Замонавий қуллик ва унинг домига тушмаслик учун тавсиялар


     Халқаро ҳуқуқда ва миллий Конституциямизда инсон, унинг ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз эканлиги белгилаб қўйилган бўлиб, ҳар бир инсонга эркин касб танлаши, адолатли меҳнат шароитларида ишлаши ва ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқлари кафолатланади. Бироқ, айрим тоифадаги гуруҳлар ва шахслар халқаро ҳуқуқ ҳамда миллий қонунчиликни четлаб ўтиб, одамларни сотиш орқали бойлик тўплаш билан шуғулланиб келмоқдалар. Бунга суд амалиётида кўплаб одам савдоси жинояти учун жавобгарликка тортилган шахсларни мисол тариқасида келтириш мумкин.
     Таҳлилларга ва илмий мақолаларга кўра, дунё статистикаси бўйича бу тоифадаги жиноятларнинг 0,04 фоизигина фош этилади. Минг афсуски, юртимизда ҳам ушбу жиноятга буткул барҳам берилган дейишга ҳали барвақт. Мазкур жиноятни содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар ўрганилганида, жиноятнинг сердаромадлиги, барқарор бирлашмага эга бўлган, юқори ташкиллаштирилган уюшган гуруҳлар томонидан содир этилиши жиноятни фош этилишини қийинлаштиради.
      Илмий мақолаларда келтирилишича, мазкур жиноят қурбонларининг 50 фоизини аёллар, 15 фоизини болалар ва 35 фоизини эркаклар ташкил қилиб, асосан қуйидаги мақсадлар мазкур жиноятга барҳам берилишига тўсқинлик қилиш билан бирга унинг кенг тарқалишига ҳам хизмат қилмоқда:
      Биринчи ва кенг тарқалган мақсад: Одам савдоси қурбонларидан шаҳвоний мақсадлардан фойдаланиш. Асосан аёллар ва ёш қизлар мазкур мақсад қурбонига айланмоқда.
     Иккинчи мақсад: Мажбурий меҳнат бўлиб, одам савдоси бу турининг қурбонлари нафақат ноқонуний жойларда, балки қонуний расмийлаштирилган ишларда ҳам ишлашликлари кузатилган. Асосий қурбонлар – эркаклар ва ёш болалар.
     Учинчи ва қўрқинчли мақсад бу одам аъзоларини сотиш ҳисобланади. Таҳлиллар ва илмий мақолаларда кўрсатилишича, гарчанд одам савдосининг бу тури кўзга ташланмайдиган тури ҳисобланса-да, ушбу жиноятдан келадиган даромад 600 миллион-1,2 миллиард доллар атрофида деб белгиланади.
     Ҳеч кимга сир эмас, бугунги кунда одам савдоси қурбонлари мажбурий меҳнат учун Россия Федерацияси ва Қозоғистон давлатларига олиб чиқилмоқда. Шаҳвоний мақсадлар учун улар Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Таиланд каби давлатларга юборилмоқда. 
      Содир этиш усули эса, чет давлатларда яхши маош ва енгил иш ваъда қилиш орқали яхши таълимга ва ҳуқуқий билимга эга бўлмаган, оғир моддий қийинчиликларга дучор бўлган жабрланувчиларни жалб этишдан иборат. 
     Яна бир хавотирли ҳолат бу сўнгги вақтларда чақалоқ савдосининг авж олишидир. Бунга асосий сабаб никоҳсиз боладан қутулиш илинжи, моддий қийинчиликлар каби омиллар сабаб бўлмоқда.
     2020 йил 17 август куни давлатимиз раҳбари томонидан “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Қонуни имзоланиб, ушбу қонун билан “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Расман эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач, у кучга кириши белгиланди. 
    Одам савдосига қарши кураш бўйича қонуннинг янги таҳрири эскисидан тубдан фарқ қилиб, аҳамиятли тарафларидан бири қонун билан одам савдосига қарши курашдан жабрланганларни ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилди. 
    Одам савдосига қарши курашиш соҳасида миллий қонунчиликни такомиллаштирилиши мазкур тоифадаги жиноятдан шахсларнинг жабрланишини камайтириш, мазкур жиноят оқибатини юмшатиш, алданиб ўзга юртларда сарсон-саргардон бўлиб юрган ватандошларимизни аниқлаш, уларнинг келгусида кафолатланган шароитларда меҳнат фаолияти олиб боришини таъминлайди.

Андижон туманлараро маъмурий судининг судьяси: Б. М. Пардаев.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот