“АЙТМАСАМ ҲАМ, СЕНДАН ДОИМ ФАХРЛАНАМАН...”


     23 сентябрь – Соҳибжон Алижонов (1968 – 2023)таваллуд топган кун.

    Ота ўғилга, ўғил отага энг яқин дўст бўлади, дейишади. Бу ҳолат ҳаммада ҳар-хил бўлар экан. Кимдир меҳрини бир-бирига очиқ-ойдин кўрсатади, ҳар куни, ҳар вақт яхши кўришини айтади, кимдир эса буни сўзларсиз, юрагидан ҳис қилади. Мен ва отам ўртасидаги муносабат ҳам шундай эди, десам янглишмаган бўламан. 
    Мактаб йилларим, ундан кейин йигит бўлган вақтларим, ҳатто уйланиб, фарзандли бўлган вақтларимда ҳам дадам учун улар яхши кўрадиган, доим асраб, тўғри йўл кўрсатиб туриш керак бўлган бола бўлганимни кейин, отамнинг вафотидан сўнг бирдан “катта бўлиб” қолганимда ҳис этдим. Ёшлик пайти шўх, ғўр бўлганмиз. Ҳозир ҳам жуда камолотга етдик, деб ўйламайману, лекин ўтган воқеаларни эсласам, ҳақиқатдан ҳам ғўрлик қилганимга кулгим келади. 
    Аниқ эсимда йўқ-ку, тўртинчи ёки бешинчи синфларда ўқиб юрганимизда, синфдош болалар билан туғилган кунларни уйда нишонлаб беришни одат қилдик. Қоидага кўра, байрамга келганлар қуруқ қўл билан эмас, 3000 сўм пул билан келишлари керак эди. Зиёфат туғилган кун эгасидан. Албатта, қатордан қолиш йўқ, туғилган кунимга бир ойлар қолганида, дадамни зиёфат харажатларига “руҳан” тайёрлашни бошладим. 
    “Ҳа, синфдошларинг келадими? Яхши. Чойхоналарни, “гап” ейишларни бошлабсизлар-да!”, дегандилар ўшанда озгина истеҳзо билан. Бу гаплардан хижолат бўлиб, “Сиз дастурхон тузаб берсангиз, кейин синфдошларим йиғадиган пулни шундайлигича сизга қайтараман”, дегандим. Улар кулиб, “Пулинг керакмас-ку, лекин битта гапни айтиб қўяй, пул йиғиб беришади, деб ишониб қолма”, дедилар. “Йўғ-е ада, мен ҳам доим бериб келаман-ку”, дея рад қилдим мен. 
   Ҳақиқатдан ҳам, меҳмон бўлиб келган ўртоқларимдан фақат 2 та ё 3 таси мажбуриятини бажарди, қолганларидан кимдир эртага бераман деди, кимнидир бу масъулият ҳаёлига ҳам келмади. Кейин бу мавзу ҳақида гап очмасликка ҳаракат қилсам ҳам, дадам атай сўрадилар: 
– Хўш, қалай бўлди туғилган кун? 
– Яхши... 
– Пулларингни йиғиб олдингми? 
– Ҳа, 3-4 таси берди, қолгани кейин бераркан... – қизариб-бўзариб кетдим мен. 
     Ўшанда дадам хохолаб кулиб, “Майли-да, шундай қилиб, секин- секин ўрганасан”, дегандилар. Кейинчалик бу воқеа жуда кўп бор эсланган. Ўрни келганда, “Синфдошларингнинг пул йиғиб беришидан бўлмайдими, ишқилиб” жумласи кўп ишлатилган. Дадам одамларнинг кайфиятини кўтариш учун айтадиган ҳангомаларининг ҳаммасини ҳаётдан олардилар. 
    Уларнинг ўша вақтлардаги иш жойлари – телевидение, “Давр” студиясига илк марта борганим билан боғлиқ ҳангомадан ҳам бутун ишхонанинг хабари бўлса керак. Олтинчи синфларда яқин синфдош дўстим билан кураш бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлишини эшитиб, дарсдан кейин “Динамо” спорт мажмуасига йўл олдик. Бунга сабаб, дўстим кураш тўгарагига қатнашар эди. Биргаликда мусобақани маза қилиб кўрдик. Спорт саройидан чиқиб, автобусга ўтириб, халқ тилида “Панорама” аталмиш Алишер Навоий номидаги кино саройига бориб, чипта олиб, кино томоша қилдик. Киносаройдан чиқсак, қоронғи тушган, куз ойлари эмасми, ҳаво совиб қолган, энг ёмони иккаламизда ҳам кетиш йўлкираси учун 1 сўм пул қолмаган экан. Буни кейин билибмиз. “Энди нима қиламиз”, деб турганимизда, бу ерга “Пахтакор” метро бекати, унинг ёнида дадамнинг ишхонаси яқин жойлашгани ёдимга тушиб қолди. 
    “Кетдик”, дедиму одамлардан сўраб-сўраб телевидениени топиб бордик. Қарасак, бу даргоҳ жуда катта, кираверишда милиционерлар турибди. Дадамни қайси жойдан қидиришни билмайман. Бир оз ўйладим-у, шартта қўриқчиларнинг олдига бориб: – Ассалому, алайкум! Мен дадамнинг олдиларига келгандим, − дедим. – Даданг ким? – ҳайрон бўлди милиционер амаки. 
– Соҳибжон Алижонов – “Давр”нинг бошлиғи, − жавоб бердим мен. 
– Ие, Соҳибжоннинг ўғлимисан? Келганингдан хабари борми унинг? 
– Йўқ, ўзим келдим, − худди хабар олгани келгандай, сир бой бермадим. Кейин телефонда рақам териб, ўзини таништириб, “Соҳибжон, ўғлингиз келибди бу ерга”, деди амаки. Шундан кейин бир аёл тушиб, бизни ичкарига олиб кириб кетди. Отамнинг хоналарига кирганимизда улар ҳайрон бўлди. Мактаб дарсидан кейин уйга бориши, соат кечки 9ларга яқинлашган айни пайтда телевизор кўриб ўтириши керак бўлган ўғил дабдурустдан ишхонада. “Қаердан келдинг, нима қилиб юрибсан”, деб хавотирланиб сўрашни бошладилар. Мен бўлган воқеаларни борича айтиб бердим. Бесўроқ, кўча дайдиганимдан бир жаҳли чиқса, кечқурун бўлишига қарамай, уларнинг хонасигача топиб келганимга бир хурсанд бўладилар. “Бўлди, ўтириб туринглар, ҳозир кетамиз”, дедилар. Кетишимиз ҳам анчага чўзилди. Сабаби, йўлакда кимни кўриб қолсалар, шу ҳангомани айтиб бериб кулдирадилар. Ўшанда бутун мамлакат танийдиган забардаст журналистлар Хайрулла Нуриддинов, Гули Икромова, Лобар Пўлатоваларни биринчи марта кўргандим. Кейинчалик отам юрган йўллардан юриб, улар ва ҳамкасблари билан бир соҳада ишлаш насиб қилди. 
    2023 йилнинг 4 апрели. Қора тун. Қалбимдаги ҳувуллаш ва ўрнини тўлдириб бўлмас оғриқни оиламизнинг бошқа аъзолари ҳам, яқин қариндошларимизнинг ҳаммаси ҳам ҳис қилмоқда. 
    Отамнинг холаси Малика Жўраеванинг қуйидаги сўзларидан ҳам буни билса бўлади: “Энди тўйларимиз файзсиз. Сўзларимиз меҳрсиз. Давраларнинг тўри йўқ. Чунки... йигитларнинг зўри йўқ. 1968 йил 23 сентябрда дадам ва бувимнинг ҳам, опам ва поччамнинг ҳам ҳаётида қувончли кун − Соҳибжон дунёга келди. Поччамиз сўзга уста, меҳмондўст, файзли хонадонидан меҳмон аримас эди. Ҳовлининг марказида жойлашган, юз йиллик ўтмишга эга катта тут дарахти остидаги сўрида доим яхши инсонлар суҳбат қуришарди. Ота ҳовлимизга опам ва поччам меҳмон бўлиб келганда, биз учун ҳақиқий байрам бошланар эди. Опам Соҳибжонни жуда тоза, озода ва чиройли кийинтириб келар эди. Биз опа-укалар биринчи жиянимизга қараш учун навбат талашардик. Соҳибжон жуда чиройли бола эди. Опам Соҳибжон чақалоқлигидаёқ “уни ҳеч ким сенсирамасин” дердилар. Шу-шу 60 ёшга кирган бўлсам, шу инсонни биров сенлаганини эшитмадим. Мактабга чиққанида биринчи қўнғироқ ва сўнгги қўнғироқларни Соҳибжон чалар эди. Давраларнинг тўрини эгаллаш унинг болалигидан бошланган. Опам мактабда ошпаз бўлгани учун мен ва синглим Комилахон бориб жиянимга қараб турардик. Орамиздаги ёш фарқи катта эмас. Ўшанда Соҳибжон телевизордан турли намойишларни томоша қилиб ўзига хос ижод намуналарини яратишни яхши кўрарди. Масалан, бир куни “Зумрад ва Қиммат” мультфильмини кўргану, менга Зумрад, Комилахонга Қиммат ролини бериб кичик саҳна кўриниши уюштирган. Ўзи эса чол образини гавдалантирган. Ўсмирлик даврларида ниҳоятда кўркам, тим қора сочли йигит бўлган. Мактаб тадбирлари, албатта, Соҳибжоннинг бошловчилигисиз ўтмасди. Шу сабаблими, кейинчалик “Тоҳир Бағдод” телеканалининг кўзга кўринган ижодкорига айланди. Бир куни Соҳибжон телевидение ходимлари гуруҳи ҳамда Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати Муйдинжон Собиров, ўша пайтдаги ҳоким Абдуқаҳҳор Абдусамадов билан бизнинг қишлоққа келиб пахтакорлар ва сувчиларни тасвирга туширди. Чекка ҳудуд учун бу ўта шов-шувли, қувончли воқеа бўлди. Кейинчалик ҳам Соҳибжон укам Республика телеканалларида қишлоқ инсонлари ҳақида лавҳалар тайёрлади. Муйдинжон Собиров, Эркинжон Усмонхўжаев, Лола Муродоваларнинг меҳнатларини қадрлаб, жойи келганда улар ўз юрти Фарғона водийсидан экани билан фахрланарди. Опам вафот этганидан кейин бир куни жияним мени уйга элтиб қўйиш учун қишлоғимга келди. Бу манзилларда рус тили ўқитувчиси бўлиб ишлаган кезларини, мактабга велосипедда қатнаган пайтларини эслади ва маҳалламиз одамлари бирлашиб қурган янги мактабни кўриб шундай деди: – Опа, мен анчадан буён келмаган эдим. Ҳозир бу ўзгаришларни кўриб ҳайрон қолдим. Мен, албатта, вақт топиб яна келаман. 
– Маҳалладагилар бу ишларда менинг ҳам ҳиссам катталигини айтишади, – дедим жавобан. 
– Биз халққа сўзимиз билан ёрдам бериш учун яшайдиган одаммиз. Мен келиб биринчи комсомол ёшлар бригадасининг бошлиғи бўлган Малика Жўраевани ҳам меҳнатларини ёритаман, – деди. Жиянимнинг мана шундай мамлакат миқёсидаги юксалишларидан биз қариндошлар доим шод эдик. Унинг оламдан ўтганини эшитиб юрагимиз тўхтаб қолди, қаттиқ ўксиндик, дилимиз вайрон бўлди. Лекин ўз насли насабини улуғлаган ва ўз номини олтин ҳарфлар билан ёзиб қолдирган Соҳибжондан барчамиз абадулабад розимиз”. 
   Яна бир қариндошимиз, қадрдон акадай яқин бўлган Юсуфжон Қўлдошев отам ҳақида ўзининг ширин хотираларини менга қуйидагича сўзлаб бердилар: “Соҳибжон дунёга келганида, биз оиламиз билан шундай қувонганмизки, таърифлашга сўз ожиз. У 2 ёшларга тўлганида, Назиржон акам ва Зулайҳо опам янги ҳовлига чиқиб кетишди. Шунда Соҳибжон онам ва биз билан қолди. Бизникида катта бўлди. Йиллар ўтиб мен 1975 йили ҳарбий хизматга чақирилдим. Шу йили Соҳибжон Бағдод қишлоғидаги 6-ўрта таълим мактабига 1-синфга қабул қилинди. Мени хизматга жўнатишда Соҳибжон “жамадонингизга солиб кетинг”, деб йиғлаган эди. Ўшанда бир- биримизга жуда ўрганиб қолгандик. Соҳибжон китоб ўқишни жуда яхши кўрар, дастурхон атрофида ҳам қўлидан китоб тушмас эди. Шунда онам, “аввал овқатланиб ол, кейин китобингни ўқи”, деб танбеҳ берарди. Шундай қилиб Соҳибжон 10-синфни битириб, Тошкентдаги институтга ўқишга кирди. Онам унинг қишлоққа қайтишини интизорлик билан кутиб ўтирар, ҳовлимиздаги барча мевалардан, туршак ва майизлардан Соҳибжонга деб сақлаб қўяр эди. Ҳар сафар келганида уйимизда байрам бўлиб кетарди. Соҳибжон шундай, борган жойидаги одамларнинг дилини хуш қилгувчи, ҳамма учун қадрли, суюмли инсон эди.” Дадамнинг болаликдаги қалин дўсти Носиржон Ҳайдаров эса ёшликнинг гўзал дамларини, инсон аниқ мақсад ва ният қўйиб интилса, албатта эришиши мумкин экани тўғрисида шундай сўзлайди: “Мактабда ўқиб юрганимизда “Пионерская” яъни пионерлар етакчиси хонаси бўлар эди. Соҳибжон “Дружина” совети раиси, мен эса отряд совети раиси бўлганимиз учун шу хонада тез-тез учрашар эдик. Ўша пайтлардаёқ мен “келажакда ҳарбий бўламан”, десам, Соҳибжон “мен албатта “катта одам” бўламан, телевизорда кўрасизлар”, дер эди... Бир ойда ёки икки ойда хизматдан бўш вақт топиб қишлоққа борганимда, уйимиз ёнидаги сомсахоналар бирида, албатта, Соҳибжон билан учрашар эдик. 1997 йил охири 1998 йил боши бўлса керак, ҳар доимгидек сомсахонада Соҳибжон билан кўришганимизда, Маъруф акам бизга келиб қўшилганди. Гаплашиб ўтирганимизда Соҳибжон уни таниқли шоир Иқбол Мирзо Тошкентга чақираётганини, лекин Тошкентда яшаш шароити осон эмаслигини, шунинг учун боришга қўрқаётганини айтиб қолганди. Шунда “уй топгунингизча менинг уйим Сизнинг уйингиз, боринг Тошкентга”, дегандим. Маъруф акам раҳматли эса “Ҳа, Соҳибжон албатта пойтахтга боринг, бир йилгача мен Сизга “спонсор”, деб кўнглини тоғдай кўтардилар. Тошкентга келганидан кейин, телевидениега суҳбатга бориб келиб 4-канал (ҳозирги “Спорт” канали)да иш бошлайман деган эди. Эртаси куни ишга кетиб, янги очилган “Ёшлар” каналида иш бошладим, деб хурсанд бўлиб келганди. Чамамда, бир ҳафталар биз билан тургандан кейин, “Дўстим, мен кеч келиб яна ижод қиляпман, шунга ҳижолат бўляпман. Иложи бўлса, бошқа жой топсак керак”, деб қолди. Мен ҳеч қандай хижолатга ўрин йўқ, дейишимга қарамасдан Қорасувда Икром ака Умрзоқовнинг уйи бор экан шуни гаплашайлик, деган эди. У киши Пискентда прокурор ёрдамчиси бўлиб ишлар, уйи вақтинчалик бўш эди. Шундан кейин 1 ой Қорасувда яшаган. Кейин Қорақамишдан ижара хонадон топиб, оиласини Тошкентга олиб келган эди. Отасининг дуосини олган одам ҳеч қачон кам бўлмайди. Соҳибжон бунга ёрқин мисол. Тошкентга келиб, қандай қийинчилик ёки мушкулот бўлмасин, ота-онасига бирор марта “менда муаммо бор”, демаган. Ҳамиша уларни авайлаб, кейинчалик имконияти кенгайганида Назиржон ота ва Зулайҳо аянинг саломатлигини тиклашга уринар, уларни ҳар йили сиҳатгоҳларга жойлаштириб, рози қилишга ҳаракат қилар эди. Нафақат жигарларига, умуман ҳар кимга, биз дўстларига ҳам ёрдам беришга ошиқар, қўлидан келганича одамларга яхшилик қилган. Кейинчалик менга ҳам “агар камчилик бўлса, айтаверинг, биз хизматда”, деб самимий айтган гаплари ҳар доим қулоғимда жаранглаб туради. Бундай инсонлар жисман орамизда йўқ бўлса-да, руҳан ҳамиша бизнинг қалбимизда, ҳаётимизда мавжуддир. Биз қанча яшасак, Соҳибжон Алижонов ҳам дилимизда шунча яшайди”. 
    Отамнинг яна бир узоқ йиллик қадрдон дўсти Маъруфжон Абдулқосимов чин биродарлик неъмати қанчалар азиз туйғу экани ҳақида айтиб бердилар: “Дўстим билан биз бир йилда туғилганмиз. Ундан ё катта, ёки кичик бўлганимда бундай дўстим бўлмасди, албатта. Биз тахминан 12 ёшимиздан бирга эдик, чунки у параллел синфда ўқирди. Мен “Б” синфнинг “класскоми” эдим, у эса “В” синфники. Зулайҳо она бизнинг маҳалладан нариги маҳаллага келин бўлиб тушган. Соҳибжон бувисиникига келганида, биз бирга ўйнардик. Ёшлигида ҳам ақлли, билимли, бир нарсани тез ўзлаштириб оладиган бола эди. Кимдир билан уришиб талашганини мен эслай олмайман. Мактаб даврида кўп тадбирларда бирга қатнашар эдик, у иложи бўлса ҳамма тадбирларга ва тўгаракларга иштирок этишга ҳаракат қилар эди. Онаси томонидан санъаткорлар қони борлиги учун мусиқага жуда қизиқиб, Ҳусанбой домла томонидан очилган тўгаракда рубоб чалишни мукаммал ўрганган. Ҳар замонларда қишлоқдаги тўйларда ашула айтиб юрар эди. 1985 йил ўрта мактабни битирдик. У бир куни уйга келиб “Тошкентга ўқишга топширайлик, деб қолди. Мен бироз чўчидим, сабаби онам раҳматли 6 та фарзандни ёлғиз ўзи тарбия қилар эди. Ўшанда бўлажак касбимни танлашга сабабчи бўлди. У Островкий номидаги Тошкент театр ва рассомчилик институтига, мен эса Тошкент алоқа политехникумига ўқишга кирдик. У ҳозирги жаргон тилда айтганда “шустрий” йигит эди. Ҳар ҳафта шанба куни мени кўргани келар, Тошкентдек азим шаҳарни бирга айланар эдик. Мен Дўрмонча қишлоғидан келган Орифжон деган дўстим билан бир онахоннинг уйида ижарада яшардик. Икки кишилик торгина хонада Соҳибжон келса, мен кроватимга уни ётқизиб, ўзиб пастда, гиламга тушиб ётар эдим, эрталабгача ҳар хил мавзуларда гаплашиб, тонг отганини билмай қолар эдик. Кейин у армияга кетди. Бизнинг бўлимимиз махсус бўлим бўлгани сабабли биз кейинроқ армияга бориб келганмиз. 1990 йилдан катта ҳаётга қадам қўйиб, рўзғор деган ширин ташвишга шўнғиб кетдик. Дўстим қисқа умри давомида ўзига жуда катта ҳайкал ўрнатиб кетди. Ҳаммага “Соҳибжон менинг қиёматли дўстим”, деб мақтана олар эдим. Лекин ҳеч қачон сен катта ишда ишлайсан, менинг мана шу ишимни битириб бергин демаганман, чунки уни хижолатга қўйишни сира истамас эдим. Мен у билан лавозими ё бошқа нарсаси учун эмас, балки самимий одамгарчилиги учун дўст бўлган эдим. Ҳар ҳафта кечки пайт унга қўнғироқ қилардим, соатлаб гаплашардик ёки телеграммда ёзишар эдик, у ретро қўшиқларни жўнатиб, эшитиб кўргин дер эди. Оҳунжон Мадалиев, Ҳожиабар Ҳамидов, Фахриддин Умаров, Шерали Жўраев, Миролим Қосимов ва Қодир Мирашуровларнинг шинавандаси эди, қўшиқларини севиб тинглар ва менга ҳам улашар эди. Вафотидан бир йил олдин ёз ойларининг охири эди. Бағдодга келиб Бувайда туманида қумга тушгани Икромжон Зокиров дўстимиз билан бирга уч кун қатнадик. “Худо хоҳласа, янаги йилга ҳам келаман”, деб ўша сиҳатгоҳ бошлиғи билан гаплашган эди.... Бағдодга келган куни биринчи бўлиб менга ёки Икромжонга телефон қилар, тезроқ дийдорлашиб ўтиришни яхши кўрар эди. Мен ҳозир ҳам уни йўқлигига ишона олмаяпман. Бир умр оқибатли дўст бўлди, биз ҳам уни бир умр ёдимизда сақлаймиз, хотираси қалбимизда мангу яшайди”. 
    Кичик опамнинг қайнотаси, қудамиз Зокиржон Нормуродов ҳам самимий ва дилкаш инсон бўлиб, дадам билан яқин дўст бўлиб кетган эдилар. Китоб тайёрланаётгани ҳақида эшитиб жуда хурсанд бўлдилар ва ўз фикрларини айтишни истадилар: “Мен у киши билан 2016 йилнинг август ойида танишганман. Биринчи марта кўрганимдаёқ худди эски қадрдонлардек қучоқ очиб кутиб олганда, “эээ Зокир ака, хуш келибсиз, келинг, киринг уйга, бир пиёла чой ичиб гаплашамиз”, деб ҳазил қилди-да, “воҳа тилида ҳангома қиламиз”, дея қўшиб қўйди. Одамшаванда, қаерда, қандай даврага кирса ҳам ўша ерга файз, кўтаринки кайфият олиб кирувчи хушчақчақ эди, раҳматли. Биз Соҳибжоннинг кичик қизи Садоқатхонни келин қилиб қуда тутингандик. Аммо шунчаки қуда эмас, ака- укалардек қадрдон бўлиб кетдик. Биринчи неварамиз Искандарбек туғилганида Соҳибжон қўнғироқ қилиб: “Зокиржон ака суюнчи беринг, неварали бўлдик”, дея ўзида йўқ хурсандчилик билан табриклаганлари ҳамон ёдимда. Мен Соҳибжонга қачон, қандай пайтда қўнғироқ қилсам ҳам “лаббай”, дея жавоб берар, қандай вазият бўлса ҳам, ака, қаерга борай ёки ўзингиз биз томонга қадам ранжида қиласизми, деб учрашишга шай турарди. 2018 йил. Соҳибжон туғилган куни сабаб барча дўст-у биродарларни бир даврага жамлади. Мени ўша давранинг тўрига, устозларидан бирининг олдига ўтқизиб, “устоз, булар менинг акам бўлади”, дея таништирди. Табрик сўзлари бошланганида ҳам энг аввал, мени саҳнага чақириб, ҳаммага “менинг акам”, дея таништирди. Азизжоннинг уйлантириш тўйида совчиликка Соҳибжон билан бирга боргандик. Янги қуда билан таништирар экан, “сизлар энди бир-бирингизга анда бўласизлар”, деган эди. Яъни қуданинг қудаси анда дейиларкан. Сўзга, уни қўллашга ниҳоятда эътиборли, зукко бўлганлигига шундай давраларда кўп бора гувоҳ бўлардим. Соҳибжонни охирги марта Умра сафарига бориб- келганимиздан кейин яқинларни хонадонимизга чорлаганимизда кўрган эдим. Ўша куни ҳам ўзининг латифалари билан даврани қиздириб ўтирди. Соҳибжон ҳар доим менга гўё эшикдан кириб келадию, “э ака, нима қилиб ётибсиз”, дейдигандек туюлаверади. “Ҳали биз, сиз билан бу невараларнинг тўйини қилишимиз керак”, дея кўп айтарди. Афсус насиб қилмади. У ҳақида қанча ёзсак, гапирсак, хотирласак, шунча кам”. 
    Дадамнинг ўлими барча ҳамкасб ва шогирдларини ҳам чуқур қайғуга солди. Ўша кунлари улар ижтимоий тармоқлар орқали кўнглимизга далда ва таскин бўладиган фикрларни ёзишди. Жумладан, телеканалда бирга ишлаган журналист Зиёда Ражабованинг фикрлари диққатимни тортди: “2015 йилда “Маҳалла” телеканалида ишлаб юрган кезларим. Ўша пайтда маиший техникаларни кредитга олгандим. Биласиз, кредитни вақтида тўламасангиз, банк ходимлари уйингизгача келиб бўлса ҳам пулни ундиришарди. Бир сафар ойлигимиз кечикди. Мен съёмка, монтаж деб қайсидир вилоятда югуриб юраверибман. Бир пайт эътибор берсам, ойнинг 15-санаси. Ҳайрон бўлдим, нега банкдагилар жим. Бешинчида кредитни тўлашим керак эди. Ойлик тушиши билан, банкка қўнғироқ қилдим. 
– Кредитингиз тўланган, − дейишди. 
– Қанақасига, яхшилаб қаранг, – дедим. 
– Ростдан тўланган, – деди телефонда гаплашаётган йигит. 
– Мен қандай, ким тўлаганини айта оласизми, − дедим. 
– Биз сизга қўнғироқ қилиб тушолмагач, ишхонангизга бордик. Кейин каналингизни директори билан кўришиб гаплашдик. Бизни яхши кутиб олди. Вазиятни тушунтирган эдик, кредитингизни ўзлари тўлаб юбордилар. Салом айтиб қўйинг, − дейишди. Мен ростдан ҳайрон бўлдим. Чунки сафардан қайтгач, Соҳибжон ака билан кўришган эдим. Бу ҳақда индамаган эдилар. Телефон гўшагини қўйиб, югуриб олдиларига кирдим. 
– Кредит... − деб гап бошлаган эдим, сўзимни қатъий тарзда бўлиб қўйдилар. 
– Зиёда, сиз менинг ота-онамни танийсиз, уларга қизларидек яқин бўлиб қолгансиз. Шундай экан, биз бегона эмасмиз, дўст, – деб ҳеч нарса бўлмагандай ўз ишларида давом этдилар. 
– Лекин, бу бошқа масала, – дедим унамасдан. 
– Хўп имкон бўлганда, бўлиб-бўлиб қайтарарсиз. Ўғлингизни хорижга ўқишга юбораётганингиздан хабарим бор. Ҳозирча ишлатиб тураверинг, − деб гапни қисқа қилдилар. 
    Нега буларни эсладим? Соҳибжон ака ана шундай мард, танти, эътиборли ва атрофдагиларга жигарингиздек жон куйдирадиган АСЛ ИНСОН эди.” 
    Яна бир таниқли журналист, қалами ўткир ижодкор, дадамнинг кўп йиллик акахонларидан бири “Қишлоқ ҳаёти” газетаси Бош муҳаррири Чори Латипов эса ўз хотираларини қуйидагича ёзди: “Соҳибжонни танимаган ҳамкасб-ку йўқ, уни бутун бир мамлакат яхши танийди. Биз ҳар кўришганда жилмайиб сўрашадиган ибораларимиз бор эди. “Қаймоқхўрлик” деган мавзуда. Бундан анча йиллар бурун Жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика куллиётига қабул пайтида изма-из беш-олти йил бирга қатнашдик. Ҳа, абитуриентлардан ижодий имтиҳон олар эдик. Бу воқеа халқимиз тилида “Литературний” деб ном олган жойда жойлашган олий даргоҳ биносида кечарди. Қоидага кўра, бизга имкон қадар вақтлироқ келишимиз тайинланар эди ва шу боисдан, қайсидир хонада эрталабки нонушта ҳозирлаб қўйишарди. Нонушта жуда иштаҳали бўларди. Ёз кунлари эмасми, сархил мевалар иштаҳани очиб юборар эди. Энг эсда қоларли томони, бу маскан Тошкентнинг сара қаймоқ ва патирлари сотиладиган бозорга яқинлиги учун дастурхонга шу икки таом албатта қўйиларди. Тўғриси, йилда бир марта бўладиган бу ишга ҳеч ким кеч қолишни ўзига эп кўрмасди ва уйдан жуда вақтли чиқар, шубҳасиз уйда нонушта қилишга улгурмаган бўлардик. Йўлнинг узоқлиги эса иштаҳани янаям очиб юборар эди. Тўғриси, ҳар биримиз қаймоқни патирга булаб- ўраб ер эканмиз унинг ростданам ажойиб мазасини эътироф этардик. Шу-шу биз Соҳибжон билан қаерда кўришмайлик қаймоқхўрлик мавзусида гап очиларди. Имтиҳон хабари келса, бир-биримизга “эртага қаймоқхўрлик экан-да”, деб гаплашар эдик. Муқимийнинг танобчилар ҳақидаги шеъри сатрларини мавзуга мослаб, “ҳар йилда келадур бир қаймоқ” деб ҳам ҳазиллашардик. Яқиндагина бир ҳамкасбимизнинг “ош” тадбирида ёнма-ён столда бўлсак-да бирон-биримизга гап отдик. “Дастурхонда қаймоқ йўғу”, деб. Билганлар кулишиб, шу қаймоқ деган илмоқли гапингларни қўймадинглар, қўймадинглар-да, деб луқма ташлаб ҳам қўйишди. Билмадим, Соҳибжонга Аллоҳ яна умр берганида, у билан яна қаймоқлашиш насиб этармиди, йўқми, аммо қаймоқ мавзуси давом этарди. Бирга қаймоқхўрлик қилмаслик унча алам қилмасди, аммо бироқ самимий суҳбатларимиз ҳам қиёматга кўчди. Мен бу нохуш хабарни эшитибоқ дўстлардан сабабини сўрадим. Юрак, дейишди. Шундай очилиб- сочилиб юрадиган, юзига боқсангиз биттаям ғубор кўринмаган инсонда юрак дарди бормикан?! На чора, Аллоҳнинг иродаси. Яна бир тадбиркор улфат дўстлари Бобораҳмат Дўстқобилов отамнинг вафотидан қаттиқ қайғурдилар: “Эҳ, Соҳибжон… Соҳибжоннинг тобутини кўтараман, деган ўй минг йилда ҳам хаёлимга келмасди. Дўстим, сиз фоний дунёни тарк этиб, жаҳонни унутиб қилинадиган суҳбатларнинг вақтинчалиги, бебаҳолиги ва ғаниматлигини исботладингиз. Қадрингизни ўтказдингиз… Соҳибжон билан гаплашган одам қайси соҳада баҳс кетмасин, енгил тортарди. Доим атрофдаги одамларни кузатиб, ўз фалсафасини, ҳаётий тажрибасини бойитадиган, уни ҳамма билан баҳам кўрадиган, кейин кимдан нима ўрганган бўлса, ўша одамга, “сиздан фалон нарсани ўрганганман”, деб кулиб туриб миннатдорлик изҳор этиб юрадиган йигит эди. Соҳибжон билан 2002 йил, албатта дўстлар даврасида танишганмиз. Бошқалар билан бўладиган танишувлар секин-асталик билан билишувга айланса, Соҳибжон билан бўлган танишув, бирданига билишувга айланган эди. Бирданига эски қадрдондай бўлиб қолганмиз. Бунинг сири Соҳибжоннинг билимдонлигида, ҳақиқий журналистлигида ва очиқ қалблигида бўлса керак. Соҳибжондаги яна бир хусусият, ҳеч қачон бировнинг гапини ўзиники қилиб гапирмас эди. Албатта ўша гапнинг муаллифини таништириб, кейин фикр айнан келтириларди. Даврамизнинг бир хусусияти бор, бир сўз ёки бир неча сўз бирикмаси бутун бошли бир воқеани эслатарди. Бу интернетда «калит сўз» дейилади ва одатда кўк ранг билан ёзилади. Бегона одам бўлмаса, калит сўзлар билан бошқа давралардан кўпроқ маълумот алмашардик, суҳбат унуми юқори бўларди. Соҳибжондан эшитганларимизни бошқа дўстлар эслаб ёзишар, мен бир неча калит сўзлар билан боғлиқ воқеаларни эсламоқчиман. Чорвоқ сув омборининг йўли четидаги бетон тўсиқларга ҳар-хил севги изҳорлари турли «ҳуснихат»ларда ёзилган бўларди. Шулардан бири «Кристина + Ҳайитбой = (юракка яшин ургани тасвири)» бўлиб ўткир латифа сингари кулгини келтирганидан муомаламизга кирган эди. Бу «ташбеҳ» аёл киши гўзаллик салонини забт этиб, кейин эри билан тўй-пўйга чиққанда ишлатиладиган бўлди. Биз тез-тез ташриф буюрадиган емакхоналарнинг ходимлари жуда ҳурмат билан кутиб олишарди ва бизни ўзларига яқин олишарди. Сабаби, 2 киши бўлиб кирсак, бир соат ичида дўстлар қўшилиб-қўшилиб 10-15 чоғли одам бўлиб кетардик. Бу ўша емакхонанинг даромадига «+» бўлади- да! Шундай йиғинларимиздан бирида бизга хизмат кўрсатаётган Аня деган қиз «Сделайте пожалуйста таржима, самсамсамсамсам (тахминан шунга ўхшаш товушлар бирикмаси) что означает?», деб сўраб қолди. У қиз ўзбекча ўрганишни бошлаганидан хабаримиз бор, лекин биз, яъни зиёлиларнинг вакиллари саволга жавоб бериш учун ҳаракатни бошладик. Ҳамма бир-бир унга такрорлатиб, саволни эшитиб кўрди. 
– Аня, нима дединг? 
– Самсамсамсамсам что означает? 
    Бир неча уринишлардан сўнг ҳам “ўрусча” таржимасини топа олмаганимиздан кейин, Анянинг тили охирги пайтлар чучуклашиб кетяпти, деб ҳукм чиқардик. Лекин, кўп ўтмай маълум бўлдики, бу «сомсамисан сомса, что означает?», деган савол экан. Шундан сўнг тушунарсиз бирор нарса эшитсак, бир-биримизга «сомсамисан сомса», деб қўядиган бўлдик. Бундай калит сўзлар, менимча, 100дан ортиқ бўлса керак. Бу сўзларни очиб бериш учун сўзни пайдо бўлиш тарихини айтиш керак, бу ҳажм жиҳатидан анча катта ҳикоя бўлиб қолади. Чегарадан чиқмаслик учун бошқаларига тўхталмоқчи эмасман. Бир-биримиздан кўп нарсаларни тўғри йўлни танлаш учун сўраб ўргандик, ўрганганларимизни яқинларимизга ўргатдик, савоблари Соҳибжонга ҳамиша етиб туришини Аллоҳдан сўрайман. Соҳибжоннинг бу фоний дунёдан ўтганлиги тўғрисида хабар тарқалгандан кейин, 2 ҳафта давомида Ўзбекистоннинг ҳар-хил жойларидан кўплаб дўстларим, қариндошларим, синфдошларим, курсдошларим таъзия билдиришди. Соҳибжоннинг жойи жаннатда бўлишини Ўзидан сўрайман... Ўзим билан ҳам жуда кўп қизиқарли хотиралар бор. Ҳозир китобхонга уларнинг иккитасини айтиб бермоқчиман. Тўғридан-тўғри маънода ҳам, кўчма маънода ҳам ишлатса бўладиган “гули гулига” деган иборанинг ҳаётимиздаги қизиқарли воқеалигини эсласак, ҳалиям кулиб юборамиз. 2020 йилнинг ёз-куз фасллари эди. Ўша йили уйимизни “бошдан оёқ” таъмирлатдик. Ҳовли ҳам, хоналар ҳам янгиланди. Дадамнинг усталар ҳақида айтган ва ёд бўлиб кетган бир нечта темир фикрлари бор эди. Булардан бири “Усталар доим ўзидан олдин ишлаб кетганларнинг ишларини ёмонлайди”, бўлса, иккинчиси “Усталар ишлатиладиган материалнинг ҳисобини ҳеч қачон аниқ олишолмайди. Доим ё керагидан ортиқ бўлади, ёки етмай қолади”, эди. Бу сафар ҳам шундай бўлди – хоналарнинг бирига ёпиштириладиган гулқоғоз етмай қолди. Етмай қолди, деб айтиш аслида, бир оз нотўғри ҳам. Чунки материал етиб турибди, фақат гулқоғознинг “гули гулига” тушмаяпти-да. Уни ёпиштирган сурхондарёлик Бойбўри ака “девор ёпилса бўлди-да” қабилида саводсизлик билан иш тутиб, гулига қараб ҳам ўтирмаган. Иш битганидан сўнг, дадамнинг бир хуноби чиқади-да. “Яхши турибди-ку, ада. Унчалик ҳам билингани йўқ-ку”, десам кўнмайдилар. Охири, худди шундай гулқоғоздан яна бир ўрам олиб келиб, бошидан ёпиштириш бўйича топшириқ олдик. Энди уни аввал бошдан сотиб олган жойимиз тугул, бутун бозорни айланиб ҳам топа олмайман. Сабаби, бу каби қурилиш моллари битта тўпламда келиб, иккинчисида ҳаммаси янгиланар, олдингиларини такрорламас экан. Бутун ташвишим шу гулқоғозни топиш бўлиб қолди. Дард устида чипқон қилиб, дадам ҳар куни суриштирадилар: “Топдингми? Бор эканми?”, деб. Лекин топиб бўлмаяпти-да. Охири, худди ноёб дорини қидирган одамга ўхшаб, интернетдан гулқоғоз билан шуғулланувчи фирмалар, сотувчиларнинг рақамларини олиб, катта рўйхат қилиб олдим ва бирма-бир уларга қўнғироқ қилиб чиқдим. Уларга худди шу гулқоғознинг фақат ўзига бериладиган “коди”ни айтаман. Қорақалпоғистондами, бошқа вилоятдами, фарқи йўқ – топилса бўлди эди. Аммо, барибир чиқмади. Дадам “Ўша ерда аниқ бўлар экан”, деганлари сабаб, охирги уриниш йирик “Жомий” қурилиш бозорига бўлди. Гулқоғоздан бир парча кўтариб олиб, бозорда кирмаган дўконим қолмади. Бу ҳам натижасиз бўлганидан кейин дадам иккаламиз ҳам тақдирга тан бердик. Ўшанда ҳам “суриштириб юравер-чи, чиқиб қолса, ёпиштириб қўямиз”, деган хулоса билан мавзу ёпилди. Ўзи ўғлим дунё бир кам яралган. Ҳамма нарса ҳам мукаммал бўлиб кетаверса бўлмас..., деб донишмандлик билан фикр билдириб қўйдилар. Иккинчи воқеа ҳам худди шунга ўхшаш, фақат у дарвозахонага ёпиштирилган кафель билан боғлиқ. Уни аввалроқ бутун ҳовли бўйлаб ишлатилган бошқа кафель билан бир хил қилмоқчи бўлганмиз. Ўшанда ҳам яна бир бор “Жомий”ни зиёрат қилиб келганман. Натижа бўлмагач, аввалги кафелларни ҳам кўчириб ташлаб, уларни бошидан охиригача янгилаганмиз. Ҳаммаси шу, бошида таъкидлаганим – “гулини гулига тушириш” учун бўлган ҳаракатлар эди. Дадам ҳамма ишни тартибли қилишни яхши кўрардилар. Палапартишлик уларга умуман бегона эди. Вақт кўп кетса ҳам, майли – ҳаммаси чиройли бўлиши керак эди. Ҳовлида бирор юмуш қилаётганимизда, “бу ишни ҳамма ҳам қила олади, лекин уни батартиб, кўзга ёқимли қилиб бажариш асосий масала”, деб кўп бора айтганлар. Дарвоқе, бу хусусиятларни дадамнинг оталари – Назиржон бобомда ҳам кузатганман. Шуларни ўйлаб, дадамнинг айтганларини ҳаёлимга муҳрлаган ҳолда, ҳар ерда ҳам тартибли ишлашга ҳаракат қиляпман. Улар шуни жуда хоҳлар эдилар... 
    Бу сифатлар ва жиҳатларни дадамни нисбатан озроқ вақт таниган одам – менинг турмуш ўртоғим, ҳам касбдошим, “Ёшлар” радиоканали бошловчиси Гўзалбегим Алижонова ҳам алоҳида мамнуният билан эслаб келади: “Қайнота дадажоним бебаҳо инсон эдилар. Бўлажак қайнотамнинг касби ҳам журналист эканлигини тасодифан билиб қолганман. Айни шу пайтдан бошлаб мен улар ҳақида кўпроқ маълумот топиб, ҳурматим тобора ошиб борган. Тўйга бир-икки ҳафта қолганида, Адажон раҳбарлигида ишлаган ҳамкасбларимиз улар ишда қанчалик талабчан ва ҳатто қаттиққўл эканини айтишганини эслайман. Бу мени хавотирга солмади, деб айта олмайман. Лекин уларнинг суратларини томоша қилиб, кўзлари бундай меҳрибон инсон ёмон бўлиши мумкин эмаслигига ўзимни ишонтирар эдим ва бу ҳақиқат бўлиб чиқди. Яқинлари ва дўстлари орасида катта обрў-эътиборга эга эдилар. Шу билан бирга, ғамхўр умр йўлдоши, набираларига меҳрибон бобо, фарзандларига суянчиқ ота эдилар. Адажоннинг феъл-атворларида мен рационалликни, ўз нуқтаи назарларини тўғри етказиш қобилиятларини ва энг муҳими, одамни тинглай билишларини қадрлардим. Улар ҳеч қачон шошилиб хулоса чиқармасдилар. Гапиришга имкон бериб, кейин эса хотиржамлик билан хатоларни кўрсатиб, муаммони ҳал қилиш йўлларини таклиф қилардилар. Қайнотам менга ўз қизидек муносабатда бўлди. Биз тез-тез нонушта ёки кечки овқат пайтида ҳар-хил мавзуларда суҳбатлашардик. Мен уларга кўп саволлар берардим, улар эса сабр билан тинглаб, қизиқарли тарзда оталарча меҳр билан жавоб берардилар. Шу лаҳзаларни кўп соғинаман. Адажон мени тушунар, кайфиятимни кўзларимдан билардилар, ҳар бир ишимда доим қўллаб- қувватлаганлар. Мен уларга магистратурага ўқишга кириш истагим ҳақида айтганимда, иккиланмасдан розилик бердилар ва бу келажакда ўз мевасини беришини таъкидлаганлар. Адажонни йўқотган кунимиздан роппа-роса бир ой ўтгач, мен бутун иродамни бир жамлаб, магистратурага кириш учун имтиҳондан ўтдим, чунки адажон ҳам буни хоҳлаган эдилар. Ўқишни битириб, Алижонова фамилияси остида дипломимни олиш учун саҳнага чиққанимда, чексиз ғурур ҳис қилдим. Энг муҳими, ўша пайтда мени қўллаб-қувватлаган Адажонимга қалбимда раҳматлар айтдим. Набираси Зуфаржонни интиқлик билан кутганларини эслайман. Уни биринчи марта қўлларига олиб, бахт кўз ёшларини бекита олмаганлар. Шундан кейин адажон набирасини соғиниб ҳар куни ишдан келишлари билан уни кўргани кирар эдилар. Зуфаржонни ўйнатиб, янги қилиқларидан доим қувонганлар. Адажон Зуфаржон ҳақида доим “Бу бола бошқача-да”, деб айтар эдилар. Улар вафот этганда, Зуфаржонимиз атиги 6 ойлик эди, лекин ўша кечада бир сонияга бўлсин, кўз юммади. Атрофда нималар бўлаётганини тушунгандай жиддий, кўзларини катта-катта очиб жимгина ётарди. Ҳозир у бобосини суратлардан танийди, улғайганида эса Соҳибжон бобоси қандай ажойиб, бетакрор инсон бўлганини албатта айтиб берамиз. Зуфаржон бобоси ишдан келганида олдига югуриб бориб, бўйнидан қаттиқ кучоқлаб кутиб олишини, бобосига қандай меҳрибон бўлишини ва уларни қанчалик яхши кўришини, қўлидан ушлаб биринчи синфга боришини ҳар доим тасаввур қиламан. “Бобожон, дуо қилинг”, деб биринчи дипломини олиб келиши, бобоси суюкли набирасининг тўйида оқ фотиҳа беришлари − менинг энг катта армонларим... Ҳеч бир байрам, тадбир ва ҳеч бир кун сизни ўйламай ўтмайди, Адажон. Мен ҳаётимнинг қийин дамларида “Сиз ҳозир қандай маслаҳат берган, нима қилган бўлардингиз, менинг амалларим сизни хафа қилмасмиди”, деб ўйлаб қоламан. Мен бу хонадонга келин бўлиб тушганимдан, то адажонимнинг вафотларигача бўлган 2 йил, аслида қисқа муддат, лекин улар шу вақт ичида ҳам мен учун чексиз ҳурматга лойиқ инсонга айландилар. Уларнинг фикри мен учун доимо муҳим эди. Энди мен адажонимни дуоларимда қучиб, абадий дунёда ҳам қайнота келин, бир оила бўлишни Яратгандан сўрайман.” Аёлимнинг бу гапларини эшитиб, кўзимдан оққан ёшларни тўхтата олмайман. Кейин беихтиёр ҳали уйланмаган пайтларим дадамнинг менга гапларию, панд-насиҳатлари ёдимга тушади. Йигит пайтларим кўчада кеч қолиб кетсам, дадам ухламай кутиб ўтирар, келганимдан кейин “пятиминутка” бошланарди. Бошқача тил билан айтганда, “чилёсин”. Бу “ширин” суҳбатлар дағдаға билан, “нима қанд еб юргандинг?”, “ким билан эдинг?”, “қаёққа қараб кетяпсан, ўзи?”, деган саволлар билан бошланиб, деярли ҳар сафар дадамнинг мактабни битирган йиллари ўртоқлари билан қўшни қишлоққа тўйга кетаётганда, орқадан бобомнинг “Ява” мотоциклини ҳайдаб келиб қолгани, “Қаёққа кетяпсанлар?”, деган саволга бурун тортиб “Тўйға”, деб жавоб беришгани, кейин “Тезда орқага қайт”, деб дўқ урилганию, дадам дўстларидан ажралиб, норози қиёфада уйга қайтган воқеаси билан тугалланарди. Хулоса ўрнида эса, бобомнинг уйга келиб айтган насиҳат гапи такрорланарди. У шундай насиҳат: “Ҳали шунақа вақтлар келади, тўй, зиёфат, ошначилик сенинг ортингдан ўзи қувиб юради. Ҳали бунақа зиёфатлардан зерикиб ҳам кетасан. Ҳозир эса бўлар-бўлмас бекорчи ишларга чалғима...” – Мана, ҳозир ўзинг кўрасан-ку! Деярли ҳар куни тўйга, туғилган кунга чақиришади. Ишларимни кўзим қиймай, баъзиларига боргим ҳам келмайди. Бобонг айтган гаплар ҳақиқатмикан? – Ҳа, ада, − дейман мен ҳам “шилқиллаб”. – Энди бор, юз қўлингни ювиб, кириб ухла. Гапларим эсингда турсин. Шу қимматли гаплардан кейин дадамнинг мени уришиши, албатта яхшилик учун бўлганини англаб, ич-ичимдан улардан миннатдор бўлиб чиқиб кетардим. Кейин катта бўлдим, оз-моз яхши-ёмоннинг фарқига бориб қолдим. Яхши жойда ўқиб, яхши ишга кирдим, дадамнинг юзини ерга қаратадиган иш қилмадим. Охирги йилларда улар билан дўстлардек суҳбат қуриб, катта масалаларда маслаҳатлашиб қолган вақтларимизда, “Айтмасам ҳам сендан фахрланаман, тўғри йўлдасан, яхши кетяпсан”, деб кўп сўзлардилар. Айниқса, ўғил фарзандли бўлганимда, мени қучоқлаб, “Молодец, ўғлим!”, деганларида меҳрларини ҳис қилиб, кап-катта киши бўлсам ҳам йиғлаб юборганман. Афсус, бу меҳрга тўя олмадим. Ҳозир дадамни таниган инсонлар менга қараб, овозим, юришим, чеҳрамни уларга ўхшатишса, хурсанд бўлиб кетаман. Чунки менинг даражам, қилаётган ишларим уларникига ҳали яқин ҳам йўлай олмаслигини билиб, ҳеч бўлмаса, “Ўзим ўхшаб боряпман экан-ку”, дея таскин бераман ўзимга ўзим. Мақтовларини ўзимга айтмасалар ҳам, дўстларининг олдида мендан фахрланиб гапиришларини кўп эшитганман. Биринчи машинамни сотиб олганимда, “Янгисида сиз юринг, мен сиз ҳайдаётган эскисини минавераман”, деб алмаштириб олганман. Ўшанда ўртоқларига “Бу машинани менга ўғлим олиб берди! Қани, қайси бирингизнинг ўғлингиз сизга машина совға қилган?”, деб ҳазил аралаш гапиргандилар. Ундан кейинги автомобилни олганимизда ҳам, Бағдодга ҳайдаб бориб, “Ўғлим менга янги машина олиб берди”, деб мақтанганларини синфдошлари Маъруф ака дадамнинг вафотларидан кейин менга айтиб берди. Ҳозир ижтимоий тармоқларда ўғилларнинг отасига “Дадамга” деб ёзилган ёрлиқлар билан машина совға қилаётганини кўрсам, йиғлаб юбораман, “шунақа кўринишда совғалар қилиш насиб этмабди бизга”, деб ўксинаман. 
    ОТАНИНГ ўрнини оилада ҳам, ҳаётда ҳам ҳеч ким боса олмас экан. Буни фақат отасидан айрилганлар тушунаркан... Тирикликларида ёнларида туриб кўпроқ қалбларини ёриштирадиган сўзлар айтмаганимдан, баҳри дилларини ёриштирадиган амаллар қилмаганимдан чуқур армондаман. 
    Ҳозир ёнимда онам, опаларим, акаларим, турмуш ўртоғим, фарзандим бор. Отамнинг ҳақларига барчамиз дуолар қиламиз. Отамга ўзим истагандай кўрсата олмаган муҳаббатимдан кейин кўзим чарақлаб очилган онда, онамни кўпроқ ардоқлашни ўргандим. Отамнинг менга ёзилмаган васиятлари – одамларга кўпроқ яхшилик қилиш, сийлаи раҳм, ўзингдан кечиб ўзлигингни топиш саодати, мақсад сари фидойилик билан ҳаракат ва ижодий ёндашув, Ватанга доим керакли бўлиш фазилатларига содиқликдир. Ва мен бунга ушбу китобни тайёрлаш жараёнида ҳам кўплаб суҳбатлар ва изланишларим чоғида содиқ қолишга ҳаракат қилдим. 

    Азизжон АЛИЖОНОВ, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ёшлар” телерадиоканали “Давр” муҳарририяти бош муҳаррири.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот