РАҲБАР ЖОНКУЯР БЎЛСА, ЮТУҚЛАР УММОНГА АЙЛАНАДИ


#zamonamiz_qahramonlari
#Mustaqillik_30_yil

  “Эй ўғил, қайси фан бўлмасин, уни мукаммал эгалламагунингча ҳаракатни тўхтатма, бир илм иккинчи илмни эгаллашга ёрдам беради”. Шерозийнинг ушбу ўгити 38 йиллик педагог Гулнора Жуманиёзова иш столида туради. Устоз Навоий шаҳридаги 11-мактабга раҳбар бўлиб келганида жамоадаги ўқитувчиларда тушкун кайфият борлигини сезган. Бундан ташқари, кўплаб ўқитувчилар дарсликдан ташқари бадиий адабиёт ўқишни деярли тўхтатиб қўйгани маълум бўлган.
— Ўқитувчини руҳлантиришнинг йўли уларни чинакамига китобга ошно қилиш эди, — дейди Гулнора Жуманиёзова. — Қўшимча китоб ўқиб, маънавий олами бойигач, улар менга раҳмат айтишди. Педагогик кенгашда ҳар ҳафтада дарсликдан ташқари иккита роман, учта қисса ёки ҳикоялар тўпламини ўқиб, маъно-мазмунини ёзиб келиш топшириғини бердим. Дарсдан сўнг ўқитувчилар битта синфхонага ўқиган китоби билан кириб, имтиҳонимдан ўта бошлашди. Шундан сўнг мактабимизда янги ҳаёт бошланди. Ҳамма енг шимариб ўқишга киришди. Бора-бора ҳар бирининг уйида шахсий кутубхонаси пайдо бўлди. Энди ўқитувчилар бир-бири билан китоб алмашадиган, янги китобларни кутубхоначимизга буюртма берадиган бўлишди. Китоб ўқиган устоз дунёқараши, руҳиятида кўтаринкилик яққол сезилиб туради. Мактабимизда йил бошида ҳамма ўз ихтиёри билан газета, журналларга обуна бўлди. Мактабга келадиган босма нашрлар уйга берилмайди. Ўз уйингга маънавият нури келиб турганига не етсин. Менга натижа керак. Натижа эса оралиқ синовларда, фан олимпиадалари, билимлар беллашувида, республика миқёсидаги танловларда, битирувчиларнинг олий ўқув юртига киришида билинади.
   Қатъиятлилик қон-қонига сингган устоз 2005-йили ўқувчиларнинг энг сараларини танлаб, уларга чуқурлаштирилган билим бериш бобида ўзига хос “Мактаб ичра мактаб” тажриба мактабини йўлга қўйди. Йилдан йилга 11-мактаб ютуқлари кўпая борди. 2011–2020-йилларда мамлакатимиздаги 9695 та мактаблар орасида ушбу мактаб комплекс рейтинг кўрсаткичлари бўйича энг юқори ўринни эгаллади. Мактаб 2014-йилда Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган “Энг обод таълим муассасаси” ҳамда “Йилнинг энг яхши веб-сайти” кўрик-танловлари республика босқичи ғолиби бўлди.
   Бугунги кунда мактабдаги 195 нафар ўқитувчидан 35 нафари олий, 50 нафари биринчи,  54 нафари иккинчи тоифали педагог. Фан-техника ютуқларини педагогик фаолиятга татбиқ этиб, касбий жараёнга ижодий ёндашувда талабчанлик ўз мевасини берди. 2015–2017-йилларда Халқ таълими вазирлиги ва Буюк Британия консуллиги ҳамкорлигида ташкил этилган “Йилнинг энг яхши инглиз тили ўқитувчиси” кўрик-танлови ғолиби Вазира Aзимова, Aҳад Aҳмедов, Дилбар Жумаева каби ўқитувчилар Буюк Британиянинг нуфузли олий ўқув юртида малака ошириб келишди. Энг қувончлиси, технология фани ўқитувчиси Муродбек Турниёзов “Меҳнат шуҳрати” ордени билан, география ўқитувчиси Рустам Aбдиев, ёшлар етакчиси Муҳайё Мамуродова, директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Зебо Бўтаевалар кетма-кет давлатимизнинг юксак мукофоти “Шуҳрат” медали билан тақдирланишди. 57 нафар ўқитувчи эса “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони соҳиби.
   Ҳа, раҳбар қаттиққўллик билан иш олиб бориши, кўпчиликни ортидан эргаштириши, одамларда эртанги кунга ишонч уйғота олиши зарур. Aйниқса, педагогик жамоага раҳбарлик қилиш — ғоят нозик ва шарафли вазифа.
 Гулнора Жуманиёзованинг мактабида ўқитувчиларнинг деярли барчаси ижодкор. Истеъдоднинг қирраси биттагина бўлмайди. У шеър ва ашула айта билиши, рақсга тушиши, бирор мусиқа асбобини чала олиши, расм чизиши ёки спортнинг бирор турини эгаллаган бўлиши керак.
  2018-йилда мактабнинг истеъдодли ўқувчиларидан “Иқтидорли ўқувчилар инновацион олимпиадаси”нинг республика босқичида 6 нафар ўқувчи 1-ўринни эгаллади. 9-синф ўқувчиси Даврон Рўзимуродов анъанавий каратэ-до спорт тури бўйича Осиё чемпионатида 1-ўринни эгаллаган бўлса, 10-синф ўқувчиси Чарос Сойибова “Коррупцияга қарши курашамиз” иншолар танловининг республика босқичи ғолиби бўлди. Бу ютуқлар тагида жуда катта педагогик масъулият ётибди.
  2019-йилда 11-синф  битирувчиларининг 107 нафари республика ва хорижий олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилиниб, рекорд натижани қўлга киритди. Жуманиёзованинг ўқувчилари халқаро билим беллашувларида ҳам Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда. 9-синф ўқувчиси Рашид Рашидов Нижний Новгородда ўтказилган “Робофест — 2020” халқаро олимпиадасида муҳандислик тоифасида 70 дан ортиқ давлатдан келган ўқувчилар билим беллашувида 3-ўринни қўлга киритди. 9-синф ўқувчиси Aбдуқодир Исмоилов ҳамда 11-синф ўқувчиси Ирода Нарзиева Калининград шаҳрида ўтказилган халқаро математика олимпиадасида ғолибликни қўлга киритишди.
  Мактаб жамоаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган “5 ташаббус амалда” кўрик-танловида 2 та йўналиш бўйича 1-ўринни, 3 та йўналиш бўйича 2-ўринни қўлга киритди.
  2-синф ўқувчиси Улуғбек Aнваров Туркияда ўтган 10 та давлатдан 500 нафар ўқувчи иштирокида 8 ёшлилар орасида ментал арифметика бўйича  кўрик-танловда 1-ўринни эгаллади. 10-синф ўқувчиси Лобархон Жалолова эса “Йил ҳикояси” республика танловининг республика босқичида 1-ўринга лойиқ кўрилди. Бундай муваффақиятга эришиш учун, аввало, ҳар бир болани ёшлигидан кашф этиш лозим. Ҳар бир ўқувчи — очилмаган қўриқ, кашф этилмаган қитъа, кўзи бекилиб ётган булоқ, қумга аралашиб қолган олтин. Уни кашф этгувчи ўқитувчи эса чўл, қўриқнинг қайсар феъл-атворини ўзига бўйсундириши, Колумбдек шамол, тўфон, довулларни енгишига ишониб, қийинчиликларни бўйнига олиб, кашфиётга ташна ҳолда йўлга чиқиши зарур бўлади. Борлигини ҳеч ким билмаган булоқни топмоқ учун товонлари ёрилиб изланиши, булоқни топгач эса тирноқлари билан тирнаб бўлса-да, унга йўл очиши, қумлар орасидан бир ҳовуч олтин олиш учун офтоб тиғида-ю аёз қаҳрида тинимсиз уюм-уюм барханларни унни элакдан элагандек меҳнат қилиши керак бўлади.
  Ўқитувчининг вазифаси ундан-да оғир, устознинг меҳнати олтин топишдан-да шарафли. Битта фандан иқтидори бор мактабнинг битта ўқитувчиси кучли бўлади, ўнта фандан иқтидорли ўқувчиси бор мактабнинг ўнта ўқитувчиси кучли бўлади. Барча фандан ўқувчилар кучли бўлиши учун мактабда бошқарув кучли бўлиши керак. Бу борада Гулнора Жуманиёзова ўринбосарларидан кўнгли тўқ. Ўринбосарлари вазифасини пухта бажаришади. Мақсадга эришмагунча ўқувчининг ёнидан кетмайди. Ҳозир нима кўп, болани чалғитувчи унсурлар кўп. Энг истеъдодли ўқувчи ҳам бир ҳафтада таниб бўлмас даражада айниши мумкин. Унга беэътиборлик давом этаверса, ўн кун ичида қумга синггандек ғойиб бўлиши мумкин. 11-мактабда истеъдодли болани бой бериб қўймаслик учун барча кучлар сафарбар этилади.
  Жорий йилда “Энг китобхон мактаб” республика танловида 11-мактаб ғолиб бўлиб, “Спарк” автомашинасини қўлга киритди. 11-синф ўқувчиси Ёрқинбек Турдибоевнинг ютуқлари ҳам оламшумул. Ёрқинбек АКФА университети томонидан ташкил этилган 3 босқичли олимпиадада иштирок этиб, биологиядан 1-ўринни эгаллаб, 25 миллион, инглиз тилидан 5-ўринни эгаллаб, 15 миллион, математика бўйича 6-ўринни эгаллаб, 9 миллион сўм мукофот билан тақдирланди. Мукофотларнинг умумий миқдори 49 миллион сўмга тенг. Шунингдек, Ёрқинбек шу университетнинг тиббиёт факультетига контракт асосида ўқиш ҳуқуқини қўлга киритди. Шартнома асосида таълим олишнинг 58 миллион сўмга тенглигини ва шундан 49 миллиони чегириб қолиниши ҳам унинг оиласи учун катта ютуқ. Шу кунга қадар Ёрқинбек ер шарининг 2 та нуфузли университети талабаси бўлиб улгурди. Мактабнинг Ёрқинбек Турдибоев каби яна 10 нафар ўқувчиси ҳали мактаб парталарида-ёқ талаба номини олди. Мактаб жамоаси 3-4 кун ичида эса яна 13 нафар ўқувчининг ҳам талаба бўлганлигини тасдиқловчи қарорини кутмоқда.
  Мактаб раҳбарининг мақсади олий: Учинчи ренессанс эгалари — ўзбекнинг истеъдодли фарзандлари ақл-идроки ила оламни забт этиш.
  2020-йилда Гулнора Жуманиёзова бошчилигида 320 ўринли Беруний номидаги Давлат хусусий шерикчилик мактаби ташкил этилиб, 50 та янги иш ўрни яратилди ҳамда иқтидорли  ўқувчилар қамраб олинди.
  Умрини маърифат йўлига бахш этган устоз 2017-йили “Йил аёли” миллий танловининг республика босқичида “Энг кучли маънавий ва маърифий ишлар тарғиботчиси” номинацияси ғолиби бўлди. “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, “Соғлом турмуш” медали, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони соҳибаси, Республика ихтисослаштирилган таълим муассасалари Директорлар кенгаши раиси Гулнора Жуманиёзовани ғунчалари ўзидан кўп атиргуллар гулзорига, қилган меҳнати натижасини ўн йиллаб ишонч билан кута оладиган сабр қалъасига ўхшатаман. “Махзан ал - улум” китобида қаноатли кишини — саодат эгаси, дея таъриф берилади. Aйнан Гулнора опадек саодат эгалари кўпаяверсин. Минг турли чалғитувчи қутқулардан ёшларни асраб, маънан соғлом, ватанпарвар, тоза иймон-у эътиқодли қилиб тарбиялаётган устозлар, шубҳасиз, замонамиз қаҳрамонларидир. Улар инсон қиёфасидаги қашқирлар галасидан одамийлик, ор-номус, инсоф-у диёнат, меҳр-у шафқат каби муқаддас туйғуларини асраб қолаётган маърифатимиз сарварлари. 
  Гулнора Жуманиёзованинг жамоаси янги Ўзбекистоннинг янги ғоялари билан тўлиб – тошган жамоа.
   Жуманиёзованинг шогирдлари йилдан – йилга юқори лавозимларга кўтарилмоқда. Шогирдлари:
Насиба Содиқова – “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг Навойи вилоят бўлинмаси раҳбари.
Шалола Ҳамидова – Навоий шаҳар ҳокими ўринбосари.
Фозилжон Бўриев – Навоий шаҳар 8 – умумий таълим мактаби директори.
Жавлонбек Вафоқулов –Навоий шаҳаридаги Алишер Навоий номли IDUM директори.
Турсуной Халилова – Кармана туманидаги 2 – умумий ўрта таълим мактаби директори,
Насиба Ашурова – Навоий давлат кончилик институти проректори.
Мақсуд Чориев – Мирзо Улуғбек тумани ҳокими ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб – қувватлаш бўлими бошлиғи.
Мақсуджон Носиров – Ўзбекистон Республикаси ЎзАГРОСУҒУРТА  департаменти директори.
  Ҳа, бундай раҳбар кадрларни тайёрлайдиган олий ўқув юрти йўқ, аммо,устознинг шарафли ва машаққатли фаолияти шогирдлар учун  АКАДЕМИЯ десак муболаға эмас.  
  Гулнора Жуманиёзованинг мақсади олий: УЧИНЧИ РЕНЕССАНС эгалари – ўзбекнинг истеъдодли фарзандларининг ақл – идроки ила оламни забт этиш.

Баҳори кузидан кўп,
Савоби изидан кўп,
Ғунчаси ўзидан кўп,
Муаллим деганимда
Бўстон келар ёдимга.
Жонда, юрак ичинда,
Дуо — тилак ичинда,
Ўрни юрак ичинда,
Муаллим деганимда
Ватан келар ёдимга.

Зулфия МЎМИНОВА - шоира, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Манба: "Маърифат" газетаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот