Юксак чўққиларни забт этиб...


     Альпинистлар тоғ туризмининг асосий ишқибозларидан ҳисобланади. Улар табиатнинг турли тўсиқларини бардош билан енгиб, мукофотига улкан тоғ чўққисини забт этиш нашидасини татиб кўради. Тоғма-тоғ, чўққима-чўққи, қояма-қоя юришни ўзига мақсад қилган қаҳрамон­ларимиз бир-бирларини ана шундай бахт чўққиларида топган. Улар мана бир неча йилдирки, мангу музликларда, баланд чўққиларда ширин жонларини хавф-хатарга қўйиб, орқаларида оғир сафар халталарини уззукун кўтариб юришади. 
     Салобатли тоғларнинг шайдоси Ўлмас Саидхўжаев турмуш ўртоғи билан қояга чиқишни, чўққиларни забт этишни олдига улкан мақсад қилиб олган. У болалигидан тоғларга ўзгача меҳр қўйди. Қўлига қоғоз олиб, расм чизмоқчи бўлса, аввало, баланд чўққилар тасвирини туширарди. Улғайгач, бу орзулар бироз четга сурилди. Ҳисобчиликни танлади. Шундай бўлса-да, тоғларга ошуфталиги чекинмади. 
     Бир куни интернет саҳифаларида альпинистлар гуруҳи ҳақида ўқиб қолган қаҳрамонимизнинг орзуси қайта жонланди. Ва шу гуруҳга аъзо бўлиб, кузата бошлади.
–Болалигимдан баландликка, тоғларга чиқишни яхши кўрардим,– дейди Ўлмас Саидхўжаев. – Саргузашт жанридаги, яна турли хил саёҳатлар ва наботот оламига оид китобларни севиб ўқирдим. Альпинистлар ҳақидаги фильм­ларни эса қизиқиб томоша қилардим. Гарчи ҳисобчиликни танлаган бўлсам-да, барибир альпинистликка бўлган қизиқишим устунлик қилди.
     2015 йил Ўлмас ака аввалига ўзи альпинистлар гуруҳига қўшилди, кейин­чалик эса турмуш ўртоғи Дилдора Отажоновани ҳам ёнига олди. Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент вилоятидаги тоғларнинг чўққиларини забт этган бу жуфтлик қўшни респуб­ликаларнинг чўққилари сари ҳам йўл олишди.
– Юртимиз юксак чўққилар, жўшқин ва сержилва дарёлар, гўзал ва бетакрор кўллар, музликлар Ҳисор тизмасида, Қашқадарё вилоятида, Тошкент вилояти Ойгаинг дарёси тепа қисмида, Чотқол тоғ тизмасида жуда кўп), ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига эга, – сўзида давом этади Ўлмас ака. – Ана шундай гўзалликдан баҳра олишни, инсон қадами етмаган жойларни кўришни мақсад қилганман. Бугунги кунгача чиққан энг баланд чўққим Тожикистонда Жонат тоғи бўлиб, унинг баландлиги 3886 метр. Албатта, бу натижа билан чекланиб қолмоқчи эмасман. Юртимиз байроғини бундан-да баланд нуқталарга қадашни истайман. Айни пайтда Шароф Эгамбердиев бошчилигидаги “Ўзбек турист” гуруҳида фаолият кўрсатяпмиз. Гуруҳдошларимнинг 2 нафари Эльбурсни ҳам забт этган. Яна 4 таси ўтган йили Непаль давлатидаги тоғларга чиқиб келишди. Дунёда инсонлар забт этишини кутиб ётган тоғлар кўп. Олдимизга қўйган улкан мақсадимиз ҳали танилмаган чўққиларни забт этиш. Бироқ, бу албатта, иқтисодга бориб тақалади. Чунки ўз маблағларимиз билан сафарга чиқамиз. Агар мақсад аниқ бўлса, эртами-кечми уни амалга ошириш учун маблағ топилади. Бунинг учун фақат қатъиятлик, метин ирода ва истак лозим. Баландликка кўтарилиш, уни забт этиш осон иш эмас. Инсондан тинимсиз меҳнат ва табиатга чексиз меҳр-муҳаббат талаб этилади. Ана шу хислатларни ўзингизда жо этсангизгина юксак чўққилар сизга бўйсунади. Бунинг учун ақлий салоҳиятни ишга солмоқ ва яна ҳар қандай вазиятга тайёр турмоқ керак. Асосийси, чекинмаслик, фақат ва фақат олдинга қадам ташлаш.
     Бу орада бизни жимгина тинглаётган Дилдора Отажоновани ҳам суҳбатга тортдик. У киши бироз тортинчоқ бўлса-да, эркаклардан қолишмайдиган матонат ва жасорат соҳибаси эканлиги сўзларидан сезилиб турибди.
–Ўлмас ака сафар давомида доим ёнимда бўладилар. Дара бўйлаб тортилган арқоннинг хавфсизлигини кўздан кечиради. Тоғ анжомлари ва воситаларининг тўлиқлиги, созлигига эътиборини қаратади. Йўлхалтамни кўтаришга ёрдамлашади. Гуруҳдан орқада қолсам, дарров ёнимда пайдо бўлади. У киши билан ўзимни бехатар сезаман. Унинг далдаси, мадади билан чўққиларни бирин-кетин забт этяпман. Сурхондарё вилоятидаги, Ходжа-Гур-Гур чўққиси 3550 метр кўрсаткичли энг баланд натижам ҳозирча шу. Ўлмас ака билан илк тоққа чиққан пайтларим қояларга арқонсиз чиқиш машғулотларини ўтказганмиз. Абадий музликлардан имкон қадар узоқда, ўзимнинг уйимда бўлиб қолсам қанийди, деган онларим ҳам бўлган. Муздек совуқ ҳавода енгилгина чодирда ётишни айтинг. Ёдимда қолгани, бир куни майда тошли қияликдан ўтаётганимда дарадан пастга қулаб тушганман. Шукрки, соғ-омон чиқдим. Ҳозир ўзимга бўлган ишончим, тажрибам ортганидан бундай хавфли ҳолатларга учрамаяпман. Баъзан тоғ чўққиларида қаттиқ совуқда кунлаб қолиб кетамиз. Ҳаво етишмаслиги қийнайди. Кейинги пайтларда бизни хатарга соладигани қўним топган чодиримиз атрофида тунда йиртқич ҳайвонларнинг ҳужумга шайланиши бўлиб қолган. Айниқса, ёввойи тўнғизлар хавф туғдирмоқда. Тўғри, саёҳат ёки хобби учун ҳаётни хавф остига қўйишда мантиқ йўқдек. Муҳими, инсон ўз касбини чин юракдан севсин. Шунда ҳар қандай хавф-хатарга чап бера олади.
–Биласизми? Энг баланд чўққига чиққандаги ҳолатимни тасвирлай олмайман, – суҳбатни давом эттиради Ўлмас ака. – Қалбингни бир ҳис чулғаб олади. Бу – ғалаба нашидаси. Шунда ҳамма қийинчиликлар, хавф-хатарлар бир зумда ёдингдан кўтарилади. Чунки энг юксак чўққи – бу орзу. Унга етдингми яна бошқа чўққига интилиш пайдо бўлади. Ва ҳаракатни ўша ердан бошлайсан. Инсон олдига осмонўпар мақсадлар қўйса, шунда у “ҳар қандай чўққи”ни забт эта олади. Мулоҳаза қилиш, ўзини янада чуқурроқ англаш ва ақлий имкониятларини баҳолаш учун вақт етарли бўлади. Маррага етишда жисмоний тайёргарлик ниҳоятда муҳим. Аммо муваффақиятнинг 70 фоизи ички руҳиятга боғлиқ. Альпинистлар юртимизда яқингача баҳор, ёз, куз фаслларидагина тоққа чиқишарди. Гуруҳимиз ташкил бўлгандан кейин биз бу анъанага чек қўйдик, яъники, илк бора қиш фаслида ҳам чўққиларга чиқишни бошлаб бердик. Бизни кўриб бошқа тижорий гуруҳлар ҳам бу фаслда қояларга чиқишни бошлашди. Лекин уларники 1-2 кундан у ёғига ўтмайди. Бизнинг гуруҳ эса бир ҳафтагача сафарни давом эттиришга қодир.
     Айни пайтда 2 нафар фарзанднинг ота-онаси бўлган қаҳрамонларимиз, фарзандларининг ҳам тоққа чиқишга қизиқишини оширишга ҳаракат қилишмоқда.
– Улар альпинист ёки бошқа касб эгаси бўлиши ҳақида ҳали бир тўхтамга келмадик, – дейди Дилдора Отажонова. – Муҳими, фарзандларим табиатга, ҳайвонот оламига бўлган меҳрини ошириш, юксак орзулари сари қўрқмасдан олға ҳаракат қилишни ўрганишса, кифоя. Кейинги пайтларда баъзи оилалар арзимас баҳоналар билан номигагина яшаши, ҳатто ажралиб кетаётганини, бир-бирига таъна тошларини отаётганини эшитиб ҳайрон қоламан. Турмуш ўртоғим билан тоғу тошлардан тирмашиб чиқиб, ҳаётимизни баъзида хавфга солиб мақсадимиз, оиламиз шаъни сари юксалсак, атрофдаги айрим ношукрларга қараб, наҳот яшашдан мақсади бўлмаса, деган фикрга борамиз. Кундалик ҳаётимизда ҳам забт этишингиз лозим бўлган “чўққилар” бисёр. Фақат олдинга интилиб, шукр қилиб яшаш лозим.
     Ҳар бир спорт тури ўсиб келаётган ёш авлоднинг жисмоний чиниқишида катта ўрин тутади. Агар малакали ва тажрибали мураббий бўлса, хавотирга ўрин қолмайди. Альпинистликда-чи? Бу борада қаҳрамонларимизнинг фикрлари билан қизиқамиз.
– Аввал болаларнинг қўл ва оёқ мускулларини мустаҳкамловчи машғулотлар ўтказиш зарур бўлади, – дейди Ўлмас Саидхўжаев. –Турли вазиятларда ўзини қандай тутиш шартлигини ўрганиб, кейин альпинизм машғулотларига ўтиш лозим. Машғулотлар ҳамиша ишончли мураббийлар ҳамроҳлигида ўтиши керак. Бу борада альпинизм ва чўққига чиқиш спортини фарқлаш керак назаримда. Чўққига чиқиш билан 3-5 ёшдан бошлаб малакали мураббийлар ёрдамида болани шуғуллантириш мумкин. Альпинизм учун тавсия этилган вақт – 16 ёш бўлиши керак. Ота-онанинг ёзма розилиги ва шифокор тавсияси билан бу муддатни 14 ёшга камайтириш мумкин. Бироқ, бундай ҳолатда жисмоний зўриқишлар ва мавжуд хавф-хатарни ҳисобга олиш зарур. Маҳоратли альпинистларимиз кўп. Бироқ юртимизда тоғ спорти бироз оқсаётгандек. Ушбу спорт тури ихлосмандлари камайиб кетаётгани ачинарли.
     Ҳа, юртимизнинг тоғлари виқорли, маҳобатли, сирли ва мафтункор. Ўлмас ака ва Дилдора опа сингари довюрак, шижоатли инсонлар тоғларнинг шайдоси сифатида ёшларга она-табиатни асраш, Ватанни севиш борасида ибрат бўлади. Ҳали ўрганилмаган тоғларга саёҳат уюштириш, бетакрор табиатимиз ҳақида юртдошларимизга маълумотлар бериш, инсон қадами етмаган жойларни забт этиш ва мақсадидаги чўққини эгаллаб, унга юртимиз байроғини ўрнатишни, янги марралар ҳамда афсонавий тоғлар этагига етаклайдиган кучдан завқланиб яшашни мақсад қилган бу жуфтликка улкан парвозлар тилаймиз.

Чарос Дўстматова.
Манба: "Оила ва жамият" газетаси.