“Ҳуқуқ баҳори” — ҳуқуқ дунёсига баҳор улашади!


   — Ўзбек ҳуқуқи дунёсида ўзига хос янгилик ва давр талқини деб эътироф этилган “Tashkent Law Spring” II Халқаро юридик форуми бу йил иккинчи бор Ўзбекистонимизда 23-25 апрель кунлари бўлиб ўтади.
   Эътибор қилган бўлсангиз, санъат ва маданияти соҳасида жаҳон халқлари эътирофи ва эътиборига сазовор бўлган “Шарқ тароналари” фестивалини бугун дунё санъат аҳли билади. Унинг иштирокчилари ҳар икки йилда ўз иқтидорини намоён этиш учун шу тадбирни интиқлик билан кутишади.
   Ҳуқуқ соҳасидаги ушбу форумимиз ҳам юқорида айтганим фестиваль каби эътиборга молик бўлади ва дунё ҳуқуқ олами намояндалари, етакчи олимлари ҳамда экспертларининг ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашиш учун баҳс ва мунозара майдони бўлган тадбирга, яъни, байрам тадбирига айланади, деб умид қиламиз. Зеро, инсонпарварлик ғоялари йўлида яхши ният билан қўйилган қадам, албатта, эзгу манзилига етгусидир.
   Бунинг учун биз ҳуқуқшунослар ва соҳа ходимлари, ОАВ вакиллари ҳамжиҳатлик билан мазкур халқаро тадбир бўй-бастини намойиш этиши учун бир ёқадан бош чиқариб ишлашимизга тўғри келади.
   Гарчанд, илк бора ўтказилган бўлса-да, ўтган йилги халқаро форумда вазирлик тизими ходимлари ва масъулларининг ҳамжиҳатлиги алоҳида аҳамият касб этди. Барча йўналишларда бўлиб ўтган тадбирлар аниқ-тиниқ режа асосида ташкил этилди. Энг муҳими, бу форум соҳа ходимларига халқаро ҳуқуқ тажрибасини пухта эгаллашига имконият яратди. Форумда ҳуқуқ соҳасидаги аҳамиятли жиҳатларга эътибор қаратилди.

   Қўчқор НОРҚОБИЛ - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Инсон ва қонун” газетаси Бош муҳаррири.
Манба: http://hudud24.uz/