ШЕЪР ТАРЖИМАСИ – ҚАЛБ ТАРЖИМАСИДИР


ШЕЪР ТАРЖИМАСИ – ҚАЛБ ТАРЖИМАСИДИР

Таниқли шоира, “Китоб дунёси” газетаси бош муҳаррири
Хосият РУСТАМОВА билан суҳбат

– Сизнингча,  яхши шеър қандай бўлади, яхши шоир-чи?
– Яхши шеърни таърифлай олмайман, балки жуда ранглидир. Лекин менинг тасаввуримдаги яхши шеър – руҳга оғриқсиз сингиб кетадиган шеър. Ўқиганингда атрофингда ҳеч нарса ўзгармаслиги мумкин, аммо руҳиятингда, ичингда бошқа одамга айланишинг керак. Яхши шоир ҳам шу – сўзни дур ва кўзёшни шеър билан  алмаштира олган одам. У сўздан бошқа ҳеч нарсага муҳтож эмас, балки сўзга ҳам муҳтож эмасдир. Балки бир чимдим нурга муҳтождир, балки у ҳам керакмасдир. Чунки ҳаммаси Унинг изми билан, ҳаммаси энг юқоридан! Кўриниши одамга ўхшагани билан, шоир балки мутлақо одам эмасдир, эҳтимол, одам қиёфасидаги шеърдир...
– Мустақилликка қадар асосан чет эл адабиётидан ўзбек тилига таржима қилинар эди. Истиқлолнинг адабиётимизга берган энг катта имкониятларидан бири шу бўлдики, энди ўзбек тилида яратилган асарлар бошқа тиллар ва адабиётларга фаол таржима қилинмоқда. Сиз ҳозирги пайтда ўзбек адиблари орасида асарлари хорижий тилларга кўп таржима қилинаётган шоирлардан бирисиз. Шубҳасиз, бу даражага эришиш осон эмас. Бунинг учун энг аввало яхши шеър, яхши сўзма-сўз ўгирма, муаллифга руҳан яқин бошқа миллат шоирининг сифатли шеърий таржимаси ва бошқа ҳар хил жараёнлардан ўтиш талаб этилади. Боз устига, таржиманинг ўзи оғир меҳнат. Шундай экан, айтинг-чи, бунга – бошқа мамлакатларда ҳам ўзбек шоираси сифатида танилишга қандай эришяпсиз?  
– Тўғриси, ўзимни ақлим шошиб қоляпти. Жуда ғалати ҳолат бу. 2018 йили мен Тайландда ўтказилган шеърият фестивалида биринчи ўринни олдим ва китобим Лондонда чоп этиладиган бўлди. Атрофимдагилар гувоҳ, мен ва улар икки йил таржимон қидирдик. Лекин таржимон топиш шу қадар қийин бўлди, ҳозир эсласам ҳам бошим айланади. Бунинг устига ҳар ойда Лондондаги нашриётдан хат олиб турибман, шеър сўрашади. Бор-йўғи сўзма-сўз таржима сўрай бошлашди кейин. Бунинг ҳам уддасидан чиқолмадим. Уларнинг хатларига жавоб бермай қўйдим. Бошқа иложим қолмаганди. Лекин ўша кунлари мен билмасдимки, бу бизга боғлиқ бўлмаган жараён. Ҳозир бемалол айта оламан, ҳар бир шеър, ҳар бир асарнинг инсонники каби тақдири бор. Мана шу “Рангин кўзёшлар” китобим лондонлик таржимондан уч маротаба қайтди. У дастлаб бирорта шеърни қабул қилмади. Мен «кўнгилдагидек ўгирилган» деб юборган таржималар ҳақида, сизнинг шеърларингизга яқинлашмаган ҳам, деган жавоб олишдан чарчадим, ҳафсалам пир бўлди, таржимадан кўнглим қолди.
  Ва кунлардан бир куни Лондонлик таржимоннинг ўзидан мактуб олдим. У  шеърларимдан яхши хабардорлигини айтиб, ўзбекистонлик инглизчани яхши биладиган бирор таржимон билан ўзини гаплаштиришимни сўраган эди. Мен унинг мактубини таниқли ижодкор ва таржимон Аъзам Обидовга юбордим. Аъзамжон Жон билан гаплашиб, сўнг менинг таржимонларимга унинг нима истаётганини тушунтирди. Ана ўшандан кейин уч ой Жон Фарндон ўзбекистонлик тўрт нафар таржимон билан ишлади. Шу вақт ичида Вьетнамдан мактуб олдим, улар менинг инглиз тилидаги шеърларимни сўрашди. Мен танлаб олишар, деган мақсадда Жон Фарндон таржима қилган китобнинг электрон шаклини юбордим ва икки ярим ой ўтиб, улардан китобим вьетнам тилида нашрга тайёр экани ва Ёзувчилар уюшмасига кўриб чиқиш учун топширилгани маълум қилинган хат олдим. Хуллас, Вьетнамдаги китоб Лондондаги китобдан ҳам олдинроқ босилиб чиқди.
  Яна бир куни Туркиядаги ўртоқларимиз 2008 йили Анқарада босилган турк тилидаги китобимни қайта нашр этмоқчи эканликларини хабар қилишди. Ва янги таржималар сўрашди. Мен олдинги китобим ўзгаришсиз қайта нашр этилишини хоҳламадим, улардан қайта кўриб чиқиш учун бир ой вақт сўрадим. Икки ойга чўзилган мана шу фурсат ичида шоир ва таржимон Шермурод Субҳон билан қаттиқ ишладик ва каттагина китоб тайёрлашга муваффақ бўлдик. Ва бу турк тилидаги китоб энг яхши таржимонлар томонидан озар тилига таржима қилинди. Айтишим мумкинки, бу йил Озарбойжонда менинг учта китобим, агар 2009 йили босилган “Қўрқинч” китобимниям қўшсак, Бокуда менинг жами тўртта китобим чоп этилди.
  Қўшни мамлакатлар – Қозоғистон ва Тожикистонда босилган китобларимнинг таржимонлари ҳам бошловчи таржимонлар эмас, маҳоратига бемалол ишонса бўладиган тажрибали таржимонлар эканини китобларим босилиб чиққанидан кейин билдим.
– Афсуски, кўпчилик ижодкорларимиз чет тилларини яхши ёки мутлақо билмайди, шунга қарамасдан, ҳис этасиз, сезасиз-ку, хорижий тилларга амалга оширилган таржималарингиздан кўнглингиз тўладими?
– Энг қизиғи, ҳозиргача шеърларим бир неча чет тилларига ўгирилган, йигирмага яқин хорижлик шоир-ёзувчилар китобларим ҳақида ёзган ёки тадқиқот олиб бораётган бўлса, сербми, итальянми, ҳиндми, инглизми, испанми, албанми, айнан бир хил шеърлардан мисол келтираётганлари мени ҳайрон қолдиряпти. Демак, шеърнинг биринчи тилдаги таржимаси жуда муҳим. Ундан кейинги таржималар айнан биринчи шеърни такрорлайди. Ҳозир итальян, серб, белорус, испан, украин, татар, бенгал, рус ва туркман тилларидаги китобларим тайёрлигидан хабарим бор, лекин қачон чоп этилишини билмайман. Менга ҳозир унисиям, бунисиям муҳим эмас. Мен учун муҳими – ёзиш! Саккиз йиллик танаффусдан кейин қўрқиб қолганман. Яна шу ҳолат такрорланишидан қўрқаман.
  Шубҳасиз, мен таржима мураккаб жараён эканлигиини яхши биламан. Тил биладиганларнинг ҳаммаси ҳам таржимон эмас. Таржимон бўлиб ҳам туғилиш керак, шекилли.
  «Китоб дунёси» газетасидаги иш тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, тилни мукаммал биладиган баъзи мутахассис-таржимонлар ярим қоғоз матнни тузук таржима қилолмаганлари ҳолда, тилни тузук билмайдиган, ҳатто ўша тилда гаплаша олмайдиган, аммо бирор бир катта-кичик асарни берсангиз, кўнглингиздагидек ёки ундан-да зиёда этиб таржима қила оладиган ҳаваскор таржимонларни ҳам кўрдим. Бунинг нима эканлигини билмайсиз. Жуда мураккаб, ҳаммасида ғалати бир сир борга ўхшайди.
  Менга яқинда Россияда тайёрланган китобимни чоп этишга розилик олиш учун юборишди. Диққат билан кўра бошладим. Кундаликларимнинг ичида “Худо деб юрган кунларим Сени учратдим, ўша кунлари Сен ҳам Худо деб юрганмидинг?” деган жумла бор эди. Не кўз билан кўрайки, «Худодай юрган кунларим…» деб таржима қилинган. Тасаввур қиляпсизми, қанчалар оғир ҳолатга тушдим. Ва бир бошдан синчиклаб кўришга мажбур бўлдим. Бу оғир жараён бир ойга чўзилди.
  Тажрибада кўраяпман, баъзида энг яхши таржимонларнинг ўгирмаларида ҳам шундай қалтис ҳолатлар юзага келадики, бир жумла учун бутун бир китобдан воз кечишни истаб қоласан! Очиғини айтганда, баъзан “алдов” билан “ёлғон гапирмоқ” деган сўз ёки иборанинг фарқига бормайдиган «таржимон»ларга ҳам дуч келдим.
  Яқинда беларуслик таржимон менга таржималарини юборди ва ўзбек тилидаги шеърларимни юборишимни сўради. У менинг шеърларимни рус тилидан таржима қилаётган экан. Гогл таржимон ёрдамида бўлса ҳам ўзбек тилида ўқишни хоҳлайман, деб ёзган эди.
  Бир куни вақт топдим ва беларус тилидаги шеърларни “гугл» («googl»)га солиб, шеърларимни қидира бошладим. Бир шеър йўқ... тополмаяпман. Русча вариантига қарадим, Александр Файнберг туппа-тузук ўгирган. Ўша куни шоир ва таржимон Светлана Бикаевага мактуб ёздим, нақ икки ярим қоғоз. Мен уни хафа қилдим, деб ўйлагандим. Аммо, у бу мактубдан боши осмонга етганлигини айтиб, умрбод сақлаб қўйишини, рози бўлсам, китобларига киритишини ҳам қўшиб қўйган.
– Сиз чет эл адабиёти вакилларидан бир қанча шеърий ва насрий таржималар қилгансиз ва бу таржима асарлар кенг эътироф этилган. Таржимачиликнинг сир-асрори, нозик жиҳатлари, бу борадаги тажрибангиз билан ўртоқлашсангиз, балки ҳамкасбларингизга фойдали бўларди. Таржимон, таржима қилинадиган асар, таржима қандай бўлиши керак?
– Мен ҳамиша нимадир ёзишни бошласам ўзимдаги ички ҳолат тубдан ўзгараётганини ҳис қила бошлайман. Бу ҳолат менинг таржима билан ишлаш жараёнидаги аҳволимни эслатади. Марина Цветаевани таржима қила бошлаган кунларим уйимда унинг руҳини аниқ ҳис қилганман. Эсимдан чиқмайди, бир куни унинг Пастернакка ёзилган бир туркум шеърлари устида ишлаётгандим, шу қадар ўзимда эмас эканман, демак, Қўчқор акам уйга меҳмон келаётганини айтиб хонамга кирганларида жуда ҳайрон қолгандим. Бир жумла бор эди, мен ўша жумланинг ичида эдим. Бир сўзни тополмаётган эдим....
  Кўзёш ҳақида эди у сўз. Нимадир овқат пишириш ҳақида гапирганларида янаям ҳайрон бўлганман, қараб тураверганман. Ва неча соатдан буён қийнаётган ўша сўзни худди шу лаҳзада топгандим... “Катта” сўзининг синоними керак эди, топдим ва жумлани давом эттирдим ҳамки ўзимга келдим: “Кўзёшлар бўлмасин кўзлардан йирик”.  Энди бемалол ҳамма нарса қила олардим. Овқат пишириш иш бўптими?
Яна бир куни Рамиз Ровшаннинг “Сут тишининг оғриғи” поэмасини ўгиряпман, анчадан буён кўтарилмаган қон босимим тушмаяпти. Бошидан охиригача ҳаяжон билан таржима қилганман. Бўлмаса, бу асарни неча марта озар ва  ўзбек тилида ўқиганман. Энг қизиғи, таржима тугаганда, касаллик ҳам йўқолган эди...
  Таржима жараёнининг ғалатилиги шундаки, сен бировнинг асари эканини унутиб қўясан, асар муаллифига айланасан ва ҳар бир сўз билан яшай бошлайсан. Сен ёзаётганингда ҳис қилмаган кўп нарсаларни таржима жараёнида бошдан кечирасан. Икки одам бўлиб яшайсан! Баъзан шеърни таржима қилиш керак эмас, деган фикрлар юради. Аввал ўзим ҳам шу фикрда эдим.  Аммо, шеърни таржимасиз ўқиб тушуниш имкони бўлмаса, нима, шеър фақат бир тилда, бир миллатники бўлиб қолиши керакми? Агар шундай бўлса, биз ҳозиргача севиб ўқийдиган шоирларни танимай ўтиб кетармидик...
  Таржима таржимондан истеъдоддан ташқари оғир меҳнатни ҳам талаб қилади. Баъзан таржимонлар қайсидир сўзларнинг синонимларини сўрашади. Баъзи сўзларнинг ҳатто синонимлари йўқ! Маъноси мутлақо бошқа кўчаларга кириб кетиб қолади. Яқинда бир араб таржимони кундаликларимни шеър қилиб ўгирибди. Мен унга бундай йўл тутиб бўлмаслигини тушунтиргунимча қанча вақтим кетди.
– Мамлакатимизда бадиий таржима соҳасини ривожлантириш, малакали, истеъдодли таржимонларни тайёрлаш борасида талай ишлар қилинмоқда. Таржимачиликни янада равнақ топтириш, ўзбек адабиётини жаҳонга тезроқ, кўпроқ ва кенгроқ ёйиш учун яна нима ишлар қилиш керак, деб ҳисоблайсиз?
– Бугунги кунда Президентимиз раҳнамолигида юртимизда адабиётга, маънавиятга алоҳида аҳамият берилмоқда. Бу адабиётимизда самарали натижа бераётир. Яъни миллий адабиётимиз, ўзбек адабиёти хорижий мамлакатларда оммалашиб бормоқда. Шундай қулай шароитда таржима устувор вазифаларимиздан бири бўлиб турибди. Бу борада Ёзувчилар уюшмаси айниқса кейинги йилларда бир қатор ижобий ва фойдали ишларни амалга оширди. 
  Ушбу соҳада кенг кўламда олиб борилаётган янгилик ва ўзгаришларни янада жадаллаштириш учун Ўзбекистон Таржимонлар ассоциациясини ташкил этиш ва чет эллик таржимонларни жалб қилиб, ўзбек таржимонлари билан ҳамкорлик қилишлари учун самарали имкониятларни яратиш керак, деб ўйлайман. Аниқ айта оламанки, бу иш икки йилга қолмай ҳосил беради ва тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада натижа ва асрларга татийдиган асарлар мерос қолади.
  Қаранг, бу борада бизнинг қандай кучли, маҳоратли таржимонларимиз бўлган. Қодир Мирмуҳаммедов, Шариф Толиб, Лутфулла Олимов, Абдулла Хўжахонов, (барчаларини номма-ном айтолмаётганим учун мени кечиришсин) Озод Шарофутдинов, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Шавкат Раҳмон, Амир Файзулла, Янглиш Эгамова... Таржимачиликнинг тирик афсоналари Иброҳим Ғафуров, Низом Комил, Олим Отахон... Бу ҳам бизнинг бахтимиз! Бу ҳам миллатимизнинг адабиёти ва маданиятини юксалтирадиган қанчалар буюк хизмат! Бу инсонлар ёзувчи ва шоир билан ёнма-ён турадиган, бирга нафас олиб, бирга яшаган ва яшайдиган инсонлар! Биз уларни асар муаллифидан кам ҳурмат қилмаслигимиз керак. Ҳозирги ёшларнинг орасида ҳам шундай келажаги бор таржимонларимиз борки, уларни бугун қўллаб-қувватлашимиз, қадрлашимиз керак. Айниқса, нашриёт рахбарлари уларнинг таржима китобларини ( баьзи бошқа давлатлардаги каби) ўзлари буюртма қилиб, чоп этишлари ва уларнинг меҳнатларини муносиб тақдирлаши лозим. Уларга асар муаллифи билан ёнма-ён турадиган истеьдод сифатида қарашни ўрганишимиз керак. Нима учун Германия германиялик шоир-ёзувчиларини қайси тилга таржима бўлишидан қатьий назар таржимонни кўкларга кўтарибгина қолмай, таржимонга муаллиф тирилиб келгандай муносабатда бўлишади? Бу саволларга жавоб топишимиз ҳам ҳали кўп вақтимизни олади.
  Дарҳақиқат, таржимон ҳам тўлақонли ижодкор, унинг номи адиб номи билан ёнма-ён туришга ҳақлидир.

Салим АШУР суҳбатлашди.
Манба: "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот