Хоразм раққосаларининг маликаси


 

Ўзбекистон халқ  артисти, Хоразм рақсининг маликаси - Гавҳар Матёқубова билан суҳбат  

- Илк санъатга кириб келишингиз умуман болалик даврларингuздаги хотираларингиз.

- Мен 1948 йили Қўшкўпир туманидаги Ғозовот қишлоғида туғилганман. Илк сабоқни қишлоқдаги 30- мактабдан(олдинги Гоголь номли мактаб) ўқитувчим Элена Антипова қўлида таҳсил олганман. Кейинчалик оиламиз Урганч шаҳрига кўчиб келди, мен ўқишни шаҳардаги 1-мактабда устозим Улибиби Отажонова қўлида давом қилдирдим. Мактабда ўқиш билан бирга  шаҳардаги ёшлар ижодиёти марказига қатнар эдим. У ерда истеъдодли ижодкор Ислом Бобожоновдан санъатнинг энг нозик сирларини ўргандим.

  Ижодиёт марказига Комилжон ака Отаниёзов тез-тез ташриф буюриб турарди. Бир гал келганида мендаги санъатга, рақсга бўлган қизиқишни кўрган устоз мени Хоразмда ўзи ташкил қилаётган ашула ва рақс ансанблига таклиф қилди. Шу-шу кейинги фаолиятим анашу ансанбль билан боғланиб қолди.

- Ўзбекистон халқ артисти - Комилжон Отаниёзов  билан ишлаган даврларингиз қандай кечган.

- Комилжон ака Хоразмнинг, қолавераса Ўзбекистоннинг забардаст, оташнафас ҳофизи эди. У ижро қилган қўшиқлар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. У моҳир санъаткор, истеъдодли бастакор, қолаверса дурустгина шоир ҳам эди. Чунки унга шоирлик қон билан ўтган. Комилжон аканинг дадалари Отаниёз охун Ниёзий тахаллуси билан шеърлар ёзган.

 Мен Хоразм ашула ва рақс ансанблига Комилжон аканинг таклифи билан 1963 йили келганман. Комилжон аканинг жуда кўплаган ашулларига рақс ижро қилганман. Комилжон акагача раққосалар фақат куйларгагина  рақсга тушган бўлсалар,  Комилжон ака биринчилардан  бўлиб “Лазги”га сўз қўйдилар. Ана шу тариқа раққосалар ашулаларга рақсга тушадиган бўлишди. Мендан олдин Комилжон Отаниёзовнинг ашулаларига Робияхоним Отажонова, Гулчеҳра Мирзаева, Мунаввара Султонова, Гулчеҳра Исмоиловалар рақсга тушишган.

  Мени Ўзбекистонда машҳур раққоса бўлишимга устоз берган ўгитлар, ундан олган панд-насиҳатларим қолаверса, ўзимнинг санъатга бўлган меҳрим сабаб бўлган бўлса, ажабмас. Негаки, Комилжон Отаниёзов ишда тартиб-интизомга қатъий риоя қилар, биздан ҳам шуни талаб қилар эди. У ижро қилаётган ашулани ҳар бир сўзни ёки куйини ва унга тушадиган раққосанинг рақс ҳаракатларини ўзи бирма бир  эринмасдан кўрсатиб берарди. Қолаверса, рақс тарихи ҳақидаги бизнинг билимимизни оширар бизни ҳам тарихни ўрганишга даъват қиларди.

   Комилжон аканинг фильм концертида  биргина ашуласига рақсга тушган бўлсам ҳам, устоз билан шу биргина лавҳа бизга мерос бўлиб қолди. Бу фильм концерт Комилжон Отаниёзов ҳақидаги жонли, бебаҳо меросдир. Комилжон ака сахий, одамохун инсон эди. У билан жуда кўп маротаба элимизнинг яхши кунларида - тўй-ҳашамларида бирга бўлганман.  Кўпчилик ҳолларда отаси ёки онаси  вафот этиб, етим бўлиб қолган инсонларнинг тўйлардан пул олмас, балки тушган пулни тўёна сифатида ташлаб келганликларини  кўп бора гувоҳи бўлганман.

- Кейинги фаолиятингиз ҳақида икки оғиз эшитсак.

- Санъаткор билимли бўлиши керак,  деб ўйлайман. Устоз кўриши керак. Ана шундагина у етук санъаткор бўлиб етишади. Мен ҳам ўрта мактабни томомлагач, 1975 шаҳардаги мусика билим юртида ўкидим.  Кейинчалик аниқроғи 1981 йили Тошкент Давлат Университетининг  тарих факультетини сиртдан тамомладим. 1963-1975 йили Комилжон Отаниёзов раҳбарлигидаги Хоразм ашула ва рақс ансанблида ишлаган бўлсам, 1975-1991 йилларда Комилжон Отаниёзов номидаги Хоразм Давлат филармонияси раққосаси, 1991-1998 йилларда Хоразм маданият бошқармаси қошидаги халқ ижодиёти бўлим бошлиғи бўлиб ишладим. 1998 йилдан М. Турғунбоева номидаги “Ўзбекрақс” бирлашмасининг “Хоразм рақс” вилоят бўлими бош балетмейстри сифатида фаолият олиб боряпман. 1997 йили “Шуҳрат” медали билан тақдирланганман. 

- Эришган муваффақиятларингиз,  шогирдлар камоли ҳақида суҳбатлашсак.

Иш фаолиятим давомида жуда кўплаб кўрик-танловларда иштирок этдим. Уларнинг жуда кўпларида ғолиб чиқдим. Дунёнинг 30дан ошиқ давлатида ижодий гастролларда бўлдим. 1981 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонига сазовор бўлган бўлсам,  2000 йили мени Ўзбекистон халқ артисти унвони билан тақдирлашган.  2010 йили ўтказилган Республиканинг энг яхши балетмейстери  кўрик-танловида ғолиб бўлганман. Шу йили менга шаҳарнинг энг хушманзара жойидан, қолаверса мусиқа билим юрти ёнидан Хоразм рақс биносини қуриб беришди. Халқ артисти унвони, қолаверса бизга кўрсатилган  катта ишонч, янги бино, рақс учун ойнаванд хоналар мени янада жонбозлик билан ишлашга ундади. Вилоятда рақсга ихлоси баланд қизларни тўпладик. Мустақиллик бизга жуда яхши имкониятлар эшигини очди. Ишимиз яхши самара бера бошлади. Қиз шогирдларим  республика  миқёсидаги турли кўрик-танловларда ғолибликни қўлга кирита бошлашди. Улардан “Ниҳол” мукофоти совриндорлари, Зулфия мукофоти нишондорлари етишиб чиқди. Жумладан, шогирдим Света Ҳудойберганова Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган артист унвонига, Дилрабо Жуматова Зулфия мукофотига, Ҳулкар Абдуллаева “Ниҳол” мукофоти соҳибасига айланишди. Қолаверса, ҳар йили ўтказилиб келинаётган Мукаррама Турғунбоева номидаги республика рақслар кўрик -танловларида менинг раққоса қизларим муваффақиятли иштирок қилиб ғолибликни қўлга киритиб келишмоқда. 

  Ҳозирги кунда йигирма нафардан ошиқ қизларга рақснинг энг нозик сирларини ўргатиб келаётирман. Шу билан бирга қадим Хоразмнинг Авесто давридаги рақсларини қайта тиклаяпмиз.

   “Хоразм рақс” ансанбли қошида мактаб ўқувчилари учун “Мукаррама“ рақс тўгарагини ҳам ташкил қилганмизки ўкувчилар  таътил даврларда ўқишдан бўш вақтларида ушбу тўгаракда иштирок килиб Хоразм рақс санъатини ўрганиб келишмоқда.

- Сизни Хоразм рақснинг маликаси дейишади ва яна янгидан янги рақсларни ҳам саҳналаштирувчи балетмейстр сифатида ҳам эътироф қилишади.

- Ўн беш ёшар пайтимдан бошлаб шу рақснинг ичидаман. Рақс менинг ҳаётимнинг бир бўлаги, умрим мазмунидир. Шу йиллар давомида менда ижоддан бир кун ҳам узилиш бўлган эмас. Бошқа касб- корларда одамлар нафақага чиққач ишлашмайди. Мен гарчи нафақада бўлсам ҳам ёшларга Хоразм рақс санъатини ўргатишдан чарчамайман.Навоийи бобомизда шундай бир байт бор:


Ҳунарни асрабон нетгумдир охир,

Олиб тупроққами кетгумдир охир.


   Билганинги  ўргатиш энг савоб ишдир.

   Қайтага нафақага чиққач ижодий иш билан шуғулланишга вақт топдим. Бу орада “Офатижон лазги“ деган китобим нашр қилинди. Яна ёзаяпман. Хоразмнинг Авесто даври рақсларини тарихий китоблардан ўқиб қайта тиклаяпмиз ва рақс қилиб саҳналаштирмоқдамиз.

   Менинг ”Орол фарёди” ( 3 бўлим), ”Лазги афсонаси”, ”Оразибон” (3 бўлим), ”Дарпанма” ( 3 бўлим), “Анахита”, ”Лазги тарихи” каби ўйнаган рақсларим саҳналаштирилиб, ижро қилинмоқда. Рақсларни саҳналаштиришда кўпроқ тарихий китобларга мурожаат қиламан. УрДУ профессори Сафарбой Рўзимбоев билан ижодий ҳамкорлик қилаяпман. Тарихий рақсларни саҳналаштириш ва уни ижро қилиш қийин ва машаққатли иш. Мен рақсларда ўша давр рухини  кўрсатишга харакат қиламан.

- Оилангиз ҳақида гапирсангиз. 

- Оила муқаддас даргоҳ. Оиланг тинч бўлса инсоннинг кўнгли тўқ бўлади. Шундагина мана шундай ютуқларга эришиш мумкин. Турмуш ўртоғим Олим ака Тожиев билан  фарзандларни вояга етказдик. Фарзандларимиз ҳам олий маълумотли. Турмуш ўртоғим 2002 йили оламдан ўтгач, фарзандлар тарбияси ўзимга қолди. Фарзандларим уйли жойли, касб-корли. Ўндан зиёд неварам бор. Улар ҳам оталари изидан бориб олий маълумотли бўлишмоқда. Неварам Темурбек санъат йўналишини танлаган. Ундан умидим катта. Бўш вақтим деярли йўқ.Аммо бўш қолдим дегунча тарихий мавзудаги китоблар мутоала қиламан. Невараларим билан шуғулланаман. Улар инглиз ва корейс тили машғулотларига қатнашади. Ошхонада уларга атаб палов, тухумбарак пишираман.

- Гавҳаржон опа, ҳозирги давр мусиқа санъатига сизнинг қарашларингиз умуман хозирги раққосаларнинг ўйинларидан кўнглингиз тўладими?

- Юқоридан айтганимдай агар яхши санъаткор бўлиб етишаман деган ёшлар албатта устоз кўриши керак, ўқимишли, яъни мусиқа илмидан саводи бўлиши керак. Халқимизда бир мақол бор “устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар”. Ҳозирги баъзи бир қўшиқчиларни, раққосаларни мен устоз кўрмаган шогирдларга ўхшатаман. Устоз кўрган бўлишса ҳар ҳили олди қочди, ярим яланғоч қўшиқларни ижро қилишмаган, раққосалар бўлса унга рақсга тушмаган бўлишарди.

  Кўпчилик ҳолларда ашулачилар ўзбекча сўзларни қўшиқ қилиб унга туркча ёки озарбайжонча куйлардан қўйиб куйлашади. Раққосанинг бўлса бу қўшиқларга рақс усулларини топа олмай жони ҳалак.

 Санъаткор ўз устида ҳар куни тинимсиз ишлаши, изланишда бўлиши, машқ қилиши лозим. Шундагина у мохир хонанда ёки раққоса бўлиб етишади. Элнинг назаридан қолмайди.

- Мухлисларингизга тилакларингиз.

- Энг аввалло, ҳар бир инсоннинг оиласи тинч бўлсин, Ватанимиз қуёшли Ўзбекистонимиз тинч бўлсин. Мустақиллигимиз абадий дунё тургунча турсин. Элимизда яхши кунлар кўп бўлсин. Биз санъаткорлар тўйларида хизматда бўлиб чарчамайлик. 

Болтабой Муҳаммад Қурбон суҳбатлашди.

2017 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот