МИННАТДОРЛИК МАКТУБИ


   Жаноб Марк Эдвард Ризга!
   Ассалому алайкум, ҳурматли Марк Риз!
   Яхшимисиз? Юртингиз тинч, оилангиз соғу саломатми? Дунё адабиёти сеҳридан масрур бўлиб, ижодда, изланишда ҳормай-толмай юрибсизми?
   Сиз каби фидойи, халқлар ўртасида меҳр-муҳаббат уйғотувчи инсонни таниганимдан бир севинган бўлсам, биз ўзбеклар учун ғоят қадрли ва бебаҳо бўлган “Ўткан кунлар” романини инглиз тилига таржима қилганингизни эшитиб, юз карра қувондим. Бу хушхабарни ўқиган, билган ҳар бир юртдошим мен сингари мамнун бўлгани рост. Сиз тарихи жуда қадим, ор-номусини жонидан афзал билгувчи ўзбек халқининг дастлабки романинигина эмас, балки шу асар орқали ўзбекларнинг ўтмиши, турфа анъаналари, қадриятларини ҳам дунёга олиб чиқишда улкан ишни бажардингиз. Аслида буюк адиб Абдулла Қодирийни талабчан жаҳон китобхонлари юрагида туғилишига доялик қилганингизнинг ўзиёқ чексиз таҳсинга лойиқ.
   Ўзини қадрлаган одам учун вақтдан ғаниматроқ, қимматроқ неъмат йўқ. Буни чуқур ҳис этганингиз сари ҳар бир сониядан унумли фойдаланишга интиласиз. Аммо умр деган мўътабар тушунчани тўла идрок этган инсон сифатида ҳаётингизнинг 15 йилини ҳеч иккиланмай “Ўткан кунлар” таржимасига бахшида этишингиздан бу асар сизга, сизнинг ҳаётингизга ҳам ўзгача ранг олиб кирганини англаш мумкин.
   Таъбир жоиз бўлса, Сиз шу 15 йил давомида ўзбекнинг бирига айландингиз. Хаёлан Юсуфбек хожи, Мирзакарим қутидор билан дилдан суҳбат қурдингиз. Офтоб ойим ҳамда Ўзбек ойимлар ўртасидаги қуда-андалик муносабатларини кузатиб, ҳайратландингиз. Отабек ва Кумушнинг чин севгиси ва садоқатига ҳавас қилиб, билакс, шўрлик Зайнабни қотилликка ундаган аянчли қисматга ачиндингиз. Айниқса, донишмандлиги садоқатидан, садоқати донишмандлигидан баланд Ҳасаналининг сийратидан таъсирландингиз.
   Қолаверса, умрингизнинг 15 йили Ўзбекистон халқи бошидан кечирган яхши-ёмон кунларга вобаста ўтди. Бу юксак дўстона муносабатларингизни мард ва бағрикенг халқимиз қаҳрамонлик сифатда қабул қилиши шубҳасиз. Айниқса, юртимиз ёшлари, хусусан, ёш ижодкорлари бу меҳнатларингизни юқори баҳолашгани муқаррар.
   Мамлакатимиз Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиеёвнинг адабиётга бўлган муҳаббатини, ижод аҳлига кўрсатаётган юксак эътибори ва эҳтиромига кўп бор гувоҳ бўлгансиз. “Ўткан кунлар” романини таржима қилиш жараёнидаги машаққатлардан кейин Юртбошимизнинг ижодкорларга бўлган меҳри Сизда ҳавас уйғотиб, ўша машаққатларни бироз унутиб, айни пайтда янги асарлар таржимаси устида ишлашга куч-қувват берган бўлса, ажаб эмас.
   Жаноб Марк Риз!
   Шу фурсатдан фойдаланиб, Сизга серқуёш Ўзбекистоннинг ёш ижодкорларининг қайноқ саломини йўллайман. Бобомиз Абдулла Қодирий шахси ва ижодига бўлган самимий ҳурматингиз, демакки, ўзбек адабиётига бўлган муҳаббатингиз учун яна бир карра ташаккур айтаман. Ўзга миллат, ўзга юрт учун харж этган умрингизнинг 15 баҳори учун Яратган Сизни яна 150 йиллик умр билан мукофотласин. Юртингиз тинч, юртдошларингиз омон бўлсин. Саломатлигингиз мустаҳкам, ижодий қувватингиз барқарор бўлсин!
Чексиз ҳурмат-эҳтиром билан,
Ўзбекистонлик ёш ижодкорлар номидан
Ботиржон ЭРГАШЕВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг Ёш ижодкорлар билан ишлаш бўйича ўринбосари, шоир.