ОНАГИНАМ ОНАСИ - ВАТАН!
Зулфия Мўминова - Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, 20 дан ортиқ шеърий ва насрий асарлар муаллифи. “Энг улуғ,энг азиз” кўрик-танловининг 2008 йил Тошкент шаҳар босқичи 1-ўрин, 2017 йил Республика босқичида 1-ўрин соҳибаси. “Олтин қалам” Миллий мукофоти совриндори. ”Дўстлик” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан тақдирланган.
- Ҳар бир инсон дунёга келишидан олдин, у ҳақида ота-онасининг орзулари дунёга келади. Отам ва онам менинг таваллудимга қадар қиз фарзанд сўраб Оллоҳга ёлворишган. Қиз фарзанд туғилса у шоира бўлади, унинг исмини ё Зебинисо ё Зулфия қўямиз - дея тилак қилишган. Исмимнинг келиб чиқиши шундай бўлган. Қишлоғимиз Нарпай тумани Қоратов тоғ тизмалари этагида жойлашгани учун туман марказидан узоқроқда жойлашган эди. Менинг Мўмин бобомни кекса авлод – Мўмин бахши - оқин деб эслашади. Бобожоним ўткир хотирали инсон бўлган эканлар. Бобом биз туғилмасдан олдин вафот этганлар. Менинг ижодимда онамнинг отаси Абдираим бобомнинг ўз ўрни бор. Бобожоним урушдан орден, медаллар билан қайтиб, вужудида 9та ўқ излари бўлса-да бақувват эдилар. Уларнинг 1000дан ортиқ қўйлари бўлиб, Қоратов тоғ тизмаларида шу қўйларни боқар эдилар. Бобом мени “радио хола” - деб, яйловга олиб кетардилар. Кенгликлар, бўзтўрғайлар овози, гулхан атрофида чўпон-чўлиқларнинг суҳбатлари ҳамон қулоғимда. Бошқа чўпонлар давлатнинг қўйларини, бобом ўзининг қўйларини боқар эди. Бобомнинг ”Қоратош” исмли оти бор эди. Бобом шу отда мени орқасига миндириб узоқ яйловдан келиб колхоз клубида қандайдир сайловда овоз бергани эслайман. Бобожоним кимга овоз берганини бир соатдан кейин ёдидан чиқариб қўйганлар. 101 ёшда вафот этган бобомдан уруш хотираларини йиғлаб эшитар эдим. ”Сен катта бўлиб, шуларни достон қилиб ёз” - дердилар.
Шажарамизда ижод билан махсус шуғулланган одам бўлмаса-да барчаси илмни қадрлаган инсонлар бўлишган. Мактаб давримда-ёқ отам Самарқанд шаҳрига бориб менга янги китоблар олиб келарди. 70-йиллар адабиёти билан шундай ошно бўлдим. Классик адабиётлардан отамнинг маърифатпарварлиги-ю, мактаб кутубхонаси орқали танишдим. Биринчи шеърим туман газетасида эълон қилинганда отам роса қувонганлар. Қишлоғимдаги яхши одамлар, мактабимдаги қалби дарё устозлар хурсандлигини кўриб шеър ёзиш - катта бахт эканини ҳис этдим. Мактабни битириб, Каттақўрғон педагогика билим юртига ўқишга кирдим. Каттақўрғондаги ,, Зарафшон “ газетасига тез-тез шеърларим босиб турди. 1980 йил Ўзбекистон Миллий Университетига ўқишга кирдим.
Университетнинг иккинчи курсида шеърларим республика матбуотида чиқа бошлади. 2-курслигимда ,,Ватан ташлаб кетмайди” деб номланган илк тўпламим дунё юзини кўрди. Бу кичкинагина тўплам нашр этилгач, атрофдан менга қандайдир баҳо берилар экан, дея икки йилча чўчиб юрдим. Чунки, ўша пайтлар танқидчиларнинг ,,ўткир қиличлари” жаранглаб турган пайтлари бўлиб, фикрий шижоатлар кураши манаман деган ёзувчи, шоирларни ҳам аямаётганини гувоҳи бўлганман. Минг-минг шукурки, ул таббарук ,,қиличлар” менга раҳм қилишди шекиилли, вақтли матбуотда чиқишларим ва илк тўпламим ижобий фикрларга сазовор бўлди.
Биз адабиётга кириб келганимизда улуғ устозларнинг ўгитларини кўп эшитганмиз. Мен кўпроқ классик асарлардан илҳомланаман. Ёзганларим бошқа шоирларникига ўхшаб қолмаслигини истардим. Айнан, ўша пайтлар ўзимиздан катта шоирларни такрорлаш, ҳатто улар каби шеър ўқиш билан банд бўлган кўпчилик шоирлар ҳозир кўринмай кетди.
Биринчи тўпламимдан кўнглим тўлмаган, шу сабаб икки йил фақат ўқиш ва қайта ёзиш билан банд бўлдим. Ёзганларимни матбуотга олиб бормадим. Бу оралиқ менга тажриба оралиғи вазифасини ўтади. Шундан сўнг ёзганларимни олиб ,,Гулистон” журналига бордим. Негадир у ерда шеьрларни шоир эмас, машҳур ёзувчи Эркин Аъзам таҳрир қилаётган экан. У кишининг ҳузурига менда олдин кирган қиз шеърларини олиб йиғлаб чиқиб кетди. Мен дарҳол қочиб қолай дедиму, аммо улгурмадим. “Киринг!” - деган овоздан сўнг кириб, шеьрларимни устоз қўлига узатдим. Ўзим тикан устида тургандек зўрға нафас олиб турардим.Ўқиб бўлгач, устоз қўлини шеърларим устига шарт қўйиб, бўлади, бў-ла-ди - дедилар. Мен йғлаб юбордим. Шунда Эркин ака ,,Ҳайронман бу қизларга, шеърларинг бўлмайди десанг ҳам йиғлайди, бўлади десанг ҳам йиғлайди”- деган эдилар.
Мен умр бўйи ўз ёзганларимни хатосини тузатиб яшайман. Бу дегани ижодкорнинг танқидчиси биринчи галда ўзидир.
“Аёлга гул беринг” шеърий тўпламимдан кейинги йилларда ёзилган шеърларим жой олган. Бу китоб ўзбек аёлининг меҳр-муҳаббатини, мафтункорлигини, жозибасини, фасли баҳор янглиғ тароватини акс эттиради. Бу китобим инглиз тилига таржима қилиниб “Аёлни енгиб бўлмайди” - деган ном билан АҚШнинг “Амазон”нашрида чоп этилди.
“Саодат” журналида ишлаган даврларим, шубҳасиз, ижодимда нурли саҳифалар қолдирган. Ўша пайт журналда муҳтарам устозим Ўзбекистон Халқ шоири - Ҳалима Худойбердиева Бош муҳаррир эдилар. Журналимиз жуда катта тиражда чоп этилар, 27дан ортиқ журналистлар, шоир ва ёзувчиларни бирлаштирган жамоамиз катта тажриба мактаби эди. Назм бўлимининг бошлиғи сифатида “Она ҳақида сўз”, “Сирлашув”,”Дил дафтаридан саҳифалар” каби рукнларни олиб борар ва журналнинг назм саҳифасига маъсуллик қилар эдим. Бундан ташқари раҳбарият топшириғи билан шикоят хатларнинг суриштирувида иштирок этиб, хизмат сафарларига ҳам борар эдим. Бу сафарлар мени халқ ҳаётига чуқурроқ кириб боришимга сабаб бўлди.
Адабиёт - жамиятнинг кўрар кўзи, виждони, қалби, инсоният кўнгил мулкидаги йўқолмаслиги керак бўлган муқаддас туйғуларнинг ёлғиз халоскоридир.
Биз ҳозирда яратилаётган айрим асарларни саёз эканлигини кўпчилик бўлиб айтмаяпмиз. Ўртамиёна машқларни шошма-шошарлик билан чоп этилишига йўл қўймоқдамиз.
Мен болалигимда онамдан эрта айрилиб, кўнгли ярим қиз бўлиб ўсдим. Камолга етиб маърифатли оиланинг иззатли келини бўлдим. Севимли она, ҳурматли қуда-анда бўлиш насиб этди. Минг шукур, фарзандларим орқасидан эъзоз топдим.
Кексаликдаги обрў эса набираларига ҳам боғлиқ. Шунинг учун ижод билан бирга уларнинг тарбияси учун ҳам ўзимни масъул ҳисоблайман. Бир шеьримда:
Адоқсиздек тунлар сўнггида,
Менинг учун оппоқ тонг отди.
Тилло сочли фариштачалар,
Набирамдек ўпиб уйғотди. Яратган мени уйғотувчилардан ва уйғоқликдан айирмасин.
”Ватан ташлаб кетмайди”. Биринчи чоп этилган тўпламим. Менимча она юртга бўлган муҳаббат туфайли шундай номланган.
Талабалик йилларим адабиётга минг бир ҳадик билан кириб келганман.
Шоирлик - шубҳасиз қисмат. Шубҳасиз - олий бахт.
Мени шоир бўлишимга ёрдам бергани учун қуйидаги шоир ва адибларнинг миннатдорман: Навоий, Фузулий, Бобур, Қодирий, Лутфий, Машраб, Огаҳий, Пушкин, Л. Толстой, Ч. Айтматов, В. Шукшин, А. Ахматова, Бунин, Чехов, Шолохов ва бошқалар.
Шеърларим - менинг дуоларимдир.
Менинг назаримда шоирлар оламдаги яхшилак ипларини боғловчилардир.
Шеърларимда оламни ва одам қалбини мислсиз гўзал ҳолатда тасвирлашни истайман.
Ёзишдан олдин ўша лаҳзаларни яшайман: йиғлайман, куламан, ғурурланаман, ҳайратланаман, маҳлиё бўламан, мафтун бўламан, яхши кўраман, севаман. Мен шеър ёзаётганимда оламдаги қора ранглардан руҳимни олиб қочаман. Худди бўлажак шаҳзодани қотиллар қўлидан олиб қочгандек. Худди оҳу боласини йиртқичларга бермагандек. Менинг вазифам инсоният қалбидаги гўзал ҳисларни, муқаддас туйғуларни йўқолиб кетмаслигини таъминлаш.
Ёғдуларга тўлганда олам,
Мен худога ёлғиз қул - дедим.
Дунё ёмон деди ёмонлар,
Дунё яхши, дунё гул - дедим.
Кичкина ҳаётий тажрибамда шу нарсага амин бўлдимки, ўзбеклардек донишманд, беғубор қалбли, орияти баланд, имон-эътиқоди мустаҳкам халқ бу дунёда бошқа йўқ. Ўзбек қалбининг кашф этилмаган нодир қатламлари ҳали жуда-жуда кўп. Ижодий сафарларда, учрашувларда, давра суҳбатларида янги-янги танишлар орттираман. Замондошларимнинг қилаётган эзгу ишларини кўриб, уларни шу пайтгача билмаганимдан улар ҳақида ёзмаганимдан уяламан. Виждоним қийналади ва ёзаман. Ҳа, кўпинча бош кўтармай ёзишимга халқ ичида юришим сабаб бўлади. Ишонинг шундай пайтларда осон ёзаман. Қаҳрамонимни ўзим яхши кўрганимдек тасвирлаб беролсам, ишимдан қониқаман, ўзимга нисбатан ҳурматим ошади.
Шеърларимни эса қандай ҳолатда ва нима учун ёзганимни айтиб беролмайман.
***
Мен юқорида виждоним қийналганда ҳам ёзаман, дедим.
Аслида ёзишимга сабаб кўп. Кўпинча соғинганимда ҳам ёзаман. Соғинч шеърлари учун вақтнинг аҳамияти йўқ. Гоҳо беғубор болалик қўйнида сезасан ўзингни... Гоҳо ҳаётингда азиз, аммо олислардаги инсонларинг соғинчи қийнайди.
Шоир учун соғинч нима?
Атиргуллари барқ уриб очилиб ётган бўстонларда сен учун сайраётган булбулни ҳис этиш.
Шоир учун соғинч - бу ҳаёт ва ўлимдир. Муттасил соғинч исканжасида яшаш ва изтиробнинг янчар тегирмонларида туриб ҳам кимнидир соғиниш, ситамлар, армонлар ичра сени соғинадиган кимдир борлигига ишониш.
Ҳаёт деб,аталмиш катта тўйхонада ҳамма бир-бирини кўриб шодланаётган лаҳзаларда сен кўришни истаган инсонларнинг бу дунёдан ўтиб кетганлигини ва ҳеч қачон кўрмаслигингни ҳис этиш - шеърдир.
***
Шеър ёзиш - игна билан жонни қазишдир.
Бошдан товонгача чопар бу игна.
Товондан бошгача.
Заҳрини болим дер, тамидан тот! - дер,
Тунлари ханжарлар устида ёт! - дер.
Кўз ёш билан чиқмаган игна,
Фарёд билан чиқмаган игна,
Жоним билан чиқарсан бир кун.
Гоҳо ёмғир остида, гоҳо қор босган йўлларда кезасан.
Гўё олам ёмғир ва қор тилида сен билан гаплашишади. Сокин боғлардаги ажиб сукунатда ёмғирнинг ёки қорнинг овози... Бу лаҳзаларда ҳаётнинг нақадар гўзаллиги ва шу қадар ўткинчилигидан изтиробга тушиб ёзасан.
Қисқа қилиб айтганда, ёзиш - мен учун ибодатдир. Ибодатсиз одам эса одам эмасдир. Бандаси Оллоҳ олдида ҳар лаҳза ҳисобот бериши керак. Бу масъулиятни айниқса ёшинг улғайган сайин чуқурроқ англай борар экансан.
Ибодатдан- шеъриятдан айирмасин!
Манба: "Саодат" журнали