Ўғил уйлантириб, қиз узатиб...қутуламизми?


 
 
 Ўғил уйлантириб,  қиз узатиб...қутуламизми?

       Халқимиз орзу-умидли. Фарзанд ўстириб унинг камолини кўрай дейди.  Ўғли бор уй-жой қилади. Қизи бор  сеп йиғади. Бу аждодлардан қолган бобомерос, момомерос қадрият. Замонлар ўзгарса-да,  бу яхши ният шукурки ўзгармади. Бироқ  бизни ташвишлантираётгани бугунги кунда ҳам бир битта мулла, уч сўм пул, бир  калла қанд билан битиши мумкин бўлган масалаларга юзлаб кишилар , миллонлаб ақчалар, баъзан қатор қандолат маҳсулотлари фабрикалари ҳам камлик қиляпти. Аслида эса бундан ҳам оғриқли муаммоларимиз бор.         

Умр савдосидаги катта хатолар 

     Инсонга оиладан бахт топиш тақдир қилинган. Одам боласи  ёлғизликда саодат топа олмайди. Кишиларнинг  оила қуришлари, жуфт бўлиб яшашлари учун ён-атрофидагиларнинг ҳам бевосита кўмаклари шарт. Бундай ёрдамчилар – совчилар деб аталган. Мен яшайдиган  маҳаллада  ёши улуғ шундай "касб”ли отахон ва онахонлар бўлгувчи эди. Уларнинг иши ўғил уйлантирмоқчи бўлган хонадон томонидан танланган қизникига бориб, қиз ва унинг яқинларининг рози-ризолигини олиш, умуман олганда, ҳар хил дунёқараш ва  тартиб-қоидали оила кишилари ўртасида "дипломатик муносабатлар”ни аъло даражада уддалашдан иборат бўларди. Чунки улар бугунги совчиларимиздек борилаётган уйнинг данғиламалигига ёки ота-онанинг қандай лавозимда ишлаётганига қарашмас, икки томоннинг етти пуштини суриштириб бир-бирига қай даражада мослигига эътибор қаратишарди. Ота-оналар ҳам  бой қизга уйланса ўғлимиз бир мансабни эгаллар, қарз кўтариб бўлса ҳам ўзига хос хонадонга  қизимни узатсам  келажакда кам–кўстсиз яшайди деган хом хаёлга бориб чумчуқдай қарға юриш қилишмасди. Балки шунинг учун ажримлар кам эди. Ўғил уйлантириб, қиз чиқарган эса фарзандини эгасига топширганидан хурсанд бўлиб  ўтирарди.

      Малоҳат Мирзомуҳаммад қизи, 61 ёш: - Яқинда қўшнимиз қизини узатди. Эндигина коллежни тамомлаган навниҳолгина қиз эди. Афсуски, турмуши уч ойдаёқ бузилди. Куёв томон келинчакнинг очиқ-сочиқ кийинишини, уй юмушларини эплолмаслигини ажрашиш учун сабаб қилишса, келин томон куёвнинг ота-онаси, насл-насаби уларга номуносиблигини айтарди. Айб ошдамиди, мошдамиди ҳеч ким билолмадию, аммо бир оила бузилиб кетди. Агарда улар ўз вақтида икки томон бир-бирини мукаммал ўрганса, келин тушираётган хонадон келинликка танлаган қизини тўйдан аввал обдон суриштирганида, кийиниши, тарбияси ва феъл-атвори ҳақида яхшироқ билиб олганида, балки фарзандининг турмуши бузилмасди, биринчи бахтидан айрилмасди ва тўй харажатларига куйиб қолмасмиди. Қиз узатаётган    хонадон ҳам, ўз ўрнида остонасига  харидор бўлиб келган кишиларнинг насл-насаби,  кимлиги, феъл–атвори ва туриш-турмуши ҳақида сўраб суриштирганида, қизи "эрдан чиқиб келган” деган номни кўтариб юрмасмиди... 
     

Лайло КАРИМОВА ёзиб олди.