МАҚОЛАЛАРИМ БИЛАН ҒОЛИБ БЎЛДИМ!


“MUZAFFAR.UZ”САЙТИДАГИ ҲАМДА “ТОШКЕНТ ОҚШОМИ”ГАЗЕТАСИДАГИ МАҚОЛАЛАРИМ БИЛАН ҒОЛИБ БЎЛДИМ!


“Muzaffar.uz” сайти очилганига эндигина икки йил тўлди. Аммо у сайтлар ичида ўз ўрнига, ўз мақомига эгадир. Мен бу сайтнинг “Ҳуқуқ” бўлими муҳарририман. Кўплаб суд очеркларим ва ҳикояларим ушбу сайтда эълон қилинди. Мухлисларим кўпайди. 
Бугунги кунда “Muzaffar.uz” сайтининг мухлислари кун сайин кўпайиб бормоқда. Унинг бош муҳаррири Музаффар МУҲАММАДНАЗАР эса худди аридек тиним билмайди. Мухлисларга янгидан янги хабарлар улашиш билан банд. Бирор жойда танлов эълон қилинса дарҳол ушбу сайтга мақолаларимни беришга шошиламан. Музаффар ҳам эринмасдан ҳар бир мақолага меҳр бериб, чиройли расмлар қўйиб, мақолани бойитиб сайтга қўяди. Офарин шу йигитга! Ўнта бармоғига ўнта ҳунар жо бўлган десам муболаға бўлмайди. Музаффар — зукко, билимдон, ижодкор, тиришқоқ, ҳамманинг кўнглига йўл топадиган, меҳр улашадиган йигит. Шунинг учун унинг атрофида доимо дўстлари кўп.
“Muzaffar.uz” сайтига ҳам мақолаларимни бергандим. Сайтда чиққан мақолаларимни ҳам танловга топширдим.
“Тошкент оқшоми” газетаси ҳам менинг севимли нашримдир. Пойтахтга келганимда шундай номли газета борлигини курсдошимдан эшитгандим. Чунки курсдошим шу газетада ишларди. Турли хил хабарлар, мақолалар бера бошладим. Таҳририят ходимлари ҳар бир олиб борган мақоламни айрим тузатишлар билан бўлсада чоп этишарди. Бундан бошим кўкка етарди. Чунки барча таҳририятларда ҳам сизнинг умид билан олиб борган мақолангизни ҳадеганда чоп этишавермайди. Гоҳида йиллаб кутасиз. Кейин сизга “Мақолангиз эскириб қолди. Шунинг учун фойдаланмадик” , ёки “Мақолалар кўпайиб кетди, иложи бўлмади” дея силлиққина қилиб, сизни ҳафсалангизни пир қилишади.
“Тошкент оқшоми” газетаси таҳририятидагилар эса доим сизни хушмуомилалик билан кутиб олиб, мақолаларингизга саҳифасидан жой ажратишади.
Яқинда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда Германия халқ университетлари Ассоциациясининг (DVV International) Ўзбекистондаги филиали ҳамкорлигида Radisson Blu меҳмонхонасида “Ижтимоий шериклик: муаммолар ва истиқболлар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Конференцияда “Ўзбекистон Республикасида жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахсларнинг ижтимоий мослашуви” лойиҳасининг натижалари тақдим этилди.
Тадбир давомида “Ижтимоий кўмак тўғрисида энг яхши материал” мавзусида эълон қилинган журналистик мақолалар танлови ғолибларига дипломлар берилди. Мен “Muzaffar.uz” сайти ҳамда “Тошкент оқшоми” газетасида чоп этилган мақолаларимни ушбу танловга топшириб ғолиб бўлдим. Бунинг учун сайтнинг ва таҳририятнинг барча жонкуяр ходимларидан миннатдорман.


Хонбиби ҲИММАТ қизи, журналист