ҲАВО БЕРИНГ...


   Умрида бирор марта тамаки чекмай, ўпкасига жиндаккина тоза ҳаво етишмай жон бераётганларни кўриб, ўпкасини қотил дуд ила атай чиритаётганлардан ўкириб йиғлагим келади. Муаллиф.


ҲАВО БЕРИНГ...


Соғинч экан ожиз дилнинг топгани,
Кеча хайрлашдим амаким билан.
Кимлар ҳавога зор, кимлар ўпкани
Атай ўлдираркан тамаки билан.


Бронхлар баргдай титрар, юзларда йўқ ранг,
Яна бир қадам ва қаърга тортар гўр.
Кўкрак аро давом этар оғир жанг:
Оғиздан кирар дуд - ўпкада террор.


Не умрлар хазон зумрад фаслда,
Қучмоққа етмади не дастлар кучи.
Дардлар юборилар бизга аслида,
Бошқача яшашни ўргатмоқ учун.


Совуқ тўшакларда ингранар тоқат,
Гоҳ вақт топилмайди кўришга тушлар.
Ҳовучлар дуога лим тўла, фақат,
Бўлмайди қўл билан ҳавони ушлаб.


Ҳаво ҳам, дардлар ҳам кўринмас кўзга;
Бири дармон берар, бири олар жон.
Қор ёғар, гул уруғ тўкади изга, -
Яшашга улгурмоқ - мураккаб имкон.


Санаб етолмаймиз умр ҳикматин,
Шивирмиди, жонбахш навони беринг.
Моддийлик йўқотар бир кун қимматин,
Ҳаво беринг, оддий ҳавони беринг!..


Ёр васлига етган ошиқ тўйиниб,
Завқ туйгани каби севги фаслида,
Минг бир толе очсин олтин рўйини,
Олинган ҳар нафас шукронасида.


Шифо топган бемор хандаларидан,
Яшил тўн кияркан умр дарахти.
Аллоҳим, аяма бандаларингдан,
Ранги йўқ, вазни йўқ, ҳиди йўқ бахтни.


Нурмуҳаммад ИСРОИЛОВ
29 август, 2020 йил










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот