Масофадан туриб суд муҳокамаларида иштирок этиш


    Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, энг аввало, фуқароларнинг адолатли суд ҳимоясига бўлган ҳуқуқларини тўлиқ таъминлашга қаратилган. Бугунги кунда технологик тараққиёт инсон ҳаётининг деярли барча жабҳаларига чуқур кириб келгани боис, суд тизимида ҳам рақамлаштириш жараёнлари кенг қамровли тус олмоқда. Айниқса, аҳоли учун масофадан туриб суд муҳокамаларида иштирок этиш имкониятларини яратиш, адолатга эркин ва қулай йўл билан эришишнинг муҳим омилига айланмоқда.
    Суд мажлисида шахсий иштирок зарурати кўплаб фуқаролар учун турли муаммоларни келтириб чиқаради. Узоқ ҳудуддан келиш, соғлиғи ёмонлиги, жисмоний имконияти чекланган шахслар, иш бандлиги ёки бошқа сабабларга кўра, кўплаб фуқаро ва юридик шахслар судда қатнаша олмай қолмоқда. Шундай ҳолатларда масофавий иштирок имконияти уларнинг ҳуқуқий манфаатларини самарали ҳимоя қилишда муҳим восита бўлади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси суд тизимида ахборот технологиялари кенг жорий қилинмоқда. Жумладан:
 • “Суд ҳужжатлари электрон тизими”,
 • “Э-суд” портали,
 • Видеоконференцалоқа (ВКС) тизими орқали масофавий суд эшитуви,
 • Суд қарорларини my.gov.uz, смс ёки эмаил орқали олиш имкониятлари.
     Бу тизимлар фуқароларнинг суд билан алоқасини енгиллаштирди, вақт ва маблағни тежаш имконини берди.
     Масофавий судлашув имкониятларини такомиллаштириш учун қуйидагиларга эътибор қаратилиши зарур:
 • Ҳудудларда интернет тезлиги ва барқарорлигини ошириш;
 • Фуқароларни рақамли саводхонлик бўйича кенг қамровли ўқув дастурларига жалб этиш;
 • Электрон идентификация тизимларини (электрон имзо, биометрик тасдиқлаш) ривожлантириш;
 • Суд тизимида сунъий интеллект ва автоматлаштирилган мониторинг тизимларини жорий қилиш.
     Аҳолига суд муҳокамаларида масофавий иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш нафақат фуқароларнинг ҳуқуқий имкониятларини оширади, балки суд тизими очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлашда муҳим қадамдир. Келгусида технологияларни тўлиқ жорий этиш ва фуқаролар учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали адолатли судловга бўлган ишонч янада мустаҳкамланади.

Пардаев Бобуржон – 
Андижон туманлараро маъмурий суди судьяси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот