ВАТАНЛАРИ БОР ЭДИ УЛАРНИНГ


Хосият РУСТАМ

ВАТАНЛАРИ БОР ЭДИ УЛАРНИНГ
(сафар очерклари)

   Пандемия сабаб йўллар ҳали очилгани йўқ. Озарбойжонга Истанбул орқали учдим. Ҳаво салқин ва ёқимли эди. Бу менинг ватан муҳорабасидан кейин Озарбойжонга биринчи келишим. Тушуниб бўлмайдиган кайфият билан бир дунё хаёллар ичида ўтирарканман, самолётда туркча талаффуз билан исмим эълон қилинганда, тўсатдан ҳеч нарсани тушунолмадим. Кейин билдимки, бу озар дўстларимизнинг менга кўрсатаётган навбатдаги муҳаббатлари эди... Ғалати бўлиб кетдим, уларнинг меҳрларини ҳали самолётдан тушмай туриб ҳис қилдим... Бир самолёт одам қараб турарди. 
  Мен стюардесса ҳамкорлигида биринчи бўлиб учоқдан тушдим. Мени Боку аэропортида ўзига тортган жиҳат бу ердаги руҳий хотиржамлик эди. Билмадим, муҳорабадан кейинги Боку ва инсонлар менга шундай кўринди...
  Аввал Милий мажлис, Маданият қўмитасининг раҳбари Ганира Пашшаеванинг офисида бошланиб, “Шумғаят” поэзия уйида давом этган китоб тақдимоти мен ҳаётимда биринчи марта гувоҳи бўлиб турган воқеалари билан фарқли эди. Бу тадбирда айтилган “шаҳид онаси” ва “шаҳид отаси” каби иборалар мени нафақат ҳайратга, балки аллақандай қўрқувга ҳам солаётганди. Шу гапни эшитиб бошимни кўтардим, аммо қарай олмадим. Кўз тикиш қийин эди... Ҳол сўрамоқ ундан ҳам оғриқли эди. Нима дея оласиз? Уларга сўз берилгандагина секин нигоҳ қадамоққа журъат этдим. Йўқ, улар ўзларини тутиб олган, анчагина бардам эдилар. Менинг оғриқларим бир зум чекингандай бўлди. Уларнинг таскинлари бор эди. Ватан. Ҳа, Ватан деган суянчиқлари бор эди. Улар йиқилмаслик ва ерга қуламаслик учун Ватанга суянган эдилар. Ватанлари бор эди уларнинг. 
 
 Мен Шушада эдим
  
  Наҳотки? Ҳа, мен чиндан ҳам Шушада эдим... Тонг саҳарда “New Bakü” меҳмонхонасидан чиқаётиб, навбатчига калитимни узатарканман, сўрадим: 
– Сиз бизни қаерга кетаётганимизни биласизми? 
  Навбатчига ҳали ҳеч ким бундай савол бермаган бўлса керак, елкасини қисди. 
– Биз Шушага кетяпмиз! 
– О, нақадар омадлисиз! 
  Мен нафақат омадли, балки бахтли ҳам эдим! Чунки Шуша озод бўлгани билан, катта кўламда таьмирлаш ишлари олиб борилаётгани учун, ҳаммага ҳам бориш мумкин эмасди. Фақат махсус рухсатнома билан бориларди. Мен Бокудан даъват хати олганимдан кейин, уларга эркалик қилдим – Шушага борсам, бораман! Озарбойжон Миллий мажлиси, Маданият марказининг раҳбари, азиз дўстим Ганира Пашаеванинг саъй-ҳаракатлари ва бошқа дўстларимизнинг уринишлари билан Бокудан хабар олдим: “Келинг, Сиз учун махсус рухсатнома бор, Шушага ташриф буюрасиз!” 
  Навбатчи айтганидек, менга ҳақиқатдан ҳам омад кулиб боққанди... Йўлда кетарканмиз, ҳаммага қаерга кетаётганимни айтгим келарди. Ҳамма билишини ва ҳамма севинишини хоҳлардим! Чунки энди Шуша Озарбойжонники эди! Чунки Шуша энди бизники эди! Йўлда дўстим Акбар Қўшалининг овозга солинган “Азиз Шуша” номли шеърини қайта-қайта эшитдик, бу шеър бизга янада яхши кайфият улашди, янада руҳлантирди! Йўл-йўлакай “Шуша” деган ёзувлар пайдо бўла бошлади... Бу ернинг ҳавоси ҳақида айтганим билан тўлиқ тушунтириб беролмаслигимни биламан, шунинг учун гапирмаганим яхши! Энг қизиғи, бизга рахбарлик қилиб бораётган Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази директори Самир Аббосовнинг ҳам алғов-далғов воқеалардан сўнг Шушага биринчи ташрифи экан! Ўзбекистонлик тарихчи олим Шуҳрат Барлос ҳам биз билан. Уларнинг ҳам кўзларида севинч ёшлари ялтирайди. Ҳали муҳораба шамоллари тўлиқ кетиб улгурмаган баҳайбат тоғлар бизга нималарнидир гапиргиси келади... Биз уларни сўзсиз тинглаймиз. Бу овозлар ич-ичимиздаги улкан йиғига қўшилиб кетади... Ахир, биз бу кунларни қанчалар кутгандик...
  Унга бошқа ўлим ярашмасди
  Экранда ёзув пайдо бўлди: “Шаҳид акасининг ҳикоялари”. Бутун вужудим кўзга айланади... Шаҳиднинг акасини кўраман. Бир келишган ўғлон укаси ҳақида гапира бошлайди. Мен ҳар бир сўзини ҳарфлари билан эслаб қоламан. Ҳар тугул у йиғламади. Мен эса экранда ёзув пайдо бўлгандан йиғини бошлаворгандим. Унинг руҳи баланд эди... Айниқса, аканинг охирги гапи руҳимда ҳозиргача акс садо бериб турибди: Унга бошқа ўлим ярашмасди...

Боку кўчалари

  Бомдод намозидан кейин Боку кўчаларини ёлғиз кезаман. Йўлларни меҳр билан тозалаётган кўча супурувчиларига қарайман, нимадир дегим келади, яхши гап айтгим, нималарнидир сўрагим келади. Лекин ишларини жон-диллари билан бажараётганларини кўриб, халал бермайман, салом бериб, ўтиб кетаман. Икки соатга яқин айланганимдан кейин хонамга қайтаман. Қизиқ, деярли ҳеч ким билан гаплашганим йўқ, бироқ мен Ватан ҳақидаги ҳамма саволларимга жавоб топган эдим!
  Биз фронтовик билан яшаймиз!
  Биз уруш нима эканини яхши биламиз.
  Урушнинг моҳияти бир хил бўларкан: урушда ўласан ёки жанггоҳда абадий қоласан! Уруш кўрганларнинг ҳаётида уруш тугамаслигини, бир умр давом этишини, урушда бўлганлар жанг майдонларидан қайтмасликларини, у ерда мангу қолиб кетишларини яхши биламиз. 30 йилдан кўпроқ вақт ўтди… Лекин ҳали урушдамиз! Ҳали ҳамон жанг майдонларидамиз. Ўлган дўстларининг исмларигача биламиз! Энг ёмони, фарзандларимиз ҳам билишади! Албатта, дадалари айтиб бермаган, уйқуларида, уларни чақирганларида билиб олганмиз. 
  Биз болалар билан фақат бир нарсани билардик: савол бермасдик! Бу даҳшатли эди бошида! Ке­йин-кейин биз ҳам ўргандик, жангу жадаллар ичра яшаб кетдик. Уруш тугамайди ҳеч қачон. Уруш уруш кўрган хонадонларда яшайверади, уруш кўрган хонадонлардан ўлимнинг руҳи кетмайди, қоннинг ҳиди келиб туради. Биз буни яхши биламиз. Чунки биз фронтовик билан яшаймиз!

Мен Озарбойжонни нега яхши кўраман?

  Нега мен Озарбойжон ҳақида кўп гапираман? Нега улар ҳақида гап кетса, чакагим тинмайди? Ўзим ҳам кўп ўйлайман бу ҳақда. Аммо-лекин ўйламай бўладими? Бутун инсониятни севадиган, оғир кунларида, бирозга бўлса-да, ёнида елкадош бўлганингиз учун сизга бутун ҳаётлари, керак бўлса, жонларини ҳовучларида тутиб турган инсонларни (гарчи сизни танимасалар ҳам) қандай гапирмаслик, қандай унутиш мумкин?! 
  Нега озарбойжонликлар менга ўз туғишганларим каби туюлаверади? Бу қачондан бошланган? Нима учун уларни бошқа юрт одамлари каби қабул қилолмайман? Мен бугун нечага кирдим, менинг меҳрим, менинг муҳаббатимнинг ёши нечада? 
  Тўғриси, мана шу ўтган вақтлар давомида мен ўзимни жуда кўп имтиҳон қилдим. Ўзимни синадим. Мана шу 44 кунлик муҳораба мени чархдан ўтказди, мен чархландим. Мен ҳақиқатдан яхши дўст эдим...

Ҳали ёзилажак битикларим бор

  Гедебей – Бокудан 450 км узоқда жойлашган туман. Озарбойжонликлар “бўлга” деб аташади. Бизнинг кейинги тақдимотимиз худди шу туманда давом этди. Бунинг сабабларидан бири, Ўзбекистоннинг озар боласи, соҳирнафас шоир Интиқом Яшар туғилган бу бўлгада. У Ўзбекистонда бўлган ва иккинчи ташрифида бизнинг уйимизда ўз ўғлимиз каби яшаган. Биз уни яхши кўриб қолганмиз. Озарбойжон ҳақида гап кетса, Интиқом ҳақида гаплашамиз. Унинг шоир юраги бор. Унинг меҳрга тўла қалби бор. Биз Гедебейга борган вақтимиз қуёш чарақлаб турганди, ҳеч қанча вақт ўтмай, бирдан шамол аралаш ёмғир ёға бошлади. Биз бу чиройли табиатдан ўзимизни йўқотай дедик. Тоғлар шу қадар салобатли эдики, худди бизга ўзини кўрсатмоқчи ва бизларни янаям ҳайратда қолдирмоқчидек бирдан чақмоқлар чақа бошлади. Биз ҳозир осмон узилиб, тоғлар бўлиниб кетса керак, деб ўйладик. Лекин яна бироздан кейин ҳеч нарса бўлмагандек тоғлар бизларга виқор билан тикилиб тураверди... 
  Тақдимотда сўзга чиққанлар китоб ва Қорабоғ ҳақида шундай гапирдиларки, мен беихтиёр китоб ҳали тугамаганини ҳис қилдим. Демак, ҳали ҳаёт бор! Демак, ҳали сиёҳ қуримаган! Демак, ҳали ёзилажак битикларим бор!

Манба: "Китоб дунёси" газетаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Изоҳлар
Феруза Абдуллаевага табрик
Инсонни безаги унинг маьнавий қиефаси деб биламан, чунки у еки бу инсон қанчалик бой- бадавлат бўлмасин, гар унда қалб бўлмаса, мехр бўлмаса, идрок
Қалпоқ - Ўғри
Ассалому алайкум. Мен "Youtube" каналидан Қалпоқ хажвий кўрсатувини мунтазам кўриб бораман. Ўз юртимизда бачкана бўлмаган, менталитетимизга тўғри
Муслимбек Йўлдошев - "Эслаб, эслаб" кўрсатувида
Мени унча яхши билмайдиган бошловчилар билан жуда кўп кўрсатув ва эшиттиришларда эфирга чиққанман. Аммо Фарҳод Абдуллаев билан биз институт
Фахриддин Шамсиматовга табрик!
Фахриддин Шамсематов ни жуда хурмат қиламан. Унинг "Сардор-2", "Остона", "Ёзсиз йил", "Кўринмаслар", "Ҳақиқий эркаклар ови", "Окахон" каби кўплаб
Ўктам Усмонов таваллуд топган кун
Бу ерда хам телевидение қудратини тан олиб ўтмасак бўлмайди. Бошқа асарлари каби “Гирдоб” романларини ҳам кўпчилик билмай қолмши мумкин эди. Сеҳргар
Маълумот