КЎНГИЛЛАРНИ ТОҒ ЭТГАН “МАЪНАВИЯТ ФЕСТИВАЛИ”


     
     Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ташаббуси билан республикамиз ҳудудлари бўйлаб креатив ёндашув асосида илк бор ташкил этиб келинаётган “Маънавият фестивали” Наманган вилоятида 18 октябрдан Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган куннинг ўттиз йиллиги арафасида Наманган вилоят ҳудудий бўлими ҳамкорлигида ўзгача шукуҳ ва кўтаринки кайфиятда бошланди. 
     Фестиваль очилишига бағишланган тадбирни Наманган вилоят ҳокимининг ўринбосари Пахриддин Маткаримов кириш сўзи билан очди.  “Маънавият фестивали” тадбирлари билан боғлиқ матбуот анжуманида Республика “Маърифат” тарғиботчилар жамияти раиси Бахтиёр Ҳусанов наманганлик бир гуруҳ тарғиботчиларга кўкрак нишони ва аъзолик гувоҳномаларини тантанали суратда топширди.
     Матбуот анжуманидан сўнг Тўрақўрғон шаҳридаги “Ширинлик” маданият марказидаги “Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан, она тилим!” мавзусидаги адабий-маърифий анжуман ташкил қилинди. Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, шоир Жамолиддин Муслим олиб борди. Ўзбекистон халқ артисти Ражаб Адашев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Алишер Отабоев ва Барно Қодироваларнинг чиқишлари барчада зўр қизиқиш ва бой таассуротлар уйғотди. Кейин эса мушоира авжланди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомурод, наманганлик ижодкорлардан Дилбар Бону, Содиқ Сайҳунларнинг ўзбек тилини мадҳ этган, китобхонликка  даъваткор руҳдаги шеърлари янгради.
     Фестивал тадбирлари Исҳоқхон Ибрат мажмуида давом этди. Бу ерда миллий уйғониш даврининг атоқли маърифатпарвари ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Ибрат номли ижод мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари ҳузурида адабий-бадиий тантаналар янада файзли тус олди. Мактаб ўқувчилари етти тилда Навоий асарларини ёддан ўқишлари билан ўзларининг буюк тарихимизга, улуғ тилимизга бўлган меҳр-муҳаббатларини ёрқин намойиш этишди. Санъаткорлар ва шоирларнинг учрашув-мулоқоти барчани ғоят ҳаяжонлантириб ва руҳлантириб юборди. Айниқса, “Ҳеч кимга бермаймиз, сени Ўзбекистон!” қўшиғини ҳамма биргаликда жўр бўлишиб куйлашганида шундай истиқлолли ва истиқболли ватан фарзандлигидан кўнгилларида чексиз фахру ғурур жўш урди.
Куннинг иккини ярмида фестивал иштирокчилари “Наманган Африосиёби” дея аталувчи кўҳна Ахсикент ёдгорликлари томон йўл олишди. У ерда меҳмонлар  таниқли археолог, академик Абдулҳамид Анорбоев раҳбарлигида амалга оширилаётган қазув ишлари билан, топилган тарихий асори-атиқалар билан танишдилар. Ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.
     Наманган бўйлаб “Маънавият фестивали” 19 октябр куни давом этди. Унда тарғиботчилар шаҳарнинг “Афсоналар водийси”, Чустнинг “Истироҳат боғи”да фестивал доирасида янада мазмунли ва мароқли учрашувлар, тантаналар, рассомлар  кўрик-танловлари, ҳунармандчилик кўргазмалари ҳам ўтказдилар.  Наманганнинг ўзига хос ва ўзига мос урф-одатлари, қадриятлари ҳамда турмуш-тарзи маданияти иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. 
“Маърифат” тарғиботчилар жамияти матбуот хизмати,
Лобар Хайруллаева.