ШАРОИТЛАР ЕТАРЛИ, АММО ҲАФСАЛА, ҚУНТ ЕТИШМАЙДИ...


     Бугунги кунда ўзбек адабиётида Абдуқаюм Йўлдош  яратган ҳикоя ва қиссалар ўзига хос услуб ва шаклга эга бўлиб, китобхонлар кўнглидан муносиб жой эгаллаган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ”Шуҳрат” медали  соҳиби, ”Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” Абдуқаюм Йўлдошнинг  “Қаро кўзим”, ”Сунбуланинг илк шанбаси”,  ”Тимсоҳнинг кўз ёшлари”, ”Парвоз”, ”Бир тун ва бир умр” “Алвидо, гўзаллик,”, ”Банкир”,  “Катта ўйин”,  “Пуанкаре”, ”Бу дунёда мўъжизалар”, Саҳродаги муҳаббат”, “Ҳали вақт бор”, ”Дарё”, “Осмон оғуши”, Қайдасан мўъжиза”, “Ишқ афсунлари”, каби китобларини ўқир эканмиз, қалбимизда эзгулик ва яхшиликка бўлган гўзал туйғулар янада мавжлана бошлайди.  Одамларни севиш, ародқлаш, ҳаётнинг қадрига етиш ниҳоятда зарурлигини теранроқ англаб, ҳис қилиб борамиз. Тиниб-тинчимас ижодкор  таржима соҳасида ҳам салмоқли йўлни босиб ўтмоқда. Адиб,  Э.Поттер ҳикояларини, Е.Березиковнинг ”Буюк Темур”  ва П.Шермуҳамедовнинг ”Буюк Хоразмий” романларини рус тилидан ўзбекчага таржима қилган.  У,  “Кичкина одамлар”, ”Уқубат”, ”Иқтидор”, ”Виждон”, ”Қадамлар”, ”Нигоҳ”, ”Бурч ва муҳаббат”, ”Устюртга йўл”, “Тинчлик ортида”, “Опа” бадиий фильмларининг, ”Ҳаёт жилғалари”, ”Синов”, ”Одамлар орасида”, ”Она дарё” сериалларининг сценарий муаллифи. Биз адиб билан учрашиб,  суҳбатимизни бугунги кунда  адабиётда йўқолиб бораётган фантастика жанри хусусида бошладик.

– Абдуқаюм ака. Ҳожиакбар Шайхов, Тоҳир Малик, Мавлуда Иброҳимова, Соҳиба Абдуллаева, Муҳаббат Йўлдошева сингари қатор ижодкорлар сафида сиз ҳам фантастика жанрига Ўзбекистонда асос солган ёзувчилардан ҳисобланасизлар. Бугунги кунда ўзимизда фантастика жанрининг йўқолиб бораётганига сабаб нима сизнингча? 
– Бадиий адабиёт жанри ва ижодий усули бўлган фантастиканинг илдизи қадим-қадимларга бориб тақаладиган халқ оғзаки ижоди намуналаридан, дейлик афсона ва ривоятлардан, сирли-сеҳрли эртаклардан, бир сўз билан айтганда фольклордан озиқ олган. Шу боис, мазкур жанрга юртимизда бундан ўттиз-қирқ йил бурун асос солинган, деган қарашларга қўшилмайман. Зеро, кўҳна Гомернинг “Одиссея”сида фантастика унсурлари қанчалик кўп учраса, ўзимизнинг “Алпомиш”у “Гўрўғли”ларимизда ундан ҳам кўп топилади. Ё бўлмаса ҳазрат Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидаги “ойнаи жаҳон”ни эсланг. Орадан асрлар ўтиб, унинг муқобили бўлган телевизор яратилди. 
  Умуман олганда, олис-яқинга нисбатан башоратгўйлик фантастикага хос. Герберт Уэллс асарларида тасвирланган фантастик ускуна-жиҳозларнинг тўқсон беш фоизи ҳақиқатга айланган, лазер нури аввал бадиий асарда яратилиб (А. Н. Толстой. “Инженер Гариннинг гиперболоиди” ), сўнг олимлар томонидан кашф этилган.
    Бугун дунё адабиётида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турган фантастика жанрининг илмий фантастика, фэнтези (замонавийлаштирилган афсона-ривоятлар), қўрқинчли асарлар, мағиявий реализм (М.Булгаковнинг “Уста ва Маргарита” романи каби)  ва бошқа кўплаб кўринишлари мавжуд. 
    Ҳаётимизда фантастиканинг аҳамияти ҳақида битта мисол келтириб ўтай. 2007 йили Хитойда илмий фантастика ва фэнтези бўйича биринчи конвент бўлиб ўтди. Хўш, бунинг нимаси эътиборга молик эди? Гап шундаки, хитойликлар буюк нусхакашлардир. Яъни дунёнинг у четида бугун пайдо бўлган энг замонавий ускуна ё жиҳознинг арзон нусхаси эртаси куниёқ бу мамлакатда пайдо бўлиши, индинга эса қўшни давлатга ҳам сотувга чиқарилиши муқаррар. Ниҳоят хитойликлар олимлар ўйланиб қолишди: “Нима учун дунёда яратилаётган илмий кашфиётлар, дейлик, Apple, Microsoft, Googleга ўхшаш фавқулодда янгиликлар бизда пайдо бўлмаяпти?”. Шу мақсадда бир гуруҳ мутахассислар жаҳон мамлакатларини айланиб чиқишди, кашфиётчилар билан суҳбатлашишди. Узоқ давом этган таҳлиллар натижада улар дунёнинг буюк кашфиётчилари болалик чоғлари фантастик китобларни кўп ўқиганликларини аниқлашди! Айнан фантастик асарлар инсон хаёлотига, кашфиётчилигига туртки берувчи биринчи манба экан. Шундан сўнг хитойликлар фантастик китобларга, бундай асарлар тарғиботига, кутубхоналарга алоҳида эътибор қарата бошлашди... Бундай саъй-ҳаракатларнинг натижасини эса ҳаммамиз кўриб турибмиз.

Ибрат олсак бўладиган тажриба.  

    Чиндан ҳам устозларимиз Ҳ. Шайхов билан Т. Малик бу жанрнинг юртимизда бирданига оммалашига, яхшидан-яши асарлар яратилишига, ҳатто пойтахтимизда фантаст ёзувчиларнинг катта-катта анжуманлари ўтказилишига муносиб ҳисса қўшдилар. 
    Болалагимдан шу икки устознинг асарларини ўқиб улғайганман. Мактаб даврида ёзилган биринчи фантастик қиссам (“Темирсаид”) “Гулхан” журналида Худойберди Тўхтабоевнинг “Оқ йўл”и билан чоп этилган. Биринчи китобим ҳам фантастик ҳикоялар тўплами бўлган. Москвада чоп этилган биринчи асарим ҳам фантастик ҳикоя  эди. 
    Хабарингиз бор, техника институтида ўқиганман. Шунгами, мени илмий фантастика кўпроқ қизиқтиради. Ёзган нарсаларимда масаланинг шу жиҳатига кўпроқ эътибор қаратишга уринаман. “Фантастика жанри шоири” номини олган Рэй Брэдберининг айрим асарларини таржима қилдим.  
    Бу жанрда ёзган анча нарсаларим йиғилиб қолди. Бироқ фақат 2016 йилга келибгина “Ijod-press” фантастик асарларим жамланган тўпламимни чоп этди.  
    Афсуски, чиндан ҳам бугун адабиётимизда фантастика алоҳида жанр сифатида ўзини яққол кўрсата олмаяпти. Ҳар нечук, бунинг кўплаб объектив-субъектив сабаблари бўлса керак. Фикримча эса, кейинги йилларга келиб фантастика олди-қочди, сершовқин “бозор адабиёти”нинг кўланкасида қолиб кетди. Натижада ноширлару, газета-журналлар ҳам бу жанр намуналарига эътибор бермай қўйишди, тўғрироғи, “бозорбоп эмас” деган тамға қўйиб олишди. Ваҳоланки, фантастика нималарга қодирлигини юқорида айтиб ўтдик.
    Адашмасам, яқин ўн йилдан буён Ёзувчилар уюшмасида фантастика ва саргузашт асарлар учун алоҳида ижодий кенгаш тузиш ҳақида гап боради. Шундай қилинса, назаримда, кўп яхши иш бўларди. Балки шунда юртимизда фантастика ривожланиб, ёш истеъдодлар юзага чиқармиди...    
– Эр-хотин ижодкор бўлиши – бир-бирини тушуниши баробарида масъулият ҳам юклайди. Инчунун, дастлабки ўқувчингиз ва танқидчингиз – умр йўлдошингиз ва у ҳам ижодкор. Рафиқангиз Зулфия Қуролбой қизи таниқли адибалардан саналади. Оилада икки ижодкор бўлганда, бунинг афзал ва қийин тарафлари нимада?
– Шу мазмундаги саволни кўп беришади... Ўзингиз айтганигиздек, дастлабки ўқувчим ва танқидчим – ҳали сиёҳи қуримаган қўлёзмамни қараб чиқиб, ҳеч аяб ўтирмасдан холис фикрларини  айтиб ташлайдиган ҳамкасб доимо ёнимда. 
   Оилавий ижодкорликда  тарозининг мусбат палласи залворлироқ бўлади, менимча. Ахир “Сени тушунишларининг ўзи бахт” деган ҳикмат бор. Бир соҳада ишлагандан кейин дунёқараш, онг-шуур, тафаккурда, умуман олганда эса оламни ва одамни англашда, идрок этишда кўз илғайдиган-илғамайдиган даражада муштаракликлар мавжуд бўлади. Бу эса икки инсоннинг бир-бирини жуда тез, ҳаттоки сўзсиз ҳам тушуниб олишига замин яратади. Назаримда, бу ҳаммаси эмас. Қизиқишлар ва интилишлар умумийлиги ҳам қалбан, ҳам руҳан бир-бирига яқин икки одамни сал юксакликка чорлаб, майда-чуйда ташвишлар ботқоғида ўралашиб қолишига йўл қўймаса керак, деб ўйлайман. 
    Умуман олганда, оиланинг асоси муҳаббат ва эр-хотиннинг бир-бирини тушуниши бўлса керак. Кейинги қаторда фарзандлар олдидаги масъулият туради.
– Бобонгиз машҳур бахши бўлганлар. Бугунги кунда бахшичилик санъати янада тикланмоқда ва ҳукуматимиз томонидан уларга эътибор кучайтирилмоқда. Яқинда Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида Нафас Шодмонов асари асосида саҳналаштирилган "Бахши" деб номланган спектаклнинг премьера олди намойишига боргандим. Спектаклни кўриш мобайнида менда шундай савол туғилди: Сиз нега бахшилар ҳаётини акс эттирувчи пьеса ё киносценарий ёзмадингиз? Ёки ёзган бўлсангиз ҳам, биз мухлисларингизнинг хабаримиз бўлмадими? Ё бунга эҳтиёж сезмадингизми ёхуд томошабинлар тўлиқ тушуниб етадиган даражада эмас, деб ҳисоблайсизми?
– Бахшилар азал-азалдан эл хизматида бўлиб келишган, уларда алоҳида мавқе ёинки имтиёз бўлмаган. Бобомиз Йўлдош бахши ҳам шундай камсуқум ўланчилардан. Ўрни келиб қолди, андаккина “лирик чекиниш” қилиб ўтай. Азалдан аён, эл афсоналарга, маталларга ўч бўлади. Йўлдош бахши ҳақида ҳам бундай гап-сўзлар кўп. Менга энг маъқули — даштда юрган Йўлдош бахшини улкан бир қуюн шиддат билан келиб осмонга кўтариб чиқиб кетганлиги ҳақидаги ривоят. Эмишки, ўша қуюн ёш оқиндан сўрабди: “Танглайингдан берайинми, манглайингдан?” Бу саволнинг шарҳи ўта жўн: танглайингга, яъни томоғингга овоз берайинми ёки манглайингга мол-дунё битайинми? Ажабки, оқин биринчисини танлайди... Мен анча йиллардан сўнг ўзимча бу ҳодисани қоғозга тушириб, Йўлдош бахшининг “бир сўз айтиб турганини” тасвирлашга уриндим: 

Мени бирдан кўкка олиб учган қуюн,
“Танглайданми, манглайдан?” деб турган қуюн,
Нима кўрдим мен минг қўйли аймоғимдан,
Томоғимдан беравергин, томоғимдан...

Мадад олиб Яссавийдай пирларимдан,
Ризқим топдим Қўшработнинг қирлариндан,
Маъни борми тилла-пилла сўрмоғимдан?
Томоғимдан беравергин, томоғимдан.

Шукр дейман, қаноатли мен бир банда,
Оёғимда эски чориқ, эгним жанда,
Уялмайман чопонда қирқ ямоғимдан,
Томоғимдан беравергин, томоғимдан.

Дўмбирамнинг сайрашидан кўнглим тўлса,
Ўлан айтсам, ўланларим мўл-кўл бўлса,
Ғамим борми менинг суту қаймоғимдан,
Томоғимдан беравергин, томоғимдан.

Мен билмайман, тўримми ё гўрим яқин,
Сўраган сен, ўз эркингга қўйдим тағин,
Умидим бор лекин ҳали буёғимдан,
Томоғидан беравергин, томоғимдан...
  
   Хуллас, бахши бобом образини бир қиссада имконим даражасида ёритдим. Пьеса ёки сценарийга келсак, ҳозиргача бунга журъатим етмади. Бундан кейин эса... ким билади дейсиз... 
  – Сир эмас, юзаки, пала-партиш сценарийлар кўпайиб кетган. Сиз каби профессионал сценарий усталарига асосан, давлат кино ва театрлари мурожаат қилишаяпти. Ҳаваскор сценарий ёзадиганларга маслаҳатларингиз?
– Ҳай-ҳай... Ҳеч қачон ўзимни “профессионал сценарий  устаси” деб ҳисобламаганман, бундай бўлиши мумкин ҳам эмас. Бизники кўпроқ ҳавас ва озроқ интилиш ҳосиласи сифатида юзага келган машқлар. Умуман олганда, кино учун сценарий ёзиш алоҳида машаққатли, серзаҳмат юмуш, буни бошидан ўтказган билади. Бежиз таниқли ёзувчиларимизан бири кўп афсуслар ила “Сценарий ёзишдан кўра роман ёзиш осон иш экан” демаган. Зеро бу адибимизнинг деярли бир йил мобайнида таниқли режиссёр билан ҳамкорликда ёзган сценарийи Бадиий кенгаш чиғириғидан ўтмаган...   
    Минг қатла шукр, бундан ўн олти йил бурун Ҳотам Файзиев, Равиль Ботировдек улкан режиссёрлардан сценарийни қандай ёзиш, диалогларни қандай қисқартириш, актёрлар ҳаракати, кўз қарашига эътибор қаратиш сингари кинонинг ўзига хос сир-синоатлари борасида бир муддат таҳсил олдим. Уч-тўрт дарсимиз Москвада чоп этилган кинога оид журналдаги сценарийлар таҳлилига бағишланди. Бу сабоқлар кейинчалик роса кўл келди ўзиям...
    Бугунги ҳаваскор сценарийчиларга келсак, назаримда, уларнинг аксарияти маслаҳатга, йўл-йўриққа зор эмасдек. Чунки бир неча битиги аллақачон кино бўлиб улгурган, бунинг устига ҳормас-толмас “сериалчи”лардан кетма-кет буюртма олиб турган ёзарманларга нима ҳам дердим? Аммо, майли,  бундоқ сценарийчиларга соҳанинг олтин қоидасини яна бир бор эслатиб ўтайлик. Яъни “Кино бу – сценарий, сценарий ва яна сценарий”. Бежиз Голливудда тузук сценарий икки йил ёзилиб, кино икки ойда суратга олинмайди (бизда эса акси). Шундай экан, ёзғувчи ука-сингилларимиз ўзларига нисбатан талабни анча оширишлари, зиммаларидаги масъулиятни теран ҳис этиб қоғоз қоралашлари лозим. Табиийки, ўқиш, кўп ўқиш лозим. Бугун интернетдан энг яхши, классик фильмларнинг сценарийларини олиш мумкин, уларни олиб, қунт билан ўрганиб чиқилса, ўзларининг ёзганлари билан солитшириб кўришса  яхши бўларди.  
– Аксарият ёшларимиз китоб мутолаасига унчалик қизиқишмаётганлиги борасида кўп куйиниб ёзишаяпти. Бунинг асосий сабаби нимада деб ҳисоблайсиз? Китобларнинг нархи қимматлигидами ё интернет ва телефонга муккасидан кетиб қолишганидами?
– Шоир айтганидай, “жавобингиз саволингизда”. Фақат китобларнинг қимматлиги ҳақидаги гап-сўзлар баҳона холос. Хорижга чиқинг, ана унда кўрасиз бир дона китоб ёки журнал қанча туришини. Интернет, телефон борасидаги фикрларингизда эса, афсуски, жон бор. 
  Бир солиштириб кўрайлик. Ҳисобларга кўра, Америкада йил давомида бир оила ўртача 150 дона китоб сотиб олар экан. Демак, бу ҳар икки кунда битта янги китоб дегани... АҚШда, шаҳар марказида жойлашган бир кутубхонада бўлдик. Ўзимизнинг “Пахтакор” стадионидан учта келади камида. Дўконда китобни бемалол курсида ўтириб,  диванда ёнбошлаб ва, ҳаттоки, ётиб ҳам ўқишингиз мумкин. Энди буни ўзимиздаги шароитлар билан муқояса этиб кўринг...
  Интернет, ижтимоий тармоқлар, Tik-tok деган аллақандай эрмаклар ёшларни китобдек буюк мўъжизадан чалғитаётгани бор гап. Бу илм-фан тараққиётига берилган ўзига хос қурбонлик шекилли...
  Ваҳоланки ўқийман, уқаман деган талабгорга бугун шунчалик мўл-кўл ва қулай шарт-шароитлар яратилганки, улардан фойдаланмасликнинг ўзи гумроҳликдир. Аммо бизда негадир ҳафсала, қунт етишмайди...
– Жавобларингиз учун раҳмат. 

Музаффар МУҲАММАДНАЗАР суҳбатлашди.
Манба: "Бекажон" газетаси.
2021 йил.
  Суҳбат 2022 йил "Янги аср авлоди" нашриётидан чиққан "Сўнгги манзил" деб номланган китобимга ҳам киритилган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот