ФАХРИЯ


ФАХРИЯ
(эссе)
  ХХ аср фожеаси бўлмиш Иккинчи жаҳон уруши инсоният бошига кўплаб кулфатларни келтирди. Урушдан омон қайтганлар ҳам умрларининг охиригача ўша азобли хотиралар билан ҳаёт кечирдилар. Бу машъум урушнинг таъсири, асорати узоқ йиллар давом этди. 
  Онамнинг (охиратлари обод бўлсин) додалари, менинг катта додам Аброрхўжа Арифходжаев ҳам иккинчи жаҳон урушида юрт учун фидокорона курашган инсонлардан бири ҳисобланади. Онам эрта вафот этганликлариданми катта додам ҳақида анча вақтгача ҳеч қандай маълумотга эга эмасдим. Кейинчалик қариндошлар билан суҳбатлашиб, додаларимиз ҳақидаги хотираларини эшитиб, Аброрхўжа додамиз иккинчи жаҳон урушида оддий аскар бўлиб хизмат қилганини билиб олдим. 
  Катта додам 1905 йил Тошкент шаҳрида таваллуд топганлар. Касб-корлари сартарош бўлиб, китобга, умуман олганда диний ва дунёвий илмга жуда ихлослари баланд бўлган экан. Олийгоҳда ўқимаган бўлсаларда илмли, камтар, олийжаноб ва самимий ҳамда ҳалол инсон бўлганлар. 50 миллиондан ортиқ кишининг ёстиғини қуритган даҳшатли урушга отланганларида оилали, тўрт фарзанднинг отаси (уч ўғил, бир қиз) эканлар. 1941 йил юрт тинчлиги йўлида харбий қисм 89-гвардия отиш полки, 28-гвардия милтиқ дивизияси таркибига, Украина фронтига жўнаб кетадилар. Фашист босқинчилари билан жангларда мардонавор курашиб, Белгород, Харьков, Жасси-Кишинев, Варшава-Познан ва Берлик ҳужум харакатларида қатнашиб, 1943 йил Курск яқинидаги мудофаа жангида, сўнгра дашт фронтининг бошқа бўлинмалари билан биргаликда Белгород ва Харьковни озод қилишда фаол қатнашиб, харбий бўлинмалари билан сентябр ойининг сўнгги кунларида Днепрни кесиб ўтиб, Кременчугдан 25 км. жанубий-шарқда унинг ғарбий қирғоғидаги пляжни эгаллаб олишади. Ушбу қахрамонликлари учун қисмнинг 25 аскари “Совет иттифоқи қаҳрамони” унвонига сазовор бўлди. Днепрни кесиб ўтганларидан сўнг, Украинанинг ўнг қирғоғини озод қилиш учун курашадилар.
  1944 йил 8 январда қўмандонликнинг жанговор вазифаларни муваффақиятли бажаргани учун ҳарбий бўлинмалари “Қизил байроқ” ордени билан тақдирланади. Январ-феврал ойларида улар Кировоград ва Корсун-Шевченко операцияларида қатнашиб, Жанубий Буг (19 март), Днестрдан (7 апрел) ўтиб ва Украина фронтининг 5-зарба армиясининг бошқа бўлимлари билан ҳамкорликда қатнашадилар. Октябр ойида бўлинма Полшага кўчирилган.
  1945 йил январ ойида Белоруссия фронтининг 5-зарба армияси таркибида Варшава жанубида нацистлар мудофаасини ёриб ўтадилар. 21 январда Польшанинг Германия билан давлат чегарасини кесиб ўтиш ва 1 февралда Одер дарёсидан ўтишда мардонавор юриш қиладилар. Улар 1945 йил феврал-март ойларида Кустрин ҳудудидаги пляжни сақлаш ва кенгайтириш операциясида фаоллик кўрсатиб, тегишли тартибда рағбатлантирилган ҳарбий қисмнинг жанговор йўлининг якуний босқичи бўлмиш Берлингача борадилар. Бунинг учун улар II даражали Суворов ордени билан тақдирланадилар. Ҳарбий бўлинмалари томонидан Болгария озод этилганда бир гурух аскарларга шу қаторда Аброрхўжа додамга ҳам кўрсатган жасоратлари учун совет иттифоқининг “ЗА ОТВАГУ” медали топширилади. Ўша йиллари Болгариядан барча аскарлар ўз оилалари учун озиқ-овқат, кийим-кечак юборишганда марифатпарвар катта додам фарзандларига ўқув қуроллари сотиб олиб, фақат ва фақат ўқишларини таъкидлаб, аёлларига юборадилар.
  Фашистлар билан сўнгги жангларда кўпгина дивизия аскарлари қаторида катта додам ҳам юқори интизом, қаҳрамонлик ва жасорат кўрсатадилар.
  Уруш йилларида дивизия ишчи кучи ва техникада душманга катта йўқотишларни келтирди. Дивизиянинг 10880 аскари орден ва медаллар билан мукофотланди, 55 нафари “Совет Иттифоқи қахрамони” унвонига сазовор бўлди. Шулар қаторида катта додам ҳам бор эдилар.
  1946 йилда бўлинма Москва ҳарбий округига кўчирилади ва у ерда 1947 йил 21 мартда тарқатиб юборилади. 1946 йилда Берлингача бориб, уруш якунланганидан сўнг, олти йиллик даҳшатлар тугаб, изтиробли йилларда осколькалар тегиб, яраланиб, совуқларда қолиб кетиб, астма касаллигини орттириб она ватан ва оилаларига қайтадилар.
  Ушбу сурат 1942 йилларнинг сўнггида тахминан ноябр ойларида олинган бўлиб, унда додам иккинчи жаҳон урушида бирга хизмат қилган рус командир дўстлари билан тушган эканлар. Бу сурат катта бувим яни уларнинг аёлларига юборилган бўлиб, сурат орқасида қуйидаги битиклар ҳозиргача сақланиб қолган. “Саидамин мен сенга ҳозирги кунларимдаги ўтказаётган турмушим эсталиги учун ушбу расмимни юбордим. Арифходжаев Аброр.” 
  “Саидамин” катта додамнинг тўнғич фарзандларининг номи бўлиб, ўша даврда эр-хотинлар бир-бирларини катта фарзандларининг номи билан чақирар эканлар. Уруш йилларида нафақат хизматдагилар балки оддий халқнинг хам қийинчилиги кам бўлмади. Барча турдаги озиқ-овқатлар, кийим кечаклар фақат фронт учун юборилган бўлиб, барча турмуш юмушлари, дала ишлари аёллар зиммасига юклатилган. Катта бувим шундай қийин замонларда хам борига қаноат, шукур, сабр билан тўрт болани боқиш йўлида “Раисполком” (ҳозирги Минздрав)да фаррошлик қилиб, ҳам ишчиларга овқат тайёрлаш билан шуғулланганлар.
  Айтишларича, катта додам уруш тўғрисида кўп сўзлашни ёқтирмас, бундай хотиралар уларга азоб беришини такидлар эканлар. Бир сафар уруш даҳшатларини хотирлаб, овқатланиб ўтиришганида тўсатдан ёнларига тушган бомба додам ва суратдаги рус командир йигитдан бошқа барчанинг умрига зомин бўлганини, икки киши осколька билан яраланиб, қолганлар вафот этганлигини айтиб, додам урушнинг қанчалик даҳшатли эканлигини такидлаган эканлар. Ўшанда шундоққина ёнларидаги хизматдош дўстларидан айрилиш, уруш туфайли жуда кўп қурбон бўлган инсонларни кўриш додам учун жуда қаттиқ руҳий изтироблар берган. Кейинчалик ҳам ана шу изтироблар у кишига тинчлик бермаган. Шу боис уруш хотиралири эслашни сира ёқтирмас эканлар.
  Онамнинг амакиларини айтишларига қараганда катта додамнинг 10 дан ортиқ медаллари бўлган. Ҳозирги кунга келиб уларнинг барчаси йўқолиб кетган. (Медалларни уйдан йиғиб кетишган экан) аммо “ЗА ОТВАГУ” деган медалларини аёллари сочларига тақиб юрган эканлар. Аммо катта бувимнинг ҳам вафотларидан кейин уни ҳам уйдан олиб кетишган экан. Катта додам иккинчи жаҳон урушидан фақат медаллар билан қайтмаганлар, қалб жароҳати, тан жароҳати уларга умриларининг сўнгги кунигача тинимсиз оғриқ берган.  
  Урушдан кейин яна икки ўғил, икки қиз, яни саккиз фарзанднинг отаси бўлиб, аждодлар касби сартарошликни давом эттирадилар. 50-йилларда Ўрдадаги катта сарторошхона мудири бўлиб, умрларининг сўнггига қадар фаолият юритдилар. Қуйидаги суратда ҳамкасблар яни сарторошлар билан тушишган.
  Катта додам эски мактабда савод чиқариб, Араб тилида ўқишни жуда яхши ўзлаштирганликлари боис маҳалладаги тенгқур бобойлар тез-тез бобомнинг уйларига чиқиб, иссиққина сандал атрофида “Амур Темур”, “Шоҳнома”, “Або Муслим” каби нодир дурдона асарларни бобомдан тинглашарди. Урушдан омон қайтган додам ҳар бир онни ғанимат билиб, ишдан ташқари кўплаб китоблар мутолаа қилишни, юқорида айтганимдек, уйларида китобхонликни уюштириб, маҳалладаги инсонларга манавий озуқа улашардилар.
  Шу тариқа умрларининг сўнггига қадар фарзандлар тарбияси ва уларнинг камоли йўлида яшадилар. Уларнинг билим олишларига, жамиятда ўринларини топишларига замин яратдилар. Эзгу ниятларига эришдилар ҳам.
  1969 йилнинг октябр ойида вафот этган бўлсалар, вафотларидан бир ой ўтиб Майор ва суратдаги командир йигит Москвадан архив орқали катта додамни уйларига қидириб келиб, бир ой олдин вафот этганликларини эшитиб, чуқур қайғуга ботиб, жуда яхши инсон эканликларини такидлаб, йиғлаб қайтиб кетган эканлар.
  Менинг катта додам Аброрхўжа Арифходжаев шундай умргузаронлик қилганлар. Катта додам ҳақидаги ҳикояларни эшитар эканмиз, бугунги тинч, осуда, тўкин-сочин ҳаётимиз учун шукроналик ҳисси қалбимизни қоплайди. Бизни шундай кунларда бахтли саодатли кунларда яшашимиз йўлида жон олиб, жон бериб курашган катта додам ва у каби инсонларнинг ўтганларини охиратларига ободлик, орамизда яшаб турганларига узоқ умр тилаймиз. Уларнинг ватанпарварлиги, ҳалоллиги, меҳнаткашлиги ва оилапарварлиги биз авлодлар учун ибрат мактаби бўлиб қолди. 

Азизахон Ботировна Шодиева - Республика ихтисослаштирилган санъат                                                   
мактаб-интернати рассомлик бўлими ўқитувчиси,                                                     
санъатшунос.

Изоҳ: Аброрхўжа Арифходжаев онамнинг додалари, менинг катта додам.  Муаллиф ҳақида маълумот: Азизахон Ботир қизи Шодиева - 1990 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 
  2012 йил Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтини тамомлаган.
  Ўзбекистон бадиий академияси қошидаги Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати рассомлик бўлими ўқув ишлари бўйича уста, санъат тарихи ўқитувчиси вазифасида фаолият юритиб келмоқда.










Изоҳлар 1
  1. Aziza

    Oxiratlari obod bo'lsin.

Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот