"ҲОЗИР ЭНГ ХАВФЛИ ҚУРОЛ - ИНСОН!"


   Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Олтин қалам" Миллий мукофоти совриндори, шоира АДИБА УМИРОВА билан суҳбат.

- Адабиётга қандай таъриф берган бўлардингиз?.. Сўнгги пайтлардаги мақолаларингизга қараганда, янги адабиёт эҳтиёжи етилиб келаётгандек...

- ...Кунлардан бир кун қушлар йиғилишиб, мажлис қурмоқчи бўлишибди. Дунёнинг бор қушлари - гулистон қушлари, саҳро, дарё, ўрмон қушлари тўпланибди. Бироқ ўртада тўсатдан низо чиқиб қолибди: ҳеч бирининг ўлтирар жойи тайин эмас экан. Тўтидан олашақшақ, қумридан қарға тўрга жой олибди. Лочин оёқ остида қолиб, калхат юқоридан жой олибди. Можаро авж олибди. Ҳар бирининг ўрнини тайин этувчи доно ҳакамга, шаҳриёри одилга муҳтожлик сезилибди. Ўшандай бир адолат посбоннинг йўқлигидан барчалари қайғуга тушибдилар.
- Шундай подшо бор.Унинг оти - Семурғ!  - дебди Ҳудҳуд.
- Уни кўрган борми? Бизга тезроқ дарагини берсанг-чи?.. - қий-чув кўтарибди қушлар.
- Бир кечаси олампаноҳ олам бўйлаб парвоз этмоқчи бўлади. Йўл Чин устидан тушган экан, шаҳар бошдан-оёқ ёришиб, шуълага кўмилибди...
- Бошла бизни унга, эй ўдаға! Шундай шоҳимиз бўла туриб, биз жаҳолатда юрмайлик...
   Адабиёт деганда болалигимда онам айтиб берган ҳазрат Навоийнинг "Лисонут тайр" асаридаги ҳикоялар ёдимга тушади. Ўшанда  қушлар бу - одамлар, Семурғ - қодири эгам, деб тасаввур қилганман. Миллатлар,  элатлар адабиёти ана шундай миллий рамзлар, истиоралар билан бир-биридан ажралиб туради. Балки шунинг учун ҳам биз миллий адабиёт, деймиз. Биласиз, кўнгил одамлари ҳиссиёт билан яшайди. Кўп ўйлайман: ҳозиргача Навоий "черик чекмай, Хитодин Хуросон"гача  "тахти фармон"га олган ерларда нима ўзгарди?.. Туркий адабиёт ҳам турк дунёсидек бўлиниб, майдалашиб, ўз қобиғига ўралиб қолди. Фақат тилдагина туркий тили, адабиёти, деган иборалар қолди. Уларни бирлаштириб турувчи жиҳатлар хусусийликка яъни,  воҳа, водий адабий муҳити - ажратувчи томонларга бўлиниб кетди. Биз ўзимизни севишдан бўшамаяпмиз, ўзимизни севишдан талтайиб кетдик. Инсоният тарихида қандай ўрнимиз бор? Аждодларимиздан бизга нима қолди? Биздан авлодларга нима қолади? Нега ўзимизни урушларда йўқотдик?.. Ҳеч қандай мақсадсиз. Тўғри, ғалаба қозондик. Шу ғалаба бизга керакмиди?.. Яхшиям, бугун ичимизда шу саволларга жавоб излайдиган янги адабиёт етилиб келяпти. Инсоният ўн минг йилдан бери учишни орзу қиларди. Аввал шарқона эртаклардаги учар гиламларни тўқиб чиқарди. Кейин ҳаво учарлари ва ниҳоят, учиш орзуси ҳам амалга ошди. Ва шу заҳоти у асосий қуролга айланди. Ҳозир энг хавфли қурол - инсон!. Яъни, бир-бирини отиш, сотишлардан тортиб, одам ўлдиришгача... Одам ўлдириш-а?.. Исломда қон тўкиш қанчалик қораланган. Демак, биз нафақат инсоний фазилатлар, балки диний қадриятларимиздан ҳам узоқлашиб кетдик. Худди тош асридан келгандек қўлдаги тош билан дунёни ўзгартирмоқчи бўляпмиз. Фазо асрининг мўъжизалари: тош асри, тош одамлар яъни, ҳиссиз, туйғусиз, юраксиз "робот"лар пайдо бўлди. Ғафлат уйқусида мудраб ётган замондошларини уйғотишга кучи етмаган қаламкашлар ўз халқини ғофил оломон, адолатсиз жамият, дея барига қўл силкиди. Чинакам адабиёт эса ҳали ҳам Раҳмон ва Шайтон, Маданият ва Ваҳшоният ўртасида курашаяпти. Гоҳ Шоҳ Эдип бўлиб, гоҳ Қирол Лир бўлиб, гоҳ "Илиада"дагидек, гоҳ "Авесто"дагидек. Лекин инсон ҳали ҳам ярим уйқу, ярим уйғоқ ҳолатда. 

   Қачондир уйғонади: бугунми, эртами, балки қиёматда... Унгача маданий яшаш йўлларини топиши керак. Тўғри, ҳозир учинчи, тўртинчи жаҳон уруши бўлаётгани йўқ, аммо дин жанжаллари, мазҳаб ғавғолари, қорин-қурсоқ урушлари тингани йўқ. Бизга "Оммавий маданият" ниқобида остида "адолат", "маданият" олиб келаётганларни қанча мамлакатларни талаган Александр Македонский (Искандар Зулқарнайн)дан фарқи йўқ. Инсон ўзини англамаса, кимлигини билмаса, ким англайди, ким билади?.. Йўлга чиқдими, ҳеч бўлмаса, ўзига мақсади тушунарли бўлиши керак. Гарчи, Худо йўлига бўлса ҳам... 
   Адабиёт менга кўнгилни фарқига боришни, ўз манфаатим йўлида тўғри келган нарса, кечирасиз, одамни пашшадек эзиб ўтиб кетмасликни, йиқилганда туришни, яшаш учун курашни, инсондек ухлашни, уйғонишни ўргатди. Юнонлар ҳозиргача ҳавода осма театрлари бўлишини орзу қилади. Вақти келиб осма театрлар ҳам ихтиро қилинар, табиат гўзалликлари,  бўронлар, шамоллар, дарахтлар ўзгармас, аммо инсон яшаш учун юрагини тобламаса,  гўзаллиги азобли ва бу азоб мангугача давом этаверади. Ўша осма театрларда ҳам ардоқли ёзувчимиз Шароф Бошбековнинг "Темир хотин" асаридаги Аломатхонга ўхшаган қаҳрамонлар бундай азобларга чидолмасдан ёниб кетади. Қумрилар оғриқли бахт билан яшайверади...

- Кейинги пайтда адабиёт ва матбуотда "Уйғониш" (Ренессанс) даври бошланди, деган тушунчалар кўп қўлланилаяпти. 
Айтинг-чи, ижтимоий-маънавий ҳаётимизда қандай жонланишлар,  кўтарилишлар бўлди?

- Бу тушунча кўпроқ ўрта асрларда Европада ишлатилган. Яъни, қадим антик маданиятига тегишли. Бегали Қосимов домламиз "Уйғониш" масаласида ҳазиломуз бир фикрни айтади: "Уйғониш" учун олдин "ухлаган" бўлиш керак. Ғарб билан Шарқ ўртасида ғов қўйиб бўлмайди. Аммо қуёш Шарқдан чиқади... Демак, нур, маърифат, зиё ҳам аввал Шарқдан бошланган. Келинг, фикримни исботи билан айтай: Муқаддас эҳромлар, Маҳобҳората, Илиада-Одиссея, Алпомишлардан улгу олиб,  саксонлар, славянлар эпослари дунёга келмадими?
   Медицина Бобилдан чиқиб, Мисрга ва Юнонга, кейин Ибн Синоларга ўтди. Ибн Сино айланиб Европа,  Италия,  Франция,  Германия,  Испанияга ўтиб, Авиценна бўлди.  Ал-жабр алгебрага, устурлоб Астрономияга айланди. Танловларнинг бирида ҳайъат аъзоси бўлганимда, Авиценна кимлигини сўрасангиз елка қисадиган ёшларимиз ҳам борлигини билдим. Шу ўринда Бегали Қосимов домламизнинг "ухлаган ёки ухлатилган"  деган кесатиғида жон бор. Уйғониш даври деганда Данте, 
Да Винчиларни кўз олдига келтирадиганларни  айблаш ноўрин. Етмиш йил адабиётимиз Горький билан бошланиб, Пушкин билан тугади. Тарихимиз Македониялик Александрдан тортиб, Юрий Цезаргача танитди. Ҳолбуки, Темурийлар давлати,  кейин Бобурийлар,  Шайбонийлар, учга бўлинган: амирликлар, хонликлар даври ҳам неча минг йиллик умр кўрган давлатлар эди. Биз тан олишни истаймизми, йўқми, истиқлол даври "Миллий уйғониш даври" бўлди. Амир Темир бобомиз  жаҳон саҳнасига чиқиб келди. Албатта,  бу миллий уйғонишга Беҳбудий, Фитрат, Чўлпон, Авлоний, Қодирий каби жадидларимиз беқиёс ҳисса қўшди. Ўз асарлари билан Туркистондаги миллий уйғонишга ҳам қудратли таъсир кўрсатди. Адиблар хиёбонида ҳайкаллари қад ростлагани бежиз эмас. Жадидлар туфайли шеърият янгиланди, бир сўз билан айтганда, янги адабиёт майдонга келди. Чўлпон шеърияти, Қодирий насри, Фитрат драмаси ҳалигача адабиётимизда байроқдор бўлиб турибди.
   Мени турғунлик йиллари ҳақида гапиришга ҳаққим йўқ,  чунки,  истиқлол даври тарбияси кўпроқ қонимга сингган. Лекин Русияда ҳаёт бунақа, Европада бунақа, деб фақирлик, қашшоқликдан нолийдиганларни тушунмайман. Ахир,  йўқсиллик - бахтсизликдан бошқа нарса эмас. Европа қандай қилиб, бор-йўғи, икки ярим минг йиллик ҳукмронлиги билан дунёни эгаллади? Бой-бадавлат кучли давлатларга айланиб, эрк маёғини жаҳон узра қалқитиб турибди?..  Бу қандайдир тизим, системага эмас, халқларнинг ақл-заковатига боғлиқ. Сиёсатга ақлим етмайди-ю, аммо "Уйғониш даври" деб бугунги кунимизга таъриф бераётган эканмиз, ҳамма нарса ўзгариши керак. Лекин ҳеч нарса ўзгаришни талаб қилмаяпти. Гўёки, одамларда ўзгаришга зарурият йўқдек... Ёки, ҳаммаси аввалгидек қолгани яхшими?.. Назаримда, ўзгариш лозим... Бугунги ўзгаришлар ҳам очлик, уруш, ўлат, пул овозидан баландроқ  бахтли ҳаёт учун бўлаяпти.

- Расул Ҳамзатовни ўқисам, Кавказ тоғлари, Лермонтовни варақласам, Русия ўрмонлари, Чўлпонга мурожаат қилсам, Туркистон кўчаларини кезгандек бўламан, дегансиз...

- Ҳа, Ватансиз шоир бўлмайди. Мен Абдулла Ориповни ўқисам, Қарши даштлари, Хуршид Давронни варақласам, Самарқанд минорлари, Усмон Азимга юзлансам, Сурхондарё кенгликлари, Шавкат Раҳмонни ҳижжаласам, водий даралари, Матназар Абдулҳакимга мурожаат қилсам, Хоразм гужумлари кўз олдимга келади. Расул Ҳамзатов шеърларини ўқиган европаликлар қишлоғини кўргани боришибди. Қараса, оддий тоғлар, одамлар ҳам оддий, турмуш ҳам "гуллаб" кетмаган. Шоирга Доғистонни шу қадар афсонавий тасвирлагансанки, ҳар қандай одамни бир бориб кўргиси келади. Лекин бизникидан ортиқ жойи йўқ-ку, деса, ҳали ҳам мен Ватанимни куйлашга унчалик истеъдодим етмаган. Бундан ҳам гўзалроқ тасвирлашим керак эди, дейди. Мана, сизга "ура-ура"чиликдан холи ватанпарварлик!
   Очиғи, шу яқин йилларда Ватан ҳақида юракни қалқитадиган бирорта шеър ўқимадим. Тўғри, минглаб халқим, ватаним, дегич шеърлар ёзилди ва унутилди. Ҳалима Худойбердиева Ватан ҳақида шеър ёзганда,  халқнинг кифти бир кўтарилиб тушарди. Шоиранинг ҳар бир шеърининг руҳи ҳақида гапиришга имкон ҳам, иложи ҳам йўқ,  лекин ҳар бир шеъри ходиса эди. Ўқиганинг сари янги талқини чиқиб келаверади. Бу борада ўрта авлоддан кўра, ёшлар шеъриятида бир мунча олдга силжиш бор. Фақат бироз билим ва тажриба етмайди. Икки мисрасини ўқиганингдаёқ, бегона туйғулар "тиш"га тегади. Ўқиб изланиш даврида ўзимда ҳам бўлган. Билиб билмай кимгадир эргашасан, лекин ўша сояда қолиб кетмаслик керак. Китобни худди дўст танлагандан ҳам баттар танлаб ўқийман.  Рус адабиёти, Америка адабиёти билан қисман танишаяпман. Америка шеъриятида шундай миллий колоритлар борки, ҳайратга тушасан. Океан, балиқлар, сув парилари бутунлай хаёлингни эгаллаб олади, бизда океан йўқ, балиқ ҳам, сув парилари эртакларда... Беихтиёр шу сатрлар ёзган шеърингга кўчса, бошқа билмаса ҳам ўзингга бегона туюлаверади, негадир ўша мисрадан воз кечмагунча виждонинг қийналаверади. Кўп шоирларни халқимиз тушунмаслиги ёки танимаслигининг сабаби ҳам шунда. Шаклан миллий, руҳан европа адабиёти барибир аросатда қолади. Яна ҳазрат Навоийга юзланаман: 
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай, 
Онча борки,  Каъба вайрон бўлса,  обод айлагай.
   Ёки 
Юз жафо қилса манга, бир қатла фарёд айламон,
Элга қилса бир жафо, юз қатла фарёд айларам...
   Баъзан ўзимни шоираман, дейишга ҳижолат тортаман. Шоирдан олти юз йилга татигулик шундай биргина сатр қолмаса, ўзини шоирман, дейишга маънавий ҳаққи йўқ.

- Шеър, асосан, илҳом келганда ёзилади. Аммо буюртма шеърлар ҳам йўқ эмас. Сизни шеър ёзишга ундовчи асосий куч ёки манба нима?  Илҳом келди:  шартта ёзиб ташлайсизми ёки мавзудан келиб чиққан ҳолда, тинимсиз изланасизми? 

- Шеър - руҳимни чақмоқ ургандай гап. Юракни кесади. Хуружи босилмагунча,  ичимни момагулдиракдай таталайверади. Бундай азобли, лаззатли ижод лаҳзалари ҳар доим ҳам содир бўлавермайди. Атайлаб "содир" сўзини ишлатдим. Шеър содир бўлмаса, ҳодисага айланмайди. Шоир Йўлдош Эшбек билан суҳбатлашганимда, доим ёзаяпсанми?  Келмаса, ўзингни мажбурлаб ижод столига ўтирма. Китоб ўқи, таржима қил, мақола ёз... Очиқ ҳавода айлан, дейдилар. Янги етилиб келаётган шеър учун энг маъқул йўл шу.
   Мен шоирларни уч тоифага бўламан: тартибсиз истеъдодлилар, шеър ёзишга "уста" билимдонлар, шоир бўлиш учун тирмашиб яшаётган буюк меҳнаткашлар... Истеъдодлилар қандай келса шундай шакл-шамойилига қарамай қоғозга туширади. Билимдонлар ўзини ҳар услубда синаб кўради. Сўзни чиғаноқ ичидаги дурдек ишлатса ҳам ёзганларида жунунлик эмас, тафаккур устунлиги сезилиб туради. Энди буюк меҳнаткашларни биласиз... Уларга барибир ҳавасим келади. Айбим, фақат шеър ёзишдан завқланаман. Мени биров ўқийдими, ўқимайдими, китобим чиқадими, чиқмайдими, бу менинг ишим эмас. Эҳтимол, Эдна, Эмили, Гиппиус, Ахматова сингари жаҳонда энг кўп ўқиладиган шоирлар қаторида турмасман, балки буни акси бўлар, овозим ўз овулим, халқим орасида Расул Ҳамзатов оғамникидек қолиб кетар, балки қолиб кетмас...
   Муҳими, мен учун тўкилиш! Тўкилганда ҳам "кўзи ёрган аёл"дек енгил тортиш... Шеъримни ота-онам тушунсин, алла ўрнида боламга хиргойи қилганимда, бутун умр мисраларини такрорлаб юрса,  шунинг ўзи етарли. Икки-уч йилдан бери шеърларимни китоб ҳолда тартибга келтиролмайман. Ҳаммаси ҳар жойда. Яқинда шоира дугонам Гулбаҳор Ортиқхўжаева "Қорасарой" номли ҳикоям ва бадиаларимни асраб келаётгани, буларни йиғиб қачон китоб қилишимни сўраб қолди. Қаранг, бир пайтлар ҳикоялар, бадиалар ёзган эканман. Ёдимдан ҳам чиқиб кетибди. Шоира Замира Рўзиева "Илоним" шеърингиз билан ёдимда қолгансиз дегандан бери шу шеърни излайман. Бу шеър "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасида чиққанда, адабий йиғилишларнинг бирида адабиётшунос Абдуғафур Расулов Усмон Азимнинг "Илон" шеъридан кейинги адабиётимизда яралган гўзал шеър бўлибди, деб юқори баҳо берганди. Бир феълим келганда, шуям шеър бўптими, шуям ҳикоями, деб ташлаб юборганман. "Ёшлик" журналидан шеър сўрашганига бир йил бўлди. "Адабиёт ва санъат", "Адабиёт" газеталари охири шеър сўрамай қўйишди. Гап матбуот чиқишда эмас, қандай шеър беришингда! Буям бир факт-да: Қаранг, фазовий ракеталарни башорат қилган машҳур Циалковскийнинг илмий асарлари сони ўттизга етмас экан. Лекин бу буюк кашфиётлари аҳамиятини заррача туширган эмас. Буюк Ал-Хоразмийнинг алгебрага асос бўлган "Ал-жабр фил муқобала"си ҳажми бир ярим босма тобоқдан ошмайди, дейишади. Шоирдан ҳам умри давомида битта уқишга арзигулик  китоб қолса - бу катта гап.

- Кейинги пайтда "таъна шеърияти",  "таъма шеърияти",  "тана шеърияти"  деган иборалар кўп ишлатилаяпти. Бунга сабаб нима, деб ўйлайсиз? 

- Шеърият ҳақида гапирувчилар кўп: олимлар, танқидчилар, шоирлар... Китобхон учун шоир ҳам, шеър ҳам йўқдек... Китобсиз яшаш мумкиндек. Кейинги пайтда дунё моддиятдан иборат, деган материалист тушунчалар билан яшаётган одамлар кўпайиб кетди. Бу такаббурлик адабиётга ҳам кўчди. Шундан "таъна шеърияти", "таъма шеърияти", "тана шеърияти", деган қарашлар келиб чиқди. Ўз манфаати, унвонлару имтиёзлар учун қоғоз қоралайдиганлар сўз қадрини тушиб юборди. Бундан ҳам ачинарлиси, адабиёт ниқоби остида самимийлик билан такаббурлик қилаётганлар, "ўлдим-куйдим"дан бўшамаётган, шеъриятни кўнгилхушлик, деб биладиганлар неча минг йилдан бери одамларни ҳайратга солиб келаётган шеъриятдан кўнглини қолдирди. Кўпларда шоирга нисбатан пиёниста ёки бир неча бор турмуш қуриб, ўз бахтини топган енгилтак аёлга қарагандек муносабат пайдо бўлди. Шуни ўрнига ўлмас асарлар ёзилса, миллионлар одамларга қанчалик фойда келтирган бўлур эди. Лекин ёшлар шеърияти ҳозирча бу қусурдан ҳоли. Ичимиздан бир янги адабиёт етилиб келяпти, деганда шуни назарда тутгандим. Ёшлар ўзига Машраб, Мансур Ҳаллож, Яссавий ҳазратларини ғойибона раҳнамо қилиб олаётгани бежиз эмас. Шарқнинг донишманд шоирлари таъма, таъна, тана нафсониятини енгиб, ўзини буткул Аллоҳга, Адабиётга, Ҳақ йўлига бағишлаган. Агар дарвешларнинг аёли бўлганда, мен шубҳасиз, дарвешнисо бўлардим. Бу дунёнинг баъзи ишларига чиндан қўлингни ювиб, қўлтиғингга ургинг келади. Қушнинг парвози ва сайроқи овози одамлар ёдида қолади. Қуш ерга тушганда ўлади ёки қушлиги қолмайди. Гул атирини сочиб, яшнаб турган жойида гўзал. Қовжираб қолганда, дунёда ундан хунук нарсанинг ўзи йўқ. Сўз ҳам шундай... Самимий, холис, юракдан чиққани қолади... Қолмагани икки кишининг оддий суҳбатидай ўтиб кетади...

- Йигирма йилдан бери матбуотда ишлаб келяпсиз. Долзарб мақолаларингиз билан тилга тушдингиз. Матбуот адабиётга кўприк бўла оладими?.. Сиз нима дейсиз?

- Очиғи, матбуотга тирикчилик дардида ишга кирганман. Долзарб мақолалар ёзсам, кўпроқ қалам ҳаққи беришарди. Қўлимдан сотувчилик келмаса, моддий дунё ҳам унчалик қизиқтирмайди. Газетада ҳар кун сўз билан ишлайсиз, юрагингиз урган мавзуларда ёзасиз. Ҳар қандай қаламкаш учун бу - катта имконият. Пойтахтга ўз билимим, Худога ишониб катта шоира бўламан, деб келганман. Мени шеър ёздириб, дунёни сайёҳат қилдириб қўядиган ҳеч кимим бўлмаган. Йигирма ёшлар атрофида матбуотда ўз фаолиятимни бошладим. Шунча йиллар давомида сўзга хиёнат қилмадим. Журналистика адабиётга катта кўприк, бўла олади. 
   Касбим туфайли аёллар қамоқхонасига бордим. Ҳамма номини эшитса, бир сесканиб тушадиган маҳкумалар билан суҳбатлашдим. Қонун ва одамийлик ўртасида туриб, ноҳақ жазога тортилганларни ҳимоя қилдим. Қотил, ўғри, сотқин, ҳаёсиз, деган таъна-маломатлардан Аёл шаъни баланд туришини биргина СЎЗ билан исботламоқчи бўлдим... 
   Аёллар мардикор бозорига йўл олдим. Мардикор аёллардек кийиниб, бир кунгина улар билан бирга юрдим. Бу "бозор"ни оралаган эркакларни: "Сизга бу иш тўғри келмайди. Бундан яхшироғини топиб берамиз. Ўйнаб-кулиб пул топасиз", дейишлари суягимдан ўтиб кетди. Назоратчи посбонлар мардикор аёлларга қўшиб,  мени ҳам қамаб қўйишди.  
   "Қовурғангиз синса оғримайдими?" номли мақоламдаги "...Инсон ҳам ўз юртида шунча хўрланадими?.. Нима, булар чайқовчилик ёки беҳаёлик қиляптими?..  Пешона тери билан пул топиш учун кўчага чиққан. Пойтахтга келишдан олдин туман, шаҳар, вилоят хокимликларидан иш сўраб борган. Уларнинг эътиборсизлиги туфайли бу аёллар мардикор бозорларида тентираб юрибди...",  - деган гаплар учун тушунтириш хати ёздим.
   "Тунги капалаклар" қўним топган гўшаларни ҳам кўрдим...
   Ҳали йигирмага кирмаган қизларни сигоранинг аччиқ тутуни, спиртли ичимликларнинг кўнгилни беҳуш қиладиган манзаралари, қони бузуқлар, қўштирноқ ичидаги "чилимкаш"лар даврасидан қандай бутун олиб чиқамиз, деб қоғоз қораладим... 
   Туғуруқхоналардаги "олди-сотди"ларни ўз кўзим билан кўриш учун ўз боласини сотган аёлларни сўроққа тутдим: Қанақа онасиз?.. Виждонингиз қийналмадими? Энди қандай нафас оласиз? Қандай ухлайсиз? Қандай уйғонасиз? Қандай яшайсиз? Қандай ўласиз?..
   "Очман... Тирик қолиш учун боламни сотишдан бошқа чорам қолмади. Қайси соғлом она ўз боласини сотади?.. Мен сотдим. Бўлмаса, иккимиз ҳам ўлардик. Болам ҳам, мен ҳам тирик қолдим... Шуни ўзи виждон азобидан қутқаради..." 
   Бу сўзларни қоғозга туширишга юрагим бетламади. 
   Ўликларни ёриб, аъзосини пуллайдиган ўликхоналарни ҳам кездим... Афти-ангори мурдадек совуқ одамлар юзидан нур ахтардим...  Нур!
   ...Ўша Нурни машҳур шоир ва ёзувчилар, мусаввирлар, олимларнинг буюк  ижодхоналаридан изладим. Улар ўзи ўқиган китоблари, таржималари, асарларига маҳлиё... Ҳар суҳбатимизда фақат ўз билими ва донолигини кўрсатиш билан овора  эди...
   Ёзувчи Пиримқул Қодиров айтди: Адиба, газета бир кунлик ахборот воситаси... Зўр нарса ёзсанг ҳам эртага эскиради... Яхши асарлар ёз... Шу қолади!
   Шоир Абдулла Орипов айтди:  Ҳадеб алкаш,  ўғри,  каззоблар ҳақида ёзсанг,  ҳамма кўзингга шубҳали кўринадиган бўлиб қолади. Гўзал шеърлар ёз, шу қолади... 
   Шоир Эркин Воҳидов айтди: Ҳамма ижодкорлар газетада ишлаган, кейин жиддий ижодга киришган... Фақат машҳур одамлар билан суҳбатлашадиган "ахборотчи"га айланиб қолма... Кўрган, билган, ҳис қилганларинг ҳақида юксак бадиий асарлар ёз... Худо берган сўзни ўткинчи хабарларга увол қилма... 
   Барибир мени матбуот соҳасига олиб кирган барча Устозлардан миннатдорман. Матбуотда ҳеч қайси олий ўқув юрти бера олмайдиган Инсоншунослик илмини ўргандим.

Музаффар Муҳаммадназар суҳбатлашди.
2020 йил.










Изоҳлар 1
  1. Адиба доим изланишда, бир сония вақтини ҳам бекор ўтказмайдиган ижодкорларимиздан. Кўпроқ жаҳон адабиётини, классикани ўқийди. Таржима қилади.Таҳлил қилади. Хулоса қилади. Мақолаларини жуда кучли ва асосли ёзади. Шеърлари ҳам ўта фалсафий ва ҳаётий!Ёзганда ҳам фақат ростини ва кўрганларини бўяб-бежамасдан реал ёритади! Қайта-қайта ўқиладиган долзарб мақола, бугуннинг айрим оғриқларини ўзида кўрсатиб бергувчи холисона ёндашилган ўқимишли мақола бўлибди. Ташаккур ! Чиройли суҳбат бўлган экан! Адибага ўхшаган ростгўйлар, кўнглида изтироб ва туйғулари жўш урган ёзармонларимиз кўпаяверсин! Адиба таваллуд кунингиз муборак бўлсин! Оилавий бахт доимо йўлдошингиз бўлсин азизам!

     

Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот