҳам сенга ишонадиган, сенга садоқатли дўстнинг бўлиши мен учун қадрли. Невараларим жуда қадрли. Инсон меҳнати билан эришган кўп нарсалар мен учун қадрли. Ватан деган тушунча қадрли. 
    Айниқса, вақт жуда ҳам қадрли. Кейинги пайтларда бунга кўп бор гувоҳ бўляпман. Энг қадрли, бебаҳо нарса бу вақт. Баъзида вақтим ўтиб кетаётганидан жуда афсус чекаман. Кўп нарсаларга улгуролмадим. Мана олтмишни қоралаяпман, қанча нарса қилишим мумкин бўлган пайтда мен вақтимни қандайдир ўткинчи, кераксиз нарсаларга, майда-чуйда, икир-чикирларга сарфлаб юборганман. Беҳуда сиқилишлар ўрнига бир манфаатли илмни, кўпроқ тил ўргансам бўлмасмиди, деб ўйлайман. Нега ўзимдаги бор иқтидорни янада кўпроқ шакллантира олмадим? Бунга ҳам сабаб оилавий келишмовчиликлар, турмуш ўртоғим билан бир-биримизни тушуна олмаганимиз ва бунга кўп вақт сарфлаганимиз бўлди. Бунинг оқибатида келиб чиқадиган тушкунлик, кўп нарсадан кўнглингиз совиб, ҳеч нарсага қизиқмай қўйишингиз – бугун беҳуда вақт сарфлашдай туюлади. Бунинг ўрнига катта-катта ишларга қўл уриш мумкин эди, деб афсусланаман. 
– Ҳечдан кўра, кеч яхши дейдилар-ку, энди сизни қайси янги лойиҳаларда кўрамиз?
– Шу кунларда мен қатор теленовелла ва сериалларда бандман. Аммо ҳозирча бу сир бўла қолсин!
– Мароқли суҳбатингиз учун раҳмат. Сизга ва оила аъзоларингизга мустаҳкам соғлиқ, тинчлик-хотиржамлик тилаб қоламиз. 

Мавлуда ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.
Манба: «Бекажон» газетаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот